Ўзбекистон, коронавирус: Бозор боролмаймиз, дўконга қурбимиз етмаяпти

Сурат манбаси, courtesy
Сирдарё вилоятининг Сардоба туманида яшовчи 20 яшар Мадина отаси барвақт вафот этгани, беш аъзодан иборат оиланинг ташвишлари эса 45 яшар онаси ва ўзининг гарданида экани ҳақида сўзлайди.
Мадина карантинга қадар рўзғорга керакли нарсаларни Жиззахнинг Пахтакор тумани деҳқон бозоридан олиб келишганини айтади.
«Қишлоғимизда битта дўкон бор, холос. Агар камроқ нарса зарур бўлиб қолса, қўшни қишлоққа борамиз», ҳикоя қилади у.
Эшак аравага ортилган бозорлик
Бироқ у вилоят марказларида автотранспорт ҳаракати тўхтатилиши ортидан ўз туманида ҳам машиналарни махсус рухсатномасиз бошқариш тақиқлаб қўйилганини айтади.
Мадинанинг сўзлашича, бунинг ортидан унинг қишлоғидаги оилалар туман деҳқон бозорларига бора олмай қолган.
«Балки қайсидир оилалар карантинга қадар катта бозорлик қилиб қўйгандир, лекин мен билган одамларнинг кўпида маҳсулот камайиб боряпти», маълум қилади бу қиз.
Оқибатда, одамлар қишлоқдаги ягона дўкон ёки қўшни қишлоқдаги кичик бозорчадан рўзғор қилишдан ўзга чора топа олмаяпти, дейди Мадина.
Унинг таъкидлашича, карантинга қадар одамлар ўз машинаси ёки такси ёллаб харид қилинган маҳсулотларни уйига олиб келган бўлса, автомашиналар ҳаракати тақиқланиши ортидан туман марказлари тугул қўшни қишлоққа ҳам бориш амри маҳол бўлиб қолган.
"Машиналар тўхтагандан кейин кўпчилик нариги қишлоққа великда боришга одатланганди, энди бугундан великда юришни ҳам тақиқлаб қўйишди".
"Қишлоғимиз дўконида эса маҳсулот деярли қолмади. Дўкон эгаси машинага рухсат йўқлиги учун оптомдан нарса олиб келолмаётганини айтяпти", давом этади у.
Шундан сўнг оиланинг асосий ташвишлари елкасига тушган Мадина эшак аравада туман марказидаги бозорга боришга мажбур бўлганини айтади.

Сурат манбаси, courtesy
«Ўтган ҳафта уйда маҳсулот деярли тугади. Шунинг учун кеча, якшанба куни айланма йўллар орқали эшак аравада бозорга боришга мажбур бўлдим».
«Ўзи бу бозорга катта йўлдан борилса, машинада 20-25 минутли йўл. Эшак арава тақиқланганини ҳозирча айтишмаган бўлса ҳам, қўрққанимдан дала йўлидан бордим. Қанча вақтда уйга етиб келганим эсимда ҳам йўқ», қўшимча қилади 20 ёшдаги бу қиз.
Мадинанинг билдиришича, ун ва картошкани ҳисобга олмаганда, ўз ҳудудидаги деҳқон бозорлари ва дўконларда нархлар сезиларли ошмаган. Шунга қарамай, аксар одамларнинг жамғармаси тугаб бораётир.
«Ўзимизда чиққан ун топилмаяпти. Фақат 200-210 минг сўмга қозоқ ун сотиляпти, лекин кеча бозорда картошка талаш бўлди. Одамлар бир-бири билан уришиб, картошкани талаб ташлашди», ҳикоя қилади у.
«Пули борлар амаллаб дўконлардан рўзғор қиляпти. Пули йўқлар иложсиз уйида ўтирибди. Ўтган йили пул йиғиб, ўзим учун кичикроқ уй кўтартирган эдим. Бу йил шуни томини ёпаман, деб озроқ пул йиғиб қўйгандим. Ҳозир онам ва укаларим билан шу пулни еб ўтирибмиз. У ҳам тугаса, билмадим нима қиламиз», сўзлайди Мадина.
Мадина унинг қишлоғида ҳокимият томонидан арзонлаштирилган кўчма бозорлар ташкил қилинмагани ёки хайриялар уюштирилмаганини билдиради.
«Лекин қишлоғимиздаги бир амакининг ўғли Кореяда ишлайди. Шу ният қилиб, пул юборган экан, мен йўқлигимда уйимизга бозорлик ташлашиб кетишибди яқинда. Рози бўлишсин. Аммо бошқа аҳволи оғир оилаларга қандайдир ёрдам берилгани ҳақида эшитмадим».
Мадинанинг ҳамқишлоғи, Ойсапар исмли 30 яшар аёл, асосан, ун тақчиллигидан муаммо бўлаётганини таъкидлайди.
«Қозоқ ун 210 мингга чиқиб кетди, 50 минг сўмга қимматлашди деярли. Ўзимизнинг қорароқ ун топилмаяпти. Дўконимиздагилар ҳозир ун олиб келолмаяпмиз, дейишяпти. Энди аёллар йиғилиб, маҳалла оқсоқолимиздан арзон ун олиб келишни илтимос қилмоқчимиз», дейди уч фарзанднинг онаси бўлган бу аёл.
Қишлоқ аҳли дўкондан қарздор
Сурхондарёнинг Музработ туманидан Би-би-си билан боғланган яна бир аёл бозорларга боролмаган аҳоли вазиятдан фойдаланиб нархларни ошириб юборган дўконлардан қарздор бўлиб кетаётганини хабар қилади.
"Бизда кўп одам ўқимаган, асосан, устачилик билан тирикчилик қилади. Ҳозир иш йўқ, пул йўқ. Бозорларга боролмай, мажбур дўконлардан нарса оляпмиз".
"Дўконларда нарх ошиб кетган. 130-140 минг сўм бўлган оддий Термиз уни йўқ, қиммат Қозоқ ун сотишяпти. Гўшт 60 минг, картошка 5,5 минг, пиёз 4 мингга чиқиб кетди. Энди одамлар бозорга боролмагандан кейин нима қилади? Дўкондан оладида мажбур", дейди музработлик аёл.
Унинг сўзлашича, жамғармаси йўқ одамлар насия харид қилишга мажбур бўлмоқда.
«Сиз билан гаплашишимдан олдин синглимникида эдим. Улар ҳам қарзга дўкондан нарса олишяпти экан. Кейин қандай тўлайди, ҳеч ким билмайди».
Бу аёл ҳам ҳокимият қишлоқдаги аҳвол билан қизиқмаётгани, арзонлаштирилган кўчма бозорлар ташкил қилинмаганини айтади.
«Ҳокимият қилган биргина иш - уйма-уй юриб, қарияларга пенсия тарқатиб чиқишгани бўлди», маълум қилади у.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: @bbcuzbek












