Янгиликлар. Ўзбекистон: Бугун Путинга "Йўқ", дейиш хавфлими? Россия ва Марказий Осиё. Видео Video O‘zbekiston Rossiya Yangiliklar

Сурат манбаси, MARK RALSTON
Ўзбекистон ва Марказий Осиёга Россия таҳдиди кучайдими? Россия нега устма-уст баёнот бериб қолди?
Алоқадор мавзулар:
- Ўзбекистон: Мирзиёев нега жиддий ташвишда эканликларини айтди, Россия бекорга қўрқитмаяптими?
- Ташқи таҳдидга қандай қарши туриш мумкин, Қозоғистон Россиядан қўрқмайдими ва Россия Марказий Осиёни ким сифатида кўради?
- Ўзбекистон. Кун саволи: Россия ва Хитой гегемонлиги қаршисида бугун Туркий давлатлар нима қила олади?
- Россия, Ўзбекистон ва минтақа: ИШИД Марказий Осиёга кирдими?
Путинга Марказий Осиё нега керак? Россия минтақада яна нималарни кўзлаяпти?
Бу каби саволларга Россия Ташқи ишлар вазирлигининг сўнгги ойларда қилаётган устма-уст баёнотлари замин яратган.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Аввалига Россия Ташқи ишлар вазири Ғарб Марказий Осиё давлатларидан Москва билан ҳамкорлик қилишдан бош тортишларини талаб қилаётганини даъво қилиб чиққан.
Сергей Лавров ортидан унинг муовини минтақа давлатларини Ғарбга нисбатан эҳтиёткор бўлишга чақирган.
Россия Ташқи ишлар вазирига кўра, "Ғарб Марказий Осиё давлатларига босим ўтказиб, уларнинг Россияга қарши санкцияларига қўшилишларини истаётир".
Ғарб "фақат гапнинг ўзи билангина кифояланмай, уларга таҳдид ҳам қилмоқда".
"Санкцияларни четлаб ўтишида Россияга ёрдам беришга журъат этишса, уларни ўз бозорлари ва киритмоқчи бўлган сармояларидан қуруқ қолишлари" билан огоҳлантираётир.
Михаил Галузиннинг таъкидлашича эса, "замонавий, тобора кўпқутблиликка интилаётган дунёда Вашингтоннинг энг яхши ҳолатда рангли инқилоблар билан тугайдиган демократлаштириш тажрибаларига ўрин йўқ".
"Биз ва Марказий осиёлик дўстларимиз Американинг хайрихоҳликлари қандай тус олишини биламиз. Мисол учун, АҚШнинг афғон сагаси қандай якун топди? Бошбошдоқлик ва вайронагарчиликдан бошқа ҳеч нарса билан", - дея баён қилган Россия Ташқи ишлар вазирининг муовини.
Шундай деркан, Михаил Галузин минтақа давлатларини Ғарб билан ҳамкорликни йўлга қўйишда "максимал даражада эҳтиёт бўлиш"га чақирган.
"Биз Марказий Осиё ва умуман МДҲ давлатларининг барқарорлиги ва хавфсизлигини таъминлаш шубҳали мақсадларни кўзлаётган четдаги ўйинчилар эмас, биринчи навбатда, ўз давлатларимизнинг вазифаси эканлигига ишончимиз комил", - дея баён қилган Россия Ташқи ишлар вазири муовини ТАСС ахборот агентлигига берган суҳбатида.
Унга кўра, "Бу вазифани муваффақиятли ҳал этиш учун ўзларида барча воситалар - МДҲ, Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти ва махсус икки томонлама келишувлар бор".

Сурат манбаси, ROSSIYA ELCHIXONASI/ARXIV
Расмий Москванинг айни мазмундаги устма-уст баёнотлари Россия Украинага очган уруш ҳануз давом этаётган ва кучайиб бораётган бир манзарада янграгани билан алоҳида аҳамият касб этган.
Айнан Марказий Осиё ҳозир Украина уруши боис, Ғарбнинг мислсиз санкциялари остида қолган Россия ва Путин ҳар томонлама алоқаларини мустаҳкамлаш истаги, режаси ва ҳаракатида бўлган, шу йўл билан халқаро ихотадан чиқиш, жазо чоралари оқибатларини юмшатиш илинжида экани кўрилган минтақа бўлади.
Бошқа томондан, Россиянинг худди шу каби баёнотлари манзарасида АҚШ президенти Жо Байден маъмуриятининг илк юқори мартабали расмийси Марказий Осиёга сафар қилган, АҚШ Давлат котибининг ташрифидан аввал Европа Иттифоқи ҳам расман минтақага яқинлашиш истагини изҳор этган.
Энтони Блинкен минтақанинг энг йирик икки давлати - Қозоғистон ва Ўзбекистонда бўлган, пойтахт Остонада Марказий Осиё давлатлари Ташқи ишлар вазирлари билан қўшма саммитда ҳам иштирок этган.
АҚШ Давлат котиби ўз ташрифи давомида минтақа давлатларини Россия тажовузидан огоҳлантирган, мамлакати улар барчасининг мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлаш тарафдори эканлигини таъкидлаган.
Энтони Блинкен, "ўз қўшнилари чегараларини куч билан йўқ қилишга уринаётган қудратли давлатнинг" кейинги қадамини ҳам бемалол қўйиши мумкинлиги хавфига хосан тўхталиб ўтган.
АҚШ Давлат котиби шунинг учун ҳам кўплаб давлатларнинг Россия тажовузига қарши чиқиши жуда муҳим бўлганини таъкидлаган.
Ташқи таҳдидга қарши тура олишлари учун минтақа давлатларига ўз хавфсизлиги, иқтисодий фаровонлиги ва жамиятлари барқарорлигини кучайтиришда турли йўллар билан кўмак қилаётганликларини айтган.
АҚШ Давлат котибининг минтақага ташрифидан яна бир асосий мақсад уларни Ғарб санкцияларини четлаб ўтишида Россияга кўмак бермасликлари билан огоҳлантириш экани ҳам таъкидланган.

Сурат манбаси, OFFICIAL
Марказий Осиё Россиянинг четдаги энг йирик ҳарбий базаси жойлашган минтақа бўлади.
Минтақа Россиянинг энг кўп ҳарбий иншоотларига эга ҳудудлардан бири ҳам бўлади.
Сўнгги пайтларда Европа Иттифоқи юқори мартабали вакилларининг ҳам Марказий Осиё давлатларига ташрифлари ўта фаоллашган.
Европа Иттифоқи АҚШ билан бирга Украина уруши боис Россияга энг кўп санкция киритаётганларнинг олд сафларида бўлади.
Европа Кенгаши президенти яқинда пойтахт Остонага қилган ташрифи чоғида иттифоқ учун келажакда ўз таъминот занжирларини турфалаштиришнинг муҳимлигини ҳам таъкидлаган.
Шарль Мишель бу масалада Қозоғистон ва бутун минтақа Европа Иттифоқининг муҳим ҳамкори бўлиши мумкинлигини қайд этган.
У айнан пойтахт Остонада экан, иттифоқнинг Россияга қўллаётган санкциялари учинчи бир давлатга қарши каратилмаганини алоҳида таъкидлаган.
Европа Кенгаши президенти, ўз ўрнида, халқаро санкцияларни четлаб ўтмасликнинг муҳимлигини ҳам урғулаганди.
Шу кунларда Қозоғистонда қачондир Европа Иттифоқига кириш масаласининг кун тартибига чиқишига оид хабарлар ҳам олинди.

Сурат манбаси, OFFICIAL
Нейтрал Туркманистон илова беш мустақил Марказий Осиё давлати ҳали-ҳануз Россиянинг анъанавий иттифоқчилари сифатида кўрилишади.
Россия уларнинг асосий стратегик шериги, яқин иттифоқчиси, энг йирик савдо-иқтисодий, ҳарбий ва ҳарбий-техник ҳамкори бўлади.
Айнан Россия, йилларки, Марказий Осиёнинг миллионлаб сондаги аҳолиси учун энг катта меҳнат бозори вазифасини ҳам бажариб келади.
Марказий Осиё давлатларининг аксарияти Россия шамсияси остидаги ҳарбий, сиёсий ва иқтисодий ташкилоту иттифоқларга ҳам аъзо.
Аммо уларнинг ҳеч бири шу пайтгача Россиянинг Украинага босқинини на-да ошкора қўллаган ва на-да қоралаган.
Ғарбнинг Россияга қарши халқаро санкциялари масаласида ҳам уларнинг бунга ошкора эътироз билдириб чиқишгани ҳалича кўрилмаган.
Ҳозир ҳам расман ўзларининг кўпқутбли ташқи сиёсат тарафдори эканликлари мавқеида собит…
АҚШ Давлат котибининг минтақага ташрифидан ҳафта ўтмай эса, Путиннинг Ўзбекистон ва Қозоғистон президентларига сим қоққанига оид хабарлар олинган.
Телефон мулоқотига оид расмий хабарларда тарафларнинг ўзаро ҳамкорликларини ҳар томонлама янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш ҳақида сўз юритишгани, асосий эътибор, айниқса, иқтисод, савдо-сотиқ, энергия, транспорт ва логистика соҳаларига қаратилгани айтилган.
АҚШ Давлат котиби эса, ўзининг Марказий Осиёга илк ташрифи чоғида иқтисодини ривожлантириш, Ғарбнинг Россияга қарши санкцияларининг салбий оқибатларини юмшатиш мақсадида мамлакати минтақага чорак миллион доллар ажратишини ваъда қилганди.

Сурат манбаси, OFFICIAL
Шундай экан, Путинга Марказий Осиё нега керак? Россия минтақада яна нималарни кўзлаяпти? Россия бугун биргина халқаро санкцияларнинг оқибатларидан хавотирдами ва нега бунчалик мустақил, суверен минтақа давлатларининг қайғусига тушиб қолди?
Би-би-си Ўзбек хизмати худди ана шундай саволлар билан минтақадан қатор етакчи сиёсий таҳлилчиларга мурожаат қилди:
Камолиддин Раббимов,
Сиёсий таҳлилчи, Ўзбекистон

Сурат манбаси, ...
Камолиддин Раббимов: "Украина уруши бошланганидан кейин ташқи дунё Россияга нисбатан мисли кўрилмаган комплекс санкцияларни, яъни маҳрум қилиш чораларини қўллади. Ва натижада Россияга қўлланилган санкциялар миқдори, ҳатто, Эрон ва Шимолий Кореяникига нисбатан ҳам ошиб кетди.
Мана, санкцияларнинг таъсири кейинги ойларда жиддий билинаяпти ва Россия иқтисодиёти бугун ҳаддан ташқари ихоталанган.
Бу собиқ метрополия, собиқ империянинг бугун асосий муносабатлари нисбатан нормал бўлган макро ҳудуд, макро минтақа бу - Марказий Осиё ҳисобланади.
Чунки Украина Россиянинг таъсиридан чиқиб бўлди. Кавказ жуда ҳам кичик, аҳолиси жудаям оз ва нисбатан Россиянинг муносабатлари анча ижобий бўлган ҳудуд, албатта, Марказий Осиё.
Энди Марказий Осиё минтақасида ҳам Россияга нисбатан салбий қараш, хавотирли қараш ёки ундан масофа сақлашга мойиллик борган сари кучайиб бораяпти.
Авваламбор Қозоғистон. Қозоғистон Россиянинг "қора рўйхати"га тушганига, мана, бир ярим йил бўлиб қолди. Энди, қолган давлатларга ҳам Россиянинг босими кучли.
Россия шундай бир қудратли империя бўлиб шаклланганки, у фақатгина бир ёқлама муносабатни, ўзининг манфаатларини бир ёқлама қондириб ўрганди.
Айниқса, кейинги 20 йилда Путин Марказий Осиё минтақасида ўзининг босимларини маҳорат билан парваришлаб борди.
Бугун аслида Марказий Осиё минтақасига ташқи дунё, айтайлик, Ғарб, Америка Қўшма Штатлари ёки Европа ҳеч қандай босим қилаётгани йўқ.
Бу ерда давлатлар фақат биттагина пойтахтдан қўрқади, бу - Москвадан.
Чунки коллектив Ғарбнинг жазо чоралари бу - Марказий Осиёни мажруҳлантиришга қаратилмаган. Марказий Осиё ҳеч кимнинг ҳудудий яхлитлигига тажовуз қилаётгани йўқ.
Аксинча, минтақа давлатлари Россиянинг ўша тажовузкорлигидан қўрқади.
Шу пайтгача бўлган ана шу ижобий муносабатлар сақланиб қолиши учун Россия мана шундай шантаж қилаяпти.
Бу, бир томондан, Марказий Осиё пойтахтларига босим. Иккинчидан, коллектив Ғарбга ҳам босим.
Чунки тўғридан-тўғри минтақа давлатларини айблай олмаганидан кейин, буни коллектив Ғарб қилаяпти, биз шунинг учун бу ердаги, айтайлик, "бешинчи колонналар билан, миллатчилар билан ёки ҳар қандай ташқи кучлар билан курашаяпмиз", деган бир маънавий базани тайёрлашга ҳаракат қилаяпти. Яъни, бу Марказий Осиё пойтахтларига босим.
Россия ҳозирга келиб қўлланилган ўша санкцияларнинг ҳақиқий оқибатларини ҳис қила бошлади. Россиядан капитал чиқиб кетиши ниҳоятда катта. Россияни ўша технологик, иқтисодий ихоталаш оқибатида мамлакат ичкарисидаги ижтимоий кайфият сифат жиҳатдан энди шакллана бошлаяпти.
Мана шу фонда босим қилиб, Марказий Осиё устидан - унинг энергетикаси, унинг транспорт коридорлари, унинг демографияси, унинг миграция-эмиграция жараёнлари устидан боғлиқликни тутиб қолиш орқали назорат тизимини сақлаб қолиш ва шу йўл билан ўзининг яшовчанлигини таъминлаш ниятида.
Чунки постсовет ҳудудида бошқа минтақа, давлатлар қолмади. Беларусь ҳам Россия билан бирга ихоталанган. Россия Беларусь орқали Европага чиқа олмайди.
Россиянинг тафаккурида бу Марказий Осиё давлатларига хоҳлаганча босим қилиш мумкин, бу Европа эмас, бу ерда коллектив Ғарб Марказий Осиё давлатлари, уларнинг ҳудудий яхлитлиги учун курашмайди, деган қараш бор.
Чунки минтақа давлатлари шу пайтгача геосиёсий мувозанат сақлаб келишди ва уларнинг Ғарб билан жудаям кучли боғлиқлиги йўқ.
Россия мана шу ҳолатдан фойдаланишга ҳаракат қилиб, демак, коллектив Ғарб ёки ташқи дунё, ҳаттоки, мана, Туркия ҳам бу минтақа давлатлари учун курашмас экан, бу ерга хоҳлаганча босим қилиш мумкин ва мана шу минтақа орқали ҳар қандай манфаатларни қондириш схемаларини амалга ошириш мумкин, деб ишонади ва шунга ҳаракат қилади".
Би-би-си: Ўзбекистон ва Қозоғистон билан газ бўйича ҳамкорликни назарда тутувчи "Йўл харитаси" эса, Россия Украина уруши манзарасида минтақада қўлга киритган энг йирик иқтисодий лойиҳалардан бири бўлди.
Россиянинг газ иттифоқига оид таклифи ортидан имзоланган келишув экспертлар талқинида расмий Кремлнинг сиёсий ва геосиёсий ютуғи каби баҳо, талқину, таҳлилларга ҳам туртки берди.
Бу ҳар икки минтақа давлатининг суверенитети ва мустақиллигига таҳдид эканига оид хавотиру, баҳсу мунозараларга ҳам замин яратди.
Шундай экан, бу каби талқин, баҳо ва қўрқувлар қанчалик асосли?
Эркин Абдураззоқов
Сиёсий таҳлилчи, Қирғизистон

Сурат манбаси, .
Эркин Абдураззоқов: "Таъсири бўлиши мумкин. Чунки ҳарбий жиҳатдан ҳам, иқтисодий жиҳатдан ҳам бизнинг кучимиз кўп нарсага етмайди.
Иккинчидан, гидроэнергетика, энергетика соҳасини олсак, Россия ҳамиша йирик лойиҳаларга аралашиб келган. Марказий Осиё давлатларига биргаликда ўзаро лойиҳаларни амалга оширишга имкон бермай келган.
Шунинг учун очиқ айтмаса-да, сизлар ҳам Россия билан бирга бўлмасангиз, аста-секинлик билан Украинадек экспансия қилиб, бойликларингни тортиб олиб кетади, мустақиллигингиз йўқолади, деб ишора қилаётганини қатор дипломатик эспертларнинг гапларидан англаяпмиз.
Сўнгги пайтда россиялик мулозимларнинг минтақага ташрифи фаоллашганини ҳам кузатиш мумкин. Яқинда Мишустин Туркманистонга келиб кетди.
Шунингдек, Россия аввал ҳеч қачон таклиф қилмаган иқтисодий лойиҳаларни биргаликда амалга оширмоқчи. Шундан ҳам англаб олса бўлади.
Марказий Осиё ва Россия ўртасидаги алоқалар ҳали СССР даврида, улар битта давлат бўлган пайтда ривожланган.
Шунинг учун иқтисодий жиҳатдан ҳозир ҳам Россияга боғлиқмиз.
Биргина иқтисодий эмас, ҳатто, ҳарбий нуқтаи назардан ҳам.
Биз Россия билан Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти, ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқи ва Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти доирасида ҳам биргамиз.
Иккинчидан, Марказий Осиё давлатлари Россия билан бирга яна Осиё парламент ассамблеясига ҳам киради.
Самарқанддаги охирги саммитларни олинг. Яна Санкт-Петербургдаги учрашувлар...
Мана, Мудофаа вазирлари яқинда Беларусга ҳам бориб келишди. Бу нимага далолат қилади?
Россия бундан аввал ўзининг ички ишларига ўралашиб, Марказий Осиёга у қадар эътибор бермай қўйганди.
Аммо сўнгги пайтларга келиб, айниқса, Афғонистондаги воқеалар, Украинадаги урушдан кейин Россия Марказий Осиёнинг аҳамиятини тушуниб етди.
Чунки Россия бундан аввал Кавказни йўқотди, Болтиқбўйи давлатларини йўқотди. Энди Марказий Осиёни йўқотадиган бўлса....
Хитой йирик иқтисодий лойиҳалар таклиф қилиш, янги корхоналар очиш орқали Марказий Осиёга анча вақтдан буён ўзининг иқтисодий босимини ўтказиб келади.
Энди Ўзбекистон-Қирғизистон-Хитой темир йўли ишга тушадиган бўлса, товарлар Европани четлаб ўтиб, тўғридан-тўғри Афғонистон орқали Ҳинд уммонига чиқа олади, янги бир ҳаб очилади.
Шунинг учун ҳам, Россия охирги вақтда ўзининг эътиборини Марказий Осиёга қаратиб қолди.
Иккинчидан, Россия ва Хитой дўст, деганимиз билан, ким биринчи бўлиши масаласида бу икки давлат келажакда албатта рақобатчиларга айланишади.
Узоққа боришнинг кераги йўқ, Украина уруши бунга бир мисол. Яъни, русча айтганда, "Война - это продолжение экономической политики государств...". Яъни, дипломатия иш бермаганида, иқтисодий манфаатларни куч билан қондиришга уринилади.
Ғарб ва НАТО ҳозир Марказий Осиё ва бошқа собиқ Совет давлатларини ичдан бўлиб, Россияни ҳам собиқ СССР каби парчалаб ташлаш каби катта бир сиёсат юритмоқда.
Шунинг учун ҳам, Россия ҳеч қачон Марказий Осиёни "бериб қўймайди", ҳар қандай қаршиликларга қарамай, бундан кейин ҳам Марказий Осиёда ўзининг таъсирини кучайтиради, деб ўйлайман".
Би-би-си: Айнан Марказий Осиё ҳозир Украина уруши боис, Ғарбнинг мислсиз санкциялари остида қолган Россия ва Путин ҳар томонлама алоқаларини мустаҳкамлаш истаги, режаси ва ҳаракатида бўлган, шу йўл билан халқаро ихотадан чиқиш, жазо чоралари оқибатларини юмшатиш илинжида экани кўрилган минтақа бўлади.
Яъни, минтақавий кузатувчиларга кўра, (расмий Остона рад этса-да - таҳр.) бугун Қозоғистондан ўтиши айтилувчи "параллел кулранг импорт йўли" мисолида ҳам бугун минтақага қарам.
Марказий Осиё учун эса, Россия ҳозир ҳам улар эга бўлган энергия заҳираларининг асосий экспорт йўли, миллионлаб сондаги фуқароси учун ҳали-ҳануз энг йирик меҳнат бозори ва энг йирик савдо-иқтисодий шеригидан биттаси.
Мавжуд ҳолат Марказий Осиё давлатларининг Россия билан муносабатларида қанчалик ҳал қилувчи фактор вазифасини бажариши мумкин?

Сурат манбаси, .
Эркин Абдураззоқов: "Йўқ. Бугунги ҳолат буткул Россиянинг пинжига кириб кетиш деганини англатмайди.
Иқтисодий манфаатлар бор, чунки биз азалдан ҳар тарафлама Россияга боғлиқмиз.
Қозоғистондан озроқ, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистондан эса, умумий ҳисобда жами 3 - 4 миллион мигрантимиз Россияда тирикчилик қилишаяпти.
Агар Россия биз билан ўчакишиб, уларни ҳайдаб юборадиган бўлса, аҳвол қандай бўлади?
Шунинг учун ҳам, эҳтиёткорлик қилмасак, бунинг оқибатлари оғир бўлиши мумкин.
Чунки бизда етарлича иш ўринлари йўқлиги боис, бу одамлар Россияга ишлаш учун кетишган.
Энди уларнинг ҳаммасини олиб келиб, иш бериш осон эмас. Яъни бунга бир неча йил кетади. Қийинроқ бўлиб қолади.
Ҳозир очиқдан очиқ Россияга қарши чиқиш - ўзимизга зиён бўлади".
Би-би-си: Сўз эса, айни ўринда суверен ва мустақил беш Марказий Осиё давлати ҳақида кетмоқда.
Шундай экан, бугун ва бошқа томондан, Украина уруши фонида бу давлатларнинг ҳам сиёсий, ҳам геосиёсий, ҳам иқтисодий ва ҳам дипломатик нуқтаи назардан Россияга қарши туриш, ўз сўзларини айтиш ва ўз мавқеъларини намойиш этиш имкониятлари қанчалик?
Досум Сатпаев,
Сиёсий таҳлилчи, Қозоғистон

Сурат манбаси, .
Досум Сатпаев: "Ҳа, менимча, уларда бундай имконият бор. Аслида ҳозир Марказий Осиё учун муайян имкониятлар эшиги очилмоқда.
Биринчидан, бунга, дейлик, Туркий давлатлар ташкилоти қиёфасида Россияга қарши геосиёсий мувозанатни яратиш орқали эришилиши мумкин. Устига устак, бу жуда истиқболли ташкилот.
Ва, бошқа томондан, транспорт-логистика бўладими ва ҳатто ҳарбий, биз турли соҳаларда туркий тилли давлатлар ўртасидаги алоқалар ва ҳамкорликнинг фаоллашиб бораётганига гувоҳ бўлиб турибмиз.
Хитой билан ҳамкорлик ҳам Россия қарши бир мувозанат вазифасини бажара олади.
Чунки Хитой ҳам ҳозир Россия томонидан Украина сценарийси асосида Марказий Осиё, шу жумладан, Қозоғистонни беқарорлаштиришга бўлган ҳар қандай уриниш ўзининг хавфсизлигига берилажак кучли зарба бўлишини аниқ англаб турган давлат.
Хитой президенти Си Цзиньпиннинг ўтган йил сентябрь ойида Қозоғистонга қилган сафари буни яққол кўрсатди.
Чунки Хитой ўшанда ҳаммани ҳайрон қолдириб, Қозоғистоннинг ҳудудий яхлитлиги, суверенитет ва бошқа, бошқа масалаларда кўмак беришга тайёрлигини айтди.
Бундан аввал Туркия президенти Режеп Таййип Эрдоған ҳам худди шундай баёнот берганди.
Нима бўлганда ҳам, Марказий Осиё давлатлари бу каби қарши мувозанатлардан фойдаланишлари мумкин.
Иккинчидан, Марказий Осиё ҳозир ЕвроОсиё ҳудудида муҳим ўйинчига айланиши мумкин. Ҳам транспорт-логистика ва ҳам ўзининг кун тартибини шакллантириш нуқтаи назаридан.
Чунки Марказий Осиё энг аввало қанчалик ўзаро ҳамкорликка интилаётгани билан ҳозир бутун халқаро ҳамжамиятнинг диққат-эътиборини ўзига тортган. Бу жуда яхши.
Сабаби, биз биргина Ўзбекистон ва Қозоғистон эмас, қолган минтақа давлатлари мисолида ҳам бу каби ҳамкорликка гувоҳ бўлиб турибмиз.
Табиийки, айни ўринда қандай қилиб бўлмасин, айниқса, Тожикистон ва Қирғизистон ўртасидаги минтақавий можароларга ҳам барҳам берилиши лозим.
Умуман олганда эса, минтақада Россиянинг кучсизланганидан фойдаланиб, иқтисодий, сиёсий ва дипломатик жиҳатдан кучайиш имконияти бор. Аммо бу баҳамжиҳат қилинса, янада яхши...".
BBC.COM/UZBEK билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek













