Янгиликлар: Қирғизистон ҳам Қозоғистондек Россия қилмаган ишни қилди, расмий Москва ҳам жим турмади, Тоқаев 'демарши' ёки Қозоғистоннинг ‘суверен ҳуқуқи’ Qozog‘iston O‘zbekiston Rossiya Yangiliklar

Сурат манбаси, Getty Images
- Author, Феруза Раҳмон
- Role, bbc.com/uzbek
- Ўқилиш вақти: 23 дақ
Минтақадан кутилмаган хабарлар олинмоқда...
Алоқадор мавзулар:
- Янгиликлар. Ўзбекистон: Бугун Путинга "Йўқ", дейиш хавфлими? Россия ва Марказий Осиё. Видео
- Янгиликлар. Бунақаси кўрилмаган: Минтақага Россия таҳдиди кучайдими - Қозоғистон чегараларини мустаҳкамлашга киришди...
- Ташқи таҳдидга қандай қарши туриш мумкин, Қозоғистон Россиядан қўрқмайдими ва Россия Марказий Осиёни ким сифатида кўради?
- Ўзбекистон. Кун саволи: Россия ва Хитой гегемонлиги қаршисида бугун Туркий давлатлар нима қила олади?
Нима гап?

Сурат манбаси, Rasmiy
Қирғизистон Афғонистон Толибон ҳаракатини "фаолияти тақиқланган ташкилотлар" рўйхатидан чиқарди.
Қозоғистондан кейин бу каби қарорга келган иккинчи минтақа давлати бўлди.
Янгилик худди шу каби таклиф Россияда шахсан Путинга ҳам киритилганига оид хабарлардан кўп ўтмай олинди.
Қирғизистон Қозоғистон билан бирга Марказий Осиёнинг Афғонистонга чегарадош бўлмаган иккита давлатидан биттаси бўлади.
Шу соатларда Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги кеча, 5 сентябр куни қатор маҳаллий ва минтақавий нашрларда бўй кўрсатган хабарларни расман тасдиқлади.
Вазирликнинг билдиришича, мазкур масала ваколатли давлат органлари томонидан синчиклаб кўриб чиқилган ва ҳар томонлама баҳоланганидан сўнг бу каби қарорга келинган.
Қирғизистон томони ўзининг қарорини минтақавий барқарорликни мустаҳкамлаш ва мулоқотни ушлаб туриш мақсади билан изоҳлаган.
Расмий Бишкек, "Қирғизистон халқаро ҳамжамиятнинг Афғонистон ва бутун минтақада хавфсиз ва осойишта муҳитни таъминлашга қаратилган саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашга содиқ қолади", - дея қўшимча қилган.
Қирғизистоннинг сўнгги баёнотига қолган минтақа давлатлари пойтахтларининг муносабати ҳозирча ноаён.
Қозоғистондан кейин Қирғизистоннинг ҳам бу каби қадамга борганига оид хабарга "фаолияти тақиқланган ташкилотлар"га оид мамлакат Бош прокуратурасининг янгиланган рўйхати сабаб бўлган.
2 сентябрь куни эълон қилинган янги рўйхатда нега Афғонистон Толибон ҳаракатининг йўқлигига ойдинлик киритиш учун Би-би-сининг прокуратурадан изоҳ олиш уринишлари эса, самара бермаган.
Расмий Бишкекнинг сассизлиги манзарасида янгилик аксарият маҳаллий ва минтақавий нашрларда савол мазмунида сарлавҳаларга чиққан.
Толибон ҳукумати айни мазмундаги хабарларга кечанинг ўзидаёқ муносабат билдирган, буни олқишларини баён қилган.
"Бошқа мамлакатлар сингари Қирғизистоннинг бу ҳаракати ҳам минтақада ва дунёда Ислом Амирлиги бўйича сиёсий англашув ўрнатилганини ифодалайди ҳамда Ислом Амирлиги ва бошқа давлатлар ўртасидаги икки томонлама муносабатларни янада мустаҳкамлаш йўлидаги тўсиқларнинг олиб ташланишини билдиради", - деб айтганди Толибон ҳукумати Ташқи ишлар вазирлигининг матбуот котиби
Муносабат

Сурат манбаси, kollaj
Қозоғистон мисолида бўлгани каби сўнгги янгиликни Россия томони ҳам беэътибор қолдирмаган.
Олинаётган хабарларга кўра, президент Путиннинг матбуот котиби Афғонистон билан қўшни экани боис, мамлакати Қирғизистон нега бу каби қарорга келганлигини "тушуниши"ни айтган.
"Қирғизистон Афғонистонга жуда яқин, шу боис, бу мамлакатнинг амалдаги раҳбарлари билан алоқа ўрнатиш жуда муҳим", - дея билдирган Дмитрий Песков.
Россиянинг ҳам Афғонистон Толибон ҳаракатини ўзининг "террорчи ташкилотлар рўйхати"дан чиқариш ҳаракатида экани шу йил май ойида маълум бўлган.
Хабарларда, ҳаттоки, бу таклифнинг Россиядаги бирваракайига икки вазирлик - ҳам Ташқи ишлар ва Адлия вазирликлар томонидан аллақачон президент Путинга киритилгани айтилган.
Орада Россия Хавфсизлик Кенгаши раиси муовини Дмитрий Медведев Толибон билан тўлақонли муносабатларга яқин эканликларини ҳам маълум қилган.
Воқеаларнинг бу каби кутилмаган ривожи, ҳатто, россиялик айрим сиёсатшуносларнинг ўзлари томонидан Толибон ҳукуматини тан олиш йўлидаги биринчи қадам сифатида талқин қилинган.
Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай эса, айни шу масала хусусида Россия президентининг шахсан ўзи расман ва ошкора сўз юритган.
Путиннинг бу ҳақдаги гаплари пойтахт Тошкентда янграган.
Россия президенти шу йилнинг 26-28 май кунлари Ўзбекистонда давлат ташрифи билан бўлиб қайтган.
Худди шу ташрифи якунлари бўйича пойтахт Тошкентда берган матбуот анжумани чоғида Толибон масаласи кўтарилган.
Путин ўшанда Толибонни тан олиш борасидаги қарорнинг "биргаликда ишлаб чиқилиши"ни айтган.
Россия президенти бу хусусда кўплаб бошқалари қатори "Марказий Осиёдаги ҳамкорлари, дўстларининг ҳам фикрлари инобатга олиниши", улар билан мулоқотда эканликларини таъкидлаган.
Россия томони ўзининг сўнгги истак ва режалари фонида Толибонни Афғонистондаги "ягона ва реал ҳокимият" сифатида тилга олган.
"Мавжуд реалликдан келиб чиқиб, шунга мос равишда муносабат қуришлари керак"лигини Ташқи ишлар вазиридан тортиб, президенти даражасида устма-уст такрорлаган.
Россиядан олинаётган айни мазмундаги хабарлар ўшанда Америка Қўшма Штатларини ҳам беэътибор қолдирмаган.
28 май куни Оқ уй маслаҳатчиси мамлакати Толибон ҳукуматини расман тан олиш режасида эмаслигини баён қилган.
Жон Кирби, "Агар, Россия бу ишни қилса, бошқаларга янглиш ишора беражаги"ни айтганди.

Сурат манбаси, Reuters
Худди шу манзарада расмий Москва Толибон билан Россия шамсияси остидаги Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти доирасида ҳамкорлик қилиш истагида эканини ҳам маълум қилган.
Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти постсовет ҳудудининг ўзида ҳам, четда ҳам Кремлнинг энг йирик геосиёсий лойиҳаси сифатида кўрилади, унга Қозоғистон ҳам, Қирғизистан ҳам киради.
Россия томони ҳукумати тан олинган тақдирда, Толибон бошқаруви остидаги Афғонистоннинг Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига тўлақонли аъзолигини ҳам қўллаб-қувватлаши ҳақида ҳам сўз юритган.
Сайланган ва қонуний ҳукумати бошқарган пайтда эса, Афғонистон Россия ва Хитой шамсияси остидаги мазкур ташкилот қошида фақат кузатувчи мақомига эга бўлган.
Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти эса, НАТО - дунёдаги энг йирик ҳарбий альянснинг минтақадагисига ҳам қиёс қилинган.
Аммо Россия Толибонни ўзининг "террорчи ташкилотлар рўйхати"дан чиқариб, тан олгудек бўлса, бунинг қандай шартлар асосида амалга ошиши ҳозирча маълум эмас.
Расмий Москванинг ҳам Толибонни террорчи ташкилотлар рўйхатидан чиқариш ҳаракатида экани ва бу таклифнинг шахсан Путинга етказилганига оид хабар, бошқа томондан, масъулиятини Яқин Шарқдаги ИШИД гуруҳи ўз зиммасига олиб чиққан ва Россиянинг бу яқин тарихидаги энг қонли ҳужумдан унча кўп вақт ўтмай олинган.
Толибон халқаро ҳарбий доираларда ИШИДга қарши кураш ва Ғарб кучларининг Афғонистондаги узоқ йиллик ҳозирликларига чек қўйишда Россиянинг "яқин иттифоқчиси" сифатида кўрилган.
Айрим минтақавий етакчиларга кўра, айни шу икки омил тарихан ўзаро рақиб бўлган бу икки томонни бир-бирига яқинлаштирган.
Воқеаларнинг Толибон ва Афғонистон билан боғлиқ сўнгги ривожи эса, Кавказда мавқеи заифлашиши ва сўнгги Украина уруши сабаб, Ғарбнинг устма-уст санкциялари остида халқаро миқёсда тобора иҳоталаниб бораётгани манзарасида расмий Кремль минтақада ўзининг геосиёсий амбицияларини янада парваришлаш, таъсирини кучайтириш, иттифоқчилари билан ҳар томонлама алоқаларини аввалгисидан-да мустаҳкамлаш, айнан глобал жанубга юз буриб, улар сафини кенгайтириш, таъминот занжирлари ва ташқи бозорларини турфалаштириш ҳаракатида бўлган бир пайтга тўғри ҳам келган.
Толибон кучайиб бораётган худди ана шу геосиёсий танглик манзарасида Афғонистон иқтисодини яхшилаш, мамлакатга кўпроқ сармоя жалб қилиш, ўзининг савдо-тужжорий шерикларини турфалаштириш орқали халқаро иҳотадан чиқиш ҳаракатида.

Сурат манбаси, EPA
Афғонистонда камида бир ярим мингга яқин этник қирғизлар ҳам яшаши айтилади.
Қирғизистон ҳукумати Толибон қудратга қайтганидан кейин ҳам уларнинг барчасини репатриация қилиш ниятини изҳор этиб келади.
Толибон Марказий Осиёга чегарадош бир минтақа давлати мисолида сўнгги ўттиз йилча вақтнинг ўзида қудратни иккинчи бор қурол кучи билан эгаллаб, уни ўзининг Исломий Амирлиги, деб эълон қилган, яна ўзининг талқинидаги Шариат тузумини ўрнатган жангари гуруҳ бўлади.
Яқин-яқингача минтақадаги энг йирик қуролли жангари гуруҳ саналган, муваққат ҳукумати, уч йилдирки, дунёнинг бирор бир давлати томонидан тан олинмаётган бир манзарада яқинда ўзининг минтақада энг йирик Армияга эга бўлиш режасини ҳам ошкора баён этган.
Афғонистон эса, дунёнинг геостратегик жойлашуви муҳим, минтақани Жанубий Осиёга боғловчи, уни жаҳон сув йўллари ва ноанъанавий бозорларга олиб чиқиш потенциалига эга, Хитой, Эрон, Покистон ва Марказий Осиёга чегарадош, қарийб уч йилдирки, яна Толибон қудратда бўлган, яқин-яқингача Ўзбекларники илова турли минтақавий жангари гуруҳлар ва халқаро террорчи ташкилотлар бошпана топган, жанг қилган ва жон сақлаган, сўнгги ўн йилликларда якуний сўзни айнан Ғарб айтиб келган, аммо минтақадаги энг йирик геосиёсий ўйинчилардан бири саналувчи Россиянинг ҳам, таъбир жоиз, нигоҳи остидаги давлат.
Афғонистон таҳдиди, бошқа томондан, минтақа давлатларига ўзининг сиёсий ва геосиёсий босимини ўтказишда, йилларки, Россия қўлидаги энг муҳим, самарали таъсир воситаларидан бири сифатида ҳам кўриб келинган.
Қирғизистон маҳкамаси Афғонистон Толибон ҳаракатини 2006 йилда расман "террорчи ташкилот", деб тан олган.
Қирғизистоннинг бу рўйхатида Толибондан ташқари, яна "ал-Қоида" тармоғи, Шарқий Туркистон Исломий ҳаракати, Курдистон Ишчилар партияси ва "Ҳизб ут Таҳрир"нинг ҳам борлиги айтилган.
Афғонистон Толибон ҳаракати эса, расмий Вашингтон билан 2020 йилда имзолашга муваффақ бўлган "тарихий" битим шартларига кўра, бирор бир жангари гуруҳнинг афғон тупроғидан четга ҳужум уюштиришига йўл қўймаслик масъулиятини ҳам ўз зиммасига олган.
Қудратга қайтган сўнгги уч йилча вақт ичида Ўзбекистон илова ўзи мулоқотда бўлган ва бўлаётган барчани ушбу ваъдасига содиқ қолажагига ишонтириб ҳам келади.
Аммо амалдаги муваққат Толибон ҳукуматининг бирор бир келишувларсиз трансчегаравий Амударё сувининг янги истеъмолчисига айланиш - зиддиятли Қўштепа каналини қуриб, битказиш қарори бугун минтақа хавфсизлигига жиддий таҳдид, янги уруш эҳтимолини пайдо қилиши мумкин бўлган янги ва рад этиб бўлмас фактор ўлароқ ўртага чиққани ҳам бор гап.
Қирғизистоннинг сўнгги қарори билан боғлиқ хабар, бошқа томондан, Шанхай Ҳамкорлик ташкилоти Минтақавий аксилтеррор тузилмаси (МАТ) ва МДҲ аксилтеррор марказининг пойтахт Тошкентда бўлиб ўтган ҳамда Афғонистондаги ИШИД-Хуросон қанотига қарши биргаликда курашишлари лозимлигига оид баёнотлар янграган қўшма анжуманидан қисқа вақт ўтмай ҳам олинмоқда.
Ўзбекистон эса, 20 йиллик ҳарбий ҳозирлиги ортидан АҚШ ва НАТО бошчилигидаги халқаро коалиция кучларининг Афғонистонни буткул тарк этиши ва қудратга яна толибларнинг қайтиши манзарасида Афғонистон Толибон ҳаракати билан тўғридан-тўғри дипломатик алоқа ўрнатган биринчи Марказий Осиё давлати бўлади.
Ўзбекистон раҳбарияти буни энг аввало мамлакат ва халқининг хавфсизлиги билан изоҳлаган.
Қозоғистоннинг Толибонни ўзининг "террорчи ташкилотлар рўйхати"дан чиқариб, Афғонистон билан савдо-иқтисодий алоқаларини янада кучайтириш қарори ҳам мамлакатнинг ўзида бир хилда қарши олинмаган, фаолларнинг қаршиликларига учраган.
Яқинда эса, ҳатто, мазкур қарорни талаб қилиш талаби билан улардан бирининг Қозоғистон Олий судига кассация шикояти берганига оид хабарлар ҳам олинган.
5 июн
Қозоғистон қарори ва изоҳи ёки Тоқаев "демарши"ми?

Сурат манбаси, kollaj
Нима бўлди ёки қарор амалга кўчдими?

Сурат манбаси, Rasmiy
Марказий Осиё Толибон билан барибир ҳисоблашишга мажбур бўладими?
Қозоғистон президентининг шу кунларда пойтахт Остонада янграган баёноти худди шу каби саволларни пайдо қилди.
Қасим-Жомарт Тоқаев мамлакати Толибонни "террорчи ташкилотлар" рўйхатидан чиқарганини расман тасдиқлади ва нега бундай қилганликлари сабабига ҳам ўзи ойдинлик киритди.
Қозоғистон ўзининг бу каби истагини ўтган йил охирида баён қилган, хабар ўшанда Ўзбекистонда ҳам кўпчиликнинг диққат-эътиборини ўзига жалб этмай қолмаган, ижтимоий тармоқлардаги акс-садолардан уларнинг айни масала юзасидан қарама-қарши мавқеъда эканликлари англашилганди.
Расмий Остонанинг қарори ва Тоқаевнинг тасдиғи Толибоннинг Афғонистондаги муваққат ҳукумати, икки йилдан ошиқки, халқаро ҳамжамият томонидан ҳали-ҳануз расман тан олинмаган бир манзарада янгради.
Шу соатларда олинаётган хабарларга кўра, Толибон ҳукумати Қозоғистоннинг мазкур қадамини олқишлаган.
Уларнинг матбуот котиби Забиуллоҳ Мужоҳид Би-би-сига бунинг "қимматли ва муҳим қадам" эканини айтган.
Забиуллоҳ Мужоҳид бошқа давлатларни ҳам шундай қадам ташлашга ундаган.
Тасдиқ

Сурат манбаси, Rasmiy
"Давлат раҳбари Афғонистондаги вазиятга алоҳида эътибор қаратди", — деб хабар қилди Оқорда матбуот хизмати жума куни Тоқаевнинг Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти (ОДКБ) парламент сессиясидаги иштироки якунлари бўйича.
Қозоғистон президентининг расман баён қилишича, мамлакати "бугунги Афғонистон билан савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришнинг муҳимлиги ва бу режимнинг узоқ муддатли омил эканлигини англаган ҳолда Толибоннинг террорчи ташкилотлар рўйхатидан чиқариш"га қарор қилган.
Қозоғистоннинг бу қарори борасида ҳалича Тошкент илова қолган минтақа давлатлари пойтахтлари ҳам жим.
2021 йилда америкалик журналистга интервью бераркан, ўша пайтда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири лавозимида бўлган Абдулазиз Комилов эса, Толибонни террорчи ташкилот, деб ҳисобламаслигини айтиб, минтақадаги кўпчиликнинг эътиборини ўзига тортган.
Расмий Тошкентнинг Толибон бошқаруви остидаги Афғонистон билан ҳам ҳар томонлама алоқаларини кучайтириш ва мустаҳкамлаш сиёсати манзарасида айнан Афғонистон Толибон ҳаракатининг Ўзбекистонда фаолияти расман тақиқланган "террорчи ташкилотлар" рўйхатида ёки эмаслиги кўпчиликнинг диққат-эътиборини ўзига тортган воқеълик экани кўрилади.
Аммо сўнгги хабар давомий раддиялари ортидан Россия ҳам шунинг ҳаракатида экани, бу таклиф шахсан мамлакат президенти Владимир Путинга етказилганига оид хабарлар манзарасида олинган.
Агар, Россиянинг айрим етакчи ахборот агентлиги хабарларига таянилса, Путин ўтган ҳафта, ўзининг Ўзбекистонга амалга оширган давлат ташрифи якунлари бўйича берган матбуот анжумани чоғида "Толибон ҳаракати ҳозирда Афғонистонда куч" эканини айтган.
"Улар билан муносабатлар бугунги воқеълик асосида қурилиши керак"лигини таъкидлаган.
Агар, хабарларда келтирилган иқтибосларига таянилса, Путин Россия бу масалада "кўпчилик, жумладан, Марказий Осиёдаги кўплаб ҳамкорлари билан алоқада" эканлигини маълум қилган.
Россия президенти "ҳар бир ҳамкорлари ва дўстларининг фикрларини инобатга олган ҳолда, ўз мавқеъларини биргаликда шакллантиришлари"ни билдирган.
Россиялик айрим блогерлар ўшанда икки давлат президентларининг пойтахт Тошкентда кечган музокаралари чоғида Толибон ҳукумати билан ҳамкорлик масаласининг ҳам кун тартибида бўлишини тахмин этишган.
Айни мазмундаги хабарлар ортидан айрим минтақавий нашрлар Толибон расмий Москванинг "Афғонистон Исломий Амирлиги билан алоқаларини ривожлантиришга бўлган сиёсий қатъиятини олқишлаб чиққани" ҳақида ёзишганди.
"Иттифоқчи"лар?

Сурат манбаси, Getty Images
Афғонистон Толибон ҳаракати қайта қудратга қайтган 2021 йилга қадар минтақадаги энг йирик жангари гуруҳ саналган.
Толибон ИШИДга қарши кураш ва Ғарб кучларининг Афғонистондаги узоқ йиллик ҳозирликларига чек қўйишда Россиянинг "яқин иттифоқчиси" сифатида кўрилган.
Аммо, айрим ғарблик етакчи халқаро таҳлилчиларнинг таҳлилларига таянилса, Афғонистон Толибон ҳаракати ИШИДнинг "ашаддий рақиби" бўлиш баробарида Ҳаққоний тармоғи орқали унинг билвосита иттифоқчиси.
Расмий Москванинг ҳам Толибонни террорчи ташкилотлар рўйхатидан чиқариш ҳаракатида экани ва бу таклифнинг шахсан Путинга етказилганига оид хабар, бир томондан, Украина устидан Россия ва Ғарб ўртасида кескинлик тобора кучайиб бораётган, иккинчи тарафдан, масъулиятини Яқин Шарқдаги ИШИД гуруҳи ўз зиммасига олиб чиққан Россиянинг бу яқин тарихидаги энг қонли ҳужумдан унча кўп вақт ўтмай олинган.
Расмий Вашингтон Толибон билан имзолашга муваффақ "тарихий битим" шартларига мувофиқ Афғонистонни буткул тарк этган 2021 йилга қадар АҚШ мамлакатда етакчи сўзга эга давлат саналган.
Аммо Афғонистондаги 20 йиллик ҳарбий ҳозирликларига қарамай, АҚШ ва НАТО бошчилигидаги иттифоқ кучлари афғон можаросига якуний ечим топишнинг уддасидан чиқа олишмаган.
Қозоғистон президенти жума кунги чиқиши чоғида террорчилик таҳдидларига қарши курашиш ва КХШТга аъзо давлатлар фуқаролари хавфсизлигини таъминлаш бўйича самарали амалий чоралар кўриш зарур, деб ҳисоблашини ҳам баён қилган.
Воқеаларнинг сўнгги ривожи Россия томони Афғонистонда халқаро террорчи ташкилотлар "фаоллаштираётгани"дан ўз хавотирларини кучайтирган ва бундан Марказий Осиёнинг давлатларини ҳам тез-тез огоҳлантиришга ўтган бир пайтга тўғри келган.
Аммо, бошқа томондан, аксарият таҳлилчилар Афғонистон таҳдидини Марказий Осиё давлатларига ўзининг геосиёсий ва геоиқтисодий босимини ўтказишда Кремл қўлидаги энг самарали таъсир воситаларидан бири эканини айтишади.
Ўзининг Тезкор мадад кучларига эга Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти ҳам Россия шамсияси остидаги ташкилот бўлади, аксарият минтақавий таҳлилчилар томонидан Кремлнинг постсовет ҳудудидаги энг йирик геосиёсий лойиҳаларидан бири сифатида кўрилади.
Аммо ташкилот Тезкор кучларининг бугунги замонавий хавф ва таҳдидларга қанчалик ҳозиржавоб экани танқидларга тутиб келиниши ҳам бор гап.
Ўзбекистон, Тожикистон ва Туркманистон минтақанинг Афғонистонга бевосита чегарадош уч давлати бўлишади.
Ўзбекистон жорий пайтда Коллектив Хавфсизлик Ташкилоти Шартномасига кирмайди.
Шу йил январ ойидан бошлаб ташкилотга раислик Қозоғистонга ўтган.
Тарихча ўрнида ёки Қозоғистон бу каби қарорга қандай келди?

Сурат манбаси, Rasmiy
Толибон сабаб Қозоғистон сўнгги бир неча ойнинг ўзида иккинчи бор бутун минтақада гап бўлди.
Расмий Остонанинг Толибон билан боғлиқ кутилмаган қарори шу кунларда ҳатто расмий Москванинг ҳам эътиборини ўзига тортди.
Қарор Россия Ташқи ишлар вазирлигининг расмий муносабат билан чиқишига қадар сабаб бўлди.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Расмий Остона кутилмаганда минтақада биринчилардан бўлиб Афғонистон Толибон ҳаракатини ўзининг мамлакатда фаолияти тақиқланган "террорчи ташкилотлар рўйхати"дан чиқаришга қарор қилди.
Кутилмаган қарор Толибоннинг Афғонистондаги муваққат ҳукумати, икки йилдан ошиқки, халқаро ҳамжамият томонидан ҳали-ҳануз расман тан олинмаган бир манзарада янгради.
Бу каби қарорнинг Афғонистонга бевосита чегарадош бўлмаган бир Марказий Осиё давлати томонидан берилгани айни хабар манзарасида минтақадаги кўпчиликнинг эътиборини ўзига тортган воқеъликка айланди, янгиликнинг аксарият етакчи нашрларда сарлавҳаларга чиқишига сабаб бўлди.
Сўнгги хабарнинг Украина уруши фонида ва "дунёдаги вазият" сабаб, Қозоғистон махсус амалиётлар кучларини ривожлантириш режасини эълон қилишидан қисқа вақт ўтмай олингани унинг аҳамиятини янада бўрттирди.
Қозоғистон Олий суди Толибон ҳаракатини "ал-Қоида", Ўзбекистон Исломий ҳаракати, Шарқий Туркистон Исломий ҳаракати ва яна айрим жангари гуруҳлар қаторида 2005 йилда расман "террорчи ташкилот", деб тан олгани айтилади.
Афғонистон дунёнинг уч Марказий Осиё - Ўзбекистон, Тожикистон ва Туркманистонга чегарадош давлати бўлади.
Толибон яна қудратга қайтган вақт оралиғида Афғонистонга қўшни қолган бирор бир минтақа давлати, шу жумладан, Хитой ёки Россиянинг ўзидан ҳам бунга ўхшаш хабар олинмаган.
Ўзбекистон эса, 20 йиллик ҳарбий ҳозирлиги ортидан АҚШ ва НАТО бошчилигидаги халқаро коалиция кучларининг Афғонистонни буткул тарк этиши ва қудратга яна толибларнинг қайтиши манзарасида Афғонистон Толибон ҳаракати билан тўғридан-тўғри дипломатик алоқа ўрнатган биринчи Марказий Осиё давлати бўлган.
Ўзбекистон раҳбарияти буни энг аввало мамлакат ва халқининг хавфсизлиги билан изоҳлаган.
Расмий Тошкентнинг Толибон билан мулоқот сиёсати ўшанда озмунча танқид ва эътирозларга ҳам сабаб бўлмай қолмаган.
2021 йилда америкалик журналистга интервью бераркан, ўша пайтда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири лавозимида бўлган Абдулазиз Комилов эса, Толибонни террорчи ташкилот, деб ҳисобламаслигини айтиб, минтақадаги кўпчиликнинг эътиборини ўзига тортган.
Ҳозир Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Хавфсизлик Кенгаши котиби ўринбосари бўлган жаноб Комилов ўшанда бу унинг шахсий фикри эканини таъкидлаган, ўз жавоби сабабини Толибон террорчи ташкилот бўлганида, АҚШ улар билан музокара ўтказиб, шартнома имзоламаган бўлиши билан изоҳлаганди.
Расмий Тошкентнинг Толибон бошқаруви остидаги Афғонистон билан ҳам ҳар томонлама алоқаларини кучайтириш ва мустаҳкамлаш сиёсати манзарасида айнан Афғонистон Толибон ҳаракатининг Ўзбекистонда фаолияти расман тақиқланган "террорчи ташкилотлар" рўйхатида ёки эмаслиги кўпчиликнинг диққат-эътиборини ўзига тортган воқеълик экани кўрилади.
Қозоғистоннинг бу қарорига ҳалича қолган минтақа давлатларининг муносабати кўзга ташланмайди.
Афғонистон Толибон ҳаракати

Толибон ҳаракати 2021 йилнинг 15 август куни Афғонистонда иккинчи бор қудратга қайтган, мамлакатни қайта Исломий Амирлик, деб эълон қилган, унинг яна Шаръий қадриятлар асосида бошқарилишини билдирган ва қисқа вақтнинг ичида ўзининг муваққат ҳукуматига ҳам асос солган, унинг расман тан олиниши учун халқаро ҳамжамият томонидан илгари сурилган аксарият талабларни эса, ҳали-ҳануз инобатга олмаган.
Афғонистон Толибон ҳаракати яқин-яқингача минтақадаги энг йирик қуролли жангари гуруҳ саналган, муваққат ҳукумати дунёнинг бирор бир давлати томонидан тан олинмаётган бир манзарада яқинда ўзининг минтақада энг йирик Армияга эга бўлиш режасини ҳам ошкора баён этган.
Имконли бўлган сўнгги халқаро ҳисоб-китобларда Афғонистон Толибон ҳаракати аъзолари ва тарафдорларининг сони 200 000 дан ошиши айтилади.
Қуролли қаноти сўнгги икки ўн йилликда халқаро коалиция ва сайланган афғон ҳукумат кучларига қарши қонли ҳужумлар, муваққат ҳукумати эса, инсон ҳақлари, жумладан, хотин-қизлар ҳуқуқларини жиддий поймол этаётганликда айбланувчи ҳаракат.
Худди шу омил манзарасида Остона қарорининг ахлоқий жиҳатини савол остига олаётганларнинг ҳам борлиги кўрилган.
Қозоғистон ўзининг кутилмаган қарорини "Бирлашган Миллатлар Ташкилоти тажрибасини инобатга олиб бергани" айтган, "БМТ Хавфсизлик Кенгашининг ижроси мажбурий экани кўзда тутилган резолюцияларига мувофиқ, Толибон мазкур кенгаш томонидан "террорчи", деб тан олинган ташкилотлар рўйхатида йўқ"лигини бунга асос ўлароқ келтирган.
Қозоғистон бугун Ўзбекистон ва Туркманистон ортидан Толибон бошқаруви остидаги Афғонистонга ҳар томонлама яқинлашиш истаги, ҳаракати ва режасида экани кўрилган яна бир минтақа давлати бўлади.
Марказий Осиёнинг табиий энергия захираларига бой иккита давлатидан биттаси бўлган Қозоғистон минтақанинг энг йирик иқтисоди саналади.
Украина уруши сабаб, анъанавий ва энг йирик савдо-иқтисодий шерикларидан бири саналувчи Россия Ғарбнинг устма-уст санкциялари остида қоларкан, сўнгги икки йил ичида ўзининг бозорлари, таъминот ва транпорт-логистика йўлларини турфалаштириш ҳаракатига тушиб қолган минтақа давлатларидан бири.

Арзон ишчи кучи, табиий маъданларга бой, муҳим транзит йўлида жойлашган, аммо иқтисоди таназзулга юз тутиш ёқасида қолган ва аксар аҳолиси қашшоқ Афғонистон аксарият Марказий Осиё давлатлари баробарида дунёнинг ядровий қудратлари бўлган Хитой ва Покистон, бошқа томондан, геостратегик муҳим Эронга чегарадош, Россия ва Ҳиндистонга эса, яқин жойлашган, минтақанинг аксарияти ўзаро адоватда бўлган бу ўйинчи давлатлари, йилларки, ўз таъсирлари остига олиш, ўз манфаатларини парваришлаш илинжида бўлган мамлакат.
Марказий Осиёни Жанубий Осиёга боғлаш, минтақа давлатлари, айниқса, минтақанинг энг йирик, аммо денгизга тўғридан-тўғри чиқиш имконияти бўлмаган Ўзбекистонни жаҳон сув йўллари ва улар учун ноанъанавий бозорларга олиб чиқиш потенциалига эга муҳим давлат.
Расмий Остона яқинда Толибон Афғонистони вакиллари билан Марказий Осиё тарихида кўрилмаган бизнес-форумга мезбонлик қилган, худди шу йирик тадбир манзарасида Толибон қудратга қайтган қисқа вақтнинг ичидаёқ икки тараф ўртасидаги савдо айланмаси қарийб 1 миллиард долларга етгани, томонлар ўз олдларига бу рақамларни ҳатто 3 миллиард долларга ошириш вазифасини қўйишганига оид хабарлар бўй кўрсатган.
Бу рақамларнинг қанчалик "катта" экани ўша пайтда минтақадаги кўпчиликнинг қанчалик ҳайрат ва таажжубларига сабаб бўлгани эса, айрим минтақавий етакчи таҳлилчиларнинг эътиборини ҳам ўзига тортган.
Ундан аввал эса, Қозоғистоннинг Толибон вакилларига Афғонистоннинг пойтахт Остонадаги элчихонасини тақдим этиш режасида эканига оид расмий баёнотлари минтақада яхшигина шов-шувга ҳам сабаб бўлмай қолмаган, бу ўшанда расмий Остона Толибон ҳукуматини тан олмоқчими, деган саволларни ҳам пайдо қилмай қўймаган.
Яқин-яқингача узоқ йиллик урушлар ичида бўлган Афғонистон минтақа хавфсизлигига асосий таҳдид сифатида кўрилган, айни ўринда халқаро террорчилик, жангарилик, диний экстремизм, радикализм ва ноқонуний гиёҳванд моддалар савдоси энг жиддий хавфлар сифатида тилга олинган.
Афғонистон дунёнинг энг йирик ўзбек ва сафларида Марказий осиёликлар ҳам жанг қилган турли жангари гуруҳлари ҳам бошпана топган, жанг қилган ва жон сақлаб келаётган саноқли давлатларидан бири бўлади.
Амалдаги муваққат Толибон ҳукуматининг бирор бир келишувларсиз трансчегаравий Амударё сувининг янги истеъмолчисига айланиш - зиддиятли Қўштепа каналини қуриб, битказиш қарори эса, бугун минтақа хавфсизлигига жиддий таҳдидга айланиши мумкин бўлган янги ва рад этиб бўлмас фактор ўлароқ ўртага чиққан.
Шу ой бошида эса, президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон мудофаа қобилиятини юксалтириш бўйича қатор топшириқлар берганига оид расмий хабарлар ҳам олинган.
Москвага нима?

Сурат манбаси, Getty Images
Расмий Остонанинг Афғонистон Толибон ҳаракати билан боғлиқ кутилмаган қарори худди ўша куннинг ўзидаёқ расмий Москванинг эътиборига тушгани кўрилган.
Россия Ташқи ишлар вазирлигининг расмий муносабати ортидан, президент Путиннинг Афғонистон бўйича махсус вакили ҳам бу ҳақда ўзининг фикрини билдирган.
Расмий Москванинг бу қадар эътибори ҳам Қозоғистоннинг қарори манзарасида алоҳида эътибор тортган ва топган яна бир воқеъликка айланди.
Ташқи ишлар вазирлигининг баёнотидан расмий Москва Қозоғистоннинг қарорини маъқуллаши маълум бўлди, Россия президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили эса, "бу - Қозоғистоннинг суверен ҳуқуқи" экани, унга "тушуниш ва ҳурмат билан ёндашишлари"ни айтди.
Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарованинг баён қилишича, Қозоғистоннинг қарори Афғонистонни изоляциядан чиқариш ва минтақада барқарорликни ўрнатишга ёрдам беради.
Агар унинг умидларига ишонилса, бу Афғонистон ҳукуматидагилар билан мулоқотни кучайтиришга яхши таъсир қилади, икки ўртада ўзаро ишончни мустаҳкамлайди.
Россия Ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакилига кўра, мазкур қадам, шунингдек, Афғонистоннинг жаҳон сиёсий ва иқтисодий жараёнларига янада интеграциялашувига ҳам ҳисса қўшади.
Расмий Москванинг бугунги Афғонистон масаласидаги фаоллашуви ва муваққат Толибон ҳукумати билан дипломатик, савдо-иқтисодий алоқаларини кучайтириш саъй-ҳаракатларига қарамай, Россиянинг ўзида Афғонистон Толибон ҳаракати ҳали-ҳануз мамлакатда фаолияти расман тақиқланган "террорчи ташкилотлар" рўйхатида.
Россия бугун ҳам Толибон муваққат ҳукуматини расман тан олмаслик, аммо толиблар билан мулоқотларини давом этдириш мавқеида қатъий, Ўзбекистон каби дунёнинг дипломатик ваколатхонаси ҳозир ҳам Афғонистонда фаол бўлган саноқли давлатларидан бири.
Президент Путиннинг Афғонистон масалалари бўйича махсус вакили Замир Кабуловнинг Қозоғистоннинг қарори ортидан Янгиликлар Миллий Хизмати - НДСга берган интервьюсида айтишича, Россиянинг ўзида бу йўналишда ҳали ҳеч қандай ўзгаришлар режаланаётгани, бундай масалалар бўйича бирор бир музокаралар бораётгани йўқ.
"Россия ҳукумати бу хусусда тегишли қарор қабул қилган тақдирда, бу ҳақда маълум қилинади".
Россия, Толибон ва Афғонистон

Сурат манбаси, Reuters
Воқеаларнинг Толибон ва Афғонистон билан боғлиқ сўнгги ривожи эса, Кавказда мавқеи заифлашиши ва сўнгги Украина уруши сабаб, Ғарбнинг устма-уст санкциялари остида халқаро миқёсда тобора иҳоталаниб бораётгани манзарасида расмий Кремль минтақада ўзининг геосиёсий амбицияларини янада парваришлаш, таъсирини кучайтириш, иттифоқчилари билан ҳар томонлама алоқаларини аввалгисидан-да мустаҳкамлаш, улар сафини кенгайтириш, таъминот занжирлари ва ташқи бозорларини турфалаштириш ҳаракатида бўлган бир пайтга тўғри келган.
Россия ҳам ҳозир Марказий Осиё қолиб, минтақа оша Ҳиндистону Хитой мисолида Жанубий Осиё бозорларига кўз тиккан.
Шу орада Россиянинг Хитой баробарида Афғонистондаги Толибон муваққат ҳукуматига шу пайтгача мисли кўрилмаган иқтисодий имтиёзлар ва лойиҳалар билан чиқаётганига оид хабарларнинг сони ортган.
Воқеаларнинг бу каби ривожи айнан Украина уруши боис, Кремль Ғарбнинг мислсиз санкциялари остида экани фонида кузатилаётгани билан янада хос аҳамият касб этган, хавотир уйғотган.
Россия ва унинг анъанавий иттифоқчиси саналувчи Хитойнинг Толибон Афғонистонига бу каби ёндашуви толибларни халқаро ҳамжамият ва Ғарбнинг босимларига "бардошли" қилиши, улар қўллаётган иқтисодий санкциялар таъсирини заифлаштиришига оид қўрқувларга ҳам замин яратмай қолмаган.
Толибон эса, кучайиб бораётган худди ана шу геосиёсий танглик манзарасида Афғонистон иқтисодини яхшилаш, мамлакатга кўпроқ сармоя жалб қилиш, ўзининг савдо-тужжорий шерикларини турфалаштириш орқали халқаро иҳотадан чиқиш ҳаракатига тушган.
Аммо, бошқа томондан, Ўзбекистон бўладими, Қозоғистон ёки Туркманистон - аксарият Марказий Осиё давлатларининг Толибон муваққат ҳукуматига яқинлашиш, улар билан ҳамкорликларини кучайтириш ҳаракатлари Россия айнан бугунги Украина уруши манзарасида минтақага ўзининг "Афғонистон таҳдиди"га оид риторикаларини янада кучайтираётган бир пайтга ҳам тўғри келган.
"Афғонистон таҳдиди" эса, кўпчилик таҳлилчилар наздларида, мустақил Марказий Осиё давлатларига геосиёсий ва геоиқтисодий босим ўтказишида, йилларки, расмий Кремль қўлидаги энг муҳим ва самарали воситалардан бири бўлади.
Толибоннинг Афғонистонда қудратга қайтиши манзарасида чегараларини мустаҳкамлаш ва хавфсизликларини таъминлаш масаласида Марказий Осиё давлатларига энг кўп ҳар томонлама ёрдам ваъдасини бераётган, айримларига аллақачон кўмак беришни ҳам бошлаган, минтақадаги ҳарбий базаларини кучайтириш истагини расман изҳор этган давлат ҳам айнан Россия бўлади.
Буларнинг барчаси Марказий Осиё ҳарбийлашувининг кучайиши ва бунинг натижасида минтақада Россия таъсирининг янада ортишига олиб келишига оид хавотирларни ҳам пайдо қилмай қўймаган.
Воқеаларнинг сўнгги ривожи манзарасида россиялик айрим сиёсатчилар томонидан Қозоғистон баробарида Ўзбекистоннинг ҳам ҳудудий яхлитлиги ошкора савол остига олингани кўрилган.
Жумладан, Захар Прилепиннинг Ўзбекистонни Россияга қўшиб олиш фикрида қанчалик собит эканига оид яқинда айтган сўзлари сабаб, расмий Тошкент Россия томонига расман эътироз билдиришгача борган.
Аммо, минтақа давлатлари пойтахтларида экан, айнан хавфсизлик кафолатлари, таъбир жоиз, толиблар томонидан берилаётган ваъдаларнинг каттаси экани кўрилади.
Шундай экан, буларнинг барчаси нимани англатади?
Би-би-си Ўзбек хизмати худди шундай саволлар билан қатор минтақавий экспертларга мурожаат қилди:

Камолиддин Раббимов
Сиёсий таҳлилчи, Ўзбекистон
Савол: Сизнингча, Қозоғистон нима учун кутилмаганда Толибонни террорчи ташкилотлар рўйхатидан чиқаришга қарор қилди? Ҳам геосиёсий, ҳам сиёсий, ҳам иқтисодий ва ҳам хавфсизлик нуқтаи назаридан олганда, расмий Остона бу қарори нимани англатади, унинг аҳамияти нимада, қанчалик катта аҳамиятга эга? Сизнингча, Қозоғистон ниманинг режаси ёки хавотирида? Қозоғистон нима учун ва айнан бугун бундай қилди?
Камолиддин Раббимов: Бу ерда бир қанча омиллар мавжуд. Қозоғистон ҳокимиятига Тоқаев келганидан кейин унинг Путин билан муносабатлари Назарбоевга нисбатан ижобий бўлгани йўқ. Қозоғистоннинг ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқидаги иштироки Тоқаевни қониқтирмайди. Тоқаев шу пайтга қадар Россиянинг бир қанча ўта қудратли, яъни рус тилида айтганда, "дедовшина" сиёсатига ўзининг салбий муносабатини билдирган. Украина уруши бошланганидан кейин Қозоғистон ниҳоятда қўрқиб кетди. Кейинги йилларда Қозоғистон мудофаага, хавфсизлик хизматига ўзининг жудаям катта маблағларини ажратаяпти ва бу орқали ўзини истиқболда Россия томонидан бўлиши мумкин бўлган хавфларга тайёрламоқчи. Қозоғистон кўпвекторли сиёсат юритишни ўзи учун "приоритет" - устивор вазифа, деб билади. Қозоғистон Россия билан муносабатлари фонида ўзининг Хитой билан алоқаларини ниҳоятда ижобий ва юқори бир чўққи даражага олиб чиқди. Айни пайтда Қозоғистон минтақада ўзини иқтисодий ва қолаверса, сиёсий лидер сифатида кўради. Ўзбекистоннинг мавқеини ўзидан кейин деб билади. Шунинг учун Толибон Ислом Амирлиги ёки Толибон сиёсий тизимини минтақада биринчи бўлиб террорчи ташкилотлар рўйхатидан чиқаришни, бир томондан, геосиёсий Жануб орқали йўл очиш, геосиёсий алоқаларни, геоиқтисодий алоқаларни ривожлантириш, Афғонистон орқали транспорт-логистика, темир йўл лойиҳаларини ривожлантириш ва бу орқали Россиянинг транспорт-логистика босимини пасайтириш ёки бундан қутулишга интилиш лойиҳаси, деб кўриш мумкин. Қолаверса, Тоқаев дипломат сифатида келажакда аниқ бўладиган нарсаларни бошқаларнинг қош-қовоғига қарамасдан эртароқ бошлашга ҳаракат қилаётган сиёсатчи. Яъни, Тоқаев тушунадики, Толибон эртами-кечми дунёнинг энг қудратли давлатлари тарафидан, Европа Иттифоқи, Америка ва ҳаттоки, бошқа давлатлар томонидан ҳам террорчи ташкилотлар рўйхатидан чиқарилади. Шунинг учун ҳам бошқалардан олдинроқ қилишни ўзи учун бир тарихий, сиёсий, геосиёсий муваффақият ёки жасорат сифатида талқин қилади. Толибон Россияда ҳозирга қадар террорчи ташкилотлар рўйхатида. Лекин мана шу фонда Қозоғистон биринчи бўлиб Толибонни бу рўйхатдан чиқараяпти ва Толибон билан алоқаларини нисбатан янада ижобийлаштиришга ҳаракат қилади. Айтганимдек, Қозоғистоннинг кўплаб геосиёсий, геоиқтисодийц манфаатлари бор. Ва бу билан Толибонга, "мана, биз биринчи бўлиб сизни террорчи ташкилотлар рўйхатидан чиқардик, ана энди сиз билан алоқаларни ижобийлаштиришни истаймиз", деган бир сигнал бераяппти.
Савол: Афғонистон Толибон ҳаракати учун-чи, Қозоғистоннинг бу кутилмаган қарори нимани англатади? Қозоғистон минтақанинг энг йирик иқтисоди, иккита катта давлатидан биттаси, табиий энергия заҳираларига бой мамлакатидан бири, халқаро саҳнада ўз вазни, аҳамиятига эга давлати экани назарда тутилганда, расмий Остонанинг бу қарори сиёсий, дипломатик, иқтисодий ва геосиёсий нуқтаи назардан Толибон учун нимаси билан аҳамиятли, яъни Толибонга нима беради, Толибонга қай бир жиҳатдан қўл келади? Бошқа томондан, буни Толибон муваққат ҳукуматини расман тан олиш йўлидаги бир қадам сифатида талқин этиш қанчалик тўғри бўлади?
Камолиддин Раббимов: Хўш, бу Толибонга нима беради, деган масала. Толибон ҳокимиятга келганига икки йилдан ошди. Ва Афғонистоннинг бугунги кундаги энг катта муаммоси - ижтимоий, иқтисодий вазият. Толибон аксарият Афғонистон ҳудудини жудаям самарали, қаттиққўллик билан назорат қилаяпти. Бугун Афғонистон жамиятида Толибон сиёсий тизимига реал рақиб, рақобатчи бўлган ёки чақириқ сифатида майдонга чиқа оладиган ҳарбий-сиёсий куч мавжуд эмас. Лекин, айни пайтда, Афғонистоннинг ўзининг ички структуравий, фундаментал муаммолари мавжуд. Унинг этник таркибий қисми ва этник зиддиятлар, этник низолар фақатгина ижтимоий, иқтисодий катализатор, босим остидагина бошланиши мумкин. Бугун Афғонистондаги этник тожикларда, этник ўзбек ва ҳазораларда у ёки бу кўринишдаги норозилик бўлиши табиий. Лекин иқтисодий вазият юмшайдиган бўлса, ўша норозиликлар, сиёсий, маданий ёки бошқа бир норозиликлар у қадар кучли ва чуқур бўлмайди, оммавий бўлмайди. Шу боис ҳам, бугун Толибон сиёсий тизими учун Афғонистон иқтисодиётини ўнглаш, унга сармоя олиб кириш, аҳолини озиқ-овқат билан таъминлаш, мана, Толибон туризм ҳақида ҳам гапира бошлади ва буларнинг ҳаммаси Толибон сиёсий тизимининг қўшнилар билан муносабатларини имкон қадар ижобийлаштиришини тақозо қилади. Марказий Осиёда иккита йирик давлат бор. Бу Ўзбекистон ва Қозоғистон. Қозоғистон иқтисодий жиҳатдан, албатта, унинг Ялпи Ички Маҳсулоти ҳажмига кўра, минтақанинг биринчи иқтисодиёти. Толибон Қозоғистоннинг мана бу имкониятларини ўзи учун бир ижобий сармоя, ижобий имконият сифатида кўриши мумкин. Қолаверса, юқорида айтилганидек, Афғонистон коридорлари, транспорт-логистика йўллари лойиҳалари ҳам Қозоғистон учун муҳим, муқобил, Россиянинг ўша транспорт-логистика босимини айланиб ўтиш, муқобил йўллар очиш борасида Афғонистон вектори ижобий бир йўналиш сифатида кўрилади. Демак, иккита давлатнинг ҳам манфаатларики, ҳам Қозоғистон ва ҳам Афғонистоннинг манфаатларига тўғри келадики, ўзаро иқтисодий, савдо-иқтисодий муносабатларни ижобийлаштириш ва иккала давлат учун ҳам, иккита ҳукумат учун ҳам бир ижобий истиқбол сифатида кўрилади.
Савол: Айниқса, Ўзбекистон илова уч Марказий Осиё давлатининг Афғонистонга бевосита чегарадошлиги, ҳам хавфсизлик, ҳам иқтисодий, ҳам геосиёсий ва ҳам геоиқтисодий нуқтаи назардан Афғонистоннинг Марказий Осиё давлатлари учун тутган аҳамияти назарда тутилганда, Қозоғистоннинг бу кутилмаган қарори бутун минтақа учун нимани англатади?
Камолиддин Раббимов: Ўйлайманки, Қозоғистоннинг мана бу хатти-ҳаракати авваламбор Ўзбекистон томонидан яхшигина ўрганилади. Ўзбекистон, расмий Тошкент вазиятни кузатаяпти. Лекин, айни пайтда, Толибон билан муносабатлар шу пайтгача ҳам ижобий шаклланиб келди ва ижобий давом этишидан Ўзбекистон албатта манфаатдор. Бугун Ўзбекистон билан Толибон ҳукумати ўртасида маълум бир зиддиятли ёки оғриқли масалалар бор. Бу, жумладан, Қўштепа канали ва сув ресурслари. Лекин Ўзбекистоннинг асосий стратегияси шундан иборатки, Толибон ҳокимиятга келди, Афғонистоннинг аксарият ҳудудларида назорат қилаяпти ва Ўзбекистоннинг стратегияси мана шу Толибоннинг тафаккури, хатти-ҳаракатини йиллар давомида тадрижий ўзгартириб бориш ва Толибонни масъул бўлган, масъулиятли бўлган сиёсий кучга айланишидан манфаатдорлик. Бу Толибоннинг тажовузкор ёки ўта мафкуравий, ўша ички сиёсатда ҳам, ташқи сиёсатда ҳам агрессивлик даражаси тушиб боришидан манфаатдорлик. Одатда, дунё тарихида кўп кузатилган, мафкуравий, жангари гуруҳлар ҳокимиятга келганидан кейин ҳокимиятни ушлаб туриш мақсадида қўшнилар билан ички омилларни инобатга олган ҳолда йиллар давомида вазминлашиб, барқарорлашиб боради. Ва бу процесс, бу жараён Толибонни айланиб ўтмайди. Шунинг учун ҳамки, Ўзбекистон Толибон билан муносабатларини ижобийлаштириш мақсадида Ўзбекистондан кейин Туркманистон ҳам ёки кейинроқ Тожикистон ҳам бу йўлдан бориши мумкин. Лекин минтақа давлатларининг Толибонга муносабати ҳар хил, кардинал фарқ қиладиган давлатлар ҳам бор. Яъни, Толибонга нисбатан ўта совуқ ёки салбий қарайдиган ҳукумат бу - Тожикистон давлати ёки ҳукумати. Ўзбекистон эса, аксинча, Толибон билан диалог олиб бориш, улар билан гаплашиш, имкон қадар келишишга ҳаракат қилиш керак, уларга босим ўтказиш самара бермайди, уларга таҳдид қилиш тескари эффект беради, деган позицияда.
Савол: Бошқа томондан, расмий Остонанинг бу қарори Афғонистон бозорларини эгаллаш, Афғонистон орқали ўтувчи транзит йўлларидан фойдаланиш, сув йўллари ва ноанъанавий бозорларга чиқиш масаласида минтақа давлатлари, айниқса, Ўзбекистон, Қозоғистон ва Туркманистон ўртасида рақобатни қанчалик кучайтириши мумкин? Ёки Толибон муваққат ҳукуматининг халқаро ҳамжамият томонидан ҳали-ҳануз расман тан олинмагани назарда тутилганда, ҳалича бу ҳақда гапиришга эртами?
Камолиддин Раббимов: Қозоғистон Афғонистонга фақат Ўзбекистон орқали чиқа олади. Туркманистон орқали чиқиш осон бўлмайди. Минтақа давлатлари орасидан мана шундай темир йўл, мустаҳкам темир йўл боғлиқлиги ҳозирча фақатгина Ўзбекистон билан бор, холос. Ва Ўзбекистоннинг ҳам Қозоғистон билан темир йўл боғлиқлиги мавжуд. Демак, агар Қозоғистон Афғонистон бозорига темир йўл орқали чиқмоқчи бўладиган бўлса, табиий равишда бу фақатгина Ўзбекистон орқали бўлади. Чунки агар Ўзбекистонни айланиб ўтмоқчи бўладиган бўлса, унда мультимодал транспорт-логистика йўлларидан фойдаланиши керак, яъни қисман темир йўл, қисман автомобиллар, ўша юк ташувчи автомобиллар ва унда Туркманистон орқали бўлиши мумкин. Унда ҳам Туркманистон билан Афғонистонни боғлаб турувчи кенг, мустаҳкам, барқарор йўллар, кўприклар мавжуд эмас. Умуман олганда, Ўзбекистон билан Қозоғистоннинг Афғонистон борасида позицияси жудаям яқин. Демак, Толибон билан алоқалар, Афғонистонни барқарорлаштириш каби масалаларда Қозоғистон билан Ўзбекистоннинг позицияси яқин. Қолаверса, геосиёсий омил ҳам бор. Қозоғистон бугун Хитой билан имкон қадар ўта ижобий бир шаклда савдо-иқтисодий, сиёсий ва геосиёсий алоқаларни йўлга қўйишдан манфаатдор бўлган давлат. Мана, ўтган йил охирида Тоқаев Қозоғистон ташқи сиёсатига баҳо берар экан, Хитойдан қўрқиш ташқи дунёда шаклланган ва ўтмишда шаклланган Хитойдан қўрқиш мавжуд ва бу асоссиз қўрқиш, деб Хитойга ўта ижобий ва ўта оптимистик бир баҳоларни бераяпти. Хитойнинг Афғонистон бўйича лойиҳаси ёки қараши шундан иборатки, Афғонистон тинч бўлиши керак, Толибон сиёсий тизими билан келишувлар бўлиши керак ва Афғонистон Марказий Осиёни, Марказий Осиё орқали балки Афғонистонни ҳам океанга чиқувчи, яъни, Ҳинд океанига чиқувчи йўллардан, коридорлардан бири бўлиши керак, деган қараш Пекинда жудаям кучли. Яъни, бу нуқтаи назардан ҳам Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг қарашини яқинлаштирувчи, цементлаштирувчи, улар ўртасидаги рақобатдан кўра ҳамкорликка кўпроқ эътиборни йўналтирувчи давлат бу асосан Хитой. Демак, Афғонистоннинг мутлақ тинчиши ва бу ерда транспорт-логистика воситаларининг кучайишидан, албатта, фақатгина Кремль у қадар манфаатдор эмас, чунки Москванинг минтақага, Марказий Осиё минтақасига босим ва таъсир воситаси камаяди. Афғонистонда тинчлик бўлиши ва Афғонистон орқали Ҳинд океанига чиқилиши. Лекин Хитой Афғонистонда тинчлик бўлиши ва Афғонистон орқали транспорт-логистика лойиҳаларининг амалга ошишидан мутлақ, стратегик даражада манфаатдор. Чунки истиқболда мабодо Америка ва Хитой ўртасида тўлақонли уруш бўладиган бўлса, Хитой учун барқарор, тинч транспорт-логистика йўллари керак бўлади. Жумладан, Афғонистон йўли ҳам.
Савол: Қуролли қанотининг халқаро коалиция ва афғон ҳукумати кучларига қарши қонли ҳужумлар, муваққат ҳукуматининг инсон ва хотин-қизлар ҳақларини поймол этиб келаётганига оид жиддий айбловлар манзарасида Қозоғистон ҳукуматининг Толибон ҳаракатини "террорчи ташкилотлар" рўйхатидан чиқариш қарорининг қанчалик ахлоқий эканини савол остига олаётганларга нима деган бўлардингиз?
Камолиддин Раббимов: Тоқаев прагматик дипломатик сифатида дунё давлатлари эртами-кечми, Толибон билан музокаралар столига ўтириши, Толибонни де-факто ва ундан кейин кейин де-юре тан олишга мажбур бўлишини инобатга олган ҳолда уни террорчи ташкилотлар рўйхатидан чиқариб ташлаяпти. Тоқаевнинг мана бу демарши дейиш мумкин, сабаби қудратли давлатлар ҳали бу борада лом-мим демасдан, Қозоғистон, яъни, ўртамиёна бир давлат биринчилардан бўлиб Толибонни террорчи ташкилотлар рўйхатидан чиқариб ташлаяпти. Ҳали бу ишни Россия қилгани йўқ, буни Хитой қилгани йўқ, буни Америка ёки Европа Иттифоқи қилгани йўқ ва Тоқаев биринчилардан бўлиб бу ишни қилаяпти. Бир томондан ўзини мустақил, халқаро майдондаги ўйинчи сифатида кўрсатишдан ниҳоятда манфаатдор, иккинчидан, эртами-кечми, қолган давлатлар, қудратли давлатлар ҳам худди шундай қилади, деган қатъий бир ишончда шу ишни амалга ошираяпти.

Довуд Аъзамий
ББС Афғон хизмати муҳаррири
Довуд Аъзамий: Қозоғистоннинг Афғонистон Толибон ҳаракатини "террорчи ташкилотлар рўйхати"дан чиқариш қарорини кутилмаган, демаган бўлардим.
Қозоғистоннинг Толибон муваққат ҳукумати билан алоқалари ҳаракат Афғонистонда яна қудратга қайтган 2021 йилнинг августидан буён босқичма-босқич яхшиланиб борди.
Расмий Остона ҳам бутун дунё каби Толибон муваққат ҳукуматини ҳалича расман тан олмаган.
Аммо Қозоғистон Толибон ҳукумати билан дипломатик алоқалар ўрнатган ва Кобулдаги элчихонасини ҳам ёпмаган.
Қозоғистон ўзининг қарорини Афғонистон Толибон ҳаракати БМТ Хавфсизлик Кенгаши томонидан террорчи ташкилотлар рўйхатига киритилмагани билан оқлади.
Аслида Қозоғистоннинг Толибонни террорчи ташкилотлар рўйхатидан чиқариш қарори прагматизм ва ўзининг миллий манфаатларига асосланган.
Қозоғистон минтақавий савдосини кенгайтириб, ўзининг давлат ва хусусий секторлари учун Афғонистондаги сармоя имкониятларини ўрганмоқчи.
Бу қадами Қозоғистоннинг нафақат Афғонистон, балки Афғонистон орқали бошқа давлатлар билан ҳам савдо-сотиқ қилишини осонлаштиради.
Шунингдек, бу икки ҳукумат расмийларининг бир-бирларига ўзаро ташрифларини осонлаштиради, икки ўртадаги дипломатик ва савдо алоқаларини чуқурлаштиради.
Афғонистон ва Марказий Осиё давлатлари бир минтақада умргузаронлик қилишади ва уларнинг савдо алоқалари реал воқеълик ҳамда миллий манфаатларга асосланган.
Савол: Айниқса, Ўзбекистон илова уч Марказий Осиё давлатининг Афғонистонга бевосита чегарадошлиги, ҳам хавфсизлик, ҳам иқтисодий, ҳам геосиёсий ва ҳам геоиқтисодий нуқтаи назардан Афғонистоннинг Марказий Осиё давлатлари учун тутган аҳамияти назарда тутилганда, Қозоғистоннинг Толибон ҳаракати билан боғлиқ қарори бутун минтақа учун нимани англатади?
Довуд Аъзамий: Афғонистон Қозоғистон учун муҳим бозор ва савдо ҳамкоридир.
Қозоғистон Афғонистонга кўп миқдорда турли хил маҳсулотлар, жумладан ун ва ёғ экспорт қилади.
Қозоғистон мавжуд йўллардан фойдаланиб, ўзининг савдо-сотиғини кучайтирмоқчи.
Шу билан бирга, Қозоғистон иқтисодий алоқаларни кучайтириш ва ноанъанавий бозорларга чиқиш учун янги йўлларни ҳам кашф қилишга интилмоқда.
Хусусан, Қозоғистон ўзининг маҳсулотларини юк машиналарида Афғонистон ҳудуди орқали Покистонга (эҳтимол Ҳиндистонга ҳам) юборишни истайди.
Ўзбекистон ва Туркманистон эса, Покистон билан аллақачон Афғонистон орқали савдо-сотиқни бошлаб юборган.
Марказий Осиёни Жанубий Осиё билан боғлаш орзу эди ва буни амалга ошириш мумкин.
Афғонистон орқали савдо йўлакларини очиш Марказий Осиё ва Жанубий Осиё давлатлари учун бирдек ўта фойдали бўлади.
Бошқа томондан, Украинадаги уруш Қозоғистон баробарида бошқа Марказий Осиё давлатларининг ҳам ҳисоб-китобларини ўзгартириб юборди.
Уруш бу давлатларни янги алоқалар ўрнатиш ёки мавжуд муносабатларни чуқурлаштириш масаласида янада қатъийлаштирди.
Дунёнинг бошқа давлатлари билан савдо-сотиқнинг кучайиши янги имкониятларни очиб, Марказий Осиёнинг Россияга қарамлигини камайтиради.
Менимча, Россия ҳам Марказий Осиё давлатларининг Афғонистон билан савдо-сотиқ қилишига қарши эмас.
Савол: Афғонистон Толибон ҳаракати учун-чи, Қозоғистоннинг бу кутилмаган қарори нимани англатади? Қозоғистон минтақанинг энг йирик иқтисоди, иккита катта давлатидан биттаси, табиий энергия заҳираларига бой мамлакатидан бири, халқаро саҳнада ўз вазни, аҳамиятига эга давлати экани назарда тутилганда, расмий Остонанинг бу қарори сиёсий, дипломатик, иқтисодий ва геосиёсий нуқтаи назардан Толибон учун нимаси билан аҳамиятли, яъни Толибонга нима беради, Толибонга қай бир жиҳатдан қўл келади? Бошқа томондан, буни Толибон муваққат ҳукуматини расман тан олиш йўлидаги бир қадам сифатида талқин этиш қанчалик тўғри бўлади?
Довуд Аъзамий: Ҳозирча ҳеч бир ҳукумат ва халқаро ташкилот Толибон ҳукуматини тан олмаган.
Шу боис ҳам, Қозоғистоннинг ҳаракатни террорчи ташкилотлар рўйхатидан чиқариш қарори Толибон учун рамзий аҳамиятга эга.
Тан олишмаганига қарамай, кўплаб минтақа давлатлари Толибон билан дипломатик алоқалар ўрнатишган.
Баъзи давлатлар ҳатто уларнинг Афғонистоннинг турли пойтахтларидаги элчихоналари дипломатларини ҳам қабул қилишган.
Беш Марказий Осиё давлати орасидан фақат Тожикистонгина Толибон ҳукумати билан расмий дипломатик алоқаларга эга эмас.
Аммо ҳатто Тожикистон ҳам Афғонистон билан савдо қилмоқда ва ўтган ой Толибон ҳукумати билан Афғонистонга электр энергияси сотиш бўйича шартномани янгилади.
Қолган тўрт Марказий Осиё давлати - Ўзбекистон, Туркманистон, Қирғизистон ва Қозоғистон эса, Толибон билан аллақачон яхши амалий муносабатларга эга ва Толибон 2021 йилда қудратга қайтиши ортидан ҳам ўзининг Кобулдаги элчихоналарини ёпмаган.
Бундан ташқари, Озарбайжон ҳам бу йил Кобулда ўзининг элчихонасини очишини эълон қилди.
Толибон ҳукумати дунёнинг қолган давлатлари билан дипломатик ва савдо алоқаларини кенгайтиришга интилмоқда.
Чунки бу Толибонга легитимлик беради ва уларга ўта зарур бўлган нақд пул даромадларини келтиради.

Сапарбой Жубаев
Иқтисодий таҳлилчи, Қозоғистон
Тожикистондан бошқа ҳамма Марказий Осиё республикалари Толибон ҳукумати билан иқтисодий ҳамкорлик қилишаяпти. Бу факт.
Афғонистон Қозоғистон учун буғдой, ун, ўсимлик ёғи, гўшт, бензин, турли хил металлар ва бошқа товарларни кўп ҳажмда импорт қилувчи давлат.
Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги Афғонистондаги қозоқларни кўчириш бўйича Толибон билан ҳамкорлик ўрнатган.
Афғонистон орқали Покистон ва Ҳиндистонга темир йўл орқали чиқиш имконияти ҳамма Марказий Осиё республикалари ва Россия учун долзарб масала.
МДҲнинг Санкт-Петербургдаги сўнгги саммитида раислик навбати Қозоғистонга келди. Шу йиғилишда келишилган бўлиши мумкин.
Сув масаласи жиддийлашиб бормоқда. Беш Марказий Осиё республикаларида келишув бор. Афғонистонни шу келишувга қўшишнинг ягона йўли - Толибонни тан олиш.
Диний экстремизмни чеклаш мақсадида Толибон билан ҳамкорлик натижа беради. Уларни душман кўриш эмас.
Биздаги авторитар тизим билан Толибоннинг тил топишиши осон. Мисол, Хитой, Россия, Эрон. Яъни, либерал Ғарбга альтернатив Глобал Жанубга Афғонистонни қўшиш мақсадга мувофиқ.
Ва ҳоказо...
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.













