Путин янги тактикаси ёки Ўзбекистон, Марказий Осиёда Россия таъсири кучаядими? Видео

Сурат манбаси, EPA/GETTYIMAGES/RASMIY
- Author, Feruza Rahmon
- Role, bbc.com/uzbek
- Ўқилиш вақти: 14 дақ
Россия Марказий Осиёда янада кучаядими?
Минтақада геосиёсий танглик бундан-да ортадими?
Қудратлар ўртасидаги рақобатда ҳам энди Россиянинг қўли баланд келадими?
Воқеаларнинг минтақадаги кутилмаган ривожи сўнгги ойларда худди шу каби саволларни ҳам пайдо қилди.
Аллақачон бунинг Марказий Осиё сиёсати, иқтисоди ва хавфсизлигига таъсири қандай бўлишига оид қоришиқ талқин, таҳлил ва баҳоларга замин яратди.
Вазият таҳлилини "Диққат, BBC" дастуримизда томоша қилиш учун илова қилинган линкимизни босинг:
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Нима бўлди?

Сурат манбаси, Афғонистон элчилиги/ТАСС
Россия устма-уст кутилмаган қадамларга борди.
Бор-йўғи бир неча ойнинг ўзида Толибонни "террорчи ташкилотлар" рўйхатидан чиқарди, Афғонистондаги муваққат ҳукуматини расман тан олди.
Дунёда бу каби қарорга келган биринчи давлатга айланди, янгилик жаҳон бўйлаб сарлавҳаларга чиқди.
Воқеаларнинг бу каби ривожи Россия Украинага очган уруш ҳануз тинмаётган бир пайтга тўғри келди.
Худди шу уруши боис, Россиянинг Марказий Осиёдаги мавқеи заифлашганига оид баҳолар бўй кўрсатаётган вазиятда бўй кўрсатди.
Янгилик дунёнинг айрим нуфузли нашрларида Россия толиблар ҳисобига минтақада яна ўзининг мавқеини мустаҳкамламоқчи, деган талқинда сарлавҳаларга чиқди.
Россиянинг ўзида энди Марказий Осиёнинг сиёсий ландшафти ўзгариши мумкин, деган таҳлилларга туртки берди.
Россиянинг таъсири мустақилликлари билан кечаётган ўттиз йилдан ортиқроқ вақт ичида аксарият минтақа аҳолиси учун энг ҳассос мавзулардан бири бўлади.
Шундай экан, бу каби талқин, таҳлил ва баҳолар қанчалик асосли?
Сиёсий таъсири
Алишер Илҳомов
Лондондаги "Марказий Осиё Due Deligence" таҳлил маркази директори
Rossiya nimalarning rejasida ekanini vaqt ko‘rsatadi. Hozirgi qadamlari asosan G‘arbga qaratilgan. O‘rtada Rossiya Federatsiyasining G‘arb bilan munosabatlari turibdi.
Алишер Илҳомов: "Афғонистон Толибон ҳукуматини тан олиши ортидан Россия бошқа қандайдир қадамларга бормаса, мен бунинг Марказий Осиё учун бирор бир жиддий оқибатлари бўлади, деб ўйламайман.
Хусусан, қурол-яроғ етказиб беришга оид ҳамкорлик режалари ўртага чиқмаса. Аммо, шунда ҳам, мен иш бунгача боради, деган фикрдан йироқман.
Истиқболда бўй кўрсатиши мумкин бўлган бошқа оқибатлари ҳам бор.
Дейлик, Толибон бошқаруви остидаги Афғонистонни, масалан, худди БРИКСга ўхшаш Россия ва Хитой Ғарбга қарши шакллантириш ҳаракатида бўлган иттифоқларга қўшишлари мумкин. Чунки қачондир бу нарса юз бериши эҳтимолини ҳам назардан соқит этиб бўлмайди.
Аммо бунинг учун БРИКСга аъзо бошқа давлатларнинг ҳам Толибон ҳукуматини тан олишлари тақозо этилади. Лекин бу ҳам тез орада амалга ошадиган иш эмас.
Россия томонидан расман тан олинишининг обрўсидан ташқари, Толибон бошқаруви остидаги Афғонистон учун жиддийроқ бир ижобий фойдаси бўлади, деб ўйламайман.
Толибонга ҳукуматининг расман тан олиниши нима учун керак? БМТ ва бошқа турли халқаро ташкилотлардаги аъзолигини қайта тиклаш, халқаро молиявий ташкилотлар билан муносабатларини йўлга қўйиш, улардан қандайдир кредитлар олиш учун, тўғрими?.. Аммо бу ҳам ҳозирча савол остида.
Чунки мазкур ташкилотларда ҳал қилувчи сўзга эга давлатлар ҳам Толибоннинг Афғонистондаги ҳукуматини ҳали тан олишмаган. Ҳатто Марказий Осиё давлатлари ҳам ҳозирча бу каби бир қадамга боришмаган.
Мутлақ шахсий манфаатлардан ташқари Толибон ҳукумати расмий тан олинишининг бошқа қандайдир оқибатларини мен ҳозирча кўрмаяпман.
Ҳукуматлараро алоқалар, баъзи кичик, кичик иқтисодий лойиҳалар бўйича ҳамкорлик, маслаҳатлашувлар кучаяр.
Аммо, умуман олганда, бу жараён ўз ҳолича анча чекланган бўлади. Шу боис ҳам, Марказий Осиё қолиб, ҳатто, Афғонистоннинг ўзи учун ҳам ундай катта таъсирга эга бўлмайди.
Россия Федерацияси ва Афғонистондаги Толибон ҳукумати ўртасидаги муносабатлар доираси анча тор.
Улар ҳозир биргаликда минтақавий таъсирга эга нимадир қила олишади, деган фикрдан йироқман.
Россия нималарнинг режасида эканини вақт кўрсатади.
Ҳозирги қадамлари асосан Ғарбга қаратилган. Ўртада Россия Федерациясининг Ғарб билан муносабатлари турибди.
Афғонистон учун на-да иссиғи ва на-да совуғи бор. Марказий Осиё учун ҳам, шу жумладан.
Улар ўз қадамлари билан Ғарбга, халқаро молиявий ташкилотларга бу хусусда ўз фикрларига эга эканликлари, нималаргадир риоя этиб ўтирмасликлари, ўзларига Ғарбнинг рухсат керак эмаслиги, ушбу масалани ўзлари ҳал қилишларини кўрсатиб қўймоқчи бўлишган".

Муҳим Афғонистон

Муҳим транзит йўлида жойлашган Афғонистон Марказий Осиёни Жанубий Осиёга боғлаш, Ўзбекистон каби денгизга йўли икки карра ёпиқ минтақа давлатларни халқаро сўв йўлларига олиб чиқиш имкониятига эга давлати бўлади.
Россиялик таҳлилчиларга кўра, Москванинг Толибон билан боғлиқ икки муҳим қарори ТАПИ бўладими ёки Транс-афғон темир йўли қурилиши – йирик мультимодал минтақавий лойиҳалардаги иштирокига йўл очади.
Толибон бошқаруви остидаги Афғонистон билан бу каби иқтисодий ҳамкорлиги АҚШ, Хитой ва бошқа минтақавий ўйинчилар билан рақобатда Россиянинг мавқеини мустаҳкамлайди.
Шунинг баробарида, Марказий Осиё давлатларига ҳам янги имкониятлар эшигини очади.
Бу лойиҳалар ижросига, йилларки, табиий энергия захираларига бой, аммо ишсизлик ва камбағаллик ҳануз нисбатан ўткир муаммолигича қолаётган минтақа давлатларининг аксарияти бирдек кўз тиккан.
Айниқса, Россия Украинага очган уруш ўзларининг анъанавий транзит йўллари ва ташқи бозорларини турфалаштиришга ундаши улар учун сўнгги йилларда айни лойиҳаларнинг аҳамиятини янада оширган, бу йўлдаги саъй-ҳаракатларини бундан-да фаоллаштирган.
Аммо сиёсий истак, хоҳиш, ирода бўладими, кучли молиявий қўллов ёки хавфсизлик билан боғлиқ вазият - турли субъектив ва объектив омиллар туфайли уларнинг ижроси шу пайтга қадар амалга ошмай келгани ҳам бор гап.
Бошқа томондан, расмий Москванинг мазкур қарори аксар Марказий Осиё давлатларининг Россияни четлаб ўтувчи бошқа янги йирик транспорт йўлакларига қизиқишлари кучаиб бораётган бир пайтга ҳам тўғри келган.
Дипломатик мулоқотлари, ўзаро савдо-иқтисодий ҳамкорликларини кучайтириш ҳаракатида эканликларига қарамай, бирор бир минтақа давлати, орадан тўрт йил ўтиб ҳам, Афғонистонда Толибон ҳукуматини расман тан олмаган.
Толибон эса Афғонистондаги қолган мухолиф сиёсий гуруҳлар билан тинчлик музокаралари истиқболини йўққа чиқариб, қудратни бу гал ҳам куч билан эгаллаган, ҳозир ҳам Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг турли санкциялари остида.
Халқаро ҳамжамият, аксарият Марказий Осиё давлатларининг ҳам кўпмиллатли Афғонистонда барча мухолиф томонлар вакилларини ўз ичига олувчи инклюзив ҳукумат тузишга оид даъватларини шу кунга қадар беэътибор қолдириб келади.
Аммо, бошқа томондан, Толибон етакчилари орасида кучайиб бораётган зиддият, ҳукмати изчил равишда рад этиб келаётган эса-да, сўнгги йилларда аксарият минтақавий экспертлар ўз эътиборларини қаратиб келаётган, халқаро матбуотнинг ҳам нигоҳига тушиб улгурган нуқталардан бири бўлади.
Шундай бир вазиятда Россиянинг айни лойиҳалардаги иштироки шу қадар таъсирли бўладими?
Иқтисодий таъсири
Сапарбой Жубаев
Минтақавий иқтисодий эксперт, Қозоғистон
Bir narsani esga olish kerak, Rossiyaning o‘zi hozir juda qiyin ahvolda. Ularning shu budjeti, "stabilizatsionniy fond", deydi, pullari kamayib borayapti...
Сапарбой Жубаев: "Бир нарсани эсга олиш керак, Россиянинг ўзи ҳозир жуда қийин аҳволда. Уларнинг шу бюджети, "стабилизационний фонд", дейди, пуллари камайиб бораяпти.
Шу даврда ҳам улар, "биз иложини топамиз, Афғонистонга ёрдам берамиз, Афғонистондаги инфратузилмавий ТАПИ – Туркманистон, Афғонистон, Покистон ва Ҳиндистон газ қувури лойиҳасини ҳам йўлга қўйиш, энди, трансафғон темир йўлининг икки йўналиши бор, шу иккита йўлни Афғонистон орқали Ҳинд уммонига, Карачига, Покистонга чиқаришни қўллаб-қувватлаймиз", - деди.
Энди, агарда, шу Афғонистондаги ҳукумат инклюзив бўлиб, ҳамма аҳолиси қўллаб-қувватлаганда, биз ҳам бунга қўшилсак бўлар эди. Биз ҳам, умуман олганда, бунга қарши эмасмиз. Майли, қурилсин, темир йўл бўлсин, балки бир нарса ўзгарар, деб, айтаяпмиз.
Ўзбекистон энг бир қизиққан давлат-да, чунки Ҳинд уммонига чиқиши мумкин.
Менинг фикримча, Афғонистонда бир-бирини тан олмайдиган тўртта ҳукумат бор. Шулар орасида бугунги кунда келишув йўқ. Эртага шу темир йўлми ёки бўлмаса, газ қувури қазилса, барчаси бирдек рози бўладими ёки йўқ, бунга ҳеч ким кафиллик бермайди ҳаммаси тинч бўлади, деб.
Чунки Афғонистондаги ҳукуматни ҳалича Россиядан бошқа, яъни Америка Қўшма Штатлари ёки Ҳиндистонга ўхшаган йирик давлатлар тан олиб, бир жойига қўйгани йўқ.
Шу боис, бугунги Афғонистондаги инфратузилмавий режаларни амалга ошириш бу ҳали яқин йиллар, бир беш, ўн йилда бўлмаса керак, деб ўйлайман.
Энди у ерда ҳукумат алмашадими, алмашмайдими, шундай тураверадими...
Энди, бир умидимиз бор, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Олма отада ҳудудий бўлимини очди. Олдин бир офиси бўларди. Шу Марказий Осиё, Мўғулистон, Афғонистон масалаларида қандай бир масала ечилмаса, бориб, шу ерга айтиб, кейин улар Женевага ёки Нью-Йоркка чиқарди. Энди эса бу масалани шу ернинг ўзида ҳал қиладиган бўлим очилди.
Бу президентимиз Тоқаевнинг ташаббуси билан бўлди.
Менимча, энди Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ана шу бўлими ўзининг бир ташаббуси билан чиқиб, Афғонистон масаласини йўлга қўядиган бўлса, балки, биз ўйлаётган, Россия хоҳлаётган режаларда бир ўзгариш бўлиши мумкин".
Глобал ядровий қудратлар манфаатлари тўқнашган минтақа

Афғонистон, Хитой ва Эронга чегарадош Марказий Осиё дунёнинг глобал ядровий қудратлар манфаатлари тўқнашган минтақаси бўлади.
Сўнгги икки аср давомида Россиянинг таъсири остида, деб билинган, кўрилган ҳудуд.
Россиянинг Толибон билан боғлиқ устма-уст қарори айнан ўзи Украинага қарши очган уруш ва Яқин Шарқдаги воқеаларнинг сўнгги ривожи Марказий Осиёда ҳам геосиёсий тангликни янада кучайтирган бир пайтга тўғри келди.
Украина уруши боис Ғарбнинг давомий санкциялари остида қолган Россия ҳозир айнан Афғонистон ҳам бир қисми бўлган Глобал Жанубга юз бурган.
Толибон бошқаруви остидаги Афғонистонни ўзининг шамсияси ва ҳамшамсияси остида бўлган турли ҳарбий, иқтисодий ташкилотлар, иттифоқлар, геоиқтисодий лойиҳаларга ҳам тортиш ҳаракатида.
Унинг Яқин Шарқдаги мавқеига ҳам зиён етган. Анъанавий иттифоқчиси Сурияда президент Башар ал-Ассаднинг узоқ йиллик режими қулатилган, "Ҳайъат Таҳрир аш-Шом" исёнчи гуруҳи бошчилигидаги иттифоқ ҳокимиятни куч билан эгаллаган.
Ўша пайтда Америка Қўшма Штатларида қудратда бўлган Байден маъмурияти агар террорчиликдан воз кечса, кимёвий қуролларни яксон этса, миллий озчилик ва хотин-қизларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилса, Суриянинг янги ҳукуматини тан олишлари ва қўллаб-қувватлашларини билдирган.
Исроил ва Америка Эронга ҳам қаттиқ зарба берган, Сурия билан бирга Россиянинг Яқин Шарқдаги саноқли анъанавий иттифоқчиларидан бири бўлган Эроннинг минтақадаги қудрати ва мавқеъини ҳам анчайин заифлаштирган.
Россиялик айрим таҳлилчиларга кўра, Москва ўзининг битта қарори билан кўплаб глобал ва минтақавий қудратлар манфаатлари тўқнашган минтақада вазиятни ўзгартира олиши мумкинлигини кўрсатган.
Толибон ҳукуматини тан олиш билан барчани минтақадаги стратегиясига янгича ёндашишга мажбур қилган.
Уларнинг фикрича, Россия каби ресурсларга бой давлат учун айни масалада энг муҳими иқтисодиёт эмас, айнан геосиёсий таъсирдир.
Шундай экан, булар барчасининг минтақа геосиёсатига таъсири қандай бўлади?
Геосиёсий таъсири
Фарҳод Толипов
Сиёсий таҳлилчи, Ўзбекистон
Tolibon hukumatini tan olish-tan olmaslik masalasi faqatgina shu davlat o‘zining hukumatiyu, u qanchalik o‘zini boshqara oladi, degan tamoyillardan kelib chiqmagan.
Фарҳод Толипов: "Қисқача қилиб гапирганда, албатта, бу жуда мураккаб савол бўлганлиги учун алоҳида, муайян бир тадқиқот, таҳлил олиб бориш керак, деб ўйлайман. Чунки вазият ҳақиқатан ҳам жуда чигал.
Лекин, ҳақиқатан ҳам, ўзингиз айтганингиздек, Афғонистон азалдан геосиёсий манфаатларга эга бўлган давлатларнинг манфаатлари кесишган ҳудуд бўлиб келган ва бугунги кунгача шундай бўлиб қолаяпти ҳам.
Шу нуқтаи назардан, Толибон ҳукуматини тан олиш-тан олмаслик масаласи фақатгина шу давлат ўзининг ҳукуматию, у қанчалик ўзини бошқара олади, деган тамойиллардан келиб чиқмаган.
Чунки назарияда, халқаро ёндашувда муайян давлатнинг ҳукуматини тан олиш бу – нечоғлик ўзининг ҳудудида назорат, тартиб ўрнатиб, ҳукумат сифатида финкциясини бажара олади, деган қарашдан келиб чиқиларди.
Бу сафар эса, тан олиш мен эслатиб ўтган тамойилларга таянган эмас ва унинг ўзига хос геосиёсий ўлчамлари ҳам мавжуд.
Шундай экан, вазият жуда мураккаблигича қолаверади. Нимага, масалан, Россия тан олдию, дейлик АҚШ тан олмади? Европа тан олмадию, Хитой тан олишдан бир қадам берида турибди, яъни дипломатик алоқаларни ўрнатиб бўлган. Ўзбекистоннинг ҳам тан олганига оид баёноти бўлмаган эса-да, ҳамкорликни жудаям кенг олиб бораяпти.
Шунинг учун ҳам, айни ўринда ҳукуматини тан олиш, деган тушунча жуда мураккаб бўлиб, ўйлашимча, тан олиш-тан олмаслик масаласи, хусусан, БМТнинг ҳам позициясига боғлиқ бўлади".
Савол: Россия ниманинг режасида?
Фарҳод Толипов: "Россияни аслида афғонистонликлар, афғонлар, ҳаттоки, Толибон ўзи ҳам яқин ўтмишда Россияни бир дўст деб билмаган эди, Совет урушини эслаган ҳолда, Россияга нисбатан позицияси анча кескин эдию, энди эса Россия билан янада яқинлашиб, Россия ҳаттоки тан олаяпти.
Мана, шунинг ўзидан ҳам кўриниб турибдики, вазият ўзгарди, геосиёсий ҳолат, манфаатлар ўзгарувчан бўлиб келаяпти.
Россия аслида халқаро саҳнада, халқаро тизимда бегоналашиб қолган, юридик мақоми ҳали мавҳум бўлиб турган кучларни тан олиш орқали Ғарб давлатларига пайғом юбораётгандек, "мана, қандай дўстларни ҳам орттириши мумкинлиги" ҳақида.
Лекин, оқибатга қарайдиган бўлсак, менимча, бу жиддий ўзгаришларга олиб келмасак керак.
Ҳозир Россиянинг, дейлик, мавқеи халқаро тизимда юқори бўлиб, унга кўп нарса боғлиқ бўлганда эди, уруш туфайли талафотлар кўрмаган кучли давлат бўлиб қолганида эди, ҳозир бу жиддий ўзгаришларга олиб келарди, деб хулоса қилган бўлар эдик".
Афғонистон таҳдиди

Сурат манбаси, skrinshot
Афғонистон дунёнинг уч Марказий Осиё давлати – Ўзбекистон, Тожикистон ва Туркманистонга ҳам чегарадош давлати бўлади.
Россиялик айрим етакчи таҳлилчиларга кўра, Россия Толибон ҳукуматини расман тан олиш билан бутун ЕвроОсиё хавфсизлиги соҳасида марказий ўйинчи эканини яна бир бор тасдиқлаган.
Афғонистон таҳдиди эса, йилларки, Марказий Осиё барқарорлигига ҳам энг йирик ташқи хавфлардан бири сифатида кўриб келинган ва кўрилади.
Бир томондан, Россиянинг ўзи ҳам Афғонистон хавфсизлигига бефарқ эмас, четдаги энг йирик ҳарбий базаси ҳам Афғонистонга чегарадош Тожикистонда жойлашган.
Минтақада унинг яна ҳали Совет давридан буён қолаётган ҳарбий иншоотлари сони ҳам оз эмас.
Бу Россия шамсияси остидаги ташкилот, иттифоқларнинг ҳам диққат-эътиборидаги асос ва азалий масалалардан бири бўлади.
Бошқа тарафдан, Афғонистон таҳдиди, Кремлнинг, йилларки, Марказий Осиё давлатларига ўзининг босимини ўтказишда энг муҳим ва самарали таъсир воситаларидан биттаси сифатида кўрилади.
Худди шу манзарада Россия энди ўзининг геосиёсий манфаатлари йўлида Толибонни Ғарбга, Марказий Осиё давлатларига қарши қўллаши мумкин, деган хавотирлар ҳам йўқ эмас.
Бундан ташқари, Афғонистон, йилларки, дунёнинг Ўзбекларники, Тожикларники илова турли жангари гуруҳлар ҳануз жон сақлаб келаётган саноқли давлатлардан биттаси бўлади.
Россия ва Толибонни яна Марказий Осиё давлатлари барчасининг ҳам бирдек хавотирига молик ИШИД гуруҳига қарши кураш мақсади ҳам бирлаштиради.
Россиянинг Афғонистонда Толибон ҳукуматини расман тан олиш қарорига унга рақиб жангари гуруҳлар муносабати эса, ҳозирча маълум эмас.
Шундай экан, Россиянинг Афғонистонда Толибон ҳукуматини расман тан олиш қарори хавфсизлик нуқтаи назаридан Марказий Осиё учун нимани англатади?
Хавфсизликка таъсири
Доктор Довуд Аъзамий
Би-би-си Жаҳон хизмати муҳаррири
Халқаро сиёсат ва хавфсизлик масалалари бўйича эксперт
Tolibon hukumatining tan olinishi Rossiyaning Markaziy Osiyo mintaqasidagi ta’sirini oshiradi...
Довуд Аъзамий: "Россиянинг Толибон ҳукуматини тан олиши уч жиҳатдан Москванинг миллий манфаатларидан келиб чиқади.
Биринчидан, бу Москванинг турли зўравон экстремистик гуруҳлар, шу жумладан, ИШИДнинг Хуросон қанотига қарши аксилтерроризм стратегиясини кучайтириши мумкин.
Украинада қимматга тушаётган ва узоққа чўзилаётган уруш олиб бораётган Россия шундоқ биқинидаги Марказий Осиёдан унга бирон хавф келишини кўтара олмайди.
Шу боис бу минтақа тарафидан ўзини хавфсиз ҳис қилишни истайди.
Афғонистонда Толибон ҳукуматининг тан олиниши томонларнинг хавфсизлик масалаларида мазмунли ҳамкорлик қилиши, жангари гуруҳлар, гиёҳванд модда ва одамлар контрабандачилари илова турли уюшган жиноятчиларга оид жосуслик маълумотларини айирбошлашларини осонлаштиради.
Жангарилар ва уюшган жиноятчилик эса, минтақавий муаммолар бўлади.
Шу боис ҳам, бу масалаларда Россия ва Толибон ҳукумати ўртасидаги яқин ҳамкорлик ва координация бутун минтақа, шу жумладан, Марказий Осиё давлатларига ҳам фойда келтиради.
Иккинчидан, сўнгги йилларда Хитойнинг Марказий Осиёдаги иқтисодий таъсири кучайди.
Босқини ортидан, эътибори ва ресурслари асосан Украинага қаратиларкан, Москванинг эса минтақадаги таъсири пасайди.
Аммо Россия, шунда ҳам, ўзининг анъанавий таъсир доираси остида бўлиб келган Марказий Осиёда ҳамон сиёсий ва хавфсизлик жиҳатдан муҳим таъсирга эга.
Шу нуқтаи назардан, Толибон ҳукуматининг тан олиниши Россиянинг Марказий Осиё минтақасидаги таъсирини оширади.
Учинчидан, Россия учун Толибон ҳукуматини тан олган биринчи ва ҳозирча ягона давлат бўлиши муҳим. Бу Москванинг ташаббусга эга нуфузли қудрат сифатидаги обрўсини тиклашга ёрдам бериши мумкин.
Шунингдек, бу Россияни минтақавий хавфсизлик масалаларини муҳокама қилишда етакчи роль ўйнайдиган давлат сифатида кўрсатишга ҳам қаратилган".
Йирик меҳнат бозори

Сурат манбаси, Getty Images
Толибон ҳукуматини расман тан олиши, бошқа томондан, Россияда меҳнат муҳожирлари тақчиллашиб бораётганига оид хабарлар манзарасида олинган.
Бунга бир томондан Украина уруши, бошқа тарафдан, уюштиришда Марказий осиёлик мигрантлар айбланаётган Крокусдаги қонли ҳужум ортидан Россияда қонунчиликнинг кескинлашиб бораётгани сабаб бўлгани айтилади.
Россия мустақилликлари ортидан Ўзбекистон илова аксарият Марказий Осиё давлатлари фуқаролари учун энг йирик меҳнат бозори вазифасини бажариб келади.
Россия эса ҳали ҳукуматини расман тан олмай турибоқ Толибон бошқаруви остидаги Афғонистон билан меҳнат муҳожирлари масаласида келишувларга бораётгани кўрилган.
Яқинда матбуотда расмий Москванинг Афғонистондан мигрантлар сонини ўн баробарга ошириш режасида эканига оид хабарлар ҳам бўй кўрсатган.
Россиянинг Толибон ҳукуматини тан олиши, бошқа томондан, Афғонистонга четдан катта сондаги қочқинлар мажбуран қайтарилаётган ва бу мамлакатдаги ижтимоий-иқтисодий вазиятни издан чиқаришига оид хавотирлар жиддий кучайиб бораётган бир пайтга ҳам тўғри келган.
Ёрдам ташкилотлари шу йил охирига қадар аксарияти ишсиз ва уй-жойсиз бу каби қочқинлар сони бир неча миллионларга етишидан хавотир ҳам билдиришган.
Толибоннинг ўзи ҳам бунақаси Афғонистон тарихида бўлмаганини эътироф этишгача борган, айнан улар барчасини иш билан таъминлаш ҳозир унинг ҳукумати қаршисидаги энг йирик ва мушкул масалалардан бири ўлароқ тилга олинган.
Афғонистон аҳолиси алоҳида олинганда ҳар бир Марказий Осиё давлатиникидан катта, давомий урушлар боис, бу яқин ўн йилликларда расман рўйхатга олинмаган эса-да, турли манбаларда сони 40 миллиондан ортиши айтилади.
Сўнгги ярим йилнинг ўзидаёқ турли давлатлардан Афғонистонга қайтарилган қочқинларнинг умумий сони қарийб икки миллионни ташкил этган.
Россияга ташқи меҳнат миграцияси камбағаллик ва ишсизлик ҳануз анчайин долзарб муаммолигича қолаётган аксарият Марказий Осиё давлатлари ҳукуматлари учун ҳам ҳар қандай эҳтимолий ижтимоий портлаш хавфини юмшатиб келаётган энг самарали воситалардан бири сифатида муҳим.
Жорий пайтда Россияда бир миллиондан ортиқ ўзбекистонлик меҳнат қилиб, оила боқаётганлиги айтилади. Бу рақамлар ўз вақтида бир неча миллионга ҳам етган.
2025 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистонга трансчегаравий ўтказмалар ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 27% ошиб, 8,2 млрд долларни ташкил этган.
Тушумларнинг асосий қисми — $6,4 млрд ёки 78% Россия ҳиссасига тўғри келган.
Йилларки, аксарият Марказий Осиё давлатлари фуқаролари учун ҳам энг йирик ташқи меҳнат бозори бўлиб келган Россия эса жанубий сарҳадларидаги эҳтимолий беқарорлик хавфидан шундоқ ҳам хавотирда.
Шундай экан, Россиянинг Афғонистонда Толибоннинг ҳукуматини расман тан олиши минтақанинг барқарорлиги ва фаровонлиги учун муҳим ўта муҳим экани айтилувчи ташқи меҳнат миграцияси учун нимани англатади?
Меҳнат бозорига таъсири
Ботиржон Шермуҳаммад
Мигрант.уз лойиҳаси асосчиси ва раҳбари
Bir narsani hisobga olish kerakki, hozir Rossiyaning deyarli barcha sohalarida ish o‘rinlari judayam ko‘p, ishchi kuchi yetishmayapti.
Ботиржон Шермуҳаммад: "Россия ҳукуматининг муҳожирлар оқимини диверсификация қилишга бўлган интилишлари бор нарса.
Кўраяпмиз, мана, сўнгги йилларда нафақат Афғонистон, балки ўша Африка мамлакатлари, Жанубий-Шарқий Осиё мамлакатлари ва мана, ҳозир ҳатто Шимолий Кореядан ҳам олиб келмоқчи бўлишаяпти. Бунга ўхшаган ҳаракатлар бор.
Лекин бир нарсани тушунишимиз керакки, уларнинг сони ҳеч қачон кўп бўлолмайди ва мана, оддий бир арифметик ҳисоблайдиган бўлсак ҳам, уларнинг сони ҳеч қачон Марказий Осиёдан бораётган миллионлаб муҳожирларга бир жиддий рақобат ярата оладиган ёки уларнинг ўрнини эгаллаб оладиган даражада эмас.
Чунки, умуман олганда, улар виза талаб қилинадиган давлатлар ҳисобланишади. Виза орқали ишга бориш осон эмас. Яъни, уни расмийлаштириш, визани олиб, ишчини чақиришнинг ўзи бир узоққа чўзиладиган жараён иш берувчи учун ҳам, ишчи учун ҳам.
Шу боис, доимий равишда айтиш мумкинки, виза орқали келадиган ишчилар сони катта бўлиши мумкин эмас, жудаям қийин масала.
Шундан келиб чиқадиган бўлсак, яъни айнан Марказий осиёлик муҳожирларга катта бир рақобат ярата олмайди.
Бир нарсани ҳисобга олиш керакки, ҳозир Россиянинг деярли барча соҳаларида иш ўринлари жудаям кўп, ишчи кучи етишмаяпти.
Бу, албатта, аҳолининг қариши билан боғлиқ, ишлаб чиқариш кўплиги, мана, ҳозир уруш билан боғлиқ, чунки бир неча юз минглаб ишлаб турган фуқаролар урушга кетди, урушга чақирилди, ҳалок бўлганлар бор, бошқаси бор, яъни шунақанги бир нечта факторлар йиғилиб, Россиянинг кўплаб соҳаларида ишчи кучининг етишмаслигига олиб келаяпти. Бу бор нарса.
Ва, барибир, мажбур бўлинади Марказий осиёликни ҳам, бошқа давлатдан ҳам, яъни, демографларнинг прогнозларига кўра, Россия агарда ўзининг фуқаролари сонини ҳозирги ҳолатда ушлаб турмоқчи бўлса, ҳар йили камида 390 мингдан 1 миллионгача меҳнат муҳожирига ўз фуқаролигини беришга мажбур.
Агар бу нарса қилинмаса, Россиянинг аҳолиси кескин, ҳаттоки, икки бараварга қисқариб кетиши мумкин.
Шулардан келиб чиқадиган бўлсак, меҳнат муҳожирларига бўлган талаб бўлади".
Душмандан дўстгами?..

Сурат манбаси, Reuters
Россия-Толибон муносабатлари тарихчаси
- Россиянинг Толибон билан алоқалари силлиқ бўлмаган.
- Ҳаракат 20 йилдан ортиқ Россиянинг "террорчи ташкилотлар" рўйхатида турган.
- Россия унинг фаолиятини 2003 йилда ўз ҳудудида расман тақиқлаган.
- Толибон бунгача Россиядаги чечен бўлгинчиларини ошкора қўллаган, ҳатто Россияга қарши жиҳод ҳам эълон қилган.
- Толибон илк бор қудратга келган 90-йиллар охири ва 2000 йиллар бошларида Россия унга нисбатан кескин мавқеъни эгаллаган.
- 2001 йилнинг 11 сентябридаги терактлар ортидан АҚШ бошчилигидаги халқаро коалиция кучларининг Афғонистондаги ҳарбий амалиётларини ҳам қўллаб-қувватлаган.
- Худди шу амалиётлар натижасида Толибоннинг Афғонистондаги илк тузуми қулатилган, Исломий Амирлиги барҳам топган, аммо толиблар буткул енгилмаган.
- Томонлар ўртасидаги уруш қарийб йигирма йилга чўзилган, Афғонистонда яна ИШИД фаоллашган.
- Ғарб қўшинларининг жанубий сарҳадларидаги узоқ йиллик ҳозирлиги ва ИШИД эса, худди шу манзарада томонларни бир-бирига яқинлаштирган икки муҳим омил сифатида ўртага чиққан.
- Россия Толибон билан алоқа ўрнатишга киришган, 2017 йилда Ғарб томонидан дастакланган афғон ҳукумати, минтақа давлатлари ва Толибон вакилларини ҳам ўз ичига олувчи Москва мулоқот форматига асос солган.
- Сўнгги афғон урушига дипломатик йўлда ечим топишга уриниб кўрган, формати бугун ҳам фаолиятда, Афғонистондаги Толибонга мухолифатда бўлган сиёсий гуруҳ вакилларига ҳам ўз эшикларини очиқ тутган.
- Орада Ғарбнинг Афғонистондаги Толибон ҳаракатини қўллаётгани ва унга қурол-яроғ етказиб бераётганига оид даъволарини изчил равишда рад этиб келган.
- Халқаро коалиция кучлари Афғонистонни буткул тарк этиб, қудратга яна Толибон қайтаркан, унинг муваққат ҳукумати билан муносабатларини фаол ривожлантирган.
- Ўзининг Афғонистондаги, Афғонистоннинг Россиядаги элчихонасини ҳам ёпмаган.
- Айрим ҳисоб-китобларга кўра, қисқа вақтнинг ўзида икки давлат ўртасидаги савдо айланмаси $1 миллиард АҚШ долларига етган.
- Расмий Москва Толибонни Афғонистондаги "ҳақиқий куч", деб атаган.
- Шу йилнинг апрелида Афғонистон Толибон ҳаракатини ўзининг "террорчи ташкилотлар" рўйхатидан чиқарган, июлида эса, дунёда биринчи бўлиб унинг Афғонистондаги ҳукуматини расман тан олган.
- Афғонистонни Россиянинг ўзи 10 йиллик ҳарбий ҳозирлиги ортидан 1989 йилда ташлаб чиқишга мажбур бўлган.
Қисқача маълумот ўрнида

Сурат манбаси, EPA
Толибоннинг дунёнинг уч давлати - Покистон, Саудия Арабистони ва Бирлашган Араб Амирликлари томонидан тан олинган илк тузуми Афғонистонда беш йилча амал қилган.
Нью-Йорк ва Вашингтонда 2001 йилнинг 11 сентябрида содир этилган терактлардан кейин худди ўша йилнинг ўзида АҚШ бошчилигидаги коалиция кучлари томонидан қулатилган.
Шундан сўнг 20 йил давомида Толибон ўзининг иттифоқчилари билан бирга АҚШ ва НАТО мисолида дунёнинг энг қудратли давлати ва ҳарбий иттифоқига қарши турган.
2020 йилда Трампнинг илк маъмурияти Толибон билан келишувга борган, худди шу битим шартлари асосида халқаро коалиция кучлари Афғонистонни тарк этган.
2021 йилнинг августида ҳаракат қудратга қайтган, аммо тинчлик музокаралари истиқболини йўққа чиқарган.
Афғонистонни эса яна Исломий Амирлик, деб эълон қилган ва унинг ўзлари талқинидаги Шаръий қадриятлар асосида бошқарилишини эълон қилган.
Коалицион ҳукумат бўладими, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва эркинликларининг тўлақонли кафолати – ҳокимиятга қайтишидан тўрт йил ўтиб ҳам, расман тан олиниши учун халқаро ҳамжамият томонидан илгари суриб келинаётган асосий шартларни ҳануз бажармай келади.
Айрим минтақавий таҳлилчиларга кўра, Россиянинг бу ҳаракатини унинг Толибон сиёсий мухолифлари билан хайрлашуви сифатида баҳолаш мумкин ва энди бу мухолифатнинг Москвадан юз буриб, Ғарбга кўпроқ умид боғлаши эҳтимоли ҳам йўқ эмас.
Айни қарашда бўлган экспертлар фикрича, Толибон томонидан мувозанат бузилган тақдирда, худди шу мухолифат АҚШ илова бирор бир қудрат томонидан бевосита қўлланса, бу Афғонистондаги ички вазиятни ўзгартира оладиган омилга айланиши мумкин.












