Коронавирусдан ўлаётганларни коронавирус ўлдирмоқдами? - Koronavirus

Сурат манбаси, Getty Images
Ҳар куни дунё бўйлаб одамлар коронавирусдан қанча одам вафот этгани ҳақидаги хабарларни хавотир билан кузатишмоқда.
Ҳар бир инсоннинг ўлими ортда қолган яқинлари учун фожиа эканини айтиб ўтириш ортиқча.
Пандемия қанча одамнинг ҳаётига зомин бўлиши мумкинлиги ҳақидаги башоратлар,жумладан, Британияда ҳукуматни мамлакатни буткул ёпиб қўйишга мажбур қилди.
Аммо ўлим ҳоллари билан боғлиқ статистикадан нимани ўрганишимиз мумкин?
Вазият қанчалик ёмон?
Коронавирус ўлдиряптими?
Кундалик ўлим ҳолатлари, бу шифохоналарда қайд этилаётган ҳолатлар - танасида коронавирус инфекцияси бор беморнинг вафот этиши.
Аммо бу рақамлар бизга вируснинг қанчалик ўлимга сабаб бўлгани ҳақида маълумот бермайди.
Вирус асосий омил ёки қўшимча сабаб ё-да шунчаки, инсон ҳаётдан кўз юмаётган пайтда унинг танасида мавжуд бўлиши ҳам мумкин.
Коронавирусдан вафот этаётганларнинг аксари аввалдан соғлиқ билан боғлиқ муаммоси бор одамлар. Масалан, юрак хасталиги ёки қандли диабет сингари. Булар асосий омил бўлиши мумкин.
Масалан, Англиянинг Ковентри шаҳрида 18 яшар ўсмир вафот этишидан бир кун олдин унда коронавирусга борлиги аниқланган. Вафот этган куни вируснинг энг ёш қурбони деб эълон қилинган.
Аммо кейинроқ шифохона номидан бир баёнот эълон қилиниб, унинг вирусга алоқаси бўлмаган бошқа бир "муҳим" соғлиқ муаммосидан вафот этгани айтилди.
Аммо бошқа ҳолатлар, жумладан, ҳеч қандай касаллик тарихи бўлмаган лондонлик 13 яшар болакай ва тиббиёт ходимларининг вафот этиш ҳоллари ҳам бор.
Ҳозирда Британиянинг Миллий статистика идораси айнан коронавирус сабаб бўлган ўлим ҳолатларининг нисбатини аниқлашга ҳаракат қилмоқда.
Британия ҳукуматига маслаҳат бераётган Лондон империя коллежи мутахассислари ўзларининг ҳисоблаш усулларига таяниб, шу йил августига қадар вирусдан ярим миллон одам вафот этиши мумкинлигини айтишган.
Улар шунингдек, Британия ҳукуматининг бундан аввалги симптоми бор одамларни яккалаш ва касалликка мойил қатламни ихоталаш стратегияси 250 минг одамнинг ҳаётига зомин бўлиши мумкин, дея огоҳлантирганлар.

Сурат манбаси, WANA VIA REUTERS
Энди эса айни мутахассислар британ ҳукумати жорий қилган ёппасига карантин ўлим ҳолатларини 20 минг билан чеклашини айтишмоқда.
Аммо бу 480 минг одамнинг ҳаёти асраб қолинади, деганини англатмайди, уларнинг кўпи вирус юқтирса ҳам, юқтирмаса ҳам вафот этиши мумкин.
Британияда ҳар йили 600 минг инсон вафот этади. Заифлар ва кексалар риск гуруҳида, худди коронавирусда бўлгани каби.
Кэмбриж университети профессори, сэр Девид Спигелхолтернинг айтишича, келаси йили 80 ёшдан ошганларнинг 10 фоизи вафот этади. Уларнинг короавирусдан вафот этиш эҳтимоли ҳам қарийб шунчалик.
"Бу қўшимча ўлим ҳолатлари бўлмайди дегани эмас, - дейди профессор, - аммо бир-бирига мос келиб қолиш даражаси юқори".
"Covid (коронавирус келтириб чиқарадиган касаллик - таҳр.) дан вафот этадиган одамларнинг кўпчилиги қисқа вақт ичида барибир вафот этади", - дейди у.
Ҳозирги босқичда айнан қанча одам вафот этишини башорат қилиш имконсиз.
Карантин қанчалик фойда беради?
Британия ҳукуматининг ҳозирги чоралари нақадар самара бераётгани ҳақида келаётган ҳафталарда шифохоналарнинг коронавирусга чалинган беморлар оқимини қанчалик уддалай олишига қараб хулоса чиқариш мумкин бўлади.
Бундан ташқари, асосий ўлчов кутилган ва ҳақиқатда юз берган ўлим ҳолатлари ўртасидаги фарқдир.
Бу статистика, одатда, грипп мавсумларида яқиндан кузатиб борилади.

Сурат манбаси, Getty Images
Англия соғлиқни сақлаш расмийларига кўра, сўнгги йилларда 17 минг атрофида қўшимча ўлим ҳолатлари қайд этилган.
Бу ҳисоб-китобларни, албатта, келажакда қилиш мумкин, аммо Лондон Университет коллежи (Лондон Университети - таҳр.) тадқиқотчилари уни олдиндан моделлашга ҳаракат қилишмоқда.
Уларга кўра, агар коронавирус гриппдан ҳалокатлироқ бўлса, карантин чоралари қўшимча ўлим ҳолатларини 1400тага тушириши мумкин. Бу карантин эълон қилинишидан олдинги стратегия бўйича ҳисобланганидан 12 мингга камроқ.
Агар коронавирус гриппдан беш баробар ҳалокатлироқ бўлса, ундан карантин чоралари ўлим ҳолатларини 6900 тага камайтириши кутилади. Бу карантин бўлмаган ҳолатдагидан 60 мингтага камдир.
Карантиннинг таъсири-чи?
Карантиннинг ўзи одамларнинг ҳаётига зомин бўлиши мумкин.
Ноттингем Трент университетидан профессор Роберт Динволнинг айтишича, жамият ва иқтисодиётга иккинчи даражали зарарлар қуйидагиларнги ўз ичига олиши мумкин:
- ўзини яккалаш натижасидаги руҳий касаллик ва ўз жонига қасд қилишлар
- ҳаракатсизлик натижасидаги юрак хасталиклари
- ишсизлик ва турмуш даражаси тушиб кетишининг саломатликка таъсири
Айни пайтда, Бристол университети тадқиқотчилари карантиннинг фрйдаси зараридан кўплигини айтишмоқда.
Уларга кўра, Британия иқтисодиётида кутилаётган 6.4 фоиз пасайиш 2008 йилдаги молиявий инқироз билан баробар.
Кейинги қадамлар нима?
Британияда ҳозирда кўрилаётган чоралар вирус тарқалишини тўхтатиш йўли билан унинг чўққисига чиқишини бостиришга қаратилган.
Чўққига чиқиш даври ўтганидан сўнг кейинги қадамлар борасида қарор қабул қилинади.
Вирус ўз-ўзидан йўқолиб кетмайди. Вакцинага ҳам камида бир йил вақт борлиги инобатга олинса, энг катта синов вирусни қандай жиловлаш бўлиб қолаверади.
Бир томондан, вирусни, таъбир жоиз бўлса, уясида ушлаб туриш, иккинчи томондан эса, иккинчи чўққисига чиқишга йўл қўймаслик учун вирус тарқалишини назорат қилиш ўртасида мувозанат нуқтасини топиш керак бўлади.
Ва бунда қанча ҳаётни сақлаб қолиш ва қанча ҳаётни йўқотиш мумкинлиги борасидаги манзарани кўра билиш жуда муҳим.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek













