Коронавирус, дунё: Covid-19 ҳақида ҳали нималарни билмаймиз?

Сурат манбаси, Getty Images
Ҳозирда бутун дунё азалдан карантинда ўтиргандек. Бироқ инсоният коронавирус муаммосидан атиги декабрда хабар топди ва биз бу вирус ҳақида ҳали кўп нарсаларни билмаймиз.
Дунё бўйлаб олимларнинг ақл-бовар қилмас изланишларига қарамай, коронавирус борасида ҳануз кўплаб саволлар очиқ қолмоқда.
Қуйида энг оммабоп ва муҳим саволларга назар ташлашингиз мумкин.
1. Қанча одам бу вирусни юқтирган?
Бу ўта оддий, аммо энг муҳим савол.
Ҳозирда бутун дунёда тасдиқланган коронавирус ҳолатлари миллионга яқинлашиб қолди.
Бироқ инфекцияни юқтирган одамлар сонини аниқ билиш мушкул вазифа - аксар одамларда бу касалликнинг аломатлари юзага чиқмайди.
Агар антитана тести ишлаб чиқилса, тадқиқотчилар танасида вирус кўтариб юрган ҳар бир одамни аниқлашлари мумкин. Шундагина коронавируснинг қанчалик кенг тарқалаётганини англаш мумкин.
Коронавирус ҳақида ҳали-ҳамон нималарни билмаймиз? Видео лавҳа:
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
2. Вирус қанчалик ҳалокатли?
Касалланганлар сони аниқ бўлмагунча, коронавируснинг ўлимга етаклаш даражасини билиш имконсиз бўлиб қолаверади.
Ҳозирги вақтдаги тахминий ҳисоб-китобга кўра, вирус юқтирган одамларнинг 1 фоизга яқини оламдан ўтмоқда.
3. Касаллик белгиларининг айнан нималар экани
Коронавируснинг асосий белгилари - иситма ва қуруқ йўтал.
Томоқ оғриғи, бош оғриғи ва ич кетиши ҳам айрим ҳолларда кузатилган ҳамда коронавирус ҳид билиш сезгисининг йўқолишига сабаб бўлади, деган тахминлар ҳам мавжуд.
Бироқ коронавирус бурун оқиши ёки аксириш каби енгил шамоллаш белгиларини ҳам келтириб чиқарадими, деган савол муҳимлигича қолмоқда.
4. Болалар вируснинг тарқалишида қандай роль ўйнамоқда?
Болалар, шубҳасиз, вирусни юқтириб олиши мумкин.
Аммо болаларда касаллик енгил-ўрта оғирликда ўтади ва болалар орасидаги ўлим даражаси бошқа ёш гуруҳларига қараганда, нисбатан паст.
Болалар, одатда, кўп одамлар орасида юрганидан (айниқса, ўйнаган пайтда) касалликларни кенг тарқатиб юрадилар. Бироқ улар коронавируснинг тарқалишида қандай роль ўйнаётгани ҳозирча номаълум.
5. Вирус қаердан келган?
Вирус 2019 йил якунига келиб, Хитойнинг Ухан шаҳрида пайдо бўлган. Бу шаҳардаги ҳайвонлар бозорида бир қанча занжир ҳолатлар бўлганига ишонилади.
Расман Sars-CoV-2 номини олган коронавирус кўршапалакларга юқувчи вирусларга жуда яқин, аммо бу вирус кўршапалакдан ҳозирча номаълум бир ҳайвонга, сўнг одамга юққани тахмин қилинади.
6. Ёз келса, касаллик чекинадими?
Шамоллаш ва грипп кўп ҳолларда совуқ кунларда бўй кўрсатади. Бироқ иссиқ об-ҳаво коронавируснинг тарқалишига қандай таъсир кўрсатиши ҳозирча номаълум.
Мутахассислар мавсумнинг коронавирусга таъсири бўлиши ёки йўқлиги ноаниқ эканидан огоҳлантирмоқда.
Агар ёз келиб, касаллик чекингудек бўлса ҳам, бошқа касалликлар бош кўтариб, касалхоналар беморлар билан тўладиган қиш ойларида яна қайтиб келган коронавирус жуда хавфли ҳолатни юзага келтириши эҳтимоли юзасидан хавотирлар мавжуд.
7. Нега айрим одамларда касаллик оғир кечмоқда?
Коронавирус кўпчиликда енгил-ўрта оғирликда кечади, аммо беморларнинг 20 фоизга яқинида аҳвол жуда аянчли тус олади.
Шахс иммун тизиминг ҳолати бу масаланинг сабабларидан биридек туйилади. Шунингдек, ирсий омил ҳам бу ерда роль ўйнаётган бўлиши мумкин.
Агар саволнинг жавоби топилса, кўплаб одамларнинг жонлантириш бўлимига тушиб қолишдан сақлаб қолиш мумкин.
8. Вирусни қайта юқтириш мумкинми?
Шахснинг иммун тизими вирусга қанчалик бардошли экани борасида далиллардан кўра тахминлар бисёр.
Агар бемор вирусга қарши муваффақиятли кураша олса, унинг иммун тизими керакли жавоб чораларини ишлаб чиқиши мумкин.
Лекин инсоният бу вирус билан юзма-юз келганига энди бир неча ой бўлгани туфайли бу масала бўйича далиллар етарли эмас.
Беморларнинг иккинчи бор коронавирус юқтириб олаётгани тўғрисидаги миш-мишлар эса экспресс-тестларнинг аниқ ишламаётганига боғлиқ бўлиши мумкин. Тестлар беморнинг вирусдан халос бўлди, дея нотўғри ишлагани борасида хабарлар мавжуд.
9. Вирус мутацияга учраши мумкинми?
Вируслар доимо мутацияга учраб боради, лекин уларнинг генетик кодидаги ўзгаришлар вируснинг умумий жиҳатларига сезиларли таъсир қилмайди.
Тарихий тажрибадан келиб чиқилса, вирусларнинг вақт ўтиб бориши билан камроқ хатарли кўриниш олишини кутиш мумкин, аммо бунга ҳеч ким кафолат беролмайди.
Асосий хавотир эса агар вирус мутацияга учраса, иммун тизими уни таний олмаслиги ва маълум вакцина ортиқ иш бермаслигидадир.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: @bbcuzbek












