Коронавирус: Карантинда ўтирганда интернет тезлигини қандай ошириш мумкин? - O'zbekiston, Dunyo

Планшетный компьютер

Сурат манбаси, Getty Images

Коронавирус пандемияси сабаб дунё бўйлаб миллионлаб одамлар ўзларини яккалашган ёки уйдан ишлашмоқда.

Натижада интернетга юк кўпайган ва кўпчилик унинг секинлашганини айтмоқда.

Британиядаги оммавий ахборот воситалари фаолиятини мониторинг қилувчи мустақил регулятор - Ofcom фойдаланувчиларга қандай қилиб интернет тезлигини яхшилаш ва узилиб қолишларни камайтиришга доир қатор оддий тавсияларни берган.

Бу тавсиялар орасида ҳаммага маълумлари ҳам бор, масалан, "кинони стриминг орқали кўргандан уни олдиндан юклаб олган яхши" сингари.

Шу билан бирга, кутилмаган тавсиялар ҳам бор.

"Микроволновка тўлқинлари вай-фай сигналини ёмонлаштириши мумкинлигини билармидингиз?

Видеоқўнғироқ қилганда, юқори HD сифатли роликларни томоша қилаётганда ёки онлайнда нимадир муҳим иш қилмоқчи бўлганда микроволновкани ишлатмай туринг!", дея тавсия бермоқда Ofcom.

Ўзбекистон

Сурат манбаси, Official

Сурат тагсўзи, Мирзиёев ҳукумат олдига бир неча марта интернет тезлигини ошириш масаласини қўйган, аммо интернет ҳануз секин

Ўзбекистон сингари интернет шундоқ ҳам секин бўлган мамлакатларда, эҳтимол, мана бу тавсиялар коронавирусдан кейин ҳам асқотса, ажаб эмас:

  • Роутерни сигналга таъсир қилиши мумкин бўлган бошқа техникадан узоқроқ жойга ўрнатинг. Масалан, полга қўйгандан кўра, стол ёки жавонга қўйган яхшироқ;
  • Роутерни ҳар доим ёқиб қўйинг;
  • Қўнғироқ ёки видеоконференциялар пайти, агар жуда зарар бўлмаса, видеони ўчириб, фақат аудиони қолдиринг;
  • Ким биландир қўнғироқлашмоқчи бўлсангиз, ноодатий вақтларни келишинг. Масалан, фалон соатдан 13 ёки 38 дақиқа ўтгандагига ўхшаш. Ропп-ароса ёки яримда эмас;
  • Оптимал тезликка эришиш учун вай-фай ўрнига, компьютерни роутерга Ethernet-кабел орқали уланг;
  • Имкони бўлса, телефоннинг кабел узайтиргичидан фойдаланманг, у интернетда шовқин пайдо қилиши мумкин;
  • Фойдаланилмаётган жиҳозларингизни ўчириб қўйинг. Улар кўпинча ухлаётган режимда ишлайди ва интернет ишлатади.

Интернет сигналига халақит қилиши мумкин бўлган жиҳозлар орасида, кабелсиз телефонлар, галоген чироқлар, компьютернинг овоз кучайтиргичлари, телевизор ёки мониторлар бўлиши мумкин.

Сифат паст, лекин ишончли

Британиядаги регулятор, шунингдек, оддий уй телефонидан ҳам фойдаланиб туришни тавсия қилмоқда.

Сабаби мобил алоқа линиялари зўриқмоқда.

Кўпгина оммабоп платформалар, масалан, YouTube, Facebook, Netflix ва Disney+ охирги пайтларда интернет зўриқишининг олдини олиш мақсадида ўз видеоларининг сифатини пасайтирган.

Интернет тармоқларини назорат қилувчи Openreach ширкати маълумотларига кўра, ҳозирча Буюк Британиядаги провайдерлар қийинчиликка дуч келаётганлари йўқ.

Ҳафтанинг иш кунлари интернет трафиги 20 фоизга ошган, аммо бу, одатда кечқурунлари ишлатиладиган трафикдан кам.

Британия ҳукумати интернет тезлигини таъминлашни коронавирусга қарши курашда "ҳал қилувчи омил" деб эълон қилган.

Коронавирус

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek