Минтақада хавотир: Россия қаттиқ безовта, Ўзбекистон, Марказий Осиё-чи - нима қилади? Видео

Путин ва Трамп Американинг қирувчи учоқлари фонида.

Сурат манбаси, BBC/GETTY IMAGES

Сурат тагсўзи, Воқеаларнинг минтақадаги кутилмаган ривожи сўнгги ойларда янги саволларни пайдо қилди... Афғонистон, Хитой ва Эронга чегарадош Марказий Осиё дунёнинг глобал ядровий қудратлар манфаатлари тўқнашган минтақаси бўлади.
    • Author, Feruza Rahmon
    • Role, bbc.com/uzbek
  • Ўқилиш вақти: 18 дақ

Минтақада вазият беқарорлашадими?

Энди янги можаро бўй кўрсатадими?

Россия, Хитой ва қолган йирик минтақавий ўйинчилар ҳам хавотирда...

Нима бўлди?

Минтақада қўрқув ва хавотирларга сабаб бўлаётган сўнгги вазият таҳлилини илова қилинган линкимиз орқали кириб, томоша ҳам қила оласиз:

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш: Би-би-си ташқи саҳифалардаги контент учун масъул эмас YouTube бу контентда реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Хавотир ва баёнотлар

Россия ва Хитой президентлари

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Россия, Хитой ва минтақадаги қолган йирик ўйинчилар ҳам бугун хавотирда...

Сўнгги бир неча ойнинг ўзида Россия ва Хитой устма-уст кескин огоҳлантирди.

Афғонистонда ташқи кучларнинг ҳарбий ҳозирлигига қатъий қарши эканликларини айтди.

Ҳар икковлон ҳам бунга тоқат қилмасликларини расман ва ошкора баён қилди.

Бу икки глобал ядровий қудратга қолган йирик минтақавий ўйинчилар ҳам қўшилди. Устма-уст қўшма баёнотлар янгради.

Аммо ҳеч бир томон айнан кимни назарда тутаётганлигини очиқламади.

Огоҳлантирувчи мазмундаги чиқишлар эса Трампнинг яна Баграмга қайтиш истаги манзарасида қайта кучайди.

Баграм ҳаво базаси

АҚШ Президенти Дональд Трамп

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Трамп яна Афғонистонга қайтмоқчи, яна Американинг ҳарбий ҳозирлигини тикламоқчи.

Баграм яқин-яқингача Америка Қўшма Штатларининг Афғонистондаги энг йирик ҳарбий базаси бўлган.

Энг сўнгги АҚШ ҳарбийси Толибон қудратга қайтган 2021 йилнинг августида Афғонистонни тарк этган.

Ўтган йигирма йил ичида Афғонистонда ҳозир бўлган халқаро коалиция кучларининг кўпчилигини айнан улар ташкил этишган.

Хорижий қўшинларнинг Афғонистондан ортга тўлиқ сафарбарлиги расмий Вашингтон ва Толибон ўртасидаги Доҳа битими асосида амалга оширилган.

Воқеаларнинг сўнгги ривожи Марказий Осиёда бу уч глобал ядровий қудрат ўртасида геосиёсий рақобат кучайиб бораётган бир пайтга тўғри келган.

Трамп Баграмни ўзларига қайтариш истаги ва режаси ҳақида шу йилнинг ўзида бир неча бор тўхталган.

У Толибон "ўзларидан истаган нарсалар бор"лиги учун ҳам Баграмга қайта олишлари мумкинлигига ишора қилган.

Сўнгги бор бу масалага ўтган ой кетма-кет қайтган, айнан ўшанда Баграм қайтарилмаса, "ёмон нарсалар юз бериши" билан огоҳлантирган.

Шундай экан, Америкага Баграм нега айнан бугун, Доҳа битими имзоланишидан беш йил ўтиб яна керак бўлиб қолган бўлиши мумкин?

Доҳа битими нима дейди?

АҚШ ва Афғонистон Толибон ҳаракати ўртасида 2020 йилда Доҳа битимини имзолаш жараёни.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Катта сондаги халқаро коалиция кучлари Афғонистонни 2021 йилда айнан Доҳа битими сабаб, тарк этишган, ўзларининг бу мамлакатдаги қарийб 20 йиллик ҳарбий ҳозирликлари якун ясашган.

Доктор Довуд Аъзамий

Би-би-си Жаҳон хизмати. Халқаро сиёсат ва хавфсизлик масалалари бўйича эксперт.

Dawood Azami
BBC
Doha bitimida Amerika Qo‘shma Shtatlarining barcha kuchlari, ularning pudratchilari va maslahatchilari Afg‘onistonni tark etishlari aniq qayd etilgan.
Doktor Dawood Azami
Bi-bi-si Jahon xizmati. Xalqaro siyosat va xavfsizlik masalalari bo'yicha ekspert (batafsil: bbc.com/uzbek da).

Довуд Аъзамий: Менимча, президент Доналд Трамп Баграм ҳарбий базасини асосан АҚШ ички сиёсатининг бир қисми сифатида тилга олади.

Биринчидан, у Демократлар партиясидаги сиёсий рақибларини танқид қилиш учун бу ҳақда гапиради.

Буни тушунишимиз учун биз бироз тарихга тўхталишимиз керак.

Америка Доналд Трампнинг илк президентлиги даврида Афғонистон Толибон ҳаракати билан тинчлик битимини имзолаган.

2020 йил февралида Қатарда имзоланган ушбу келишувда Америка Қўшма Штатларининг барча кучлари, уларнинг пудратчилари ва маслаҳатчилари Афғонистонни тарк этишлари аниқ қайд этилган.

Толибон ўзи "хорижий ишғол", деб атаган нарсага қарши курашиб келгани боис, мафкуравий сабабларга кўра, америкаликларга ўз қўшинларининг бир қисмини Баграм ҳарбий базасида қолишига рухсат бера олмасди.

Агар, АҚШ кучларининг бир қисми Афғонистонда қолса, бу Толибон нуқтаи назаридан, ишғол ҳали ҳам тугамаганлигини англатарди.

Доналд Трамп сайловда мағлуб бўлиб, Жо Байден АҚШнинг янги президенти бўлгач, у Трамп маъмурияти томонидан имзоланган келишувга мувофиқ, Америка қўшинларини Афғонистондан босқичма-босқич олиб чиқишни давом эттирди. Афғонистондан барча АҚШ ва НАТО кучларини олиб чиқиш жараёни 2021 йилнинг августида, Жо Байден президентлиги даврида якунланди.

Трамп бундан фойдаланиб, айнан ўша пайтдан бошлаб Жо Байден ва унинг Демократик партиясини танқид қилишга киришди, Байден барча АҚШ кучларини Афғонистондан олиб чиқиб, Баграм ҳарбий базасини тарк этиб, катта хато қилганини айтди.

Кейин яна бир неча бор, агар ўзим президент бўлганимда, АҚШ кучларини Баграмда қолдирган бўлардим, деди.

АҚШдаги сўнгги президентлик сайловолди кампанияси пайтида эса унинг танқидлари қаттиқроқ тус олди, тез-тез янграйдиган бўлди.

Аввал ҳам айтиб ўтганимдек, айнан Трампнинг ўзи Баграмдагилари илова барча Америка кучларининг Афғонистондан олиб чиқиб кетилишини кўзда тутувчи АҚШ ва Толибон ўртасидаги тинчлик битимига рози бўлган.

Аммо Трамп иккинчи муддатга сайланиб, шу йилнинг январ ойида яна бир бор президентлик ваколати ижросига киришганидан кейин ҳам Баграмни тилга олишдан тўхтамади.

Шунинг учун, бу, асосан, унинг ички сиёсати масаласига ўхшайди. Трамп Америка халқига Жо Байден Баграм базасини тарк этиб, ёмон иш қилди, мен эса уни қайтариб олмоқчиман, демоқчи.

Яъни, кейин ўзининг ички сиёсатида фойдаланиш учун Трамп Баграмга АҚШ кучларини юборишни истаётган бўлиши мумкин.

Иккинчидан, Баграм ҳарбий базаси жуда катта ва стратегик муҳим жойда жойлашган.

Аммо Афғонистондаги Толибон ҳукумати президент Трампнинг бу талабини очиқчасига рад этди.

Баграм бугун Трампга нега керак?

Афғонистондаги Баграм ҳаво базаси ёнида турган Толибон жангчиси.

Сурат манбаси, AFP

Сурат тагсўзи, Баграм яқин-яқингача Америка Қўшма Штатларининг Афғонистондаги энг йирик ҳарбий базаси бўлган.

Довуд Аъзамий: Президент Трамп Толибон ҳукуматига босим ўтказиш ва уларнинг бироз ён беришига эришиш учун Баграм ҳарбий базаси ҳақида сўз юритмоқда.

Толибон ҳукумати ихтиёрида бир нечта америкалик маҳкум бор ва АҚШ уларнинг озод этилишини истайди.

Президент Трамп Баграм базасини куч билан эгаллаш учун у ерга АҚШ қўшинларини юбориши даргумон.

Агар Америка шу тарзда Афғонистонга яна қўшин жўнатадиган бўлса, уруш қайта бошланади.

Алал-оқибат, бу Афғонистонга қайта бостириб киришга ўхшаб кўриниши ва минглаб Америка қўшинларини талаб қилиши мумкин.

Мазкур ҳолатда Америка қўшинларининг Толибдон кучлари томонидан ўраб олинган базада қолиши қийин бўлади.

Бунга ўхшаш бир иш Америкадаги Трамп тарафдорлари томонидан ҳам бир хилда қарши олинмайди, чунки уларнинг кўпчилиги ўз мамлакатларининг яна четдаги можарога тортилишини истамайди.

Бу бошқа бир сабабга кўра ҳам АҚШ учун жуда қалтис иш бўлади. АҚШ ва Толибон ўртасидаги муносабатлар рисоладагидек эмас, чунки улар ўзаро дипломатик алоқада эмас.

Қўшма Штатлар Толибон ҳукумати ва уларнинг кўплаб етакчиларига санкциялар ҳам қўллаган. Шу боис, сиёсий жиҳатдан Толибон учун Баграм каби муҳим ҳарбий базада АҚШ ҳарбийларининг ҳозирлигини қабул қилиш қийин бўлади.

Таъкидлаш жоиз, АҚШ Баграм ҳарбий базасига куч билан кириши ва у ерга ўз қўшинларини ҳаводан ташлаши мумкин. Аммо Афғонистон ҳаво ҳудудига кириши учун қўшни давлатларникидан фойдаланиши тақозо этилади, бунинг учун эса уларнинг рухсати лозим бўлади.

Афғонистон денгизга чиқиш имкони йўқ давлат ва унинг ҳаво ҳудудига кирувчи ҳар қандай учоқ қўшнисиникидан учиб ўтиши керак.

АҚШ ҳаво ҳудудидан фойдаланиш учун Афғонистонга қўшни бир давлатнинг розилигини олган ва Баграмга қўшинларини ташлаган тақдирда ҳам, ҳарбийларининг у ерда қандай фаолият юритиши ва жон сақлаши масаласи ўртага чиқади.

Айниқса, минтақадаги турли давлатларнинг АҚШ билан муносабатлари ёмон экани назарда тутилганида, бу уларнинг таъминоти масаласини савол остида қолдиради.

Яна, айниқса, Баграмга куч билан ташланган тақдирларида, АҚШ кучларининг қанчалик иш бериши масаласи ҳам бор.

АҚШ ва унинг НАТОдаги иттифоқчилари 2001 йилдан 2021 йилгача – жами 20 йил Афғонистонда бўлишди. Афғонистондаги уруш АҚШ тарихидаги энг узунига айланди.

Аммо АҚШ ва унинг иттифоқчилари Афғонистонда ўн минглаб аскарлари бўлган пайтда ҳам террорчилик, гиёҳванд моддалар ва бошқа муаммоларни ҳал эта олишмади.

Ҳаммасига Хитой, Россия ва Эрон сабабми?

Минтақа харитаси

Сурат манбаси, BBC/GETTYIMAGES

Афғонистон Россия ҳануз ўзининг жанубий чегаралари сифатида кўрувчи Марказий Осиё, Хитой ва Москванинг Яқин Шарқдаги энг яқин саноқли иттифоқчиларидан бири бўлган Эронга бевосита чегарадош.

Трампнинг Афғонистонга қайтиш истаги, бошқа томондан, Россия Украинага очган уруш ҳануз давом этаётган, АҚШ ва Хитой ўртасида савдо уруши хавфи кучаяётган, Эроннинг Яқин Шарқдаги мавқеи заифлашиб, Вашингтон ва Теҳрон ўртасидаги танглик ҳам кескинлашиб бораётган бир пайтга тўғри келди.

АҚШ президентининг Баграм билан боғлиқ баёнотлари яна Кремлнинг Толибоннинг Афғонистондаги ҳукуматини расман тан олиш қароридан қисқа вақт ўтмай янгради.

Россия шу йилнинг июлида Толибон ҳукуматини тан олган, бу каби қарорга келган дунёдаги биринчи давлатга айланган.

Хитой эса бугун Толибон бошқаруви остидаги Афғонистоннинг энг йирик иқтисодий ҳамкорларидан бири бўлади.

Расмий Пекин Афғонистонни минтақа билан боғлиқ энг йирик геоиқтисодий лойиҳаларининг ажралмас қисми сифатида кўради, бугун энг яқин дипломатик ҳамкорларидан ҳам бири.

Баграмнинг Хитой ўзининг ядровий қуролларини ишлаб чиқарувчи сатҳга яқинлиги ҳам Трамп кўз ўнгида унинг аҳамиятини янада оширган омил сифатида ўртага чиққан.

АҚШ президенти "Афғонистон эмас, Хитой учун" Баграмни ўзларида қолдириш режасида эканини айтган.

Трамп орада Баграмни Хитой эгаллаганини қайта-қайта иддао қилган. Аммо Толибон унинг бу даъволарини рад этган.

Ҳам хавфсизлик ва ҳам иқтисодий омиллар нуқтаи назаридан Толибон бошқаруви остидаги Афғонистон билан ҳар томонлама алоқаларини кучайтираётган аксарият Марказий Осиё давлатлари ҳам айнан Россия ва Хитойнинг яқин ҳамкорлари ва иттифоқчилари бўлишади.

Айниқса, Украина уруши фонида Россия баробарида энди Хитой ҳам уларни геоиқтисодийси қолиб, ўзининг геосиёсий орбитасига тортиш ҳаракатида.

Бундан ташқари, улар Россиянинг ўз санкцияларини четлаб ўтишига йўл қўймасликлари учун Ғарб изчил мулоқотда бўлган мамлакатлар сирасига ҳам киришади.

Шундай экан, Афғонистоннинг стратегик аҳамияти назарда тутилганида, Трамп маъмуриятининг Баграм билан боғлиқ истагини Россия, Хитой ва Эрон омили билан боғловчи фикрлар, қарашлар қанчалик асосли?

Довуд Аъзамий: Баграм стратегик жиҳатдан жойлашган ва муҳим базадир. Бунга ҳеч қандай шубҳа йўқ. Қўшма Штатлар базани яхшилаш, унинг учиш-қўниш йўлаги ва бошқа иншоотларини таъмирлаш учун катта пул сарфлади.

Президент Трамп, шунингдек, Баграм базасини Хитойга яқин бўлгани учун яна ўз қўлларига олмоқчи эканликларини айтди. Ҳа, база Хитойга яқин, чунки Хитой Афғонистонга қўшни давлат. Айни пайтда Баграм Афғонистон билан чегарадош Эрон, Покистон ва Марказий Осиё давлатлари яқинида жойлашган. Баграм яна Россияга ҳам яқин.

Агар АҚШнинг диққат-марказида Хитой бўлса, Америка Шарқий Осиёда Хитойга яқинроқ бўлган бошқа йирикроқ базаларга эга. Тайван, Жанубий Корея, Япония, Филиппин ва бошқаларда АҚШнинг ўн минглаб ҳарбийлари жойлашган катта базалари бор.

Бу омил АҚШнинг Баграмни эгаллашини янада қийинлаштиради. Ҳозир Американинг Россия, Эрон ва Хитой билан муносабатлари ҳарбийлари Афғонистондаги ҳозир бўлган 2001-2021 йилларга қараганда анча танг.

АҚШ билан муносабатларидаги танглик туфайли минтақа давлатлари ҳам унинг Афғонистондаги ҳарбий ҳозирлиги очиқ ёки яширин тарзда ўзларининг манфаатларига қарши қўлланилиши мумкинлигидан хавотирда.

Шунинг учун минтақадаги айрим мамлакатлар ўзлари ортида туриб, турли гуруҳлардан АҚШ ташқи кучларига қарши фойдаланишлари мумкин.

Антонио Густоцци
BBC
Bagram yirik baza. Agar bazaga katta sondagi harbiylarini joylashtiradigan bo‘lsa, bu bilan Xitoy va Eronga yaxshilik qilgan bo‘ladi.
Antonio Gustotssi
Xalqaro ekspert, Buyuk Britaniya ( batafsil: bbc.com/uzbek da).

Антонио Густоцци: Трампга Баграм шунчалик керак эканига менинг ишончим комил эмас.

У Баграм ҳақида гапиришни ҳали президент этиб сайланмасидан аввал бошлаган.

Кейин орада ҳам бу мавзуга бир неча бор қайтди. Яқинда яна тўхталди.

Бу, одатда, Трамп бошқа масалаларни унча яхши уддалай олмаётган пайтда содир бўлади.

Ҳозир, мана, Ғазо бўйича келишувга эришилди. Трамп бу ютуғидан хурсанд, шу боис Баграм ҳақида кўпам қайғураётгани йўқ.

Сайловчиларига сайловолди кампанияси пайтида берган барча ваъдаларига вафо қилаётгандек кўрсатиши учун унга шу ишлар керак.

Ҳозир, менимча, Вашингтоннинг ўзида Баграмга қайтиш борасида фикрлар якдил эмас.

Чунки Баграмга қайтишларидан маъни йўқ. Хитойни тинглаш учун Баграмга кичиккина разведка бўлинмасини жойлаштириш масаласи бундан мустасно бўлиши мумкин.

Сабаб, Баграм Хитойга анча яқин жойлашган.

Аммо бу қадар кичик ҳозирлик қанчалик иш беради, деган савол бор.

Хитой, Россия, Эрон – Афғонистоннинг қўшниларидан ҳеч бири буни истамайди.

Шундай бир шароитда, сиз ўзингизни қандай ҳимоя қила оласиз?

База хавфсизлигини таъминлаш учун Толибонга ишонса бўладими? Мен буни билмайман.

Баграм йирик база. Агар базага катта сондаги ҳарбийларини жойлаштирадиган бўлса, бу билан Хитой ва Эронга яхшилик қилган бўлади.

Чунки Баграм Форс Кўрфазидаги қолган базалари ичидан ҳимояга энг муҳтожи бўлиб қолади.

Дейлик, АҚШ Эронни яна бомбалаб, нимадир янглиш кетса, Баграм жуда заиф мавқеъда қолади.

Базани ҳаводан ҳимоя қилишга тўғри келиши боис, кўп одам ташланади. Ҳарбий ва юк учоқлари ишга солинади. Улар бемалол учиб-қўниши керак.

Бунинг учун сизга катта, бир неча чақиримлик хавфсиз ҳудуд лозим бўлади.

Мисол учун, сўнгги ойларда Хитойнинг мавқеи анчайин кескинлашди.

Бошида Трамп билан музокара олиб боришга уринди.

Аммо ҳозир жавоб чораларини қўллашдан ҳам тап тортмаслигини кўрсатмоқда. Ораларидаги зиддият кучайган.

Шу боис, Хитой Американинг Баграмга қайтишини осонлик билан ҳазм қилади, деб ўйламайман.

Менимча, америкаликлар ҳам Баграм қалтис аҳволда қолиши, уни фақат ҳаводан ҳимоя қила олишлари мумкинлигини яхши билишади. Бу уларга анчайин қимматга тушади.

АҚШнинг эса Хитой яқинида яна кўплаб бошқа базалари бор. Шундай экан, Баграмнинг қанчалик кераклиги мантиққа у қадар ҳам тўғри келмайди.

Марказий Осиё ва Баграм

Марказий Осиё харитаси
Сурат тагсўзи, Ўзбекистон, Туркманистон ва Тожикистон Марказий Осиёнинг Афғонистонга чегарадош учта давлати бўлишади.

Ўзбекистон ва Қирғизистон ўз вақтида АҚШ ҳарбий базаларини ўз ҳудудларига жойлаштирган икки Марказий Осиё давлати бўлишади.

Улар ҳам 2001 йилда Афғонистон боис, Америка Қўшма Штатлари бошлаган "террорга қарши уруши"га бош қўшишган.

АҚШ ҳарбийлари Тошкентнинг талаби билан Ўзбекистонни 2005, Қирғизистонни эса, Бишкекнинг сўровига мувофиқ, 2014 йилда тарк этишган, ўзларининг бу икки собиқ Совет давлатидаги бир неча йиллик ҳарбий ҳозирликларига якун ясашган.

Аксарият Марказий Осиё давлатлари, бундан ташқари, айрим нуфузли Ғарб нашрларида Афғонистонни тарк этиши биланоқ АҚШ томони базаларини қайтариш учун музокаралар олиб борган давлатлар қаторида тилга олинишган.

Бошқа томондан, Тожикистон мисолида айнан Марказий Осиё Россиянинг четдаги энг йирик ҳарбий базаси жойлашган минтақа бўлади.

Россия, бундан ташқари, Қирғизистонда ҳам ўзининг ҳарбий базасига эга, Қирғизистондан ташқари яна Қозоғистонда ҳам ҳарбий иншоотлари бор. Сўнгги пайтларда Ғарбда Хитой ҳам Тожикистонда ўзининг ҳарбий ҳозирлигини кучайтираётганига оид хабарларнинг сони ортган.

Трампнинг яна ўзларига чегарадош Афғонистонга қайтишларини кўзда тутувчи Баграм базаси билан боғлиқ баёнотларига Марказий Осиё давлатлари пойтахтларининг расмий муносабати ҳозирча кўзга ташланмайди.

Аммо Россия томонининг Афғонистонда ташқи кучларнинг ҳарбий ҳозирлигига умуман тоқат қилинмаслигига оид сўнгги баёноти шу ой, Москва формати йиғинида, улар ҳайъатларининг ҳозирлиги ва иштирокида янграган.

Воқеаларнинг бу каби ривожи, бошқа томондан, Ўзбекистон мисолида Марказий Осиёнинг йирик давлатлари Трамп маъмурияти билан алоқаларини янада юқорироқ босқичга олиб ҳаракатида бўлган бир пайтга ҳам тўғри келган.

Турли жангари гуруҳлар хуружи хавфи бўладими, гиёҳванд моддалар ноқонуний савдоси ёки катта сондаги қочқинлар оқими – Афғонистон таҳдиди, йилларки, улар учун энг долзарб ва ҳассос масалалардан бири бўлади.

Яқин, яқингача узоқ йиллик урушлар ичида бўлган Афғонистонда илдизлари Марказий Осиёга бориб тақалувчи жангари гуруҳлар ҳам бошпана топишган, жанг қилишган ва ҳануз жон сақлаб келишади.

Улар ўз вақтида Афғонистон Толибон ҳаракати ва "ал-Қоида" тармоғининг яқин иттифоқчилари сифатида кўрилишган, Ўзбекистон Исломий ҳаракати эса, ҳатто, орада бугун Афғонистондаги энг жангариси ва ҳалокатлиси экани айтилувчи ИШИДнинг Хуросон қанотига тўлиғича байъат келтирганини ҳам эълон қилган.

Сўнгги пайтларда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Афғонистонда, айниқса, "ал-Қоида" қайта фаоллашаётганига оид хавотирли ҳисоботларининг сони ҳам ортган.

Айнан хавфсизлик аксарият Марказий Осиё давлатлари нега бугун Толибон бошқаруви остидаги Афғонистон билан ҳар томонлама ҳамкорликларини кучайтириш ҳаракатида эканликларининг бош сабабларидан бири бўлади.

Бундан ташқари, муҳим жўғрофий жойлашуви боис, Афғонистон биргина денгизга ёпиқ Ўзбекистон мисолида уларни халқаро сув йўлларига олиб чиқиш, янги иқтисодий имкониятлар эшигини очиши мумкин бўлган муҳим давлат.

Шундай экан, воқеаларнинг Трампнинг талаби билан боғлиқ ривожи Марказий Осиё давлатлари учун нимани англатади?

Farhod Tolipov
facebook
Tarixda bunaqa ziddiyatlar, geosiyosiy o‘yinlar ko‘p bo‘lgan, bizga natija muhimroq.
Farhod Tolipov
Siyosiy tahlilchi, O‘zbekiston (batafsil: bbc.com/uzbek da).

Фарҳод Толипов

Сиёсий таҳлилчи, Ўзбекистон

Фарҳод Толипов: Демак, бу сценарий деймизми, бу масаланинг қандай ривож топиши асосан иккита томонга боғлиқ бўлиб қолади: яъни, бу Афғонистон ҳукуматининг ўзига ва АҚШнинг иродаси – Трамп ҳамда маъмуриятининг ўзига.

Мен пировард натижада бир идеал сценарий сифатида айтган бўлардим, минтақа, кенг минтақа, Афғонистонни ҳам қўшган ҳолда макро минтақа деймиз, турлича ҳарбий базалардан холи ҳудудга айланса, энг маъқули, бизнинг манфаатларимизга жавоб берувчи натижа шу бўлар эди.

Афсуски, бундай бўлмас экан, демак, ўша мувозанат нуқтаи назаридан Афғонистонга қайтиб келиши, балки, мақсадга мувофиқ бўлар.

Лекин у нима мақсадда келиши мумкин, мен мана шунга алоҳида урғу берган бўлардим.

Яъни, улар шунга равшанлик, аниқлик киритганидан сўнг биз хулоса қилишимиз мумкин.

Жойлашув жойлашув учун эмас, муайян мақсад учун, дейилади.

Агарда шу мақсад бу ҳозир беқарор бўлган мамлакатда фақат барқарорлик ўрнатиш, терроризм ўчоқларини йўқ қилиш, геосиёсий барқарорликка, балансга эришиш бўлса, албатта, Марказий Осиё мамлакатларининг манфаатларига жавоб беради.

Демак, мана, эслайлик, агар-да, бунга тааллуқли бўлмаса ҳам, бевосита бир алоқаси бўлмаса ҳам, Зангезур йўлаги масаласини Трамп бартараф этди, Озарбайжон ва Арманистон ўртасида тинчлик ўрнатишга хизмат қилди, кўмак берди, энди бу йўлакни назоратга олади, бу ҳам транспорт-ку, деб ҳозир жуда ҳаммаёқда шу масалани ижобий кўрсатишаяпти. Таҳлилчилар ҳам, сиёсий доиралар ҳам...

Балки, шунга ўхшаган вазиятни Марказий Осиёга, Афғонистонга проекция қилган ҳолда, агар-да, Афғонистонда тинчлик, барқарорлик ўрнатилса ва у узоқ муддатли бўлса, унда ҳалиги биз орзу қилган, 90-йиллардан бери, ўтган асрдан бери орзу қилган транспорт коридорлари ва бошқа лойиҳаларни Афғонистонда амалга ошириш учун имкониятлар кўпроқ очилиши мумкин.

Тарихда бунақа зиддиятлар, геосиёсий ўйинлар кўп бўлган, бизга натижа муҳимроқ.

Агар-да, АҚШнинг ҳарбий базаси жойлашган ва унинг мақсадлари аниқ, равшан, қанча муддатга келганлиги билдирилган бўлса, қайси давлат, қанчалик қудратли бўлмасин, Хитойми ёки Россия қаршилик қилиши мумкин? Нима, танклар, самолётлар билан АҚШга қаршилик қиладими? Менимча, ундай бўлмаса керак.

Кўп жиҳатдан мана шу масалага ойдинлик киритиш бу АҚШга боғлиқ. Ана ўша белгилайди бунга бўлган муносабат ва реакцияни.

Бизга муҳим нима учун кираётганлиги, қанча вақтга, нима мақсадда, шунинг натижасида Афғонистон биз учун қанчалик, охир-оқибат, пировард натижада, барқарорлашади, адолатли ҳукумат ўрнатилади, терроризм ўчоқлари йўқ қилинади ва Афғонистон ривожланишида тинч йўлга ўтади.

Минтақада муқобил танлов борми?

Ўзбекистон пойтахти Тошкентдаги "Чорсу" бозорида савдо-сотиқ.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Турли жангари гуруҳлар хуружи хавфи бўладими, гиёҳванд моддалар ноқонуний савдоси ёки катта сондаги қочқинлар оқими – Афғонистон таҳдиди, йилларки, Марказий Осиё давлатлари барчаси учун энг долзарб ва ҳассос масалалардан бири бўлади.

Довуд Аъзамий: Минтақалараро муаммолар, жумладан, хавфсизлик, гиёҳванд моддалар ноқонуний контрабандаси, одам савдоси билан курашишнинг энг яхши йўли – минтақавий механизмдир.

Бу муаммолар минтақавий хусусиятга эга ва уларни бир мамлакат ўзи ҳал қила олмайди.

Шу боис, кўпмиллатли механизм ва минтақавий ҳамкорликка эҳтиёж бор.

Агар минтақа бу муаммоларни ҳал қилса, ташқи кучларнинг ҳарбий ёки бошқа йўл билан аралашувига ҳеч қандай эҳтиёж ёки баҳона қолмайди.

Айни пайтда минтақадаги кўплаб муаммолар қашшоқлик, ишсизлик ва иқтисодий имкониятларнинг камлиги, етишмаслиги билан боғлиқ.

Минтақа давлатлари умумий минтақавий ривожланиш, савдо ва ўзаро алоқаларини мустаҳкамлаш, кучайтиришга кўпроқ эътибор қаратишлари лозим.

Толибон ва Баграм

Толибон ҳақида статистика

Толибон АҚШ Президенти Доналд Трампнинг Баграмни ўзларига қайтариш талабини қатъиян рад этган.

Американинг Афғонистонда ҳеч бир шаклда ҳарбий ҳозирлигини сақлаб қолмаслиги ҳали қудратга қайтишлари арафасида кечган музокаралар чоғида таъкидланганини хотирлатган.

Уларнинг раддиясига Трамп ва маъмуриятининг муносабати ҳозирча кўзга ташланмайди.

Аммо ўтган ой Трамп Баграм Америка Қўшма Штатларига қайтарилмаса, бунинг оқибати "ёмон" бўлиши билан огоҳлантирган, лекин айнан нимани назарда тутганини очиқламаган.

Толибоннинг Афғонистондаги илк ҳукумати ва Исломий Амирлигини ҳам 2001 йилда АҚШ бошчилигидаги ҳарбий коалиция кучлари қулатишган.

Қай бир шаклда бўлмасин, Афғонистондаги вазиятнинг издан чиқиши ҳам минтақа давлатларининг аллақачон жиддий хавотирларига молик истиқболлардан бири бўлади.

Воқеаларнинг сўнгги ривожи яна Америка Толибонни "хорижий террорчи ташкилот" сирасига киритиш-киритмаслик масаласини қайта кўриб чиқаётган бир пайтга тўғри келган.

Трампнинг ортда қолган катта миқдордаги ҳарбий техникаларини ортга қайтариш талаби Афғонистоннинг Америка томонидан қайта ишғолига олиб келиши мумкинлигига оид хавотир ва қўрқувлар ҳануз аримаган вазиятда бўй кўрсатган.

Афғонистоннинг Толибон қудратга қайтиши ортидан четда музлатиб қўйилган миллиардлаб долларлик ҳиссалари ҳам асосан Америка Қўшма Штатларида сақланган.

Толибон ҳукумати уларни ўзларига қайтариш истагида, аммо Трамп маъмурияти яқинда Афғонистонга молиявий кўмакларини ҳам кескин қисқартириб қўйган.

Америка Қўшма Штатларининг минтақадаги анъанавий иттифоқчиларидан бири сифатида кўрилувчи Покистон эса, Афғонистоннинг қудратга қайтиши ортидан Толибон энг кўп тўқнашувларга бораётган қўшниси бўлади.

Шу кунларда ҳам минтақа икковлон ўртасидаги қуролли тўқнашувларга гувоҳ бўлган.

Таҳлилчилар орасида Трамп маъмурияти худди шу вазиятдан ҳам Баграм масаласида Толибонга таъсир воситаси сифатида фойдаланиши мумкин, деган қарашлар йўқ эмас.

Шундай экан, Трампнинг Баграмни ўзларига қайтариш талаби Толибон ва Афғонистон учун нимани англатади? Толибон ҳукумати АҚШ президентининг бу талаби қаршисида нима қила олади?

Афғонистон Олий руҳоний раҳбари

Сурат манбаси, AFGHANISTAN ISLAMIC PRESS

Сурат тагсўзи, Антонио Густоцци: "Менинг тушунишимча, Толибон Олий раҳбари Ҳибатулла Охундзода Баграмни қайтаришга буткул қарши...".

Антонио Густоцци: Менимча, америкаликлар Баграм эвазига Толибонга молиявий кўмак ва Афғонистондаги ҳукуматини тан олишни таклиф қилиб кўришлари мумкин.

Шу боис ҳам, Толибон вазирлари орасида буни қўллаётганлари бор. Чунки улар шу йўл билан дипломатик ютуққа эришишлари мумкин бўлади.

Яъни, агар Америка Толибон ҳукуматини тан оладиган бўлса, Европадаги аксарият ҳам уларга эргашади.

Тўғри, Трамп иқтисодий ёрдамни унча хушламайди. Лекин улар осонлик билан Афғонистонга инсонпарварлик кўмагини қайта тиклашлари мумкин.

Чунки бу шундоқ ҳам Афғонистонга бериб келинган ёрдам.

Шу боис, бу ишларини осонлик билан оқлай олишади.

Бунга ўзлари учун арзимас бўлган 200-300 миллион доллар қўшадиган бўлишса, бу Толибон наздида жуда катта пул бўлади.

Уларнинг Толибонга Баграм учун асосий таклифлари шулар бўлиши мумкин.

Менимча, толиблар ҳаммасини чамалаб кўриб, рози бўлиш ўзлари учун рози бўлмасликдан кўра хатарлироқ, деган тўхтамга келишади.

Қандай бўлмасин, хавфлар барибир мавжуд.

Толибон Трамп бошқа нарсалар билан чалғиб, Баграмни хаёлидан чиқаришига умид қилса керак.

Ғазодагисига ўхшаш дунёда Трампга обрў келтириши мумкин бўлган вазиятлар эса оз эмас. Трамп ҳозир яна Украина ҳақида ҳам қайғуриб қолган.

Баграм масаласида Толибон раҳбарияти якдил мавқеъда эмас.

Трамп уларни кўндирган тақдирда ҳам, Толибон раҳбарияти бунга барчанинг розилигини кафолатлай олмайди.

Чунки сафлари анчайин тарқоқ. Ораларида америкаликлар Баграмга қайтишса, жиҳодни қайта бошлашга аҳд қилганлари ҳам бор.

Америкага зарба беришлари учун уларни осонликча ракета билан таъминлайдиган қўшни давлатлар ҳам топилади.

Менинг тушунишимча, Толибон Олий раҳбари Ҳибатулла Охундзода Баграмни қайтаришга буткул қарши.

Толибоннинг маҳаллий қўмондонлари, Қуролли кучларидагиларининг аксарияти ҳам худди шундай мавқеъда.

Менимча, улар бу ўзларининг легитимликларига қаттиқ путур етказади, деган ўйдалар.

Бу Толибон сафларида жиддий бўлинишлар, норозиликларга сабаб бўлиши аниқ.

Агар раҳбариятида қандайдир ўзгариш бўлмаса, Ҳиббатулла Охундзода амирликдан кетмаса, фикримча, Толибон Трампнинг Баграм хусусидаги талабига кўнмайди.

Кейин бу яна барча қўшниларини улардан бегоналаштиради.

Қўшнилари орасида эса Хитой каби қудратлилари ҳам бор.

Агар Хитой Толибон ишончга дарз етказди, деган тўхтамга келса, буни аниқ шундай қўйиб қўймайди. Иқтисодий, дипломатик алоқаларини узади. Россияликлар ҳам.

Афғонистонда Толибон ҳукуматини биринчи бўлиб тан олган Россиянинг бундан хурсанд бўлмаслиги аниқ. Ва, албаттаки, Трамни билган одамлар унинг ҳар доим ҳам айтган гапида туравермаслигини яхши билишади.

Шу боис, у биргина Толибон наздида эмас, умуман олганда, ундай ишончли ҳамкор ёки иттифоқчи сифатида кўрилмайди.

Яъни, сиз улар билан бирор келишувга борсангиз, олти ойдан кейин ёки ундан ҳам эртароқ ҳеч қандай аҳамиятга эга бўлмай қолиши мумкин, биласизми...

Толибон эса айрим қўшнилари билан яхши алоқалар ўрнатиш учун кўп заҳмат чеккан.

Албатта, Покистон бундан мустасно. Лекин улар кутилмаганда Ҳиндистон билан муносабатларини анча яхшилашди.

Кейин Хитой, Россия, Марказий Осиё давлатлари, айниқса, Ўзбекистон билан.

Ҳозир Тожикистон билан ҳам алоқаларини ўнглашга қаттиқ ҳаракат қилишмоқда.

Сан-манга бориб турса-да, умуман олганда, Эрон билан ҳам муносабатлари яхши.

Агар Баграм масаласида розиликка боришса, буларнинг барчасини йўқотишади.

Айниқса, Россия, Хитой ва Эрон толиблардан буткул орқа ўгиради.

Шунинг учун ҳам, Трампнинг талабига кўниш уларга анча қимматга тушиши мумкин. Бундан олажак фойдалари эса катта савол остида.

Янги уруш хавфими ёки охири нима бўлади?

Американинг қирувчи тикучарлари

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Америка Қўшма Штатлари дунёнинг энг йирик ҳарбий қудрати саналади.

Антонио Густоцци: Толибон ўзининг расмий жавобини айтди. Яқинда Москвада ҳам Ташқи ишлар вазири бунга "йўқ", деди. Сўзсиз, бу Баграм мавзуси якун топди, дегани эмас.

Менимча, Ғазо ва бошқа масалалардан сал бўшаганида, АҚШ ушбу мавзуга қайтиши ва яна бир бор бу хусусда мулоқотлар олиб бориши мумкин.

Толибоннинг жавоби эса, анчайин қатъий, якуний бўлди.

Трамп Баграм деб, Афғонистонга қўшин юбормайди, буниси аниқ. Аммо осонлик билан қандайдир бомбалаш кампаниясига қўл уриши мумкин.

Афтидан, улар бундан аввал Афғонистонда қолган АҚШ ҳарбий техникаси сақланаётган жойларни бомбалаш билан ҳам таҳдид қилишган.

Бу каби бир кампаниянинг натижаси эса, фақат рамзий маънога эга бўлмайди.

У сиёсий жиҳатдан ҳам вазиятни издан чиқариши, Амирликни беқарорлаштириши мумкин. Шундай бир хавф бор.

Чунки бу ишни қиламан деса, америкаликларга ҳеч ким тўсқинлик қила олмайди.

Толибоннинг барибир ҳимояси йўқ.

Кейин бунга кўп пул ҳам кетмайди.

Америкаликлар яна Толибон етакчиларини ҳам осонлик билан нишонга олишлари мумкин.

Аммо Трамп ўз таҳдидини амалга ошириш билан нимага эришади, деган савол ҳам бор.

Масалан, мен Трамп Афғонистонни бомбалаш билан кўп нарсага эришади, деб ўйламайман.

Аммо бошқа нарса бор. Афғонистон ва Покистон ўртасидаги муносабатлар қандай ёмонлашиб бораётгани назарда тутилса, ростмана уруш хавфи ҳануз аримаган.

Худди шу нарса америкаликларга босим ўтказишлари учун кўпроқ имконият бериши мумкин.

Агар улар чегара можаросида Покистонни қўллашларига ишора қилишса, буни Покистон Толибон ҳаракати ёки уларнинг Афғонистон ичкарисидаги ҳарбий жиҳозларини нишонга олиш билан осонликча террорга қарши амалиёт, деб тақдим қилишлари мумкин.

Сабаб, улар покистонликларга қараганда яхшироқ мавқеъда бўлишади.

Технологиялари анча илғор, учувчисиз учоқ ёки ракеталари ёрдамида Покистон Толибон ҳаракати етакчиси ёки қўмондонига жуда осонлик билан зарба бера олишади.

Чунки яқин ўтмишда Покистон Толибон ҳаракатининг барча етакчилари асосан америкаликлар томонидан ўлдирилган.

Шунинг учун Америка терроризмга қарши худди шундай курашини қайта бошлаши мумкинлиги истисно қилинмайди.

Улар буни Баграм масаласини ҳал қилишда босим сифатида қўллашлари мумкин.

Покистонликлар ҳам, албаттаки, Американинг қўлловидан жуда хурсанд бўлишади.

Сабаби, айнан Трамп ҳокимиятга келганидан кейин АҚШ ва Покистон муносабатлари анча яхшиланди.

Шундай экан, бу улар учун ўз босимларини кучайтиришнинг бир йўли бўлиши мумкин.

Толибон ҳам бунга жавобан қила оладиган ишлар бор.

Аммо бугун улар ундай катта таъсирга эга бўлмайди.

Мисол учун, ҳозир "ал-Қоида"га Афғонистон керак эмас. Яъни, тармоқ Европа ёки Америкада ҳам ўтириб, ўзининг ҳужумларини режалаштира олади.

Лекин "ал-Қоида"нинг Афғонистонга очиқча қайтгани ва фаол экани ҳар қандай АҚШ президенти учун шармандалик саналади.

Чунки АҚШ бундан аввал айнан "ал-Қоида" сабаб, Афғонистонга кирган, тўғрими?

Афғонистонда яна улар байроғининг ҳилпираб туриши Трампни жим қараб турмасликка ундаши мумкин.

Бу унинг минтақада ҳақиқий можарога тортилиши хавфини пайдо қилади.

Аммо, менимча, Трамп бу нарсани хоҳламайди.

Шу боис ҳам, бундай бўлишига ишончим комил эмас.

Бундан ташқари, Трамп яна Афғонистонга ўралашиб, кўп нарса топмайди.

Толибон ҳам унинг Баграмдан кўра ўзи учун долзарброқ бўлган бошқа муҳим халқаро масалалар билан чалғишига умид қилса керак.

Ўзбекистон Исломий ҳаракати лидери ва жангарилари

Сурат манбаси, skrinshot

Сурат тагсўзи, Афғонистон таҳдиди эса, йилларки, Марказий Осиё барқарорлигига ҳам энг йирик ташқи хавфлардан бири сифатида кўриб келинган ва кўрилади.

Россия-Толибон муносабатлари тарихчаси

  • Россиянинг Толибон билан алоқалари силлиқ бўлмаган.
  • Ҳаракат 20 йилдан ортиқ Россиянинг "террорчи ташкилотлар" рўйхатида турган.
  • Россия унинг фаолиятини 2003 йилда ўз ҳудудида расман тақиқлаган.
  • Толибон бунгача Россиядаги чечен бўлгинчиларини ошкора қўллаган, ҳатто Россияга қарши жиҳод ҳам эълон қилган.
  • Толибон илк бор қудратга келган 90-йиллар охири ва 2000 йиллар бошларида Россия унга нисбатан кескин мавқеъни эгаллаган.
  • 2001 йилнинг 11 сентябридаги терактлар ортидан АҚШ бошчилигидаги халқаро коалиция кучларининг Афғонистондаги ҳарбий амалиётларини ҳам қўллаб-қувватлаган.
  • Худди шу амалиётлар натижасида Толибоннинг Афғонистондаги илк тузуми қулатилган, Исломий Амирлиги барҳам топган, аммо толиблар буткул енгилмаган.
  • Томонлар ўртасидаги уруш қарийб йигирма йилга чўзилган, Афғонистонда яна ИШИД фаоллашган.
  • Ғарб қўшинларининг жанубий сарҳадларидаги узоқ йиллик ҳозирлиги ва ИШИД эса, худди шу манзарада томонларни бир-бирига яқинлаштирган икки муҳим омил сифатида ўртага чиққан.
  • Россия Толибон билан алоқа ўрнатишга киришган, 2017 йилда Ғарб томонидан дастакланган афғон ҳукумати, минтақа давлатлари ва Толибон вакилларини ҳам ўз ичига олувчи Москва мулоқот форматига асос солган.
  • Сўнгги афғон урушига дипломатик йўлда ечим топишга уриниб кўрган, формати бугун ҳам фаолиятда, Афғонистондаги Толибонга мухолифатда бўлган сиёсий гуруҳ вакилларига ҳам ўз эшикларини очиқ тутган.
  • Орада Ғарбнинг Афғонистондаги Толибон ҳаракатини қўллаётгани ва унга қурол-яроғ етказиб бераётганига оид даъволарини изчил равишда рад этиб келган.
  • Халқаро коалиция кучлари Афғонистонни буткул тарк этиб, қудратга яна Толибон қайтаркан, унинг муваққат ҳукумати билан муносабатларини фаол ривожлантирган.
  • Ўзининг Афғонистондаги, Афғонистоннинг Россиядаги элчихонасини ҳам ёпмаган.
  • Айрим ҳисоб-китобларга кўра, қисқа вақтнинг ўзида икки давлат ўртасидаги савдо айланмаси $1 миллиард АҚШ долларига етган.
  • Расмий Москва Толибонни Афғонистондаги "ҳақиқий куч", деб атаган.
  • Шу йилнинг апрелида Афғонистон Толибон ҳаракатини ўзининг "террорчи ташкилотлар" рўйхатидан чиқарган, июлида эса, дунёда биринчи бўлиб унинг Афғонистондаги ҳукуматини расман тан олган.
  • Афғонистонни Россиянинг ўзи 10 йиллик ҳарбий ҳозирлиги ортидан 1989 йилда ташлаб чиқишга мажбур бўлган.
  • Аммо, аксарият минтақавий етакчи таҳлилчилар наздида, Кремл Афғонистон таҳдидини, йилларки, Марказий Осиё давлатларига ўзининг турли босимларини ўтказишда энг муҳим ва самарали таъсир воситаларидан бири сифатида ҳам қўллаб келади.

Қисқача маълумот ўрнида

Толибоннинг ҳозирда марҳум илк лидери ва ҳаракат ҳамасосчиси Мулла Муҳаммад Умар

Сурат манбаси, EPA

Сурат тагсўзи, Сўнгги 20 йилча вақт давомида Толибон ўзининг иттифоқчилари билан бирга АҚШ ва НАТО мисолида дунёнинг энг қудратли давлати ва ҳарбий альянсига қарши турган.

Толибоннинг дунёнинг уч давлати - Покистон, Саудия Арабистони ва Бирлашган Араб Амирликлари томонидан тан олинган илк тузуми Афғонистонда беш йилча амал қилган.

Нью-Йорк ва Вашингтонда 2001 йилнинг 11 сентябрида содир этилган ва Толибон ҳаракатининг яқин иттифоқчиси сифатида кўрилган "ал-Қоида" тармоғи айбланган терактлардан сўнг худди ўша йилнинг ўзида АҚШ бошчилигидаги коалиция кучлари томонидан қулатилган.

Шундан сўнг 20 йил давомида Толибон ўзининг иттифоқчилари билан бирга АҚШ ва НАТО мисолида дунёнинг энг қудратли давлати ва ҳарбий иттифоқига қарши турган.

2020 йилда Трампнинг илк маъмурияти Толибон билан келишувга борган, худди шу битим шартлари асосида халқаро коалиция кучлари Афғонистонни тарк этган.

2021 йилнинг августида айни шу келишув манзарасида ҳаракат яна Афғонистонда қудратга қайтган, аммо мамлакатдаги оз бўлмаган сиёсий мухолифлари билан тинчлик музокаралари истиқболини йўққа чиқарган.

Афғонистонни яна Исломий Амирлик, деб эълон қилган ва унинг ўзлари талқинидаги Шаръий қадриятлар асосида бошқарилишини эълон қилган.

Коалицион ҳукумат бўладими, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва эркинликларининг тўлақонли кафолати – ҳокимиятга қайтишидан тўрт йил ўтиб ҳам, расман тан олиниши учун халқаро ҳамжамият томонидан илгари суриб келинаётган асосий шартларни ҳануз бажармай келади.

Айрим минтақавий таҳлилчиларга кўра, Россиянинг бу ҳаракатини унинг Толибон сиёсий мухолифлари билан хайрлашуви сифатида баҳолаш мумкин ва энди бу мухолифатнинг Москвадан юз буриб, Ғарбга кўпроқ умид боғлаши эҳтимоли ҳам йўқ эмас.

Айни қарашда бўлган экспертлар фикрича, Толибон томонидан мувозанат бузилган тақдирда, худди шу мухолифат АҚШ илова бирор бир қудрат томонидан бевосита қўлланса, бу Афғонистондаги ички вазиятни ўзгартира оладиган омилга айланиши мумкин.