Жинсини ўзгартирганлар исмини ўзгартирмасинми? Қирғизистонда ҳужжатлардаги исмни ўзгартиришга тақиқ қўйиш таклиф қилинмоқда

Жинс ўзгаришини тасвирловчи график расм.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Жинсни ўзгартиришни тақиқлаш тарафдорларига кўра, бу амал жамиятининг урф-одатлари ва қадриятларига тўғри келмайди.
Ўқилиш вақти: 5 дақ

Қирғизистонда жинсни ўзгартириш билан боғлиқ қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди. Унда жинсини ўзгартирганларнинг паспортдаги маълумотларини алмаштиришга тақиқ қўйиш таклиф этилмоқда. Ушбу ташаббусни илгари сурганлар жинсни ўзгартириш қирғиз жамиятининг урф-одатлари ва қадриятларига тўғри келмайди, деб ҳисоблашади. Шу билан бирга, лойиҳадан хавотирланиб, унга қарши фикр билдираётганлар ҳам йўқ эмас.

Камера ўнгида гапираётган Дамир.
Сурат тагсўзи, Дамир (исми ўзгартирилган) болалигидан бери ўз хаёлий дунёсида яшаб келган.

"Дамир" ҳикояси

Ҳозирда Дамирни энг кўп ташвишга солаётган нарса — ҳужжати. Унинг аввалги ва ҳозирги қиёфаси ўртасида осмон билан ердек фарқ бор. Илк бор ҳужжат олганида чиройли бир қиз бўлган бўлса, ҳозирда эркак қиёфасида.

"Ҳужжатимда аввалги исм-фамилиям ёзилган. Жинсим аёл деб кўрсатилган. Шу сабабли ишдан қувилган вақтларим ҳам бўлган. Ҳозирги ишимда иложсизликдан ўзимни қиз бола деб таништириб ишлаб юрибман. Энг оддий ҳолат — барга кирганда ёки пиво сотиб олаётганда ҳам баъзан паспорт сўрашади. Аэропортга борганда ваҳимага тушаман. "Жанжал чиқиб кетмаса эди, индамай ўтказиб юборишса эди" деган хаёл мени қийнаб юборади. "Бу сенинг паспортинг эмас" деб ушлаб олган ҳолатлар кўп бўлган. Бу жуда қўрқинчли", — дейди Дамир.

Дамир болалигидан бери ўз хаёлий дунёсида яшаб келган. Улғайгани сари унинг хатти-ҳаракатлари билан бирга ички дунёсида ҳам қандайдир ўзгаришлар бошланган. Қизлар билан аралашиб, тил топишишга ҳаракат қилса-да, уларга тўлиқ мослашиб кета олмаган. Охири у жинсини ўзгартириш ҳақидаги оғир қарорни қабул қилган.

"Биз ҳам бошқалар каби тинч яшашни хоҳлаймиз. Қўрқмасдан, дўстлар билан бирга вақт ўтказишни, саёҳат қилишни истаймиз. Аммо воқелик бундай эмас", — дейди Дамир (исми ўзгартирилган).

"Алексей" ҳикояси

Офисда ўтирган Алексей.
Сурат тагсўзи, Алексей ҳужжатлардаги исмини ўзгартиришга муваффақ бўлган. Аммо ҳозирда таклиф этилаётган тақиқдан хавотирда.

Ҳозирда таклиф этилаётган қонун борасида Алексей (исми ўзгартирилган) ҳам хавотирда. Унинг айтишича, 2020 йилдан бери трансгендерлар учун ҳужжатдаги гендер маркерини ёки шахсий идентификация рақамини (ШИР) алмаштириш деярли имконсиз бўлиб қолган. Агар янги қонун лойиҳаси қабул қилинса, аҳвол бундан ҳам оғирлашади деб ҳисоблайди. Алексей учун ҳам иш топиш катта муаммо. Ҳозирда у доимий ишга жойлаша олмай, турли жойларда вақтинчалик мардикорлик қилиб юрибди.

"Баъзида яширин, ноқонуний ишлаётган жойлардан иш чиқиб қолса, шунга ҳам рози бўламан. Чунки расмий ишга кира олмайман. Ҳужжатингни кўришлари билан шубҳалана бошлашади. Савол устига савол беришади ва ишга олишмайди. Бундай ҳолатлар ҳаётимда жуда кўп учрайди", — дейди у.

Алексей 2020 йилгача айрим бошқа ҳужжати билан бирга исм-фамилиясини, гендер маркерини ўзгартиришга улгуриб қолганини айтади. Уларнинг айримлари бугун 60 ёшга яқинлашиб қолган.

Лойиҳанинг мазмун-моҳияти

Жогорку Кенеш депутати Марлен Маматалиев томонидан таклиф этилган қонун лойиҳаси келажакда ҳар ким ўз хоҳишига кўра шахсий идентификация рақамини алмаштиришига йўл қўймасликни кўзда тутади. Маматалиевнинг айтишича, замон ўзгариб, тиббиёт ривожлангани сари жинсни коррекция қилиш процедуралари оммалашмоқда. Бироқ қонунчилик бу технологиялардан орқада қолиб, ҳуқуқий бўшлиқ юзага келмоқда.

"Шу сабабли айрим фуқаролар ҳужжатларини алмаштиришга ҳаракат қилишмоқда. Илгари тарихимизда бундай ҳодиса бўлмагани учун қонунларда аниқ ёзилмаган эди. Биз буни фақат аниқлаштириш учун киритяпмиз. Бундан буён инсон ўз аъзосини ўн марта алмаштирса ҳам, ҳужжати ўзгаришсиз қолади", — деди депутат.

Қирғизистон Конституциясида оила эркак ва аёлдан иборат экани аниқ ёзилган. Худди шу норма Оила кодекси ва бошқа қонунларда ҳам мавжуд.

Бироқ амалдаги қонунчиликда фуқароларнинг жинсини ва бунга боғлиқ равишда ҳужжатларини ўзгартириши тақиқланиши ҳақида аниқ кўрсатма берилмаган.

Яқиндагина "Хизмат" давлат муассасаси директорининг ўринбосари Эрнес Досалиев парламентдаги чиқиши чоғида, уларга бир фуқаро шахсий идентификация рақамини ўзгартириш истаги билан мурожаат қилганини айтган эди.

Rasmiy
Jamiyat qabul qilmaydigan narsaga nuqta qo‘yish muhim.
Marlen Mamataliyev
Qirg‘iziston Parlamenti deputati (BBC.COM/UZBEK)

Ушбу баёнот жамиятда трансгендерларга оид баҳс-мунозараларни кучайтириб юборган. Кўп ўтмай муассасанинг матбуот хизмати маълумот тарқатиб, Досалиев парламентда янглишиб гапириб юборганини ва яқин йиллар ичида бундай мурожаатлар бўлмаганини тасдиқлаган.

Шунга қарамай, Маматалиев ҳар бир давлат ўз урф-одатларидан келиб чиқиб яшаши керак деб ҳисоблайди:

"Агар тарихимизда бундай ҳодиса бўлмаган бўлса ва жамият уни қабул қилмаса, буни очиқ айтиш керак. Жамият қабул қилмайдиган нарсага нуқта қўйиш муҳим. Улар аввалги ҳужжатлари билан юраверсин, ҳеч ким уларни камситаётгани ёки тақиқлаётгани йўқ. Бироқ бизда аралаш ҳолатлар бўлмаслиги керак. Бу менинг принципиал қарашим. Агар биз учун бу ёт бўлса, ёт деб айтишимиз керак. Мен эркак эркаклигича, аёл эса аёллигича қолиши керак деган қараш тарафдориман".

Маматалиев, шунингдек, хавфсизлик масаласини ҳам кўтарди. Унинг таъкидлашича, юридик ҳужжатлардаги жинс кўрсаткичларининг ўзгартирилиши жиноятчиликка қарши курашда тўсиқлар яратиши мумкин.

Халқ вакилининг айтишича, агар жиноят содир этишда гумонланган ёки судланган фуқаро жинси ва шахсий маълумотларини (исмини, ПИН-рақамини) ўзгартириб олса, бу қидирув ва шахсни идентификация қилиш жараёнларини қийинлаштиради.

Бундан ташқари, лойиҳада вояга етмаганларни тарбиялаш бўйича ота-оналарнинг ҳуқуқий мажбуриятлари ҳам кўзда тутилган. Унда ота-оналар болаларни туғилганда берилган биологик жинсига мувофиқ тарбиялашлари шарт экани кўрсатиб ўтилган.

"Улар ўзгармайди"

Шифокор Нурбек Монолов

Сурат манбаси, Social media

Сурат тагсўзи, Шифокор Нурбек Моноловнинг айтишича, жинсни ўзгартириш истаги касаллик эмас, аксинча, давлат томонидан ҳимоя қилиниши лозим бўлган инсоннинг ўзига хос хусусиятидир.

Мутахассислар замонавий тиббиёт ва фан трансгендерлик ҳолатини касаллик ёки патология сифатида кўрмаслигини таъкидлашади.

Шифокор Нурбек Монолов қайд этганидек, бу касаллик эмас, аксинча, давлат томонидан ҳимоя қилиниши лозим бўлган инсоннинг ўзига хос хусусиятидир.

Баъзан стресс, зўравонлик ёки травмалар (руҳий жароҳатлар) билан кечган болалик даври ҳам шундай ҳолатга олиб келиши эҳтимолдан холи эмас.

"Уларнинг муайян қисми зўравонлик оқибатида шундай бўлиб қолган. Бошқача айтганда, бунда жамиятнинг ҳам айби бор. Биз уларга психологик ёки жисмоний зўравонлик қилиб, шундай ҳолатга тушишига сабабчи бўлган бўлишимиз мумкин. Шу боис уларга тушуниш билан муносабатда бўлишимиз керак. Чунки улар ўзгармайди. Айниқса, бизнинг жамиятда улар руҳий жиҳатдан жуда оғир шароитда яшашади. Кўп ҳолларда яқинлари, ҳатто ота-оналари ҳам уларга душманга айланиб қолади", — деди шифокор.

Жаҳон тажрибаси

Жинсни ўзгартириш тасвирланган график расм.

Сурат манбаси, Getty Images

Сўнгги йилларда дунёнинг бир қатор мамлакатларида жинсни ўзгартириш операцияларини ўтказиш ва унга боғлиқ ҳужжатларни алмаштиришга нисбатан чекловлар кучайди. Айрим давлатлар бу йўналишда тўлиқ тақиқловчи қонунларни қабул қилган бўлса, бошқаларида бу масала фаол муҳокама қилинмоқда.

Масалан, 2023 йилда Россияда жинсни ўзгартириш операцияларини бажариш ва жинсни юридик жиҳатдан ўзгартиришни тақиқловчи қонун қабул қилинди. Бундан ташқари, жинсини ўзгартирган шахсларга Россиядан бола асраб олишга йўл қўймаслик бўйича яна бир қатор қонунчилик ташаббуслари илгари сурилган.

Қўшни Қозоғистонда ҳам жинсни ўзгартириш йўналишида қонунчилик чекловларини кучайтириш бўйича таклифлар тез-тез янграб турибди.

Жинсни ўзгартириш тасвирланган график расм.

Сурат манбаси, Getty Images

АҚШда федерал даражада умумий тақиқ мавжуд бўлмаса-да, айрим штатларда жинсни ўзгартириш бўйича тиббий ёрдамни жинсини ўзгартириш истагида бўлганларнинг ёшига қараб чекловчи қонунлар қабул қилинган. Бу асосан гормонал терапия ва жарроҳлик амалиётларига тааллуқлидир. Айниқса, ўсмирларга жинсни ўзгартириш йўлида кўрсатиладиган тиббий ёрдам масаласи қизғин муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Ўтган йили Массачусетс штатида паспортдаги жинсни ўзгартириш масаласи суд жараёнигача етиб борди. Аниқроғи, паспортда инсоннинг жинси туғилганда берилган биологик жинсига қараб ёзилиши кераклиги ҳақидаги талаб кучайтирилган.

Европанинг айрим мамлакатларида ҳам бу масала бўйича чекловлар бор. Хусусан, Венгрия ва Болгарияда жинсни юридик жиҳатдан ўзгартириш, яъни паспортдаги гендер белгисини алмаштириш қонун билан тақиқланган.

Шунга қарамай, Қирғизистон инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро конвенцияни қабул қилган давлат ҳисобланади. Мамлакат ушбу конвенцияни қўллаб-қувватлаш билан бирга, унинг нормаларига риоя қилиш мажбуриятини ҳам олган.