Трансгендер муслима нега зиддият уйғотмоқда? Дин ва Дунё - dunyo musulmonlar yangiliklar

NUR SAJAT

Сурат манбаси, NUR SAJAT

Сурат тагсўзи, Нур Сажотни ҳижобдаги суратларини ижтимоий тармоқларга жойлагани учун танқид қилишади
    • Author, Жонатан Ҳед
    • Role, Би-би-сининг Жанубий Шарқий Осиё бўйича мухбири

Нур Сажот тақводор ва Ҳажга ҳам борган. Аммо Малайзия ҳукумати уни эркак киши, деб қабул қилади. Ислом қонун-қоидаларига кўра, эркак аёлга ўхшаб кийина олмайди.

Алоқадор мавзулар:

Нур Сажот ҳибси

Ўтган йил охирларида Таиланд иммиграция идоралари Бангкокда ғайриодатий ҳибсга олишни амалга оширгани ҳақида маълумотлар чиқди.

Ҳибсга олинган шахс 36 ёшли малайзиялик мафтункор тадбиркор Нур Сажот Камаруззамон бўлиб, у ижтимоий тармоқларда кўплаб мухлисларга эга эди.

Малайзия ҳукумати уни ўша йил январь ойида Исломни ҳақорат қилганликда айблаб, зудлик билан экстрадиция қилишни талаб қилган.

Унга нисбатан бу айбловлар ҳам худди ўша пайтда қўйилган.

Тадбиркорни уч йилгача қамашлари мумкин эди.

Нур Сажотнинг жинояти 2018 йилда ўзи ўтказган диний маросимда малайзиялик аёллар киядиган бажу курунг - анъанавий узун енгли кийимни кийгани бўлди.

У трансгендер аёлдир, шунинг учун Таиланд унга қочқин мақомини берди ва Австралиядан ўзига бошпана сўрашига ҳам қаршилик қилмади.

Малайзия расмийлари назарида Нур Сажот эркак ҳисобланади ва Ислом қонун-қоидаларига кўра, эркак аёлга ўхшаб кийина олмайди.

Қочиш

Сиднейда Би-би-си билан суҳбатда у Селангор штатидаги Дин ишлари бўлими ЖАИС томонидан ҳужумга учраганидан кейин қочишдан бошқа иложи қолмаганини айтди.

"Мен қочишим керак эди. Ота-онам ва оиламнинг кўз ўнгида менга ёмон муомала қилишди, калтаклашди, туртишди, қўлимга кишан солишди. Мен уялдим ва хафа бўлдим. Мен уларга таслим бўлдим, лекин барибир улар қўпол муомалани такрорлайверди", дейди у.

"Балки улар мени трансаёл сифатида кўрганлари учун мени ушлаб туриш, калтаклаш ва оёқости қилиш мумкин деб ўйлашар. Трансаёлларда ҳам ҳис-туйғу бор. Биз ҳаётимизни оддий одамлар каби яшашга лойиқмиз".

"Гендер чалкашлик"

Нур Сажот муваффақиятли якка тартибдаги тадбиркор.

Ўзининг айтишича, у етти йил аввал ижтимоий тармоқларда ўзини танита бошлаган.

Терини парвариш қилиш ва соғлиқ учун ўз қўшимча воситаларини ишлаб чиққан, айниқса, ўз бренди остида корсет ҳам чиқарган.

Ўзининг тароватли қиёфаси ва ижтимоий тармоқлардаги қувноқ постлари билан у юз минглаб издош тўплади ва миллий машҳурга айланди.

Сўнг унинг жинси ҳақида саволлар бошланди.

Очиқ сир

Аслида бу ҳеч қачон сир бўлмаган. Нур Сажот 2013 йилда Таиландда бўлиб ўтган машҳур трансгендер гўзаллик танловида иштирок этиб, рақси учун мукофот олган.

Малайзияни ҳайратга солган нарса шундаки, у ҳам ибодатли мусулмон бўлган ва мусулмон аёллар бош кийими - ҳижобдаги суратларини эълон қилган.

У сўраганларга ўзининг эркак ва аёл жинсий аъзолари билан - интерсекс туғилганини айтар эди.

Исломда бу касаллик билан туғилиб, жинсини ўзгартирганларга нисбатан кўпроқ тоқат қилинади.

2017 йилда Нур Сажот жисмонан тўлиқ аёл эканлигини эълон қилди ва буни тасдиқловчи шифокор хулосасини ҳам эълон қилди.

Тергов

Расмийлар тергов ўтказишга қарор қилишди. Ислом тараққиёти департаменти - ЖАКИМ унинг интерсексда туғилганини исботлаш кераклигини айтди.

Улар Нур Сажотга "гендер чалкашлик" билан ёрдам беришни таклиф қилишди.

Ўтган йили ўз оиласи билан Маккага Ҳаж зиёратига кетаётганда Нур Сажотнинг аёллар ибодат либосида тушган суратлари тарқалгач, бундан ҳам кўпроқ баҳс-мунозаралар пайдо бўлди ва бу консерватив мусулмонларнинг танқидига учради.

Кейинроқ у шов-шувга сабаб бўлгани учун узр сўради, бироқ бир йилдан сўнг унга жиноят иши қўзғатилди.

"Муқаддас заминда бўлганимда ўзимга савол бермоқчи эдим... Балки шундай туғилганим бежиз эмасдир? - дейди Нур Сажот. - Трансгендер аёл ва мусулмон сифатида мен ўз динимни ўз йўлимда ифодалаш ҳуқуқига эгаман деб ҳисоблайман. Улар мени Худонинг номидан жазолашлари учун ҳеч қандай асос йўқ."

Расмийлар нима дейди?

NUR SAJAT

Сурат манбаси, NUR SAJAT

Сурат тагсўзи, 36 ёшли малайзиялик мафтункор тадбиркор Нур Сажот Камаруззамон ижтимоий тармоқларда кўплаб мухлисларга эга

Би-би-си Малайзия Диний ишлар департаментидан Нур Сажот иши бўйича изоҳ беришни сўради, аммо ҳеч қандай жавоб олмади.

Сентябрь ойида Дин ишлари вазири Идрис Аҳмад: "Агар у бизга келмоқчи бўлса, нотўғри иш қилаётганини тан олсин, агар ўзининг асл табиатига қайтишга тайёр бўлса, бу муаммо эмас. Биз уни жазоламоқчи эмасмиз, тарбияламоқчимиз", - деди.

Биз Перлис штатида Ислом бўйича бош маслаҳатчи Муҳаммад Асри Зайнул Обидиндан Малайзия мусулмонлари трансгендерларни қабул қила оладими, деб сўрадик.

"Мен учун Сажот алоҳида ҳолат, - деди у. - Сажот диний расмийларнинг норозилигига сабаб бўлган кўп ишларни қилган. Одатда Исломда биз шахсий ишларга аралашмаймиз. Бу сиз билан Худо ўртасидаги масала. Лекин биз бу гуноҳни ҳеч қачон қабул қилмаймиз. Ўзингизни аёл каби ҳис қилсангиз ҳам, аёллар ҳожатхонасига кира олмайсиз."

Малайзия икки томонлама ҳуқуқий тизимга эга бўлиб, унда 13 штат ва учта федерал ҳудудда яшовчи аҳолининг 60 фоизи бўлмиш мусулмонларнинг оилавий ва ахлоқий масалалари шариат асосида тартибга солинади.

Бу эса ЛГБТ жамоаси учун доимий муаммоларни келтириб чиқаради.

"Шариат қонуни ҳар бир штатдаги жамоамизни нишонга олади", дейди бир вақтлар аёллар кийими кийгани учун қамалган трансгендер фаол Ниша Аюб.

"Ва шариат қонунлари мавжудлиги сабабли, бизнинг жамоа ҳақида жуда салбий баёнотлар берадиган сиёсатчилар, раҳбарлар, диний идоралар бор. Ва бу биз учун жуда хавфли ва ноқулай муҳитни яратади".

"Исломлаштириш" сари ҳаракат

Лекин ҳар доим ҳам шундай бўлмаган.

"Малайзия бир пайтлар ўта бағрикенг ва трансгендер ҳамжамиятига хушмуомалалик билан муносабатда бўлган", дейди Исломдаги аёллар ҳуқуқлари бўйича ишловчи ва Нур Сажотни қўллаб-қувватловчи "Исломдаги опа-сингиллар" гуруҳи асосчиси Розана Иса.

"Ўшанда уларнинг оилаларимиз орасида, маҳаллаларимизда қандай яшаб, жамоат ҳаётида иштирок этаётганини яққол кўрардингиз. Лекин 30 йилдан ортиқ вақтдан бери биз исломлаштириш сиёсатини бошладик. Шундай қилиб, бугун Исломнинг кўпроқ қонунлари ва талқинларини кўрмоқдасиз, улар хилма-хилликни қабул қилишга қийналадиган даражада тор бўлиб қолган."

Ислом Малайзия федерациясининг расмий дини эмас, аммо мамлакатдаги энг катта этник гуруҳ бўлмиш малай бўлишнинг муҳим белгиси сифатида кўрсатилади.

Сайловолди тарғиботи

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Сиёсий партиялар сайловлар арафасида кўпроқ анъанадор мусулмонларнинг қўлловларини қўлга киритишга ҳаракат қилишади

Сайловларда енгиш учун сиёсий партиялар "Малай округлар"да кўпроқ қўллов кўриши керак.

У ерларда эса, одамлар янада консерватив диний қарашга эга.

Партиялар бу ерларда исломий қадриятларни қаттиқроқ ҳимоя қилиш ваъдаси билан чиқишлар қилишади.

Кейинги йилларда анча бетартибликни бошдан кечирган Малайзия сиёсати ва Ковид-19 сабабли тинкаси қуриган иқтисодни назарда тутиб айримлар Нур Сажотнинг бошига тушган кўргуликлар ҳақиқий диний қарашдан ҳам кўра кўпроқ ҳукуматнинг мусулмонларга ёқиш учун ҳаракатлари оқибатлари, деб гумон қилмоқда.

Аммо Ниша Аюбнинг таъкидлашича, исломий қарашларга қарамай, трасгендерлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш барибир ҳукумат мажбуриятидир.

У бу борада қонунларини ўзгартирган Покистон ва Эронни мисол келтиради.

"Агар раҳбарларимиз озчилик гуруҳларни жамиятимизнинг бир бўлаги сифатида тан олмоқчи бўлса, ишни айрим қонунларни ислоҳ қилишдан бошлашлари керак. Бизнинг жамоани нишонга оладиган қонунлар бор экан, вазият ўнгланмайди", дейди у.

Нур Сажот боқиб олган ўғли ва қизини соғинган. Уларга ҳозир Малайзияда ота-онаси қарамоқда.

Аммо у ҳозир Австралияда бошқа трансгендерлар билан ўз тажрибасини бўлишиш имконига эга.

"Исломдаги опа-сингиллар" асосчиси Розана Иса малайзияликларни "ижтимоий медиада очиқроқ ва оқилроқ бўлиш"га чақиради.

"Нега Сажотга бунча кўп айб ағдаряпмиз? У ўзининг постлари билан ёки Маккага бориб, ҳеч кимга зарар бергани йўқ. Биз бошқаларни назорат қилгандан кўра ўзимизни назорат қилишимиз керак."

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek