Коронавируснинг охири кўринмоқдами? - Тушкунликка тушмаслик учун 5 сабаб - Koronavirus

шифокорлар

Сурат манбаси, EPA

Коронавирус пандемияси дунё бўйлаб миллионлаб одамларнинг одатий турмуш тарзи ва режаларини остин-устун қилиб юборди. Кўпчилик экспертларга кўра, пандемия миқёси шунчалик каттаки, келаётган ҳафталар ва эҳтимол, ойлар давомида карантин чораларидан қочиб бўлмайди.

Бундай вазиятда ижобий нарсани топишнинг ўзи қийин, аммо йўқ эмас. Асосийси, йирик таҳдид қаршисида қолган одамзод инсонийликни намойиш этиш учун ўзида куч топа олди.

1. Оқ халатли инсонларга олқиш

Барча давлатларда коронавирусга қарши курашнинг олдинги жабҳаларида врач, ҳамшира ва бошқа соғлиқни сақлаш ходимлари туришибди. Айнан шу одамларнинг саъй-ҳаракатлари туфайли кўпчилик беморлар шифо топишмоқда.

Уларнинг хизматларини эътироф этиш ва қайсидир йўл билан миннатдорчилик билдириш учун кўпгина давлатларда одамлар кечқурунлари ўз ҳовлилари ёки уйларининг айвонига чиқиб, қарсак чалишмоқда.

Ана шундай бирдамлик лаҳзаларидан бири ўтган пайшанба Британияда кузатилди. Маҳаллий вақт билан 20.00да одамлар уйларининг айвонига чиқиб, қарсак чалдилар.

Ушбу тренд биринчи марта январ ойи ўрталарида Хитойнинг коронавирус ўчоғи бўлган Ухан шаҳрида кўрилганди.

Хитой ижтимоий тармоқларида жойлаштирилган видеороликларда одамлар миннатдорчилик сўзларини айтиб ҳайқираётгани ва қўшиқ куйлаётганини кўриш мумкин.

Вируснинг Ухан ташқарисига ёйилиши билан шифокорларга ошкора минатдорчилик билдириш ҳам глобал глобал трендга айланди.

Ухан метроси

Сурат манбаси, Getty Images

2. Хитой карантинни юмшатмоқда

Хитой расмийларининг айтишларича, улар мамлакатда вирус тарқалишини жиловлашга муваффақ бўлишган, камида ҳозирча.

Охирги кунларда кам сондаги янги вирусни юқтирганлар аниқланган. Улар Хитойга асосан, чет давлатлардан қайтаётганлардир.

Шу боис ҳукумат қаттиқ карантин чораларини аста-секинлик билан юмшатишни бошламоқда.

25 март куни эпидемия бошланган Хубэй вилоятида аҳолининг чиқишига қўйилган тақиқ олиб ташланди.

Уханда эса январ ойида жорий қилинган карантин чораларини 8 апрелдан эътиборан юмшатиш бошланади.

Би-би-сининг Хитойдаги мухбири Стивен Макдонеллнинг айтишича, Пекина яшовчилари эндиликда том маънода кўкракларини тўлдириб нафас олишлари мумкин.

Албатта, Хитойда эпидемиянинг янги тўлқини бошланиб кетиши мумкин, деган хавотирлар йўқ эмас, аммо ҳукумат яхшисига умид қилмоқда ва чекловларни аста-секин олиб ташламоқда.

Ўзбекистон

Сурат манбаси, Official

Сурат тагсўзи, Ўзбекистонда ҳукумат коронавирусга қарши курашаётган шифокорларга ойликнинг бир неча баробари миқдоридаги тўловларни йўлга қўйган

3. Италия ёруғликка чиқмоқда

Ўтган ҳафта ўрталарида Италия расмийлари мамлакат, афтидан, вирус тарқалишининг барқаролашиш даврига кирганини айтишди. Кетма-кет 4 кун давомида вирус юқтириш ва ундан вафот этиш ҳолларининг камайгани кузатилган.

Ўтган чоршанба 3612та янги ҳолат аниқланган, бу олдинги тўрт кунгача бўлган сондан камдир.

Аммо пайшанбага келиб, вирусни юқтирганлар сони яна ошди, жума куни эса умумий манзара анча чалкаш эди: вирусни юқтирганлар бир кун олдингидан камроқ, аммо вафот этганлар сони пандемия бошланганидан буён энг юқориси эди.

Аммо шундай бўлса ҳам, ўтган ҳафтанинг биринчи тўрт куни Европада вирусдан энг кўп жабр кўрган Италияда вазият яхши томонга ўзгариши мумкин, деган умидларни пайдо қилди.

Жаҳон Соғлиқ Ташкилоти ушбу тенденцияни умид берувчи, дея баҳолади, энг кўп жабр кўрган Ломбардия шаҳрининг бош ҳакими эса, "ниҳоят, ёруғлик кўринди", деб айтди.

Лаборатория

Сурат манбаси, AFP

4. Олимлар вакцина устида ишлашмоқда

Бутун дунё янги коронавирусга қарши вакцина қачон чиқади, деб кутмоқда.

Ҳозирда олимлар бир нечта вакцина устида ишлашмоқда. АҚШнинг Сиэтл шаҳридаги Kaiser Permanente илмий -тадқиқот марказида тўрт нафар кўнгиллига вирусдан олинган ирсий коднинг тажриба дозаси қилинди.

Экспертларга кўра, бу ва бошқа ишлаб чиқилаётган вакциналарнинг қанчалик самарали бўлишини кўриш учун бир неча ой вақт керак бўлади.

Шунга қарамасдан, олимлар коронавирус ҳақида борган сари кўпроқ маълумотга эга бўлишмоқда. Ўтган ҳафта вируснинг генетик кодини ўрганишга доир умид берувчи тадқиқот ҳақида хабар қилинди.

Одатда вируслар ҳайвон ёки инсон организмида кўпайиши баробарида мутацияга ҳам учрайди. Аммо ҳозирги коронавирус билан боғлиқ ҳолатда, олимларнинг айтишларича, мутация жараёни жуда секин боряпти ёки умуман йўқ

Агар ушбу кузатишлар тасдиқланса, инсонда узоқ вақтга иммунитет ҳосил қилиш учун битта вакцина етади, деб ўйлашга асос бўлади.

"Барқарор геномга эга вирус, бу вакцина ишлаб чиқиш учун яхши хабардир", - деб айтган муаммо билан бевосита шуғулланаётган профессор Стефано Менцо.

NHS

Сурат манбаси, Getty Images

5. Кемага тушганнинг жони бир

Гарчи коронавирус кўпчилигимизни жисмоний маънода бир-биримиздан узоқлаштирган эса-да, ахлоқий ва маънавий жиҳатдан одамлар орасида бу каби бирдамлик яқин тарихда кўрилмаган.

Барча давлатлардан ўзаро ҳамдардлик ва хайрия акциялари ҳақидаги хабарлар оқиб келмоқда.

Британияда Миллий соғлиқ тизимига ёрдам чақириғига юз минглаб одамлар лаббай, деб жавоб беришган. Бу ҳукумат умид қилганидан бир неча баробар кўп.

Ҳозирда фақат етказиб бериш хизматини амалга ошираётган кўпгина кафе ва ресторанлар тиббиёт ходимларига бепул кофе ҳамда бутербродларни тарқатмоқда.

Испанияда, El Pais газетасининг ёзишича, минглаб одамлар маҳаллий шифокорнинг чақириғига жавобан оғир ётган беморларга тезроқ соғайиш тилаклари билдирилган мактубларни йўллашган.

Дунё бўйлаб Италия ва Испаниядан бошланган яна бир тренд қулоч ёймоқда: одамлар ўзлари чизган суратлар ва камалак акс этган плакатларни яхши ният ва умид рамзи сифатида уйларининг деразаларига осишмоқда.

BBC

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek