Ўзбекистон: Коронавирус юқтирган 39 ёшли шифокор вафот этди

коронавирус

Ўзбекистонда 28 март куни Франциядан келган илк коронавирус юқтирган аёл билан яқин мулоқотда бўлган 39 ёшли шифокор эркак вафот этди. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг хабар беришича, бемор ўзининг коронавирус юқтирганини билган ҳолда уйда даволанишга ҳаракат қилган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборотига кўра, 2020 йил 28 мартга қадар Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси билан касалланганлар сони 16 тага ошиб, 104 нафарни ташкил этмоқда.

"Бугун 39 ёшли 1 нафар эркак беморда ўлим ҳолати қайд этилди. Вафот этган бу бемор Франциядан юртимизга биринчи касалликни олиб келган бемор билан мулоқотда бўлган. У ўз касаллигини дастлаб билган бўлса-да, ўзи врач бўла туриб, юртимизда олиб борилаётган шунча тарғибот ишларига қарамай, шифокорларга мурожаат этмай, уйида яширинча ўзича даволанишга урингани маълум бўлган", дейилади вазирлик хабарида.

У касалликнинг оғир даври бошлангандан сўнггина 26 март куни Тошкент шаҳридаги Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий текшириш институти клиникасига тез ёрдам хизмати орқали ётқизилган. 27 март куни эса Вирусология илмий текшириш институтига ўтказилган.

Ўзбекистонда илк ўлим ҳолати расман кеча, 27 март куни Наманганда қайд этилган. Коронавирусга чалинган 72 ёшли аёл вафот этган. Касалхонада бўлган. Унинг ўлимига миокард инфаркти сабаб бўлгани айтилган. Коронавирусдан вафот этган одамни дафн этиш эса, махсус чораларни кўрган ҳолда амалга оширилиши айтилди.Бу масалага бугун, 28 март куни Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи Нурмат Отабеков ҳам ойдинлик киритган.

коронавирус
коронавирус

Тошкентдан олинаётган хабарларга кўра, Нурмат Отабеков бу ҳақда бугунги онлайн брифинг чоғида маълум қилган.

Коронавирус касаллиги мавжуд бўлган маййитни дафн этиш тўғрисида Ўзбекистон мусулмонлар идораси Фатво ҳайъати ҳам кеча, илк ўлим ҳолати қайд этилган 27 март куни хос баёнот билан чиқди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ўзаро маслаҳат асосида, карантин ҳолатида маййитни имкон қадар шариат кўрсатмаларига мувофиқ ювиш, кафанлаш ва дафн қилишга ҳаракат қилинишини айтди.

Бу жараёнда Ўзбекистон мусулмонлари идораси вакили ҳам иштирок этишини билдирди.

Коронавирус касаллиги мавжуд бўлган маййитни дафн маросимини фақат яқин қариндошлари вакиллари иштирокида қилиш лозимлигини таъкидлади.

Бу каби ҳолат четдаги Ўзбекистон фуқароси билан юз берган тақдирда, қандай тартиб амал қилиши тафсилотлари ҳозирча маълум эмас.

Марказий Осиёда коронавирусдан илк ўлим Қозоғистонда кузатилган. 26 март кунига тўғри келган. Ҳозирча бу рақам ўзгармаган.

Сўнгги 13 ҳолат Ўзбекистоннинг четдан - Москва ва Истанбулдан қайтган фуқароларида аниқланган. Улар 26 март кунидан буён карантин остида бўлишган.

Уч ҳолат эса, беморлар билан мулоқотда бўлганлар орасида қайд этилган. Ташхис қаерда қўйилгани номаълум. Уларнинг ҳозир қаерда тиббий муолажа остида эканликлари очиқланмаган. Аҳволлари борасида ҳам ҳозирча расман бирор бир маълумот берилмаган.

Ўзбекистонда коронавирус манбаси шу пайтгача асосан мамлакатнинг четдан қайтган фуқаролари бўлиб туришибди. Аксарият коронавирус ҳоллари ҳануз пойтахт Тошкент ҳисобига тўғри келади. Аммо сўнгги бир неча кун ичида унинг жўғрофий ҳудуди кенгайган.

Коронавирус Тошкент, Фарғона, Наманган, Андижон, Хоразм ва Бухорода ҳам қайд этилган. Ҳали яна ўн минглаб ўзбекистонликлар карантин остида.

Ўзбекистон жадаллик билан махсус шифохоналар ва карантин марказлари қуриш ҳаракатида. Коронавирус аниқланган беморлар барчаси ҳануз тиббий муолажа остида қолмоқда.

Ўзбекистонда 24 март кунидан буён кучайтирилган тартиб амалда. Фавқулодда чоралар кучда. Ўзбекистонда коронавирус расман шу йилнинг 15 март куни аниқланган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek