Захарова можароси: Ўзбекистон Россия билан тўқнашмаслиги, аммо суверенитетини урғулаши лозим - O'zbekiston

Prezidentlar

Сурат манбаси, Getty Images

Ўқилиш вақти: 4 дақ

Захарова можароси: Ўзбекистон Россия билан тўқнашмаслиги, аммо суверенитетини урғулаши лозим - бу Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакилининг Ўзбекистондаги рус тилининг мавқеига оид сўзларига айрим сиёсий таҳлилчилар муносабати бўлади:

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Мария Захарованинг баёноти сўнгги бир неча кун ичида ижтимоий тармоқларни том маънода ларзага келтирган мавзулардан бири бўлади.

Унинг сўзлари кибер фазода турфа тоифа ўзбекистонликлар қолиб, депутатларнинг қадар диққат-эътиборини ўзига тортган.

Муносабатлар оддий постлардан тортиб, ҳажвий суратлар қадар кўриниш олган.

Мария Захарованинг сўзлари Ўзбекистоннинг ички ишига бурун суқиш, Ўзбекистон суверенитетига дахл қилиш қадар баҳо топган.

Акс-садолар мазмунан якдил - расмий тил масаласи суверен Ўзбекистоннинг ички иши баҳосида хулоса топган.

Расмий Тошкент ҳозирча жим - Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳалича бу хусусда бирор бир баёнот билан чиқмаган.

Мария Захарова ва Россия

Mariya Zaxarova

Сурат манбаси, official

Мустақил Ўзбекистон тарихида бир Россия расмий вакилининг бунга ўхшаш баёноти шу пайтга қадар кузатилмаган.

Мария Захарова 14 май куни брифинг ўтказган. Унинг сўзларидан Ўзбекистондаги ўзбек тилида иш юритмаган давлат мансабдорини жаримага тортиш кўзда тутувчи қонун лойиҳаси Россиянинг ҳам эътиборидан четда қолмагани англашилган.

Ҳали биргина брифингда журналистнинг берган саволига жавоби билан Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили қонун лойиҳаси туфайли матбуотда юзага келган муҳокамаларни назардан қочирмаганликларини эътироф этгандек бўлган.

Мария Захарова худди ана шу муҳокамалардан олган таассуротларидан келиб чиқиб, унинг тарафдорлари аниқ кам эканини айтган.

Ўзлари кўрган изоҳларнинг кўпчилиги бугунги Ўзбекистонда расмий кундалик ҳаётда рус тилининг сақланиб қолиши тарих руҳи ва ўзаро муносабатларнинг ҳозирги сифатига тўла мос келишини баён қилган.

Буни яна ўқиш ва ишлаш борасида Россияни танлаётган кўп сонли Ўзбекистон фуқароларининг манфаатлари билан ҳам изоҳлаган.

Мария Захарованинг бу сўзлари Ўзбекистоннинг Россия шамсияси остидаги ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқига кузатувчи бўлиш қарорини беришидан қисқа вақт ўтмай янграган.

Бу ҳам ўзбекистонликларнинг кибер фазодаги акс-садоларида муҳим аҳамият топган фактор экани кўрилган.

Бир томон Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакилининг сўзларини кузатувчи бўлиш қарори билан расмий Тошкент Кремлнинг жиғига текканига йўйишган.

Бошқа бир тараф эса, "буниси ҳозирча фақат ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқига кузатувчи бўлишни танланганларидан кейинги аҳвол экани, аъзо бўлишса борми, улардан сўраб ҳам ўтирмай, мамлакатлари учун қонун чиқариб қўйишлари"дан ўз хавотирларини изҳор этган.

Россия ва янги Ўзбекистон

Migrantlar

Сурат манбаси, Getty Images

Мария Захарованинг бу чиқиши расмий Кремль Марказий Осиёда ҳам ўзининг геосиёсий манфаатларини парваришлаш ҳаракатига тушиб қолган бир манзарада кузатилган.

Айрим сиёсий таҳлилчиларга кўра, бунга айнан Ўзбекистондаги қудрат алмашинуви ҳам имкон берган.

Мустақил Ўзбекистоннинг ҳозида марҳум биринчи президенти Ислом Каримов дунёнинг глобал қудратларига нисбатан ўзининг беқарор ташқи сиёсати билан танилган бўлган.

Худди шу жиҳати билан халқаро сиёсий доираларда томонлар учун тил топишиш осон бўлмаган музокарачи сифатида кўрилган.

Расмий Кремль янги Ўзбекистонни аллақачон ўзининг йирик геоиқтисодий лойиҳаларидан бири - ҳамкорликда АЭС қуриш режасига тортишга муваффақ бўлган.

Орадан икки йил ўтар-ўтмай, Ўзбекистон Россия шамсияси остидаги ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқига кузатувчи мақомида қўшилиш қарорига келган.

Расман иқтисодий экани айтилувчи бу иттифоқ аксарият минтақавий таҳлилчилар талқинида расмий Кремлнинг йирик геосиёсий лойиҳаларидан бири сифатида баҳо топиб келади.

Бу каби иттифоққа қўшилиш бир мамлакатнинг сиёсий мустақиллигини хавф остига қўйиши мумкин бўлган омил сифатида кўрилади.

Янги Ўзбекистон раҳбарияти такрор ва такрор рад этса-да, кибер фазодаги акс-садолардан аксарият ўзбекистонликларнинг ҳам ҳали-ҳануз худди шу каби фикрда эканликлари англашилади.

Аммо бу масала юзасидан уларнинг фикрлари ўрганилмаган - мамлакатда референдум ўтказилмаган.

Бошқа томондан, глобал коронавирус пандемияси ҳам Ўзбекистон Олий Мажлис Сенатининг бу қарорига ҳалақит бера олмаган.

Сенат ўтган ҳафта ўзининг тўртинчи ялпи мажлисини видеоконференция кўринишида бўлса-да ўтказган.

Шерик ва ҳамкор

Аммо, бошқа томондан, Россия Ўзбекистоннинг минтақадаги энг йирик савдо-иқтисодий, ҳарбий-техник ҳамкорларидан биттаси бўлади.

Ўзбекистонлик энг катта сондаги меҳнат муҳожирлари ҳам, йилларки, айнан Россиянинг ҳисобига тўғри келади.

Улар Россиядан ортга юбораётган маблағлар эса, Ўзбекистоннинг ижтимоий хавфсизлиги учун озмунча аҳамият касб этмайди - мустақиллиги билан кечган чорак асрдан ортиқроқ вақт давомида мамлакат иқтисодини тутиб, юритиб келаётган энг муҳим молиявий манбалардан бири бўлади.

Айрим сиёсий таҳлилчилар эса, янги Ўзбекистоннинг Россия билан геоиқтисодий шерикчилик қарорларини айни шу омиллар билан ҳам изоҳлашади.

Ўз таҳлилларида аҳолиси минтақада энг катта(34 миллиондан ортиқ - таҳр.)си бўлган Ўзбекистонда ишсизлик муаммосининг қанчалик долзарб эканига эътибор қаратишади.

Мамлакатда камбағаллар - кам таъминланганлар улушининг ҳалиям салмоқли эканига диққат қилишади.

Аммо бошқа қатор экспертлар қолиб, ҳатто аксарият оддий ўзбекистонликлар орасида ҳам бу каби қарашларга скептик муносабатда бўлганлари озмунча эмас экани кўрилади.

Янгича ташқи сиёсат

Prezidentlar

Сурат манбаси, Getty Images

Франциядан асли ўзбекистонлик сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимов эса, воқеаларнинг сўнгги ривожини янги Ўзбекистоннинг дунёга очилиш ва дихатомик ташқи сиёсат юритиш қарори билан изоҳлайди.

"Ўзбекистон дипломатик қоидаларни жорий қилаяпти. Бугунги Ўзбекистоннинг тафаккурида оқ ва қора ташқи сиёсат мавжуд эмас. Ҳозир Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатида геосиёсатдан кўра, геоиқтисодиёт - мамлакатнинг ижтимоий, иқтисодий манфаатларига кўпроқ урғу берилаяпти".

Таҳлилчининг айтишича, мана шу фонда Россия Федерациясининг Ўзбекистонда рус тили ва маданиятини парваришлашга қаратилган бу каби баёноти, бир томондан, табиий.

"Лекин бу - Ўзбекистоннинг ички ишлари, суверенитетига тўғридан-тўғри аралашиш деб баҳоланиши мумкин", - дейди у.

Суҳбатдошимизга кўра, "ҳар бир давлатни интеграция қилиб, бирлаштириб турувчи энг муҳим, асосий институтлардан биттаси бу - тил. Яъни, Ўзбекистон аҳолиси битта тилни тушунмас ва битта тилда сўзлашмас экан, бу жамият ва бу давлатда парокандалик бўлиши албатта табиий".

Таҳлилчи, ўз ўрнида, айрим рус сиёсатшунослар ўзларининг Россиянинг қанчалик сўниб бораётган империя ва қудрат эканига оид баҳоларидан келиб чиқиб ҳам, Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакилининг сўзларини таҳлил этишга ҳаракат қилади.

Унинг айтишича, "Россиянинг глобал таъсир муҳити ва имкониятлари, ҳаттоки, постсовет ҳудудида ҳам жиддий торайиб бораяпти".

"Мана шу фонда Россиянинг ўз маданияти, тили ва таъсирини парваришлаш учун бир давлатнинг суверенитетига дахл қилиш қадар қилаётган бу каби анчайин нодипломатик хатти-ҳаракатлари - унинг анчагина мураккаб аҳволда экани, ўзининг ресурслари, истиқболига ишонмаганлиги, дипломатик, интеллектуал ресурсларининг етишмаётганлигидан кўринади".

Расмий Тошкентнинг Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили сўзларига муносабатига тўхталаркан, таҳлилчи суҳбатдошимиз бу ўринда иккита асосий қадриятга эътибор қаратишнинг муҳимлигини урғулайди.

"Биринчиси бу - Ўзбекистоннинг суверенитети. Иккинчиси, турли соҳаларда энг муҳим ҳамкорларидан биттаси бўлган Россия билан тўқнашмаслик".

Таҳлилчига кўра, худди шу боис ҳам, "Ўзбекистон давлатчилиги мамлакатнинг миллий манфаатларида келиб чиқиб, бир томондан ўзининг суверенитетини вазминлик, мўътадиллик, совуққонлик, дипломатия билан урғулаши ва айни пайтда Россия билан тўқнашишга имконият бермаслиги муҳим".

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek