Ўзбекистон: Маҳалла вазирлиги карантинда уйма-уй юрибди, мажлислар тўхтамаяпти - Коронавирус

Сурат манбаси, Қашқадарё Маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш
Президент Шавкат Мирзиёев мажлис ўтказишни тақиқлаган бўлса-да, Маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш вазири барча ходимларини вилоятлар марказига йиғиб мажлис ўтказди. Вазирлик ходимлари эса тиббиёт ва ички ишлар органи ходимларини ёнларига олиб, ташқарига чиқмаётган фуқароларнинг уйларига бориб буклет тарқатган.
Коронавирусга қарши курашиш учун ташкил қилинган махсус комиссия 3 нафардан ортиқ одамнинг тўпланишини тақиқлаган бўлса-да, айрим идора ва вазирликлар ушбу кўрсатмага амал қилмаётгани маълум бўлди.
Kun.uz нашри "Бу мантиқсиз ташаббус эмасми? Маҳалла ходимлари уйма-уй юриб тарғибот тадбирлари ўтказмоқда" номли мақола ёзди.
Унда айтилишича, маҳалла фаоллари тиббиёт ва ички ишлар органи ходимларини ёнларига олиб, зарурат бўлмаса ташқарига чиқиш тақиқланган одамларнинг уйларига бориб тарғибот ишларини олиб бормоқда.
"Куни билан 200та хонадонга кириб, тушунтириш-тарғибот ўтказиб, одамларга буклет тарқатаётган маҳалла ходими билан вирус юзлаб хонадонга кириб борса... бир кунда қанча одамни зарарлаши мумкин? Ҳеч ўйлаб кўрганмисиз?", дейилади мақолада.
Хабардан маълум бўлишича, Навоий, Жиззах, Самарқанд, Қашқадарё вилоятларидаги Маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш бошқармалари ва айрим ҳокимликлар одамларнинг уйларига бориб коронавирусга қарши буклет тарқатган.
Ушбу амалларини ҳисобот шаклида ижтимоий тармоқларда чоп қилган.

- Коронавирус - Сигир сийдиги ичиш ё таппига ювиниш давоми?
- Ўзбекистон, коронавирус: Ўз ҳисобингдан таътилга чиқ дейишлари тўғрими? O'zbekiston, koronavirus
- Ўзбекистон, дунё, коронавирус: Нега айрим давлатларда одамлар ниқоб тақмаяпти?
- Буюк Британия Бош вазири Борис Жонсон коронавирус юқтирди, Соғлиқни сақлаш вазирида ҳам вирус топилди

Жиззах вилоят Маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш бошқармаси Facebookдаги саҳифасида коронавирусга қарши тарғибот тадбирини бошлагани ҳақида ёзиб суратлар ҳам илова қилган.
"Каронавирусга қарши тарғибот тадбирини бошлади. Эндиликда бундай тарғиботлар шунчаки жар солиш билан эмас, уйма-уй юриб фуқароларни зарур иш бўлмаса кўчага чиқмасликка тарғиб қилишмоқда", дейилади хабарда.
Kun.uz мухбири ушбу ташаббус кимнинг топшириғи, дея савол ташлаган.
Би-би-си изланишларидан маълум бўлишича, Маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш вазири Раҳмат Маматов 23 март куни ҳудудларга чиқадиган масъуллар учун режа-топшириқ берган.
Ушбу топшириқ бўйича масъуллар ҳисобот бериб боради.
25 март куни Қашқадарё вилояти расмийлари берган ҳисоботдан маълум бўлишича, вазир ўз ходимларига "аҳолининг саросима ёки ваҳима кайфиятига берилмаслиги учун маҳалла томонидан уйма-уй юриш орқали тушунтириш ишлари олиб бориш" ҳақида берилган топшириқ бажарилган.
Ҳисоботда шунингдек, "Маҳаллада аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, фуқароларнинг соғлиғини мустаҳкамлаш мақсадида жойларда нуронийлар бошчилигида кенг жамоатчиликнинг ҳар куни кечки пайт 1 соат пиёда юришлари ташкил этиш режалаштирилган"и айтилган.
Республика махсус комиссияси 27 мартдан бошлаб Ўзбекистон ҳудудида 3 кишидан ортиқ тўпланмаслик ва 2 метр масофа сақлаш ҳақида топшириқ берганди.

Сурат манбаси, courtesy
Бироқ Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири Раҳмат Маматов 27 март куни соат 15:00 да республикадаги барча ходимларини вилоятлар марказига зудлик билан йиғиб мажлис ўтказиш ҳақида топшириқ берган.
Унда вазирликнинг ҳудудий бошқарма бошлиқлари ва унинг ўринбосарлари, туман (шаҳар) бўлимлари бошлиқлари ва унинг ўринбосарлари вилоят студияларида туриб қатнашиши кўрсатилган.
Вазир Маматов "Оилаларда соғлом муҳитни мустаҳкамлаш" тарғибот ойлигини юқори савияда ўтказиш масалаларига бағишланган видеоселектор ўтказган.
Ижтимоий тармоқдагилар мажлис иштирокчилари ва уйма-уй юрган фаоллар вирус ташувчи бўлиб қолишларидан хавотир билдирган.
Ижтимоий тармоқлардаги хабарлардан бошқа идора раҳбарлари ҳам тақиқларга қарамасдан одамларни йиғиб мажлис ўтказаётганини билиш мумкин.
"Бугун эрталабдан мажлисга боришга мажбур бўлиб, ўзи учун, кейин уйда қолган бола-чақаси, ота-онаси учун қўрқиб уйга қандай қайтишни ўйлаётган юзлаб нормал одамлар иккита ўринбосар раҳбарни эслаб ўтиришипти", деб ёзди Telegram даги @Bakiroo канали.
Канал юритувчиси ушбу масъулларнинг номи ва лавозимини келтирмаган, бироқ улар Тошкент шаҳри ва вилоятларнинг бирида мажлис ўтказаётганини айтган.
"Агар бугунги мажлисларда кимдир вирус юқтирган бўлса, ўша одамлар уйига бориб яқинларига вирус юқтиришса, бу бўйича жавобгарлик тўлиқ сизларнинг зиммангизда бўлади. Қонунларга тупуриб қўйгандирсиз, лекин худодан қўрқинг, қарғишдан қўрқинг. Одамлар худога солаяпти, қарғаяпти", деб ёзади у.
Қуйи поғонада ишлаётганлар аҳоли билан ишлаш тартибидан норозилик билдирган.
"Мурожаат ўрганувчиларнинг ҳам оиласи, фарзандлари бор. Юқорида ўтирганлар, электрон тизимлар орқали бажарса, қуйи поғонадаги ишловчилар қандай йўл тутиши лозим", дея сўрайди Маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш вазирлиги қуйи тизимида ишлайдиган ходимлардан бири.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: @bbcuzbek












