Коронавирус: Ўзбекистонда ўзини иҳоталаш мажбурий бўлади - O'zbekiston

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM
Ўзбекистонда 6 апрелдан Тошкент, вилоятлар марказлари ва Нукус шаҳрида «ўзини яккалаш» режими мажбурий қилинади.
Коронавирус тарқалишини бартараф қилиш учун киритилган «ўзини яккалаш», яъни уйда қолиш ва ўзгалар билан мулоқотни чеклаш тизими 1 апрелда эълон қилинганди.
«Ўзини яккалаш» тизимини мажбурий қилиш қарори Коронавирусга қарши кураш бўйича махсус комиссиянинг 4 апрелда бўлиб ўтган йиғилишида олинган.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Бу режимга кўра:
• Турар жойдан чиқишга кескин чеклов киритилади: ўта зарур ҳолларда (маҳсулотлар, дори- дармон ва тиббий жиҳозлар олиш учун) ўз яшаш ҳудудингиздаги савдо объектлари ёки тиббий муассасаларга бориш бундан мустасно. Шунингдек, иш жойига бориш ҳам бу қоидадан мустасно;
• Кўчаларда ҳаракат қилаётганда, ҳамда савдо объектлари ва бошқа жойларда ўзаро 2 метрлик ижтимоий масофани сақлаш талаб қилинади;
• 65 ёшдан катта фуқаролар ва сурункали касаллиги бор шахсларга кескин зарурат бўлмаганда уйдан чиқиш қатъий ман этилади;
Бу қоидаларни бузган фуқаролар жавобгарликка тортилиши мумкин.
Тошкент, вилоятлар марказлари ва Нукус шаҳрида 6 апрелдан бошлаб велосипедлар ва скутер каби мототранспортларда ҳаракатланиш вақтинча чекланади. Улардан фақат ўта зарур ҳолларда озиқ-овқат, дори, тиббий жиҳозлар сотиб олиш, шифохонага ёки ишга бориш учун фойдаланиш мумкин.

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM
Келгуси икки кун ичида йирик деҳқон бозорлари ва супермаркет, гипермаркет каби савдо марказларига масофадан инсон тана ҳароратини ўлчайдиган пирометрлар ва антисептик жиҳозлар жойлаштирилади. У ерларда махсус ишчилар ҳам ҳозир бўлади.
Бу муассасаларга келган шахсда тана ҳарорати 37 градус ёки ундан юқори бўлса, у объектга киритилмайди ва зудлик билан тез тиббий ёрдамга мурожаат қилиш тавсия қилинади.
Йирик деҳқон бозорлари, савдо марказлари ва бошқа карантин остидаги жойларда дезинфекциялаш ишлари мажбурий равишда мунтазам амалга оширилиши кўзда тутилган.
Қурбонлар
Охирги маълумотларга кўра, Ўзбекистонда коронавирусни юқтиргани аниқланганлар сони 298 кишини ташкил қилади.
Ўзбекистонда коронавирусдан вафот этганлар сони - 2 киши.
Айни дамда, Америка овози хабар қилишича, Нью-Йорк шаҳрининг Бруклин туманида бу ҳафта икки ўзбекистонлик коронавирусдан вафот этди.
«Бири эркак, бири аёл. 51 ёшли эркак 6-7 йилдан буён АҚШда ўз оиласи билан доимий яшаб келган. У устачилик билан шуғулланган. Март ойи ўрталарида шамоллаб касалхонага тушганди. Пневмония унинг ҳолатини янада оғирлаштирган», дейилади хабарда.
Бруклиндаги касалхонада ўзбекистонлик аёлнинг яқинлари у Covid-19'дан вафот этганини тасдиқлаган. 59 ёшли аёл 9 йилдан буён АҚШда доимий яшаб келган. У қанд касаллигидан азият чеккан.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: @bbcuzbek












