Короновирус: Россияда мигрантлар ишсизлиги ортмоқда

BBCUZBEK.COM

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM

Россияда 1 ҳафталик таътил давом этмоқда.

Президент Путин бу қарорни коронавирусга қарши кураш йўлида олишга мажбур бўлди.

Мигрантлар аллақачон қисқартиришга тушишмоқда.

Ишсиз ва иш ҳақи ололмай қолаётган муҳожирлар сони ортиб бораяпти.

Би-Би-Си Ўзбек хизмати фавқулодда вазият сабабли Москвада кутилмаганда қийин вазиятларга тушиб қолган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари билан суҳбатлашди.

«Фақат ўзбекистонликлар бўшатилди»

Жиззахлик Шоҳиста 8 йилдан буён Москвадаги таниқли тамаддихоналар тармоқларининг бирида ошпаз бўлиб ишлар эди. Ҳамма хужжатлари жойида, иш ҳақи олишда ҳам ҳеч қандай муаммо бўлмаганини айтади. Йилда бир марта Ўзбекистонга бориб, яқинларини кўриб келиб ишлаб юрган. У таътилда вақтида унинг иш жойига ошхоналар тармоғининг бошқа бўлимидан ошпаз вақтинчалик жалб этиб этиб турилган.

- Бу ваҳимали касаллик тарқала бошлагандан кейин кафемизда одамлар сийраклашди. Лекин гап одам камайишида бўлмаса керак. Чунки ёз ойларида аҳоли ҳиёбонларда айланишни маъқул кўради, тамаддихонамизда мижозлар оқими камаяди. Кафемиз савдо марказининг ичида жойлашгани учун бу оддий ҳол. Бу гал эса мавсум келмасидан савдонинг пасайгани инқироз ёқасига олиб келган бўлиши мумкин, - ўз тахминларини билдиради муҳожир ошпаз.

Шоҳистага кўра, тамаддихона раҳбарияти штат қисқариши бўйича ўз ходимларини олдиндан огоҳлантирмаган ва бир кунда ишдан бўшатилганини маълум қилган.

- Эртадан бошлаб ишга чиқманглар, қисқаришга тушдингиз, дейишди. Қизиғи, штат қисқаришига тушганларнинг ҳаммаси Ўзбекистон фуқаролари. Руслар ва қирғизистонликлар ишда қолди. Сабабини сўрасак, менежеримиз улар патент билан ишламайди, деди. Биз бунинг нотўғри ишлигини биламиз, аммо ҳеч нима қила олмаймиз, - деди Шоҳиста.

«Ойлигимиз қолиб кетди»

Йирик савдо марказларида жойлашган кўнгилочар масканлар ҳам ўз фаолиятини тўхтатгани ортидан юзлаб фаррошлар ишсиз қолди.

- Ишга ўртакаш фирма орқали ишга жойлашганмиз. Ҳар куни эрталаб ва кечқурун катта залларнинг полларни ювиб, у ердаги техника ва асбобларнинг тозалигига қарардик. Битта кичик бўлимда 4 фаррош, бошқалардаги қўшиб ҳисоблаганда 100 дан ортиқ фаррошлар ишлаймиз. Кўпчилигимиз Ўзбекистонданмиз. Қолганлар тожикистонликлар, қирғизлар оз. Ҳамма зарар бизга бўлди, чунки охирги ойлигимиз ҳам қолиб кетди. Телефон қилсак кўтаришмаяпти, борсак, бинога киритишмаяпти, - дейишди хоразмлик опа-сингил Зуҳра ва Ойгуллар.

Опа-сингил муҳожирларга кўра, уларни иш билан таъминлаган ўртакаш фирма иш фаолиятини тўхтатганини айтиб, масъулиятни бўйнидан соқит қилган.

- Биз ёзма шартнома тузгандик, аммо кўп варақли русча матнлиги учун у ерда нима ёзилганини ўқимаган эканмиз. Мигрантларга ёрдам берадиган юристга кўрсатсак, шартномада бизни фойдамизга ишлайдиган ҳеч қандай банд йўқлигини айтди, - дейди Ойгул.

Сохта хужжатчиларнинг ҳам «савдо»си тўхтади

BBCUZBEK.COM

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM

Москвада ишсиз қолаётганлар орасида эркак муҳожирлар ҳам кўп. Биз суҳбатлашган 3 нафар водийлик йигитлар сохта хужжатлар тайёрлаш билан шуғулланиб келган.

- «Савдо ўлди» - кулишди йигитлар. - Аммо «ўлди» деганимизда ҳам бизникилар хужжати (қалбаки назарда тутилаяпти - таҳр.) муддатини узайтиришга келишаяптию оз-да барибир.

Хизмат кўрсатиш соҳасида ишловчи Анвар исмли наманганлик косиб корхона вақтинчалик ёпилгани, тезда ишга чиқишига умидини билдирди.

- Бу хусусий иш, бошлиғимиз арман киши. Одамлар уйда ўтирса, бизга барибир мурожаат бўлаверади. Шу сабабли эҳтиёт чорасидан бир хафта ёпиб турамиз, деди. Биз кунбай ишлаймиз, жойимизнинг ижара пули бор. Менимча, бир хафтага ҳам қолмай ишга чиқсак керак, - дейди Анвар.

«Бир кун ишламасак, Москвани ахлат босади»

Хафталик таътил эълон қилинган давлат идоралари қаторида кўп сонли Марказий осиёлик меҳнат муҳожирлари ишлайдиган коммунал хизмат кўрсатиш ташкилотлари ҳам бор.

Москвадаги ўзбек йигитлар

Сурат манбаси, BBC Uzbek

Кўча супурувчи, уйлар атрофларини тозаловчи, чиқиндиларни ташувчи ва бошқа ишлардаги ўзбекистонлик муҳожирларга аввалига таътил берилгани, аммо ишга жалб этилиши мумкинлигини билдиришди.

- Ҳозирча ишламайсизлар, дейишди. Аммо биз бир кун ишламасак, бутун Москвани аҳлат босиб кетади-ю. Шунга бошқарма раҳбаримиз алоқада бўлиб туринглар, ишга чақириб қолишимиз мумкин, деди. Бизни ўзимизга ҳам ишлаганимиз яхши, ишламасак, қонунда борми-йўқми, буларга барибир, маошимиздан кесади, - дейди Фаррух исмли фаррош.

Айни кунларда Россияда коронавирусга чалинганлар сони 1000 дан ошди, касаллик юқтирилганликнинг энг кўп ҳолати Москвага тўғри келмоқда. Шунга қарамай, ҳали пойтахтда карантин эълон қилингани йўқ.

Россияда ишлаётган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг энг кўп қисми ҳам айнан Москва шаҳри ва вилоятига тўғри келади. Ушбу ҳудудлардаги қалтис вазият ортидан ишсиз қолаётган мигрантларнинг ҳуқуқий ва моддий ҳолати ҳисобга олинмаяпти.

Ишсизлик туфайли танг аҳволда қолаётган ўзбекистонликлар давлат расмийларидан ёрдам кутишмоқда.

- Бу ерда ойлаб ишламасак, патентга қандай пул тўлаймиз, квартира ижарасига-чи? Нима еб-ичамиз? Ўзбекистонга қайта олмасак, бу ерда қолишимиздан фойда бўлмаса! Иш ўринлари қисқараяпти, иш топа олмаяпмиз, бу ёғига биз нима қилайлик?, - дейди хоразмлик Ойгул.

Москвадаги ҳуқуқ ҳимоячилари эса бу борада Ўзбекистон ҳукумати Россия билан маълум бир келишувга боришини таклиф қилишмоқда.

- Меҳнат муҳожирлари учун хужжатларда қатор енгилликлар берилди. Аммо вақтинча ишсиз қолаётган мигрантларнинг патент тўлови борасида ҳали бирор фикр билдирилгани йўқ. Истардикки, элчихона ёки расмийлар бу борада ҳам Россияга маълум бир енгиллик таклифини илгари суришса, - дейди юрист Ботиржон Шермуҳаммад.

Коронавирус

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek