Ўзбекистон ва минтақа: Россия нимани кўзлаяптию Тошкент нима қилмоқчи? Видео

Mirziyoyev, Putin va Tolibon vakillari xarita fonida aks etgan kollaj.

Сурат манбаси, gettyimages/rasmiy/bbc

Сурат тагсўзи, Алишер Илҳомов: "Менимча, Россия қандайдир парда ортидаги усуллар билан Толибон режимига таъсир ўтказиш борасида Ўзбекистон билан рақобатлашишга ҳаракат қилади."
Ўқилиш вақти: 17 дақ

Ўзбекистон ўзини ҳар қандай хавфдан ҳимоя этмоқчими?

Минтақадан кутилмаган хабарлар олинди – бунақаси бўлмаган...

Шундай экан, Тошкент ниманинг режасида?

Россия-чи, нима қилмоқчи?

Бунга Толибоннинг жавоби қандай бўладию, Толиблардан қандай ҳарбий ҳамкор чиқади?

DIQQAT BBC дастуримизни томоша қилинг учун қуйида илова қилинган линкни босиб, видеога киринг.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш: Би-би-си ташқи саҳифалардаги контент учун масъул эмас YouTube бу контентда реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Марказий Осиё харитаси
Сурат тагсўзи, Тошкентнинг ҳарбий ҳамкорликка оид режаси Марказий Осиё Толибон бошқаруви остидаги Афғонистондан яна устма-уст ҳужумга учраган, Толибон ҳукуматининг ўзи эса, бошқа бир қўшниси – Покистон билан урушаётган бир пайтга ҳам тўғри келган.

Ўзбекистон сўнгги ҳафталарда яна минтақа эътиборини ўзига қаратди.

Афғонистондаги Толибон ҳукумати билан энди ҳарбий ҳамкорликка бормоқчи эканини айтди.

Ўзбекистон Толибон ҳукуматини расман тан олмаган.

Бу Тошкентнинг янги режаси билан боғлиқ расмий хабарлар аҳамиятини янада бўрттирди.

Бошқа томондан, Афғонистонга Тожикистон ва Туркманистон ҳам чегарадош.

Аммо минтақадан бунга ўхшаш хабарлар шу пайтгача олинмаганди.

Шундай экан, бу нимани англатади?

Нега айнан ҳозир ва нима учун Ўзбекистон?

Досим Сатпаев

Минтақавий сиёсий таҳлилчи, Қозоғистон

Дсим Сатпаев
facebook
Bu ikki davlat o‘rtasida so‘nggi yillarda shakllana boshlagan o‘zaro munosabatlaridagi pazlga mos keladi yoki uning bir qismidir.
Dosim Satpayev
Mintaqaviy siyosiy tahlilchi, Qozog‘iston (batafsil: bbc.com/uzbek da).

Досим Сатпаев: "Энг аввало Толибон иккинчи марта ҳокимият тепасига келганидан буён Ўзбекистоннинг Афғонистон билан муносабатлари қандай кечганига назар ташлашимиз лозим. Умуман олганда, ўша пайтдан бошлаб, биз Ўзбекистон раҳбариятининг Толибон ҳаракатига нисбатан риторикаси юмшоқроқ ва прагматикроқ эканига гувоҳ бўлдик. Кейин аксарият Марказий Осиё давлатлари ҳам Толибон билан турли соҳаларда, биринчи навбатда, сиёсий соҳада фаолроқ ҳамкорлик қила бошлагани сезилди. Гап Толибон ҳаракатини Афғонистонда қонуний ҳукумат сифатида тан олиш ҳақида бормади. Аммо улар билан сиёсий алоқалар ва муносабатлар ўрнатиш анчайин фаол тус ола бошлади. Марказий Осиё давлатлари Толибон ҳукумати билан фаол ҳамкорлик қила бошлаган иккинчи соҳа, албатта, иқтисодий алоқалардир. Агар, Марказий Осиёнинг ҳар бир давлатига назар ташласангиз, хусусан, Ўзбекистоннинг Афғонистон билан ҳамкорликка қаратилган ўта аниқ, улкан иқтисодий режалари борлигини кўрасиз. Жумладан, сўз Афғонистон орқали Покистон портларигача бўлган транспорт-логистика йўналишини барпо этиш, яъни темир йўл қурилиши ҳақида ҳам бормоқда. Шу боис, Ўзбекистоннинг ҳарбий ёки ҳарбий-сиёсий алоқаларни мустаҳкамлаш нияти, шунчаки, биз ўтган бир неча йил давомида кузатганимиз ана шу воқеъликларнинг мантиғий давомидир. Худди шу нарса, бир томондан, Ўзбекистон раҳбарияти бу гал Толибонни таҳдид сифатида кўрмасликларини кўрсатмоқчи эканига далолат қилади. Бу муайян маънода Ўзбекистон Кобул тарафга бераётган дипломатик ишорадир. Яъни биз сиз билан ҳатто ҳарбий соҳада ҳам ҳамкорлик қилишга тайёрмиз, деган мазмунда. Ва, албатта, бошқа томони ҳам бор. Чунки ҳозир аксарият Марказий Осиё давлатларини, айниқса, Афғонистонга чегарадош бўлганларини Толибоннинг ўзи эмас, у ерда бўлган бошқа экстремистик гуруҳлар кўпроқ хавотирга солади. Дейлик, яқинда тожик-афғон чегарасида юз берган ва хитойлик ишчиларга қаратилган ҳужумлар қурбонларга ҳам сабаб бўлди. Дарвоқе, Хитой буни қоралади. Шунга ўхшаш бир воқеа эса, айнан аксарият Марказий Осиё давлатлари наздларида Афғонистон ҳудудида Толибондан ҳам жиддийроқ хавф мавжудлигидан далолат беради. Толибоннинг ўзи билан эса, Марказий Осиё давлатлари, тушунишимча, қудратга ростмана ва узоқ муддатга келган, деган ўйда ўзаро ҳамкорликларини кучайтиришмоқчи. Шу боис, бир томондан, Толибон иштирокида Афғонистон билан чегараларида маълум бир хавфсизликни таъминлашмоқчи. Бошқа тарафдан, улар билан қандайдир қўшма иқтисодий лойиҳаларни ҳам амалга оширишмоқчи. Қолаверса, Украинада уруш бошланганидан кейин Марказий Осиё давлатлари ҳам муқобил бозорлари топиш ҳаракатида. Бундан ташқари, Осиё минтақасига, бошқа йўналишларга Россияни четлаб ўтувчи транспорт ва логистика йўллари ҳам изланмоқда. Шу боис, Афғонистон ҳам Ўзбекистон ва ҳам Қозоғистон учун ушбу лойиҳаларни амалга ошириш нуқтаи назаридан муҳим. Менимча, шунинг учун ҳам, Ўзбекистоннинг Толибон ҳукумати билан ҳозирги ҳарбий-сиёсий алоқаларни мустаҳкамлаш нияти – такрор айтаман, икки давлат ўртасида сўнгги йилларда шакллана бошлаган ўзаро муносабатларидаги пазлга мос келади ёки унинг бир қисмидир: сиёсатчилар, сиёсий алоқалар, кейин яқин иқтисодий ҳамкорлик, энди эса эҳтимолий ҳарбий ҳамкорлик."

Довуд Аъзамий

Халқаро сиёсат ва хавфсизлик масалалари бўйича эксперт, BBC

Довуд Аъзамий
skrinshot
Afg‘oniston va Markaziy Osiyo to‘qnash kelib turgan ayrim tahdidlar bir xil; va ularga qarshi kurashish qo‘shma mexanizmni talab qiladi.
Dovud A’zamiy
Xalqaro siyosat va xavfsizlik masalalari bo‘yicha ekspert, BBC (batafsil: bbc.com/uzbek da).

Довуд Аъзамий: Толибон қудратни эгаллаган 2021 йилнинг августидан кейин Ўзбекистон ва Афғонистон хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш масаласини бир неча бор муҳокама қилган.

Афғонистон ва Марказий Осиё тўқнаш келиб турган айрим таҳдидлар бир хил; ва уларга қарши курашиш қўшма механизмни талаб қилади.

Уларнинг сирасига ИШИДнинг фаолияти, гиёҳванд моддалар ишлаб чиқариш ва уларнинг контрабандаси, ноқонуний одам савдоси ҳам киради.

Ҳарбий-техникавий ҳамкорлик амалга ошса, бу жосуслик маълумотларини айирбошлаш илова хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликни расмийлаштиради. Ва, шунингдек, салоҳиятни ошириш ва ўзаро ишончни яхшилашга ёрдам беради.

Ўзбекистон, секинлик билан бўлса-да, минтақа кенгроқ интеграция ва иқтисодий ўзаро боғлиқлик сари интилаётган пайтда бу ғояни илгари сурди.

Айни пайтда Афғонистон аллақачон Ўзбекистон бизнеслари учун янги йирик бозорга айланган.

Ўзбекистоннинг Афғонистоннинг кон, минерал хомашё соҳалари ва инфратузилма лойиҳаларига киритаётган сармояси мисли кўрилмаган тезликда ошиб бормоқда.

Бунга Россия нима дейди?

Алишер Илҳомов
skrinshot
Menimcha, Rossiya qandaydir parda ortidagi usullar bilan Tolibon rejimiga ta’sir o‘tkazish borasida O‘zbekiston bilan raqobatlashishga harakat qiladi.
Alisher Ilhomov
Xalqaro tahlilchi, London (batafsil: bbc.com/uzbek da).

Алишер Илҳомов

Халқаро таҳлилчи, Лондон

Бу хабар Россия ҳам Толибон ҳукумати билан ҳарбий ҳамкорлигини кенгайтириш ниятини изҳор этган бир пайтга тўғри келди.

Россия, йилларки, Ўзбекистоннинг энг йирик ҳарбий ва ҳарбий-техник ҳамкори.

Шунингдек, минтақада ўзининг энг кўп ҳарбий иншоотлари ва базаларига эга ягона давлат.

Афғонистонга чегарадош Тожикистонда четдаги энг йирик ҳарбий базаси ҳам жойлашган.

Минтақани ҳозиргача ўзининг таъсир доирасидаги ҳудуд сифатида кўради.

Бошқа томондан, Россия – ҳозиргача Афғонистондаги Толибон ҳукуматини расман тан олган ягона давлат.

Шундай экан, Тошкентнинг Толибон билан ҳарбий ҳамкорлик режасига Россиянинг муносабати қандай бўлиши мумкин?

Алишер Илҳомов: Хўш, қаранг, Россиянинг Толибон тузуми билан яқин ҳарбий ҳамкорлик ўрнатишга уринаётгани Ўзбекистонга, мамлакат манфаатлари, суверенитети ва хавфсизлигига хавф туғдиради. Чунки бу, умуман олганда, маълум шароитларда Ўзбекистонга қарши эҳтимолий провокациялар учун босим воситаси бўлиши мумкин. Лекин, менимча, айнан шу боис, бу хавфни маълум даражада бартараф этиш мақсадида Ўзбекистоннинг ўзи Толибон билан бу соҳада қандайдир алоқаларни ўрнатишга қарор қилган бўлиши мумкин. Қолаверса, Толибон режими Афғонистондаги энг радикал куч эмаслигини унутмаслик керак. У ерда ИШИДнинг Хуросон қанотига ўхшаган янада радикалроқ гуруҳлар бор. Бу гуруҳлардан эса, қандайдир таҳдид бўлиши мумкин. Россия уларни Марказий Осиё давлатларига қарши қўллаши, шундай сценарийни ҳам ишга солиши эҳтимоли ҳам йўқ эмас. Ўзбекистон эса Толибон тузуми билан бу каби қандайдир алоқаларни йўлга қўйиш орқали янада радикал, янада экстремист ва янада террорист ташкилотларни зарарсизлантиришдан ҳам манфаатдор бўлиши мумкин. Толибон тузуми эса, истайсизми-йўқми, мавжуд ҳақиқат. Буни назардан қочирмаслик керак. Афғонистоннинг деярли бутун ҳудудини назорат қилиб турган тузилма. Шундай экан, бир томондан, қўшни давлат экан, у билан қандайдир алоқалар ўрнатишингиз керак. Иккинчи тарафдан эса, бу режимдан Ўзбекистон манфаатлари, суверениетига қарши қўлланилишига йўл қўймаслигингиз лозим бўлади. Россия ўзининг минтақадаги ҳарбий ҳозирлигини оқлаш учун Марказий Осиё давлатлари билан муносабатларида бу каналлардан узоқ вақтдан буён фойдаланишга ҳаракат қилиб келади. Россиянинг ўзи Толибон билан бундай алоқаларни ўрнатаётган ва ҳатто уни расман тан олган бир ҳолатида, қандай қилиб Тошкентнинг бу режасига ўз норозилигини ошкора билдира олади. Менимча, улар қандайдир парда ортидаги усуллар билан Толибон режимига таъсир ўтказиш борасида Ўзбекистон билан рақобатлашишга ҳаракат қилишади.

АҚШ-чи?

Афғонистондаги АҚШ қўшинлари

Сурат манбаси, WAKIL KOHSAR/AFP via Getty Images/ARXIV

Сурат тагсўзи, Сўнгги икки ўн йилликда Афғонистонда якуний сўзни Америка Қўшма Штатлари айтиб келган. Америка у ерда энг катта сондаги ҳарбийларга эга бўлган. Сўнгги АҚШ ҳарбийси Афғонистонни 2021 йилнинг 31 августида тарк этган.

Афғонистон ҳам глобал ядровий қудратлар манфаатлари тўқнашиб келаётган давлатлардан бири.

Сўнгги икки ўн йилликда Афғонистонда якуний сўзни Америка Қўшма Штатлари айтиб келган.

Америка у ерда энг катта сондаги ҳарбийларга эга бўлган.

Трампнинг иккинчи маъмурияти Афғонистонга нисбатан ўзининг янги сиёсатини ҳали эълон қилмаган.

Аммо аллақачон Толибонни террорчи ташкилотлари рўйхатига киритиш-киритмаслик масаласини кўриб чиқишга киришган.

Баграмга қайтиш ва Афғонистонда қолдирган катта миқдордаги ҳарбий техникасини қайтариб олиш ниятини ҳам изҳор этган.

Шундай экан, Ўзбекистоннинг истагига АҚШнинг мавқеи қандай бўлиши мумкин?

Алишер Илҳомов: Бу томонлар ўртасидаги ҳарбий, ҳарбий-техник ҳамкорликнинг шаклига боғлиқ бўлади. Агар, дейлик, бу фақат экстремистик гуруҳларни назорат қилиш соҳаси билан чекланадиган бўлса, бу Толибон ҳукуматининг ўзи ва умуман олганда, Ғарб давлатлари, Америка Қўшма Штатларининг манфаатларига ҳам мос келади. Ўзбекистон ҳукуматининг фақат оқибатларини ҳисобга олиши керак бўлади. Дейлик, мисол учун, ҳозир Покистон билан уруш бораяпти, тўғрими. Шундай бир ҳолатда, бу ерда биринчи навбатда Покистон манфаатларини инобатга олиш, Толибон билан хавфсизлик соҳасида йўлга қўйиладиган ҳарбий ҳамкорлик Афғонистоннинг Покистонга нисбатан мавқеи ва ҳарбий салоҳиятининг кучайишига олиб келмаслигини таъминлаш лозим бўлади. Бу муҳимроқ масала. Шунинг учун ҳам, ҳамма нарса бу каби бир ҳамкорликнинг қандай шаклларда бўлишига боғлиқ бўлади. Бу эса, шунчаки, ИШИД каби янада экстремистик гуруҳлар фаолиятини назорат қилишнинг қандайдир кўриниши бўлиши мумкин, менимча, фақат шу соҳа билан чекланади, назаримда. Бу, дейлик, Афғонистоннинг ҳарбий салоҳиятини кучайтириш, кейин Покистонга қарши фойдаланиши учун унга қандайдир ҳарбий техника, самолётлар ёки ўқ-дорилар етказиб бериш каби кенг ҳамкорликкача бормайди. Мен бундай деб ўйламайман. Айни пайтда, биламизки, Ўзбекистон ҳозир Покистон билан, жумладан, ҳарбий соҳада ҳам ҳамкорликни йўлга қўймоқда. Шундай экан, бу икки ўртада қандайдир ростмана кескинликкача олиб келиши даргумон. Улар Ўзбекистон ўз миллий манфаатлари ва хавфсизлигидан келиб чиқиб иш тутаётганини тушунишлари ва буни ҳисобга олишлари керак.

Ўзбекистон ва ҳарбий ҳамкорлар

Ўзбекистон ҳарбийлари Покистонда.

Сурат манбаси, GHULAM RASOOL/AFP via Getty Images

Сурат тагсўзи, Ўзбекистоннинг ҳарбий ва ҳарбий-техник ҳамкорлари орасида ядровий қудрат бўлганлари ҳам бор.

Рустам Қобил

BBC.COM/UZBEK

Ўзбекистонни зарур ҳолда ҳимоя қилиши мумкин бўлган ҳарбий ҳамкорлари борми ва улар ким? Ёки қай мамлакат учун ўзбеклар ҳам ҳимояга отланиши мумкин?

Ўзбекистон бирон ҳарбий блокка аъзо эмас ва ҳарбий сиёсати кўп векторли.

Россия

Ўзбекистоннинг нафақат муҳим савдо-иқтисодий, балки ҳарбий ҳамкорларидан бири ҳамдир. Бу - асосан қурол-аслаҳа етказиш ҳамда таъмирлашда кўринади.

Аммо Ўзбекистон Россия етакчилигидаги ОДКБ, яъни, Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотидан 2012 йил чиқиб кетган. Зотан бу ташкилот тамал тоши Тошкентда қўйилган.

Айни пайтда, Москва етакчилигидаги ОДКБ - КХШТга Ўзбекистоннинг ён қўшнилари – Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон аъзо.

Ва ташкилот аъзолари керакли пайтда бир-бирига ҳарбий кўмак кўрсатиши мумкин. Дейлик, тўрт йил олдин Қозоғистондаги намойиш ва ғалаёнлар пайти Россия етакчилигида ОДКБ кучлари киритилган.

Хитой

Дунёнинг иккинчи иқтисоди ва марказий Осиё шарқидаги улкан қудрат.

Аллақачон Ўзбекистон дохил минтақа давлатларини Пекин етакчилигидаги Шанхай Хамкорлиги ташкилоти доирасида бирлаштирган. Бу яна Россия ҳамшамсияси остидаги ташкилот, деб ҳам кўрилади.

Айрим ғарблик таҳлилчилар бу ташкилотни баъзан НАТОга қарши турувчи гуруҳга ҳам қиёслашганди. Лекин - Шанхай ҳамкорлиги ўзини ҳарбий блок санамайди.

Ҳарбий қудрат сифатида жадал кучайиб бораётган Хитой – террорга қарши курашда юқори технологияли жиҳозлар етказувчи ҳамкор саналади.

АҚШ

Дунёнинг йирик ҳарбий қудрати билан ҳозир муносабатлар яқинлашиши кузатилади. Аммо у ҳарбий соҳада қанчалик аксланади?

Вашингтон билан ҳамкорлик хавфсизлик, террорга қарши кураш ва қуролли кучларни замонавийлаштириш масалаларини кўзда тутади.

Шунингдек, чегараларни мустаҳкамлаш ва ҳарбийлар малакасини оширишда кўмаклашиш ҳам мавжуд.

Туркия

Тил, маданият ва диний жиҳатдан Ўзбекистонга энг яқин давлатлар ичида энг қудратлиси.

Тошкент ва Анқаранинг марҳум Каримов давридаги ўзаро совуқ муносабатлари Мирзиёев даврида дўстона ҳамкорликка айланди. Бундан ҳарбий соҳа ҳам истисно эмас.

Ҳарбий техника масаласида Туркия бош ҳамкорлардан бирига айланмоқда.

Шу қаторда, ҳарбий тайёргарлик, қўшма ўқув машғулотлари ҳам назарда тутилади.

Марказий Осиё

Ўзбекистон ўз атрофидаги чегарадош қўшнилари билан ҳам минтақавий хавфсизлик борасида ҳамкорлик қилади.

Хусусан, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон билан махсус ўқув машғулотлари олиб боради.

Охирги 10 йил давомида Ўзбекистон ўз ён қўшнилари билан низога бормаслик ва юзага келган ҳолатларни нафақат тинч йўлда, балки дўстона алфозда ҳал этишга интилмоқда.

Ўтган йили пойтахт Тошкентда улар билан бирга минтақавий хавфсизлик концепциясини ҳам имзолаган.

Эндиликда Озарбайжон билан ҳам хавфсизлик масаласида яқинлашув бошланган.

НАТО

Ўзбекистон ва умуман, Марказий Осиё давлатлари Украина ё Грузиядан фарқли тарзда бу блокка қўшилиш ниятини изҳор этмаган.

Аммо Тошкент Тинчлик йўлида ҳамкорликка борганди.

Ўзбекистон халқаро рейтингларда минтақадаги Қуролли кучлари энг жанговар икки давлатидан биттаси саналади.

Айнан сўнгги йилларда ўзининг ҳарбий ҳамкорлари сафини кенгайтириш ҳаракатлари билан ҳам эътиборга тушган.

Ўтган йил минтақавий хавфсизлик концепциясини имзолашга борган.

Йил бошида ўзининг Мудофаа доктринаси, Ташқи сиёсат концепциясини янгилаш ва Қуролли кучларини модернизация қилишга қарор қилган.

Янгилик ўзига яқин минтақаларда кечаётган урушлар ва кучайиб бораётган геосиёсий танглик манзарасида олинган.

Ўзбекистон бундан ўзининг хавотирларини расман ва ошкора баён этиб келади.

Аммо қўшилмаслик сиёсатига тарафдорлик қилади.

Шу ўринда Ўзбекистоннинг мавжуд ҳарбий ҳамкорларига яқиндан бир назар:

Толибон-чи, кўнармикан?

Толибон бошқаруви остидаги Афғонистон билан ҳам ҳарбий ҳамкорлик ҳақида эса, Ўзбекистон президентининг янги фармони лойиҳасида айтилган.

Маълум бўлишича, мазкур ҳужжат Ўзбекистоннинг хавфсизлик стратегиясидаги янги йўналишларни белгилаб беради.

Лойиҳага кўра, Тошкент минтақада ишонч чораларини мустаҳкамлашни мақсад қилган.

Марказий Осиё давлатлари билан биргаликда хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш ва Афғонистон билан алоқаларни институционал даражага олиб чиқишни кўзда тутган.

Ҳарбий ҳамкорлик тўғрисидаги таклифларнинг Афғонистон томонига сентябр ойида етказилиши айтилган.

Шундай экан, Толибон ҳукумати бу таклифларга кўнармикан?

Довуд Аъзамий: Менимча, Афғонистон ва Ўзбекистон ўртасида яқин хавфсизлик ҳамкорлиги таклифини Толибон ҳукумати хуш қаршилайди.

Толибоннинг устивор мақсадлари булар - ўз тузумининг яшаб қолишини таъминлаш, Афғонистон ичкарисида хавфсизликка эришиш ҳамда савдо ва иқтисодий ривожланишни яхшилашдир.

Тўғри, Ўзбекистон ва Афғонистон иқтисодий алоқаларини кучайтиришмоқда.

Аммо хавфсизлик соҳадидаги ҳарбий ҳамкорлик – икки томон учун ҳам фойдали.

Саволлар ҳам бор...

Самарқанднинг ўша пайтдаги ҳокими Толибоннинг юқори мартабали вакилига тўн кийдирмоқда.

Сурат манбаси, rasmiy

Сурат тагсўзи, Ўзбекистон ҳам толибларнинг ҳукуматини тан олмаган, аммо улар билан борди-келдини ҳам, савдо-сотиқни ҳам кучайтирган. Ҳаракат ҳали қудратга қайтмасидан анча аввал улар билан мулоқотларини бошлаган.

Айнан Ўзбекистон Толибон ҳали қудратга қайтмасидан анча аввал улар билан муносабатларни бошлаган.

Президент Мирзиёев Ўзбекистон томонга бирорта ўқ отилмаслиги учун ҳар қандай мулоқотга тайёрлигини билдирган.

Ўзбекистон Афғонистондаги сиёсий, ижтимоий, иқтисодий вазиятнинг издан чиқишидан ҳам хавотирда.

Тошкент кейин ҳам Толибон билан алоқаларини узмаган.

Толибларнинг ҳукуматини тан олмаган, аммо улар билан борди-келдини ҳам, савдо-сотиқни ҳам кучайтирган.

Афғонистонни Марказий Осиёга интеграция қилиш ҳаракатларига зўр берган.

Ўзбекистон аллақачон Афғонистонни ҳам қамраб оладиган йирик минтақавий қўшма лойиҳаларни жонлантириш ҳаракатида.

Аммо расмий Тошкентнинг улар билан янгича ҳамкорлик режаси ҳам бунинг қанчалик қонуний эканига оид саволларни пайдо қилмай қўймаган...

Досим Сатпаев: Менимча, йўқ. Ҳозир барча Марказий Осиё давлатлари халқаро ҳуқуқ инқирозини, ҳозир халқаро майдонда ҳукм сураётган тартибсизликни, БМТ тамойиллари кучли зарбалар остида қолганини яққол кўриб туришибди. Трампнинг Тинчлик кенгашидан кейин БМТнинг истиқболи ҳам кўпчиликда озмунча саволларни пайдо қилмай қўймаган. Яъни, ҳозир глобал саҳнада қандайдир бўшлиқ, маълум бир ҳуқуқий вакуум бордек туюлади. Биласизми, менимча, бу катта эҳтимол билан худди шу нарсага боғлиқ. Ва шунинг учун ҳам ҳозир кўпчиликни, мен биринчи навбатда Ғарб давлатларини назарда тутаяпман, Марказий Осиё давлатларининг Афғонистон билан муносабатларини қандай қуришлари қизиқтирмаслиги аниқ. Моҳиятан, ҳатто, Афғонистоннинг ўзи ҳам Европа Иттифоқи ва АҚШни кам қизиқтирадиган бўлиб қолган. Уларнинг приоритетлари бироз ўзгарди. Трампники, тушунарлики, бу – Эрон масаласи, Яқин Шарқ. Европа Иттифоқи учун эса ҳозир Украина уруши ҳозирда асосий устивор мавзуга айланган. Кейин АҚШ ва Европа Иттифоқининг Марказий Осиё давлатлари билан саммитлари ҳам энди бу ўйинчиларни соф иқтисодий лойиҳалар қизиқтираётганини кўрсатди. Шунинг учун ҳам, улар ҳар қандай ҳолатда ҳам бу барча ҳуқуқий ньюансларга кўз юмишади, деб ўйлайман. Марказий Осиё давлатлари, бир томондан, Толибон ҳаракатини қонуний куч сифатида тан олмайди, лекин улар билан фаол ҳамкорлик қилади. Шу боис, менимча, Марказий Осиё давлатлари, жумладан, Ўзбекистон ҳам унинг яқинроқ ҳарбий ҳамкорлиги халқаро ҳамжамият томонидан қандайдир реакция ёки дипломатик можаро ва ҳоказоларни келтириб чиқаришини кутмайди. Яъни, катта эҳтимол билан улар Толибон ҳаракати кўмагида Ўзбекистон ўзининг хавфсизлигини таъминлаш, биринчи навбатда, Ўзбекистоннинг миллий манфаатлари нуқтаи назаридан устувор аҳамиятга эга эканлигидан келиб чиқишади. Ҳозир қанчалик ғалати туюлмасин, агар бундай мавзу 10-15 йил йил аввал кўтарилганида, бу, албатта, хаёлий туюлган бўларди. Лекин дунё ўзгармоқда ва биз бир пайтлар мутлақо ақлга сиғмайдиган сценарийларнинг кутилмаганда ҳақиқатга айланишини кўриб турибмиз.

Фарҳод Толипов
facebook
O‘zim shaxsan hayron bo‘ldim. Chunki shu kabi bir masala qo‘yilsa, tabiiyki, bunday hamkorlikning maqsadi nima, degan savol tug‘iladi.
Farhod Tolipov
Siyosiy tahlilchi, O‘zbekiston (batafsil: bbc.com/uzbek da).

Фарҳод Толипов

Сиёсий таҳлилчи, Ўзбекистон

Ўзбекистон постсовет маконидаги энг йирик мусулмон мамлакат.

Афғонистонга чегарадош олтита минтақа давлатидан биттаси.

Йилларки, афғон можароси ва унинг ечимига бефарқ эмас.

Жангарилик муаммоси бўладими ва ё гиёҳванд моддалар контрабандаси –Ўзбекистон ҳам Афғонистонни ўзининг барқарорлигига асосий таҳдид сифатида кўриб келган.

Тошкентнинг ҳарбий ҳамкорликка оид режаси Марказий Осиё Толибон бошқаруви остидаги Афғонистондан яна устма-уст ҳужумга учраган, Толибон ҳукуматининг ўзи эса, бошқа бир қўшниси – Покистон билан урушаётган бир пайтга ҳам тўғри келган.

Покистон Толибонни янчишга тайёрлигини айтган, очиқ уруш эълон қилган.

Яқинда эса, Толибон раҳбарияти сафларида бўлиниш борлигига оид хабарлар ҳам бўй кўрсатган.

Шундай экан, буларнинг барчаси Тошкентнинг янги режаси учун нимани англатади?

Фарҳод Толипов: Ўзим шахсан ҳайрон бўлдим. Чунки шу каби бир масала қўйилса, табиийки, бундай ҳамкорликнинг мақсади нима, деган савол туғилади. Чунки биз ҳали халқаро ҳамжамият томонидан тан олинмаган ҳукумат билан бундай ҳамкорликни ўрнатамиз, деб айтилаяпти. Ҳарбий деганда, бу ўзи жуда мураккаб, кўп жиҳатдан нозик масала бўлиб, ҳарбий ҳамкорликни Ўзбекистон авваламбор ҳарбий жиҳатдан қудратли, ривожланган давлатлар билан олиб бориб келган шу пайтгача. Бу ўзаро манфаатли бўлган. Қачонки ҳамкорлик ҳарбий соҳага ўтса, табиий савол яна туғилади, иккинчиси, демак, томонлар, давлатлар қандайдир умумий таҳдидларга қарши мана шундай ҳамкорликни йўлга қўйяпти, деб. Мана шу иккита ёндашув нуқтаи назаридан қанчалик бизга Афғонистон билан ҳарбий ҳамкорлик фойдали, манфаатли, керак ва қанчалик Афғонистон билан таҳдидларни умумий кўраяпти Ўзбекистонки, шундай ҳамкорликка бормоқчи. Лекин бу кўп йиллар давомида айтиб келинаётган нарса бўлса-да, биз жиддий, нима деймиз, мана шунга ўхшаган таҳдидларни кўрмадик. Мана шундай принципиал саволлар қўйилса, мен ўйлайманки, буларга ҳали жиддий жавоб топилмаса ҳам керак. Бу жиддий соҳа. Кўп жиҳатдан ўша ҳарбийларнинг бир-бирлари билан мослашган ҳолда операциялар ёки машқлар олиб бориши билан боғлиқ бўлади. Қолаверса, Афғонистоннинг ўзи бир қатор давлатларга нисбатан, нима деймиз, дўстона муносабатда эмас ва ҳаттоки, уруш даражасига бориб қолган. Хусусан, Покистон билан, дейлик. Америка Қўшма Штатлари билан душманлик муносабатида. Баъзи пайтларда, мана, эшитиб турибмиз, Афғонистондан Тожикистонга ҳужумлар бўлиб турибди, нимагадир. Мана шу юқорида санаб ўтилган давлатлар билан Ўзбекистон бугунги кунда жудаям яхши муносабатларини қураяпти ва ривожлантираяпти. Яъни, иттифоқдош, стратегик шерик, керак бўлса, тегишли шартномалар билан ҳарбий соҳада умумий таҳдидларга қарши биргаликда ҳаракат қилишни кўзда тутган давлатлардир. Қандай қилиб биз мана шундай дўстларни орттириб, улар билан ҳарбий, стратегик ҳамкорликни олиб борсак-да, Афғонистон билан ҳам худди шундай ҳанкорликни олиб боришимиз мумкин?...Қанчалик биз ҳарбий ҳамкорликни, масалан, қандайдир шартномалару, бир баёнотлар эмас, амалда олиб борарканмиз ва нима мақсадда, бу ҳозир ўзим учун ҳам мавҳум.

Довуд Аъзамий: Толибон ҳукуматини Россиядан бошқа ҳеч ким расман тан олмаган. Бироқ Марказий Осиё давлатлари дохил қирққа яқин давлат Толиблар билан дипломатик ва сиёсий муносабатларни бошлашган. Ўзбекистон ҳамда бир неча бошқа давлатлар Толибон ҳукуматини расман тан олмаган бўлсалар-да, амалда ришталарни меъёрларга солиш учун пойдевор қуя олишди. Бу эса Ўзбекистон учун моддий жиҳатдан ҳам манфаатли бўлиб, Толибон бошқарувидаги Афғонистонда Тошкентнинг таъсирини кучайтиради. Афғонистондаги Толибон ичида кечган бўлиниш жуда жиддийга ўхшамайди. Афтидан, муайян ижтимоий ва сиёсий масалаларда Толибоннинг қатор раҳбарлари турлича қарашларга эгалар. Аммо бу фарқлар гуруҳни бўлиб ташлаш даражасида эмас. Қолаверса, у ерда Амирлик тизими амал қилади. Яъни сўнгги қарорни Олий Раҳбар беради ва қолган барча аъзолар унга амал қилишга мажбурлар.

Бундан фойда бўладими?

Толибон ҳукумати мулозимлари

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Толибон ҳукумати Ўзбекистон раҳбарияти ва халқини "биродар", "дўст", деб атаган.

Толибон ҳукумати ўзининг минтақавий ташқи сиёсатини расман очиқламаган.

Аммо қудратга қайтиши ортидан, Ўзбекистон билан самарали ва дўстона муносабатлар ўрнатиш истагини билдирган.

Толибон ҳукумати Ўзбекистон раҳбарияти ва халқини "биродар", "дўст", деб атаган.

Мустақиллик кунларини ҳам беэътибор қолдирмаган, табриклаган.

Афғонистондан уларга ҳам ҳеч бир таҳдид бўлмаслигига қайта, қайта ишонтирган.

Хўш, шундай экан, Толибондан қандай ҳарбий ҳамкор чиқадию, томонларга бунинг фойдаси нимада бўлади?

Довуд Аъзамий: Афғонистондаги Толибон ҳукумати аллақачон ИШИДга ҳамда гиёҳванд моддалар ишлаб чиқариш ва уларнинг контрабандасига қарши курашмоқда.

Бу қадамлар Ўзбекистон ва бутун минтақа учун манфаатли бўлмоқда.

Лекин ИШИД ва гиёҳванд моддалар - минтақавий муаммо саналади.

Айни муаммони битта давлат ҳал эта олмайди.

Шу боис, бу борада қўшма саъй-ҳаракатлар ҳамда минтақавий даражадаги ҳамкорликка эҳтиёж пайдо бўлди.

Иккала тараф ҳам умид қилаётган натижа бу – ўзаро яқин хавфсизлик ҳамкорлиги чегара оша келадиган таҳдидларни тўхтатиб, Ўзбекистоннинг Афғонистонда режалаган иқтисодий лойиҳалари хавфсизлигини таъминлайди.

Янги таклиф этилган механизм икки тарафлама ҳарбий мувофиқликни ва чегара оша мулоқотни яхшилайди.

Толибонга ишонса бўладими?

Ўзбекистон Исломий ҳаракати аъзолари

Сурат манбаси, skrinshot

Сурат тагсўзи, Илдизлари Ўзбекистонга бориб тақалувчи ва ўз вақтида ҳарбий доираларда энг йирик Ўзбек жангари гуруҳи сифатида эътироф этилувчи Ўзбекистон Исломий ҳаракати ҳам асосан Афғонистондан бошпана топиб келган.

Афғонистонда Ўзбек жангари гуруҳлари ҳам бошпана топган, жанг қилган ва жон сақлаб келган.

Толибон, бошқа томондан, қудратга қайтиши биланоқ Тошкентни ҳам хавотирга солиб, жадаллик билан Амударёдан сув оладиган зиддиятли Қўштепа каналини қуришга киришган.

Марказий Осиё билан чегарасини қайта кўриб чиқиш истагини баён қилган.

Ҳатто бу борада ўзининг стратегиясини ишлаб чиққанини ҳам айтган.

Афғонистондан олиб қочилган АҚШ ҳарбий техникаси юзасидан ҳам огоҳлантирган. Қайтаришни сўраб, пўписа қилишгача борган.

Ўзбекистон орада Афғонистондан ракета ҳужумига ҳам учраган.

Бироқ Толибон, мана тўрт йилдирки, ИШИДнинг Хуросон қанотини буткул жиловлашга муваффақ бўла олмади.

Шундай экан, ҳарбий ҳамкор сифатида Толибонга ишонса бўладими?

Антонио Жустоцци: Биласизми, манфаатлар бир-бирига тўғри келганда. Масалан, бу ўринда аниқ, умумий душман бор ва у ИШИДнинг Хуросон қаноти. Бу сўзсиз, шундай бўлиб қолади. Толибон ИШИДга қарши сиёсатини ўзгартирмайди. Улар ўртасида маълум адоват бор. Икковлон ҳам ўз мавқеида қатъий. Буниси аниқ. Аммо, бошқа томондан, ҳозирги босқичда вазиятни аниқ, ҳар томонлама тушунишга эришиб бўлмайди, деб ўйлайман. Чунки, Исломий Амирлик ёки Амири умуман олганда ўзининг мавқеини мустаҳкамлаган бўлса-да, лекин ҳалича, дейлик, Суриядан келаётган ўзбекистонликларнинг Афғонистонга кирмасликларини кафолатлаш мавқеида эмас. Улар киришаяпти. Амир буни тақиқлаган бўлса ҳам, бу иш ҳали ҳам содир бўлаяпти. Чунки, биласизки, Афғонистон кичкина бир давлат эмас, чегараларини ҳам мастаҳкам деб бўлмайди. Ҳатто Толибон сафларидаги айримларнинг ҳам бу ишга алоқаси бор, келган пайтларида уларни яширишади, кейин Покистон чегарасига, "ал-Қоида"нинг жамлоқларига юборишади. Амир бунга қарши, аммо бу борада қўлидан кўп иш келмайди. Демак, шу нуқтаи назардан, менимча, Толибон бу воқеалар содир бўлмаслигига кафолат бера олмайди. Шу жумладан, унинг Мудофаа вазирлиги ҳам. Шу сабабли, менимча, ҳамкорлик катта эҳтимол билан аниқ соҳаларда, масалан, ИШИД, терроризмга қарши курашда умумий имкониятлар соҳасида муваффақиятли бўлади. Чунки, биласизми, бу ерда бир нечта дрон Толибонни ҳеч ким учун ҳарбий таҳдидга айлантира олмайди. Хусусан, разведкачи дронлар ёки ундан ҳам телефон суҳбатларини тинглашни янада осонлаштириши мумкин бўлган ақлли воситалар. Бу одатий ҳарбий таҳдидни англатмайди ва бу соҳаларда ҳамкорлик қилиш ҳам осонроқ бўлади.

Толибон бугун қанчалик қудратли?

Антонио Жустоцци

Халқаро эксперт, Лондон

Антонио Жустоцци
skrinshot
Tolibon, albatta, tajribali. Uzoq yillar davomida juda qudratli dushmanlariga qarshi urishgan. Shu bois ham, ozmuncha narsani o‘rganmagan.
Antonio Justotssi
Xalqaro ekspert, London (batafsil: bbc.com/uzbek da).

Толибон ҳаракати минтақадаги энг йирик жангари гуруҳ саналган. Унинг жангарилари ва тарафдорлари сони бир неча юз мингга нисбат берилган.

"Ал-Қоида" каби глобал жангари тармоқлар билан ҳам иттифоқчилик қилган.

Сўнгги бир неча ўн йиллар ичида Афғонистонда икки бор ҳокимиятни эгаллаган.

Ҳар икки бор ҳам мамлакатни ўзининг Исломий Амирлиги деб эълон қилган. Ўз ҳукуматига ҳам асос солган.

Дунёнинг глобал ядровий қудратларига қарши турган.

Бошқарувга қайтишидан қисқа вақт ўтмай, минтақада ўзининг энг йирик Қуролли кучларга эга бўлиш истагини ҳам ошкора баён қилган.

АҚШ ва собиқ афғон ҳукуматидан қолган миллиардлаб долларлик ҳарбий техниканинг деярли барчасига эга чиққан.

Толибоннинг бугунги қудратига яқиндан бир назар:

Антонио Жустоцци: Толибон, албатта, тажрибали. Узоқ йиллар давомида жуда қудратли душманларига қарши уришган. Шу боис ҳам, озмунча нарсани ўрганмаган. Исёнчилик ва террорчиликка қарши кураш бўйича ҳам тажрибаси яхши. Ҳокимиятга қайтганидан бери бу соҳада олиб бораётган фаолияти анча самарали. Буни ҳатто ИШИД каби душманларининг ўзи ҳам тан олишади. Мисол учун, ИШИД ҳозир бундан бир неча йил аввалгига қараганда анча заиф. Аммо Толибон Афғонистон ҳудудидан ташқарида кучи ва таъсирини кўрсатиш, қўшинларини сафарбар қилиб, уларни таъминлаш қобилиятига эга эмас. Деярли ҳеч қандай моддий-техник, яъни логистик таъминотга эга эмас. Ихтиёридаги оғир техникаси ҳам жуда чекланган. Бироз артиллерияси, бир қанча эскириб қолган танклари бор. Ҳаво кучлари ҳам деярли йўқ. Мисол учун ҳозир мана Покистон билан ҳам ҳозир асосан фақат чегарада урушаяпти. Кўпи билан бир нечта постни эгаллаши мумкин, холос. Тактик жиҳатдан мағлуб эта олишса-да, Покистоннинг ичкарисигача кириб бора олишмайди. Бунинг учун логистик имкониятлари йўқ. Шунинг учун ҳам салоҳияти ундай катта эмас. Лекин, албатта, улар баъзи асемптоматик усуллардан фойдаланишлари мумкин. Бу ишни маълум даражада Покистонда қилишган. Покистонга қарши қўллаш учун айрим асемптоматик усулларни ишлаб чиқишган. Мисол учун ҳатто яқинда ҳам ҳаво ҳужумларига жавобан Покистонга худуш ҳужумчилар юбориш билан таҳдид қилишган. Сўзсиз, бу йўл билан урушда юта олмайсиз. Аммо улар босим ўтказиш ёки қасос олиш воситаси бўла олиши аниқ. Толибон эга бўлган техникани ҳам зўр ҳолатда ва тўлиқ таъмирдан чиққан, деб бўлмайди. Америкаликлардан қолганига келсак, бу техника билан жанг қила олмайсиз. Улар асосан исёнчиликка қарши курашишга мўлжалланган. Миналарга бардошли зирхли уловлар ҳам шу жамладан, жуда оддий қуроллар билан жиҳозланган. Биласизми, улар жанг майдонида қўшниларининг бирортасига қарши ишлатилиши мумкин бўлган жиҳозлар эмас. Бошқа томондан, мен Ўзбекистонга ҳам кучли ҳарбий ҳамкор керак, деб ўйламайман. Чунки ҳеч кимнинг жиддий ишғол таҳдиди остида эмас. Менимча, улар ҳарбий ҳамкорлик ҳақида сўз юритганларида исёнчилик ва террорчиликка қарши курашни назарда тутишаяпти. Бу эса, фақат жосуслик эмас, ҳарбийларни ҳам ўз ичига олади. Афғонистонда бу каби ишларни асосан разведка бажаради, аммо Армиянинг махсус кучлари ҳам иштирок этади. Аммо уларнинг ўз Ҳаво кучларини ташкил этишга салоҳиятлари йўқ. Афғонистон эга бўлган учишга яроқли бир нечта вертолётлари эса асосан таъминот ва ташиш ишлари билан банд. Шундай экан, бу уларнинг имкониятларини оширади. Хуллас, техник жиҳатдан бу ҳарбий, аммо мақсад – исёнчилик ва терроризмга қарши курашдир. Чунки, менимча, Ўзбекистонга қарши одатий ва потенциал хавф бу – террорчилик ва исёнчилик хавфидир.

Буёғи нима бўлади?

Толибон бошқаруви остидаги Афғонистон

Сурат манбаси, WAKIL KOHSAR/AFP via Getty Images

Толибоннинг Афғонистондаги илк тузуми 2000-йиллар бошларида АҚШ томонидан ағдарилган.

Бунга Америкага қарши уюштирилган ҳужумлар сабаб бўлган.

АҚШ уларга Толибоннинг ўша пайтдаги яқин иттифоқчиси "ал-Қоида" тармоғи етакчисини масъул кўрган.

Ҳаракат орадан йигирма йил ўтиб, айнан Вашингтон билан имзолаган битим сабаб, қудратга қайтган. Унинг шартларига амал қилишга кўнган.

Аммо халқаро ҳамжамиятнинг талабларини ҳалиям бажармаган.

Американинг Баграмни ва миллиардлаб долларлик ҳарбий техникасини қайтаришга ҳам йўқ, деб турибди.

Бу Афғонистоннинг АҚШ томонидан қайта ишғолига сабаб бўлишига оид хавотирлар ҳануз аримаган.

Сўнгги халқаро ҳисоботларда Афғонистонда ҳозир ҳам ўнлаб жангари гуруҳлар фаол экани айтилган.

Ўзбекистон эса Афғонистонда ўзининг мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш ва минтақадаги мураккаб геосиёсий шароитга мослашиш учун бу каби қадамларга бораётганини айтган.

Буёғи нима бўлади?

Досим Сатпаев: Ўйлайманки, Украинадаги уруш ва умуман содир бўлаётган можаролар шуни кўрсатиб турибдики, дунёнинг ҳеч бир давлати бошқа мамлакатлар билан қандайдир ҳарбий ҳамкорлик алоқалари ёки иттифоқларга умид қилмаслиги керак. Энг аввало ўзининг ҳарбий салоҳияти, ҳарбий-саноат комплексини мустаҳкамлаши зарур. Шубҳасиз, бу хавфсизликнинг қўшимча элементи бўлиши керак, лекин Ўзбекистон хавфсизлигининг асосий кафолати эмас. Бундан ташқари, жаҳондаги турли қуролли кучлар салоҳиятини баҳолаш бўйича ўтказилган рейтингларда Ўзбекистон Армияси анъанавий равишда минтақада биринчи ўринни эгаллаб келади. Аммо Украинадаги уруш ҳозир можаролар қандай йўналишларда содир бўлаётгани ва қайси соҳаларда модернизация зарур эканини яққол кўрсатиб қўйди. Худди шу нарсани инобатга олсак, Марказий Осиё давлатлари, жумладан, Ўзбекистон ҳам катта эҳтимол билан ўзининг мудофаа қобилиятини янада фаолроқ мустаҳкамлашга ҳаракат қилади, деб ўйлайман. Дарвоқе, адашмасам, жорий йилнинг бошида Шавкат Мирзиёев ҳам мамлакат мудофаа доктринасини янгилаш, армияни модернизация қилиш зарурлиги ҳақида гапирган эди. Ва буларнинг барчаси геосиёсий ўзгаришлар ва ўйин қоидаларининг ўзгаргани инобатга олинган ҳолда амалга оширилмоқда. Чунки ҳозир дунёнинг бирор бир давлати хавфсизлик шамсиясига умид қила олмайди. Шу боис ҳам, менимча, бир томондан, ҳарбий нуқтаи назардан Афғонистон билан муносабатлар Ўзбекистоннинг хавфсизлигини мустаҳкамлаши тайин. Аммо, бошқа томондан, Ўзбекистон Толибон ҳаракати бутун мамлакатни назорат қилмаслиги, ҳали ҳам кўплаб хавфли ҳудудлар, Марказий Осиё давлатлари, хусусан, чегара ҳудудларига ҳужумлар уюштириши мумкин бўлган янада радикалроқ ўйинчилар борлиги ва бунга ҳозирлик кўриши кераклигини аниқ тушуниши керак.

Довуд Аъзамий: Менимча, Ўзбекистон Афғонистондаги иқтисодий ва сиёсий инқироз кенгроқ минтақавий беқарорликка олиб келиши мумкин, деган мантиқда.

Чунки беқарорлик хавфсизлик бўшлиғини яратиши, ИШИД ва "ал-Қоида"га ўхшаш турли жангари гуруҳлар эса бундан фойдаланишлари мумкин.

Давлат институтларининг заифлашиши хавфсизлик билан боғлиқ муаммоларни кучайтириши ва экстремистик гуруҳлар, уюшган жиноятчилик, одамлар, гиёҳванд моддалар ва товарлар контрабандасининг гуллаб-яшнаши учун қулай муҳитни келтириб чиқаради.

Бошқа томондан, Марказий Осиё ва Жанубий Осиё энергетика лойиҳаси(CASA 1000), Ўзбекистондан Афғонистонга ва ундан кейин Покистонга темир йўл, шунингдек, Туркманистон-Афғонистон-Покистон-Ҳиндистон газ қувури(TAPI) каби бир қанча минтақавий лойиҳаларни амалга ошириш ва якунлаш ишларини янада кечиктиради.

Шу боис, Тошкент чегаралар хавфсизлигини таъминлаш ишларини мувофиқлаштириш ва кенгроқ минтақавий барқарорликни таъминлаш бўйича саъй-ҳаракатларнинг бир қисми бўлишни истайди.

Сиз нима дейсиз – Ўзбекистон Толибон билан ҳарбий ҳамкорликка бориши керакми? Бунинг Ўзбекистон учун фойдаси ва ё зиёни нимада бўлади?