Ўзбекистон: Толибонга Тошкент, Тошкентга Толибон нега керак?

Сурат манбаси, courtesy
Минтақадаги энг йирик жангари гуруҳ сиёсий идораси вакилларининг Тошкентга сафари нимага далолат қилади: Ўзбекистоннинг мустақил ташқи сиёсатда қўлга киритган ютуғи - янгича ўзбек дипломатиясининг муваффақиятигами ва ёки Афғонистон Толибон ҳаракатининг минтақада кучайиб бораётган сиёсий фаоллигига?
Ўтган ҳафта Толибон вакиллари илк бор Ўзбекистонга амалий ташриф билан келиш ва пойтахт Тошкентда расмий музокаралар олиб боришга муваффақ бўлишган.
Ташриф беш кун давом этган, музокаралар чоғида ҳаракатни Қатардаги сиёсий идораси раҳбари Шер Муҳаммад Аббос Станикзай бошчилигидаги ҳайъат намоён этган.
Таҳлилчиларга кўра, бунақаси ҳаракатнинг қарийб чорак асрлик тарихида бўлмаган, кузатилмаган.
Толибон ҳайъати Тошкентдаги музокаралари доирасида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов ва президент Шавкат Мирзиёевнинг Афғонистондаги махсус вакили Исматулла Иргашев билан ҳам учрашган.
Ҳайъат Тошкентга сафари ортидан махсус баёнот билан ҳам чиққан, музокаралар чоғида кенг қамровли масалалар муҳокама этилганини иддао қилган.
Толибон томонига кўра, Ўзбекистон билан Афғонистондаги хорижий иттифоқ қўшинларининг ортга сафарбарлигидан тортиб, транспорт, электр линияларининг хавфсизлиги, ўзбек томони молияловчи янги тараққиёт лойиҳалари, яна тинчлик ва хавфсизлик борасида фикр алмашишган.
Аммо Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг бу хусусдаги расмий баёноти жуда қисқа бўлган.
Вазирлик ҳайъат ташрифини расман тасдиқлаб, толибларнинг ўз қабулларида бўлишгани ва музокаралар чоғида Афғонистондаги тинчлик жараёни истиқболларига эътибор қаратилганини билдириш билан чекланишган, холос.
Худди шу манзарада Британиянинг нуфузли "Рейтер" ахборот агентлиги хабарига таянилса, юқори мартабали Толибон мулозими Ўзбекистон билан "яхшироқ алоқалар ўрнатиш ва маҳаллий исёнчи гуруҳларни дастаклаш ниятларини йўқлигини кўрсатиш мақсадида Тошкентда ўз сиёсий идораларини очишгани"ни ҳам даъво қилишгача борган.
Аммо бу мулозимнинг ўша заҳотиёқ аксарият минтақавий интернет нашрларининг эътиборини тортган бу иддаоси ҳалича ўзининг расмий тасдиғини топмаган.
Янгича сиёсат натижасими?

Сурат манбаси, President.uz
Воқеаларнинг сўнгги ривожи янги президенти Шавкат Мирзиёев бошчилиги остида Ўзбекистон Афғонистонга оид янгича сиёсат билан чиққан ва афғон можаросига сиёсий йўл билан ечим топиш ҳаракатларида қайта дипломатик воситачи бўлиш истагини изҳор этган қисқа - бор-йўғи икки йилча вақтнинг ўзида кузатилмоқда.
Расмий Тошкент шу йил май ойида афғон можаросига тинч йўл билан ечим топишга қаратилган икки кунлик олий даражадаги халқаро анжуманга мезбонлик қилган, аммо бу тадбир ҳам Афғонистон Толибон ҳаракати вакилларининг иштирокисиз кечган.
Аммо анжумандан саноқли ҳафталар ўтиб, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги кутилмаган баёнот билан чиққан, расмий Тошкентнинг сулҳ хусусида толиблар билан музокаралар олиб борганини маълум қилган.
Лекин бу баёнотда тилга олиб ўтилган мулоқотларнинг айнан қачон, қаерда ва кимлар билан кечгани тафсилотлари ошкор этилмаганди.

Сурат манбаси, ARG
Худди шу манзарада бу саволлар Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг ўтган ой бошида Афғонистонга қилган икки кунлик амалий ташрифи чоғида ўзининг ечимини топган.
"Олиб борилган"и билдирилган "музокаралар" тафсилотларига Ўзбекистон ҳайъати билан учрашувлари натижасига таяниб, Афғонистон Президентининг МДҲ давлатлари билан ҳамкорликни ривожлантириш бўйича махсус вакили ойдинлик киритган.
Би-би-си Ўзбек Хизматининг Муҳаммад Шокир Коргар билан суҳбатидан афғон можаросига тинч йўл билан ечим топиш истагида бўлган расмий Тошкент Афғонистон Толибон ҳаракатининг Қатардаги идораси вакиллари билан учрашгани аён бўлган.
Халқаро сиёсий ва ҳарбий доираларда толибларга қатта таъсири борлиги ишонилган Покистон томони билан ҳам мулоқотлар олиб боргани маълум бўлганди.
Ишонилишича, Ўзбекистон тарафи бу музокаралар чоғида Толибонни пойтахт Тошкентда Афғонистон ҳукумати билан юзма-юз мулоқотлар олиб боришга ундаган.
Аммо Ўзбекистон томонининг айни даъватларига Афғонистон Толибон ҳаракатининг расмий муносабати мавҳум қолган.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири эса, амалий ташриф билан Афғонистонда экан, "яқин орада кўп ижобий ўзгаришлар бўлиши"ни ваъда қилган.
Вазир бошчилигидаги ҳукумат ҳайъати пойтахт Кобулда ҳам асосий диққат-эътиборини сулҳ масаласига қаратган, бу борада турли томонлар билан ўндан ортиқ учрашувлар ўтказгани маълум бўлган.
Ҳаракат сиёсий идораси ҳайъатининг Тошкентга илк амалий ташрифи эса, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг ана шу сафаридан қисқа вақт ўтмай амалга ошган.
Аммо айни шу музокаралар ортидан ҳам ҳаракатнинг расмий Тошкентнинг афғон ҳукумати билан тўғридан-тўғри мулоқотлар олиб боришга ундовчи даъватларига муносабати ноаён қолган.
Агар, такрорий баёнотларига таянилса, Ўзбекистон исталган пайтда бу каби музокараларга мезбонлик қилишга тайёр.
Омиллар...

Сурат манбаси, courtesy
Ўзбекистон марҳум президенти Ислом Каримов бошқаруви остида кечган чорак асрдан ортиқроқ вақт давомида ўзининг жанубий қўшниси Афғонистонга асосан хавфсизлик призмаси орқали кириб келган.
Аммо бундан уч йил бурун Яқин Шарқдаги ИШИД гуруҳига байъат келтирган Ўзбекистон Исломий ҳаракатидан хавотирлари ҳануз тўлиғича аримагани расмий хабарлардан аён эса-да, Ўзбекистон янги президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлиги остида Афғонистон билан ҳар томонлама ҳамкорликни кучайтирмоқчи, мустаҳкамламоқчи.
Президент Мирзиёев аҳолиси минтақада энг каттаси (30 миллиондан ортиқ) бўлган мамлакатига янгидан янги сармоялар жалб этмоқчи, янги бозорлар очмоқчи.
Бу йўлда газга бой қўшниси Туркманистонники бўладими ва ёки энергияю янги бозорларга чанқоқ Хитойники, Афғонистонни ўз ичига олувчи янги, йирик минтақавий иқтисодий лойиҳаларнинг амалий ижросига ҳам беэътибор эмас.
Яъни, маҳаллий таҳлилчиларга кўра, расмий Тошкент афғон можаросининг тинч йўлда ечим топишидан кўп томонлама манфаатдор.
Афғонистон Толибон ҳаракати хорижий қўшинларнинг буткул сафарбарлигисиз музокаралар столига ўтирмоқчи эмас ва худди шу боис ҳам, энг аввало расмий Вашингтон билан мулоқот олиб бориш истагида эканини айтиб келади.
Ўзбекистоннинг айни шу - сўнгги дипломатик фаоллиги манзарасида афғон можаросига энг аввало ҳарбий йўлда барҳам бериш истагида бўлган президент Дональд Трамп бошчилиги остидаги янги АҚШ маъмуриятининг ҳам сиёсати анчайин юмшагани кузатилган.
Шу йил июнь ойи охирларида АҚШ Давлат котиби мамлакати бу каби музокараларни "дастаклаш, уларга воситачилик қилиш ва қатнашишга тайёр" эканини баён қилган.
Майк Помпео бу билан "толибларнинг Қатарда америкалик мулозимлар билан учрашишларига йўл очган".
Агар, "Франс-Пресс" ахборот агентлигининг хабарига таянилса, АҚШ Давлат котиби бу музокаралар чоғида Афғонистондаги хорижий қўшинларнинг роли ҳам кун тартибида бўлишини маълум қилган.
Айрим манбаларга кўра, орада кечган қисқа вақтнинг ўзида томонлар ўртасида уч босқич музокаралар бўлиб ўтган.
Толибон Қатардаги сиёсий идораси матбуот воизи таъбиридаги "Афғонистондан хорижий қўшинларнинг ортга сафарбарлиги" масаласи ўтган ҳафта пойтахт Тошкентда қандай муҳокама этилгани тафсилотлари эса, маълум эмас.
Воиз бу мавзу ҳам муҳокама қилинганини иддао қилса-да, тафсилотларига тўхталиб ўтмаган.
Ҳаракатнинг айни мазмундаги баёнотига расмий Тошкентнинг ҳам муносабати ҳозирча имконли эмас.
Ҳайъат...

Сурат манбаси, RIANOVOSTI
Толибон ҳаракатининг Қатардаги сиёсий идораси ҳайъати бундан аввал турли кўринишдаги ташрифлар билан минтақадаги қолган йирик ўйинчи давлатлар - Покистон, Эрон, Хитой ва Россияда ҳам бўлган.
Россия эса, Ўзбекистон ва Хитой билан бирга афғон можаросига дипломатик йўлда ечим топиш истаги билан халқаро сиёсат саҳнасига чиққан минтақадаги учта давлатдан биттаси бўлади.
Расмий Москва бу йўлда Тошкентдан сал аввал уч босқич музокараларга мезбонлик қилган.
Унда Ўзбекистон дохил Марказий Осиё давлатлари илк бор иштирок этишган, Толибон ва АҚШ вакиллари ҳозир бўлишмаган.
Музокаралар Россия ва Толибон орасидаги муносабатлар тобора "яхшиланиб" бораётганига оид хабарлар манзарасида кечган.
АҚШ ва Афғонистон томони Москва толибларга қурол-яроғ етказиб беришни бошлаб юборганини ҳам иддао қилиб чиқишган.
Воқеаларнинг бу каби ривожи минтақада АҚШ ва Россия ўртасида геосиёсий кураш кучайган бир пайтга тўғри келган.
Расмий Кобул бу икки давлатнинг Сурия ва Украинада бўлгани каби Афғонистонда ҳам ўзаро рақобатга киришиб кетишидан хавотирга тушиб қолган.
Қурол-яроққа оид даъволарни изчил равишда рад этиб келаётган Кремль эса, "яқинлик" фақатгина ИШИД таҳдидига қарши эканини айтган.
Аммо афғонистонлик айрим сиёсатшунослар буни "янги иттифоқ яратиш ҳаракатлари ва ўйин қоидалари ўзгараётгани"га йўйишган.
Бошқа томондан, сўнгги йилларда Кремль хорижий қўшинларнинг Афғонистондаги давомий ҳозирлигидан мамнун эмаслигини яққол намоён эта бошлаган.
Таҳлилчиларга кўра, "айни шу нуқтада ҳам "муносабатлари тобора яхшиланиб бораётгани" иддао қилинаётган бу икки томоннинг манфаатлари тўқнашган бўлиши мумкин".
Худди шу манзарада расмий Тошкентнинг бунга зид мавқеи эса, қатор аналитикларнинг сўнгги дипломатик саъй-ҳаракатлари Ўзбекистоннинг ўз - мустақил ташаббуси эканига оид баҳолар билан чиқишларига ҳам сабаб бўлган.
Тошкентдаги халқаро анжуман фонида вакили бу каби тадбирларда толибларнинг иштироки қанчалик муҳим эканини баён қилган Россия томони эса, Станикзай бошчилигидаги ҳайъатнинг Ўзбекистонга илк амалий ташрифига ҳозирча ўз муносабатини билдирмаган.
Огоҳлик...

Сурат манбаси, President.uz
Аммо, таҳлилчиларнинг урғулашларича, Ўзбекистон бўладими, Россия ва ёки АҚШ, бу давлатлар ҳукуматларининг қилаётган барча дипломатик уринишлари афғон ҳукумати билан яқиндан ҳамкорликда олиб борилмоғи шарт.
Акс-ҳолда, бу каби саъй-ҳаракат шунчаки Толибон ҳаракатининг легитимлигини кучайтиришга хизмат қилади, холос. Бундан амалда эвазсиз фойда кўрувчи ягона томон фақат Толибон бўлиб қолади.
Бошқа томондан, сафларининг ҳозирда қанчалик тарқоқ эканини назарда тутиб, Толибон Қатардаги сиёсий идораси бугун бутун ҳаракат истак-хоҳишини тамсил этишга нечоғлиқ қодир эканини савол остига олаётган таҳлилчилар ҳам озмунча эмас.
Толибон тузуми қулатилган 2001 йилдан буён Афғонистонда энг катта сондаги ҳарбийсига эга ва таҳлилчилар эътирофида "афғон можаросида якуний сўзни айтиш қудратида бўлган" АҚШ Афғонистон ҳукуматини тинчликка эшишиш йўлида қўллаб-қувватлашини маълум қилган.
"Марказий Осиёдаги қўшни мамлакатлар раҳбариятининг бу борадаги саъй-ҳаракатларини юксак баҳолаши"ни билдирган.
Афғон ҳукуматининг маълум қилишича эса, Толибон Қатардаги сиёсий идораси ҳайъатининг Ўзбекистонга амалий ташрифи ўзларининг бохабарликлари билан кечган.
Минтақавий таҳлилчиларга кўра, толибларнинг Афғонистон бўйлаб устма-уст шиддатли ҳужумлари манзарасида кузатилгани бу ташрифнинг аҳамиятини янада оширган.
Толибларнинг жанг жабҳасида қанчалик фаол бўлишмасин, афғон урушида мутлақ ютиб чиқишга барибир қодир бўлмасликларини англаб етганликларига далолат қилган.
Толибон 2001 йилдан буён илк бор шу йил Рамазон Ҳайити баҳона уч кунлик муваққат сулҳга рози бўлган.
Шу кунларда толибларнинг Қурбон Ҳайитида ҳам бу ишни режалашаётганига оид хабарлар олинган.
Буларнинг барчаси минтақадаги энг йирик бу жангари гуруҳ билан доимий сулҳга бўлган умидларни ҳам уйғотмай қолмаган.
Аммо Афғонистондаги озмунча бўлмаган ички муаммолар ва минтақадаги ўта ҳассос геосиёсий вазиятни назарда тутиб, бу борада анчайин скептик қарашда бўлаётганларнинг сонлари ҳам оз эмас.
Шундай экан, Тошкентга илк, таъбир жоиз, тарихий ташриф амалда нимани англатади? Би-би-си Ўзбек Хизмати худди шу савол билан бир қатор маҳаллий ва минтақавий таҳлилчиларга мурожаат қилган. Тафсилотлари учун веб саҳифамиз ва YouTube даги каналимизни кузатиб боринг.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.Telegram каналимиз: @bbcuzbek












