Ўзбекистон. Кун саволи: Россия ва Хитой гегемонлиги қаршисида бугун Туркий давлатлар нима қила олади? Podkast O‘zbekiston Rossiya Yangiliklar

Сурат манбаси, official
Туркий давлатлар бугун жадаллик билан ҳар томонлама ҳамкорлигини кучайтирмаса, эртага кеч бўладими?
Алоқадор мавзулар:
- Қозоғистон-Россия: Қозоқларга ерини ҳеч ким бермаган - Тоқаев ўз сўзини айтди
- Ўзбекистон: Депутатлар Захарованинг гапидан сўнг ўзбек тилига яна кўпроқ мақом бермоқчи, Ташқи ишлар вазирлиги сукут сақламоқда - O'zbekiston
- АҚШ Ўзбекистон мустақиллигини барибир дастаклайди - Россия ва геосиёсат
- Захарова можароси: Ўзбекистон Россия билан тўқнашмаслиги, аммо суверенитетини урғулаши лозим
Россия ва Хитой гегемонлиги қаршисида бугун Туркий давлатлар нима қила олади? Туркий давлатлар ташкилотининг кечаётган ҳафтада Ўзбекистон мезбонлик қилиши кутилаётган илк саммити худди шу каби саволларни пайдо қилмай қўймаган. Бунга мазкур саммитнинг Россия Украинага очган уруш ҳануз давом этаётган ва айни шу уруш боис, минтақада геосиёсий танглик янада кучайган бир пайтга тўғри келаётгани сабаб бўлган. Украинадан кейинги нишон мазкур ташкилотнинг тўлақонли аъзоси Қозоғистон бўлиши мумкин, деган қўрқув ва хавотирлар ҳам айни мазмундаги саволларга замин яратмай қолмаган. Туркий давлатлар ташкилотига кирувчи Туркия ва кузатувчиси бўлган Венгрия эса, НАТОнинг тўлақонли аъзолари саналишади. Туркия, бундан ташқари, дунёнинг энг йирик туркийзабон давлати бўлади. Ҳозир минтақада Россия ҳамда Хитойнинг зиддига янги бир геосиёсий, геоиқтисодий ва ҳарбий қудратга айланиш потенциалига эга ўйинчи сифатида ҳам кўрилади. Худди шу омиллар назарда тутилганда, бўлажак саммитнинг вазни, салмоғи, ўрни ва аҳамияти нимада бўлади?

Биз Самарқанд саммити арафасида худди шундай саволлар билан минтақадан сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимовга мурожаат қилдик:

Сурат манбаси, facebook
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Камолиддин Раббимов: Бу саммит, умуман мазкур ташкилот ўз олдига узоқ муддатли стратегик вазифалар қўйяпти. Лекин бу вазифаларга эришишнинг босқичма-босқич йўлини танлаган. Сабаби, Марказий Осиёда тўртта республика, Кавказдаги Озарбайжон ва Туркия - булар ҳаммаси бевосита ва билвосита, бир томондан, Россия Федерацияси, иккинчи томондан, Хитой Халқ Республикалари билан ниҳоятда кучли савдо-иқтисодий, сиёсий ва геосиёсий алоқаларга эга давлатлар. Яъни, Марказий Осиёнинг биринчи ва иккинчи савдо-иқтисодий ҳамкорлари туркий дунёнинг XIX, XX асрдаги энг катта энг катта истилочилари ёки "босқинчи"лари дейиш мумкин. Бу - бир томондан. Иккинчи томондан, ҳалига қадар Хитой Халқ Республикаси ва Россия Федерацияси ҳудудида катта, катта туркий халқлар, ҳудудлар, минтақалар уларнинг назоратида қолиб келмоқда. Шундан келиб чиқиб, Туркий давлатлар ташкилотига аъзо бўлган давлатлардан Туркиядан ташқари барчаси Россия Федерацияси, яъни кечаги Совет Иттифоқининг бевосита ва билвосита назорати остида бўлган. Демак, мазкур ташкилотга аъзо давлатлар ўзларининг сиёсий, геосиёсий ва геоиқтисодий муносабатларини таранглаштирмаган ҳолда, ўзларида янги бир қудрат ва имконият шакллантириши керак. Ташкилот, бугунги кунда, агар унинг кун тартибига эътибор берадиган бўлсангиз, кўпроқ иқтисодий алоқаларни ривожлантиришни кўзлайди. Лекин ташкилотга аъзо давлатлар жуда ҳам яхши тушунадики, агар Украинада Россия тўлақонли енгадиган бўлса, кейинги қадамлар туркий давлатлар, жумладан, Қозоғистон бўлиши эҳтимоли мавжуд. Шунинг учун ҳам бу ташкилот борган сари жонланишга, яъни, ҳақиқатда фаоллашиш, ўзаро бир-бирини, биринчидан, савдо-иқтисодий, иккинчидан, сиёсий ва геосиёсий қўллаб-қувватлашга ҳаракат қилаяпти.
Савол: Самарқанд саммити аъзо мамлакатлар ўртасидаги барча йўналишлардаги ҳамкорликни янги босқичга кўтариши кутилмоқда. Аммо, сиз ҳам таъкидлаб ўтганингиздек, минтақадаги энг йирик геосиёсий қудратлардан бири саналувчи Россия айнан Марказий Осиё давлатларининг энг йирик савдо-иқтисодий шерикларидан биттаси, яна энг йирик ҳарбий ва ҳарбий-техник ҳамкори, миллионлаб сондаги фуқароси учун, йилларки, энг катта меҳнат бозори ҳам бўлади. Хитой эса, яна энг йирик сармоячиси ва кредиторларидан бири. Марказий Осиё давлатлари, бундан ташқари, Россия ва Хитой шамсияси остидаги иқтисодий ва хавфсизлик ташкилотларига ҳам аъзо. Ёки унда кузатувчи мақомига эга. Шундай экан, Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатларнинг ўзаро ҳамкорликларини янада кучайтириш, бугунги геосиёсий, геоиқтисодий вазиятга тайёр туришлари учун ўзи қанчалик имкониятлари, бунинг учун ўзи қанчалик асослари бор?

Сурат манбаси, ALEXEI DRUZHININ/TASS
Камолиддин Раббимов: Туркий давлатлар ташкилоти ўта дипломатик йўлни танлаган. Яъни, бу ташкилот ўзининг олдига Россия ёки Хитойнинг таъсири билан курашиш деган вазифа қўймаган. Ва вазиятдан келиб чиқиб, ўзларининг ҳамкорлиги, савдо-иқтисодий, сиёсий ва геосиёсий ҳамкорликларини парваришлаш вазифасини қўйган. Агар бу туркий давлатларнинг ўзаро савдо муносабатларига эътибор берадиган бўлсангиз, барча давлатлар, ўша туркий давлатлар ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик умумий савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг жудаям бир қисқа ва кичик улушига тўғри келади, холос. Мазкур ташкилотга аъзо бўлган давлатлар олдида, бир томондан, биринчи ўринда - ўзаро боғлиқликни парваришлаш, мана шу боғлиқлик ҳаддан ташқари кучли, мустаҳкам ва орқага чекинмайдиган бир ҳолатга етганидан сўнг, ташкилотнинг кейинги вазифаларини қўйиш мақсади норасмий бир шаклда турибди, деб айтишим мумкин. Ташкилотга аъзо давлатлар тўғридан-тўғри геосиёсий ва сиёсий конфликтга боришдан қочади. Ва коллектив равишда Хитойга ва коллектив равишда Россияга таъсир қилиш - юмшоқ ёки дипломатик таъсир қилиш воситасини танлаган, дейиш мумкин.
Савол: Дейлик, Россиянинг иқтисодий, ҳарбий ва ҳарбий-техник потенциали, Хитойнинг биргина иқтисодий ва геоиқтисодий потенциали назарда тутилганда, Туркий давлатлар ташкилотининг бунинг муқобилига шундай бир потенциални таклиф қилиш имкониятлари қанчалик сизнинг назарингизда? Масалан, бугун Россия ёки Хитой билан беллаша ёки таъбир, жоиз, мувозанатлаша оладими?
Камолиддин Раббимов: Менинг назаримда, бу яқин ўртада мувозанат ёки тегиб туриш ёки асосий ташаббусни туркий давлатлар ўзига олиши имконияти анчагина паст. Лекин қўйилган вазифа ҳам шундан иборатки, босқичма-босқич мана шундай мувозанатни шакллантириш, ташаббусни туркий давлатлар ўзларига секин-секин оғиштиришга ҳаракат қилиш ҳисобланади. Биз биламиз, савдо соҳасида, иқтисодий ҳамкорликда, геосиёсий, геоиқтисодий ҳамкорликда ва ўзаро боғлиқликда тадрижийлик жуда ҳам муҳим. Демакки, давлатларнинг ўзаро савдо-иқтисодий улуши кичик бўлар экан ва кейинги, айтайлик, 20-асрда ўзаро алоқалар ҳаддан ташқари паст, яъни Туркия билан бир томондан, Марказий Осиё давлатларининг ўзаро боғлиқлиги тўлақонли узилган бир шароитда, (мана, кейинги 30 йилда беқарор дейиш мумкин), барқарор ўсиш кузатилгани йўқ. Чунки, мана, Ўзбекистонда биринчи маъмурият даврида бошида Туркия билан жуда ҳам яхши узвийлик шаклланди, кўп ўтмасдан, 90-йиллар ўрталари ва иккинчи ярмига бориб, тўлақонли геосиёсий, сиёсий ва савдо-иқтисодий ҳамкорликлар узилди ҳам дейиш мумкин. Мана, бугун қайтадан иккинчи маъмурият даврида муносабатларни тиклаш ва мустаҳкамлашга қаратилган қадамлар олинди. Бугун ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқи ёки Хитой билан савдо-иқтисодий алоқалар, Россиянинг ўрнини тўлдирувчи савдо-иқтисодий ҳамкорлик мавжуд эмас. Ва буни шакллантириш, жумладан, энг мураккаб масала - транспорт коридорларини шакллантириш вазифаси турибди. Бу осон бўлмайди. Ва бунинг учун Россия ва Хитой билан конфликтга киришмасдан, уларга коллектив таъсир қилиш вазифаси қўйилган.

Сурат манбаси, ANADOLU AGENCY
Савол: Халқаро терроризм, сепаратизм, экстремизм ва трансчегаравий жиноятларга қарши курашиш бўйича ҳаракатларни мувофиқлаштириш ҳам Туркий давлатлар ташкилоти ўз олдига қўйган асосий вазифалардан биттаси бўлади. Россия ва Хитой шамсияси остидаги ташкилотлардан фарқли тарзда, Туркий давлатлар ташкилотига НАТОнинг аъзоси бўлган Туркия ҳам киради. НАТОга кирувчи Венгрия эса, кузатувчи мақомида. Украинага қарши уруш манзарасида минтақадаги геосиёсий мувозанат ҳақида гап кетганда, бу бирор бир таъсирга эга бўлиши мумкинми? Салбий ёки ижобий нуқтаи назардан...
Камолиддин Раббимов: Биласизми, менинг назаримда, бугун НАТОнинг ичкарисида ҳам 30 йил олдингидек якдиллик мавжуд эмас. Айнан Туркия ва Венгрия НАТОга аъзо давлатлар ичида энг имкон қадар Вашингтондан ёки Брюсселдан мустақил бир фаолият юритаётган давлатлар. Бу давлатлар Россиянинг хатти-ҳаракатлари масаласида иккиламчи, яъни зиддиятли бир позицияга эга. Ва айни пайтда бу давлатларда НАТОдан чиқиб кетиш мақсади ҳам йўқ. Уларнинг олдига бундай вазифа қўйилмаган. Яъни, бу икки давлат ўзларининг миллий манфаатларидан келиб чиқиб, кўпроқ коллектив, НАТО доирасида эмас, балки мустақил миллий манфаатларидан келиб чиқиб, бир томондан, Россия билан ижобий муносабатда бўлиш ва иккинчидан, НАТО ҳамда Россия ўртасидаги кўприк, яъни ўртакаш давлатлар бўлишга ҳаракат қилаяпти. Энди, хавфсизлик масаласида, ўйлайманки, Туркиянинг НАТОга аъзо бўлиши ва Туркиянинг, мана, кейинги пайтда дунёдаги энг харидоргир бўлган ҳарбий технологияларининг ривожланиб бориши бу - Марказий Осиёдаги мустақил давлатларнинг хавфсизлик тизимига ҳам ижобий таъсир қилиш потенциалига эга. Чунки биз кўраяпмиз, Туркия Қозоғистонга ҳам, Қирғизистонга ҳам, бошқа давлатларга ҳам ўзининг ҳарбий дронларини сотаяпти, ҳарбий ҳамкорлигини ошириб келаяпти. Ва Туркиянинг мана бундай потенциали, албатта, Россияга таъсир қилади. Яъни, Россия буни инобатга олади. Марказий Осиё давлатларига, айтайлик, ўзининг ҳар қандай лойиҳаларини амалга оширишдан олдин энди Россия Туркиянинг мана шу потенциалини ўйлаб кўришга мажбур бўлади. Яъни, Украинадан кейин, аслида, Россияда Марказий Осиёга бевосита, тўғридан-тўғри ҳарбий босим қилиш эҳтимоли жуда ҳам пасайди. Чунки Россия Украинада олдига қўйган мақсадларига эриша олмади. Ва бугун Россия мазкур вазиятдан имкон қадар минимал талафотлар билан чиқиб кетиш ўйига тушган. Туркий дунёнинг ва туркий давлатларнинг ҳамкорлиги, ўзаро боғлиқлигининг ошиб боришидан коллектив Ғарб манфаатдор. Чунки бу Россия ва Хитойга босим қилувчи ёки уларнинг қудратига тегиб турувчи омиллардан бири, геосиёсий ва глобал омиллардан биттаси сифатида кўрилади.

Сурат манбаси, MIKHAIL METZEL / TASS
Савол: Туркий давлатлар ташкилотига тўлақонли аъзо Қирғизистоннинг Тожикистон, Озарбайжоннинг эса, Арманистон билан давомий қуролли можаролар ичида экани назарда тутилса, мавжуд вазият ташкилот ўз олдига қўяётган режа ва мақсадларга қанчалик жиддий таъсир қилиши мумкин? Биргина савдо ва сармоялар учун қулай шарт-шароитлар яратиш ҳам бу ташкилот ўз олдига қўйган энг асосий вазифалардан бири эканига диққат қилинса?
Камолиддин Раббимов: Энди, қаранг, Арманистон бу - бир масала, Тожикистон бошқа бир масала. Ўйлайманки, Тожикистон борасида Туркия ҳам эҳтиёткорона позицияда бўлади. Яъни, Тожикистон туркий давлатларнинг тўлақонли, цивилизацион душмани ёки оппоненти сифатида кўрилмайди. Ва туркий дунё давлатлари, Туркий давлатлар ташкилоти ҳам босқичма-босқич Тожикистонни қандай қилиб ўзининг сафига қўшишни ўйлай бошлаши мумкин. Чунки агар Тожикистон бу ташкилотдан четда қоладиган бўлса, минтақада йирик бир бўлинишга имконият берилган бўлади. Тожик тили форс тилининг таркибий қисми саналса-да, лекин Тожикистоннинг ичкарисида туркий тиллилар, яъни ўзбеклар кўп. Ва тўлақонли бир минтақавий лойиҳа бўлиши учун Тожикистонни мана шу ташкилотга қўшиш борасида ҳали жуда ҳам кўп ўйланишлар, изланишлар бўлади. Арманистон бошқа масала. Яъни, Тоғли Қорабоғ муаммоси ўзининг асосий ечимига эришди, деб ўйлайман. Ва бугун кўпроқ Туркия ва Озарбайжон дипломатик ечим излаб, Арманистонни тинчлантириш ва дипломатик муносабатларни нормаллаштириш ҳамда қўлга киритилган муваффақиятларни, қайтариб олинган ҳудудларни расмийлаштириш йўлида ҳаракат қилади. Яъни, менимча, Арманистон мисолида ўзига узоқ муддатли душман ясаш давридан ўтилди. Бунга имконият берилмайди. Ва Арманистон сиёсий элитаси ҳам жуда ҳам оғриқли бўлган, яъни, дипломатик йўлни танлашга мажбур бўлади, деб ўйлайман. Чунки Арманистон Тоғли Қорабоғни қайтариб олиш учун ўзига жуда ҳам қудратли бир ҳарбий иттифоқчи топиши керак, ундай иттифоқчини эса, энди топа олмайди. Чунки Россия ҳам бу вазиятни инобатга олди. Халқаро ҳуқуққа кўра, Тоғли Қорабоғ бу доим Озарбайжоннинг ҳудуди сифатида эътироф этилган. Демак, Арманистонда ҳеч қандай бир ресурслар йўқки, жумладан, дипломатик ва ҳуқуқий ресурслар йўқки, Тоғли Қорабоғни энди қайтариб ололмайди. Демак, энди фақатгина ўша вазиятни тан олиши ва қўшнилари - Туркия, Озарбайжон ва қолган туркий давлатлар билан муносабатларини шакллантириш Арманистоннинг стратегик манфаатларига тўғри келади. Ва ноилож бу нарсани Арманистон сиёсий элитаси қабул қилади. Босқичма-босқич, албатта...
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














