Толибондан санкцияларни олиб ташланг!

Толибон

Сурат манбаси, EPA

Ўқилиш вақти: 2 дақ

Қозоғистон ва Қирғизистон Афғонистондаги Толибонни "фаолияти тақиқланган ташкилотлар" рўйхатидан чиқариб ташлаши ортидан Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Толибонга жорий этилган санкцияларни бекор қилишга чақирди.

Аммо Лавров Россиянинг ўзи Толибонни "террорчи ташкилотлар" рўйхатидан чиқарадими ёки йўқми, аниқлик киритгани йўқ.

Алоқадор мавзулар:

Россия Ташқи ишлар вазири бу баёнотни Москвада Толибоннинг Ташқи ишлар вазири Амир Хон Муттақий раҳбарлигидаги ҳайъати билан музокаралари пайти айтди.

Афғонистонга бағишланган форумни Россия ташкиллаштирган, бу форумда Марказий Осиё ва Яқин Шарқ мамлакатлари вакиллари иштирок этган.

"Биз яна бир бор Ғарб мамлакатларини Афғонистонни можародан кейинги қайта қуриш учун масъулиятли эканликларини тан олишга, санкция чекловларини олиб ташлашга ва ўзлаштирилган активларини Кобулга қайтаришга чақирамиз", деди Сергей Лавров.

Украинага тўлақонли босқин бошлагани туфайли Россиянинг ўзи ҳам ҳозир Ғарб санкциялари остида.

Толибонга қарши санкциялар эълон қилинганига 20 йилдан ошган.

Бу чекловлар "Ал-Қоида" ва бошқа "террорчи ташкилотлар" рўйхатига киритилган гуруҳларни молиялашга қарши қаратилган чоралар ичида бўлган.

Толибон 2021 йил августида бутун Афғонистон бўйлаб ҳокимиятни қўлга киритганидан кейин Кремль Толибон билан яхши муносабатларни сақлаб келади, Толибон ҳайъати Россиядаги бир неча тадбирларда Афғонистоннинг расмий вакиллари сифатида қатнашдилар.

Иқтибос

Сурат манбаси, .

Бир неча Россия расмийлари Толибонни Россиянинг "террорчи ва экстремист ташкилотлар қора рўйхати"дан чиқаришга чақириб келадилар.

Шу йил майида Россия Президенти Владимир Путинга Толибонни "қора рўйхат"дан чиқариш таклифи киритилгани хабар қилинган эди.

Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Толибонни Афғонистондаги "реал ҳокимият" деб атаган.

Ўзбекистон ҳам расман Толибонни Афғонистоннинг қонуний ҳукумати деб тан олгани йўқ, бироқ ҳали Толибон 2021 йилда қудратни қўлига олишидан олдин ҳам Толибон вакиллари билан мулоқот ўрнатган.

2021 йил августидан кейин Афғонистонга халқаро кўмаклар тўхтатилди, Ўзбекистон эса Амударё устидаги Ҳайратон кўпригини очди.

Президент Мирзиёев Толибонни яккаламасликка чақирди.

Охирги вақтда Ўзбекистоннинг юқори лавозимдаги расмийлари тез-тез Афғонистонга сафар қилмоқдалар, иқтисодий масалаларни муҳокама этаяптилар.

Халқаро ҳамжамият Толибондан коалицион ҳукумат барпо этишни, бу ҳукуматга мамлакатда истиқомат қиладиган барча миллатлар ҳамда аёллар вакиллари киритилишини талаб қилиб келадилар.

Толибон эса ҳамма мамлакатлар билан дўстона муносабатда бўлмоқчи эканини, Европа давлатлари Кобулда элчиликларини очишини хоҳлашларини айтадилар.

Толибон "биз бошқа мамлакатларнинг ҳукумат шаклларини ҳурмат қиламиз, биз танлаган бошқарув шаклини сиз ҳам ҳурмат қилинг" деган мазмунда баёнот берди.

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002