Сенат Ўзбекистоннинг ЕОИИга кузатувчи сифатида қўшилишини маъқуллади

Сурат манбаси, Senat.uz
Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати ўзининг тўртинчи ялпи мажлисини видеоконференция кўринишида ўтказган: сенаторлар пойтахт Тошкент, Нукус ва вилоятлардаги студиялардан масофавий қатнашганлар.
Ялпи мажлис кун тартибига 20 та масала, жумладан, 10 қонун кўриб чиқилиши учун киритилгани хабар қилинган.
Сенаторлар Ўзбекистоннинг ЕвроОсиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорлиги тўғрисидаги масалани кўриб чиққанлар ва иттифоққа "кузатувчи давлат" мақомида қўшилишини ёқлаб овоз берганлар.
Овоз бериш жараёнида Ўзбекистоннинг 100 сенаторидан 91 нафари иштирок этгани, шундан 71 нафари ЕврАзЭСга кузатувчи бўлиб қўшилишни ёқлаб овоз берганлари хабар қилинмоқда.
16 сенатор Сенат қарорига қарши чиққан, тўрт сенатор эса бетараф қолган.
Ўзбекистон парламентининг қуйи палатаси мамлакатнинг ЕвроОсиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорлиги масаласини 28 апрел куни кўриб чиққан ва Қонунчилик Палатаси кузатувчи бўлиб қўшилишни маъқуллаган эди.
Ўшанда қарорни 86 депутат маъқуллаб овоз бергани, 32 нафари қарши чиққани, 14 депутат бетараф қолгани хабар қилинган.
Ўзбекистоннинг ЕврАзЭСга қўшилиши мавзуси жамиятдаги сўнгги йилларда энг қизғин муҳокама қилиб келинаётган сиёсий мавзу дейиш мумкин.
Аксар блогерлар ва фаоллар фикрича, бу Ўзбекистоннинг замонавий тарихидаги энг муҳим қарорлардан биридир.
Ҳатто, 2020 йил 28 апрели Ўзбекистон тарихида машъум кун сифатида қолади, дегувчилар ҳам топилди.
Номи қора иттифоқ
Кўплаб кузатувчилар ва таҳлилчилар ЕвроОсиё Иқтисодий иттифоқини Россия Президенти Владимир Путиннинг собиқ Совет Иттифоқини қайта тиклаш йўлидаги уринишлари инъикоси ўлароқ кўради.
Аммо иккинчи томон, хусусан, россиялик сиёсатчилар иттифоқ заминида ҳеч қандай сиёсий мақсад ётмаслиги, у пост-совет давлатларининг иқтисодий ҳамкорлигини ошириш йўлидагина ташкил этилганини таъкидлайди.
Бугунги кунда Евроосиё Иқтисодий иттифоқига собиқ Совет Иттифоқи таркибида бўлган Арманистон, Беларус, Қозоғистон, Қирғизистон ва Россия аъзо.
Молдова эса кузатувчи давлат мақомини олган.
Иттифоққа аъзо давлатлар ҳудудида ягона божхона назорати ўрнатилган.
Бундан ташқари, аъзо давлатларнинг фуқаролари меҳнат муҳожири сифатида ишлаётган мамлакатда ишлаш ҳуқуқини берувчи патент олишга мажбур эмас.
Иттифоқ дебочаси
Аслида, пост-совет ҳудудида иқтисодий иттифоқ ташкил этиш ғояси 1994 йили Қозоғистоннинг собиқ президенти Нурсултон Назарбоев томонидан ўртага ташланган эди.
Ўз вақтида жаноб Назарбоев пост-совет давлатларининг бештаси - Россия, Қозоғистон, Беларус, Қирғизистон ва Тожикистон иттифоқнинг доимий аъзолари, дея эътироф этиш фикрини қатъий ҳимоя қилган эди.
Шунингдек, Назарбоев, кейинчалик Украина, Озарбайжон, Арманистон ва, ҳаттоки, Грузия таркибидаги автоном республикалар - Жанубий Осетия ҳамда Абхазия Иттифоқнинг тўлақонли аъзолари бўлишлари мумкинлигини айтган.
Бироқ ўша пайтда Россиянинг Ғарб билан нисбатан илиқ муносабати, улкан иқтисодий қийинчиликлар, устига устак марҳум Борис Елциннинг МДҲ билан муносабатларга ҳафсаласизлик билан қарагани Назарбоев таклифининг воқеликка айланишига имкон бермаган ва йиллар давомида бу лойиҳа бошқа масалалар соясида қолиб кетган.
2011 йили ўша пайтларда Россия бош вазири бўлган Владимир Путин бу масалани 2012 йилда ўтиши режалаштирилган президентлик сайлови олдидан яна кун тартибига қўяди.
Ўшанда Путин 2000 йилда ташкил этилган Евроосиё Иқтисодий Жамияти ва Россия, Қозоғистон ҳамда Белорус ўртасида 2010 йилда ташкил қилинган Божхона Иттифоқи тажрибаларига таянган ҳолда бўлажак иттифоққа аъзо бўладиган давлатларда мисли кўрилмаган иқтисодий ўсиш бўлишини башорат қилади.
Бироқ ўша йиллардаёқ ғарблик сиёсатшунослар ва таҳлилчилар Путиннинг бу ташаббуси Россиянинг собиқ иттифоқ давлатлари устидан назоратни кучайтириш йўлидаги сиёсий қадами эканидан огоҳлантириб чиққанлар.
Мустақилликдан айрилиш қўрқуви
Ўзбекистонда Евроосиё Иқтисодий Иттифоқига қўшилиш эҳтимоли юзасидан тарқалган хабарлар 2019 йилнинг кузида шов-шувга айланиб, кенг норозиликларга сабаб бўлди.
Норозилик кайфияти юқори эканига қарамай, Ўзбекистон ҳукумати жорий йилнинг март ойида Евроосиё Иқтисодий иттифоқида кузатувчи мақомида иштирок этишни маъқуллаб, бу борадаги таклифни парламентга юборди.
Ундан аввалроқ Президент Шавкат Мирзиёев Евроосиё блокига қўшилишнинг Ўзбекистон учун фойда ва зарарлари ўрганилаётганини айтган.
Феврал ойида Бош вазир Абдулла Арипов агар Ўзбекистон иттифоққа аъзо бўлса, Россияда меҳнат қилаётган икки миллиондан зиёд ўзбекистонликнинг патент юкидан халос бўлиши ва бу мамлакат иқтисодиёти учун фойда эканига билвосита ишора қилган ҳамда бу масалани парламент кўриб чиқиши лозимлигини билдирган.
Аммо мамлакатда депутатлар ва сенатор қарорини қўллаб-қувватлаётганлар ҳам йўқ эмас.
Уларнинг фикрича, ҳозирда Ўзбекистоннинг иқтисодий ривожи Россия билан чамбарчас боғлиқ ва карантин чекловлари туфайли миллий иқтисодиёт оғир кунларни бошдан кечираётган бир пайтда "минтақадаги энг қудратли давлат билан ўчакишиб бўлмайди".
Парламентни қўллаб-қувватлаётганлар "кузатувчи давлат" мақомида бўлиш бугунги кунда Ўзбекистон учун сиёсий жиҳатдан энг хатарсиз йўл эканини айтади.
Энди Сенат қарори Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга тақдим қилинади.
- Ўзбекистонни Евросиё блокига қўшиш учун Россия ўз медиасидан қандай фойдаланмоқда?
- Ўзбекистонликлар яна Россия таъсиридан хавотирга тушмоқдами?
- Ўзбекистон қўрқишига асос борми ёки Путин таҳликани яхши англайдими?
- Ўзбекистон ва Россия: АҚШ ислоҳотлар қайғусидами ёки ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқи?
- Россия буғдой экспортини тақиқлади, Ўзбекистонда ун қимматлайдими?
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

















