Ўзбекистон: Тиббиёт ходимларига нега ниқоб етишмаяпти? - Коронавирус

Сурат манбаси, Official
Ўзбекистон коронавирусга қарши уруш очаркан, унинг олд жабҳасида бўлган шифокорлар махсус кийим ва оддий тиббиёт ниқоби етишмаслигидан шикоят қилишмоқда.
Улар ниқобни ўзлари сотиб олишига тўғри келаётган шифокорларнинг ўлиб кетишига йўл қўйманглар, деб бонг уришаётир.
Тошкентда шифокор Умиджон Уралов Facebook саҳифасида ўзи ва ҳамкасблари дуч келаётган муаммо ҳақида ёзди.
"Айнан бу кўринмас душман CОВИД-19 билан биринчи бўлиб контактга киришадиган поликлиника ва тез тиббий 103 хизмати ходимларида ҳақиқий стандартга тўғри келадиган ва самарали ТИББИЙ НИҚОБ лар муаммо. Ҳамма ходимлар узи сотиб олмоқда. Маскалар неча пуллиги ҳаммага маълум", деб ёзди Уралов.
Шифокорнинг айтишича, Эпидемия пайтида ва тиббий муассасаларда бундай ниқоблар 2 соатдан кўп тақилиши мумкин эмас(самарасиз). Яъни 24 соат ишловчи 103 ходими 12 та маска алмаштириши керак булади.
"Бизнинг ходимлар эса топгани 2-3 маскада, топмагани(чўнтаги кўтармагани 3000×12=72000 сўм/сутка) 1 тагина (у хам бўлса дока ниқоб) маскада навбатчиликни ўтказмоқда", дейди.
Шифокор Уралов докали ниқоблар самаралилиги 5-35% ни ташкил этишини айтади. Яъни ташқаридан 5% дан 35% гача вирусни ушлаб қолади.
"Бундай докали ниқоблар асосан тиббий ходимлар учун эмас балки вирус билан кам контактда бўладиган аҳоли ёки касалликка чалинганлар учун тавсия этилади. Чунки касал аксирганда, йўталганда, сўзлашганда ташқи муҳитга чиқиши мумкин бўлган вирусларни тутиб қолиши мумкин.
Бугун роса олқишлаётган шифокорларимизни ўлимдан ҳимоя қилайлик", дейди Умиджон Уралов.
У 10 йил ўқиган шифокорлар оддий тиббий ниқоблар етишмовчилигидан CОВИД-19 ни юқтириб, кўпчилик мамлакатларда кузатилаётгани каби (Италия, Эрон) шу касалликдан вафот этмасин, дейди.
Самарқанддан тиббиёт ходими Сунбула Ортиқхонова ҳам маскалар муаммолигини айтди.
У шифохонадан 8 чақирим узоқликда туришини ва ишга ўз ҳисобидан тўлаб таксида бориб келаётганини ёзди.
26 март кунги видеоселекторда Президент Шавкат Мирзиёев коронавирус юқтирган 65 беморнинг 11 нафари тиббиёт ходими эканлигини айтганди.
Ундан касаллик юқтирган тиббиёт ходимлари ҳақидаги маълумотлар бошқа янгиланмади.
29 март куни Наманганда коронавирус юқтирганлар орасида беморга қараган ҳамшира ҳам борлиги маълум бўлди.
Навоий вилоятидаги тиббиёт ходими уларда ишхонадан фақат резина қўлқоп берилаётгани тиббиёт ниқобларини ўзлари қўлдан ясашга мажбур бўлаётганини билдирди.
"Ҳомийлар бир донадан маска берган,аммо бир марталик бўлгани учун ишлатганимиз ҳам йўқ. Докани 16 қават қилиб ўраб тикиб олганмиз. Раҳбарият 20 қават қилишни тавсия қилганди, лекин 20 қаватда умуман нафас олиб бўлмайди, шунга 16 қават қилиб тикиб олганмиз", дейди у.
Жиззахлик тиббиёт ходими 6-8 қават қилиб докадан тиббиёт ниқоби тикишга тўғри келаётганини айтди.
У ишлатилган қўлбола тиббиёт ниқобларини ювиб, дазмоллаб яна қайта фойдаланишга тўғри келаётганини билдирди.
Асли касби шифокор бўлган Тошкент шаҳар кенгаши депутати Обиджон Латипов унга шифокорлардан бу борада бир неча мурожаатлар бўлганини айтди.
Депутатнинг Тошкент шаҳар тиббиёт бошқармаси ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги қошида коронавирус сабаб тузилган махсус штабга ушбу муаммони етказишга қилган ҳаракатлари самара бермаган.
Би-би-си ҳам ушбу ташкилотларнинг кўрсатилган рақамларига туша олмади.
Оддий ниқоб ҳимоя қилмайди

Сурат манбаси, Official
Ўзбекистонлик шифокорлар оддий тиббиёт ниқоби етишмаётганидан шикоят қилаётган бир вақтда Ўзбекистон ҳукумати коронавирусдан азият чекаётган Венгрия давлатига 150 минг тиббиёт ниқобини беғараз ёрдам сифатида юборди.
Венгрия Ташқи ишлар вазири Петер Сиярто Facebook даги саҳифаси орқали Ўзбекистон ҳукуматига ниқоблар учун миннатдорчилик билдирди.
Расмий мактубдан маълум бўлишича Ўзбекистон Венгрияга 100 минг оддий ниқоб, 50 минг махсус респиратор ниқоб юборган.
Бош вазир Абдулла Арипов топшириғи билан Фарғона ва Андижон вилояти ҳокимлари Қўшни Қирғизистонга махсус ниқоб ва ҳимоя костюмлари етказиб берди.
"Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев 10 мингта тиббиёт маскаси ва 900та ҳимоя костюмлари, Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов эса 4800та экспресс-тестлар ва регаентлар жўнатган", дейилади маҳаллий нашр хабарларида.
Ўзбекистонда айни дамда тиббиёт ниқоблари ишлаб чиқариш бир кунда 2 миллион донага етказилгани айтилмоқда.
Ҳукумат ушбу кўрсатгични бир кунда 5 миллионтага етказишни мақсад қилган.
Бироқ тиббиёт ниқоби учун зарур бўлган спунбонд махсус материалини четдан импорт қилиш муаммо бўлаётгани айтилмоқда.
Шифокорлар эса уларни оддий ниқоблар ҳимоя қила олмаслигини, тиббиёт ходимлари учун махсус респиратор ниқоблар зарурлигини таъкидламоқда.














