Россия буғдой экспортини тақиқлади, Ўзбекистонда ун қимматлайдими? O'zbekiston

Сурат манбаси, AFP
Россия буғдойини 1 июлгача четга олиб чиқишни тақиқлади. Россия Қишлоқ хўжалиги вазирлигига кўра, фақат ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқига аъзо мамлакатларгагина буғдой экспортига рухсат этилади.
Россия бошқа донли маҳсулотлар - жавдар, арпа ва маккажўхори экспортини ҳам вақтинча тўхтатди, буни мамлакат ички эҳтиёжларини қондириш зарурияти билан изоҳлайди.
Бундан олдин ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқи Олий Кенгаши жаҳондаги коронавирус пандемияси сабаб иттифоққа аъзо мамлакатларнинг бозорларида ижтимоий аҳамиятга эга маҳсулотларнинг тақчиллигига йўл қўймаслик мақсадида қарор қабул қилган, шу қарорга мувофиқ ЕврАзЭСга аъзо Қозоғистон ҳам 1 апрелдан буғдой ва ун экспортига чеклов киритган.
Қозоғистон қўшнилари - Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Афғонистонга 1 августгача ҳар ой 200 минг тонна буғдой, 60 минг тонна ун экспорти квотасини жорий этди.
Қозоғистон буғдой ва ун экспортини чеклагани Ўзбекистонда хавотирларни пайдо қилган.

Сурат манбаси, BBC Uzbek
Апрел ойидан Тошкентда Қозоғистоннинг уни ва Қозоғистон унидан ёпиладиган тандир нонлари нархи ошгани кузатилди.
Бутун Марказий Осиё мамлакатларидаги нон маҳсулотларининг аксари Қозоғистоннинг унидан тайёрланади.
Расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистон Қозоғистондан 2019 йили 3,2 миллион тонна буғдой, 500000 тонна ун сотиб олган. Шунингдек, 700 тоннадан зиёд макарон маҳсулотлари импорт қилган.
Бу - Ўзбекистон ўтган йили ҳар ойда шимолий қўшнисидан 266000 тонна буғдой, 41666 тонна ун сотиб олганини англатади.
"Ички бозор нархлари барқарор"
Расмий маълумотларга кўра, 2018-19 йиллардаги мавсумда Ўзбекистон 6 миллион тонна буғдой етиштирган, 3,2 миллион тонна импорт қилган, 2,6 миллион тонналик ўтиш даври захираси билан жами 11,8 миллион тонна дон ғамлаган.
Жами истеъмол 9,7 миллион тоннани ташкил этган.
Ўтган йили Ўзбекистон буғдой импортини 2,8 фоиз қисқартиришга эришган.
2019 йил 15 октябридан ун бозорини эркинлаштириш бошланди: хўжалик субъектларининг ҳам маҳаллий ва ҳам импорт унни биржада харид қилиш ва сотишларига рухсат берилди.
2020 йил ҳосилидан ғалла давлат буюртмасини босқичма-босқич бекор қилиш, 2021 йилдан эса давлат харид нархларидан воз кечиш режаланган.
Президент Шавкат Мирзиёевга кўра, сўнгги уч ойда Ўзбекистонга ун импорти ўтган йилнинг шу даврига солиштирганда 50 фоиз, буғдой импорти эса 31 фоиз камайган.
Шунга қарамасдан, ички бозорда ун ва буғдойнинг нархларини барқарор ушлашга эришилди, бунинг боиси, ўтган йили давлат харид нархларининг оширилгани, дея Ўзбекистон президенти матбуот хизматига таяниб хабар тарқатди маҳаллий оммавий ахборот воситалари.
Голодний бунт олди олинганми?

Сурат манбаси, .
Коронавирус пандемиясининг иқтисодий шикастлари улкан бўлиши кутилмоқда, айрим мамлакатлар оч қолган инсонларнинг исёнларига дуч келиши ҳақидаги башоратлар ҳам илгари сурилаяпти.
Ўзбекистон ҳукумати ҳам аҳолини озиқ-овқат билан таъминлаш мушкул вазифага айланиши мумкинлигини эътироф этмоқда, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш чоралари кўрилаётганини айтмоқда.
Президент Мирзиёев бу йил ғалла ҳосилдорлигини 20 фоиз ошириш, ҳар гектаридан камида 70 центнер ҳосил йиғиш топшириғини берди.
Март ойи ўртасидан Ўзбекистонда коронавирус тарқалиши олдини олиш мақсадидаги чораларга қўл урилди.
Орадан бир ой ўтиб - апрел ойи ўрталарига келиб айрим вилоятларда ун ва буғдой тақчиллиги юзага келди, қимматлашиш кузатилди.
Ижтимоий масофа сақлаш талабига қарамасдан, ун сотиб олиш учун катта сондаги оломоннинг савдо жойлари олдида тўплангани фото ва видеолари социал тармоқларда тарқалди.
Бундай ҳолатлар мамлакатнинг кўплаб ҳудудларида кузатилди.
50 килограммлик қопи 160-170000, 180 минг сўмдан сотиб келинган Қозоғистон олий навли унининг нархи 200000-210000 cўмгача кўтарилиб кетди.
Карантин шароитида аҳоли норозилигига йўл қўймаслик учун ҳукумат унни ҳокимликлар назоратида тадбиркорлар орқали сотдириш тадбирига киришди.
Аммо бу чоралар жойларда ҳокимларга яқин тадбиркорларга қўл келгани ва носоғлом бизнес шароити пайдо бўлгани ҳақидаги даъволар ўртага чиқди.
Ички бозор ҳимоясими ё сиёсий босим воситаси?

Сурат манбаси, Getty Creative
Ички бозор ҳимоясими ё сиёсий босим воситаси?
Россия буғдой экспортини тақиқлаши қарори ортида сиёсий сабаблар кўраётган таҳлилчилар кўп.
Россия давлат назоратидаги оммавий ахборот воситаларида коронавирус вазияти Марказий Осиё мамлакатларида озиқ-овқат тақчиллигини келтириб чиқариши мумкинлиги, мураккаб вазиятдан чиқиш йўли ЕврАзЭС сингари ташкилотларга бирлашиш экани ҳақидаги мақолалар кўпайган.
Москвада фаолият юритадиган асли ўзбекистонлик иқтисодий ва сиёсий таҳлилчи Жамшид Муслимовнинг фикрича, жаҳон бозорида нефт нархи тушишидан зарар кўраётган мамлакат нақд валюта тушумидан воз кечаётир.
"ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқи ҳудудидан ташқарига пиёз, саримсоқ, жавдар, шолғом, гуруч, ёрма, ғалла-дон, қорабўғдой, тариқ, бутун донли ун, тозаланган гречка, соя дуккаклари, кунгабоқар уруғларини олиб чиқиш 30 июнга қадар тақиқланди. Ушбу маҳсулотларнинг асосий ишлаб чиқарувчилари - Россия ва Қозоғистон бўлишади. Бу икки давлат даромадининг катта қисми нефть ва газ импорти бўлиб келган. Жаҳон бозорида нефть нархи ва унга бўлган талаб кескин тушиб кетган бир шароитда бу каби қишлоқ хўжалик маҳсулотларини ташқи бозори экспортидан тўсиш - пандемия вазиятида ҳаводек зарур хорижий валюта тушуми ва боғлиқ солиқлардан ўзини тўсишдир. Ўйлайманки, бу қарор ижроси заиф назорат қилинади ва тўлақонли амалга оширилмайди", дейди Жамшид Муслимов.
Ўзбекистон Россия буғдойи ва унининг йирик харидори эмас: ўтган 2019 йили буғдой ва арпа унлари импорти 1000 тоннадан сал зиёд бўлган.
Ўзбекистон учун Қозоғистон уни ва буғдойи муҳимроқ.
Қозоғистон экспортни чеклаб қўшни мамлакатларга буғдой учун 200 минг тонналик, ун учун 60 минг тонналик квота сақлаб қолгани Ўзбекистон учун ички бозорда нарх-навони барқарор ушлаб туриш учун етарли, деб ҳисоблашади иқтисодий таҳлилчилар.
Расмийлар эса Ўзбекистоннинг ўз буғдойи захираси кейинги ҳосилгача етишини айтадилар.
Коронавирус пандемияси дунё бўйлаб озиқ-овқат хавфсизлигини долзарб масалага айлантирган, реал очарчилик таҳдидини юзага келтирган.

- Ўзбекистон: Карантинда ё коронавирусдан, ё очликдан ўламиз шекилли…
- Ўзбекистон, коронавирус: Бозор боролмаймиз, дўконга қурбимиз етмаяпти
- Коронавирус: Ўзбекистон қўрқишига асос борми ёки Путин таҳликани яхши англайдими?
- Коронавирус: Пандемия боис дунё мислсиз очарчиликка дуч келиши мумкин - БМТ
- Бизнесим минусга кириб бўлди - Карантинда тадбиркорлар Ўзбекистон ҳукуматидан нима ёрдам кутяпти?
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

















