Ўғил бола эдим, бирдан ҳайз кўришни бошладим - дунё ва тақдирлар, dunyo, yangiliklar

Three intersex women

Сурат манбаси, Iryna Kuzemko, Lia and Olga Opinko

Сурат тагсўзи, Ирина Куземко, Лиа ва Ольга Опинко қўшжинслиликнинг 40 эҳтимолий туридан бирига мансуб.
    • Author, Жанна Безпячук
    • Role, BBC World Service

Дунё ва тақдирлар: Ўғил бола эдим, бирдан ҳайз кўришни бошладим. Ҳозир икки фарзандим бор - бир қиз, бир ўғил. Ўғлимни 20 ёшимда дунёга келтирдим. Оналик туйғусини ҳис қилмадим. Ўғлим билан ўртоқлардек муносабат қиламиз, дейди Лиа (исм ўзгартирилган).

БМТ ҳисобига кўра, дунё аҳолисининг 1.7 фоизи қўшжинслиликнинг 40 эҳтимолий туридан бирига мансубдир. Аммо айрим докторлар бундан пастроқ рақамларни ҳам келтиришади.

"22 ёшимда ўзимни қўшжинсли эканимни билиб қолдим. Ўшандан буён ҳаётим аввалгидан кўра енгилроқ ўтмоқда", дейди Ирина Куземко.

У жинси болалигидаёқ баҳсли жарроҳлик амалиёти орқали "ўзгартирилган" кўплаб одамлардан бири.

Қўшжинс (intersex) қирқдан ортиқ аёл ва эркаклик жинсий белгиларидаги фарқларни умумлаштириб ифодаловчи атамадир.

Уларнинг айримлари гормонал фарқлиликлар, бошқалари эса бир одамда ички томондан бир жинснинг репродуктив органи бўлса, ташқи томондан бошқа жинснинг жинсий органи бўлиши каби физиологик фарқлардир.

Аксарият қўшжинсли одамлар, айниқса, жарроҳлик амалиётидан кейин жинси қайта белгилангач, оғир саволларга жавоб топишга ҳаракат қилади.

Шифокорлар жинсни қайта белгилашга қарор қилиш осон кечмаслигини айтадилар - боланинг жинсини аниқлаш учун генетик текширувлар ўтказилади, турли шифокорлар, ота оналар ва генетиклар жарроҳлик амалиётини қилиш керакми ёки йўқлиги ҳақида бир тўхтамга келишлари керак бўлади.

Аммо қўшжинсли фаоллар болаларда шошилинч бўлмаган жарроҳликларга қарши. Улар инсон вояга етгандан кейингина ўз жинси борасида қарор бериши керак, дейдилар.

Уларнинг ишонишича, ота-оналар ва шифокорлар боланинг эркак ёки аёллиги ҳақида қарор чиқармаслиги керак.

Қуйида учта қўшжинсли аёлнинг улар қандай қилиб ҳозирги ҳолатларини қабул қила олганлари ҳақидаги ҳикоялари келтирилади.

Ирина Куземко, 27 ёш, қўшжинсли фаол

Ўсмир ёшимгача қиз бола сифатида ўсдим. Ҳамма тенгдошларимда ҳайз келиш бошланди, менда эса йўқ. Вақт ўтиб, синфимизда менгина кўкраги йўқ қиз эдим.

Бир куни қизларнинг вояга етиши ҳақидаги кинони кўргани синфимизни олиб боришди. Бу мен учун жуда оғриқли тажриба бўлди. Нима учун ҳамма қизлар кинода кўрсатилгандек ўзгаришларни бошдан кечирдию, мен эса йўқ, деган савол қийнарди.

Iryna as a child

Сурат манбаси, Iryna Kuzemko

Сурат тагсўзи, Ирина ўзининг қўшжинсли эканлигини билмасдан ўсди - ундаги ўзгаришлар ўсмирлик даврида пайдо бўлди

Онам ва бувим менинг бошқа қизлардек ўсмаётганимдан хавотирга тушишмасди. Улар: "Муаммо йўқ. Ҳаммаси яхши бўлади", дейишарди. Аммо 14 ёшимда уларни мени гинекологга олиб боришга кўндирдим.

Шифокор менга тухумдонларимни ишлатишим кераклигини айтди ва уларни "қиздирадиган" айрим муолажаларни ёзиб берди.

Мен ҳафтада бир марта ойлар давомида уларни қилдим. Аммо самарасиз. Жуда тушкун аҳволда эдим.

15 ёшимда отам мени Москвадаги докторларга олиб борди. Улар олдимда у ёндан бу ёнга тез-тез бориб келиб турганлари эсимда. Улар менга ҳеч нарса дейишмади, фақат отамни алоҳида кабинетга чақиришди.

Отам менга бир, эҳтимол икки операциядан ўтишим кераклигини айтди. Улар менга нима қилишмоқчи эканини билмасдим. Мактабдаги қизлар мендан сўрашарди, менда эса жавоб йўқ эди.

Кейинроқ отамга ҳаммасини ичимдан олиб ташлашса яхши эди, дедим. Отам кутилмаганда: "Шундоғам олиб ташлашган" деб қолди. Карахт бўлиб қолдим. Ана ўшанда менинг тухумдонларим олиб ташланганини билдим.

Талабалик вақтимда ўзимга шафқатсиз, ўзимдан нафратланадиган бўлиб қолдим.

Интернетда қўшжинсли одамлар ҳақидаги видеони кўриб қолдим, ўшанда ўзимни уларга ўхшашимни пайқадим.

Тиббий қайдларни топдим, онам билан бориб, Москвадаги шифокорга учрадим. Жуда қўрқаётгандим.

Шундай қилиб, 22 ёшимда етти йил аввал ўзимда мояк бўлгани ва тухумдон элементлари билан нофункционал тўқима олиб ташланганини билдим. Ўшандан бери гoрмон қабул қилардим.

Iryna as an adult

Сурат манбаси, Iryna Kuzemko

Сурат тагсўзи, Ирина шифокорлар ва отаси ундаги ўзгаришлар ҳақида ўзини аввалроқ бохабар этишмаганидан афсусда

Менда бир пайтда ҳам эркак, ҳам аёл хромосомаси борлигини билиб олдим. Ва яна менда бачадон ҳам бор.

Шундан сўнг отам билан жиддий гаплашдим. Унинг айтишича, иккита болалар психологи нима бўлганини менга айтмасликни маслаҳат беришган экан.

Отам айбини тан олмади. У менга ҳақиқатни айтиши керак эди. Ҳаётим бошқача бўлар эди.

Ўшандан бери унга гапирмадим.

Бу янгиликдан бир неча кун ўтгач, жуда қаттиқ умидсизликда эдим. Бундан буён қандай яшашни билмасдим. Аммо ўзимни бирдан қабул қила олдим. Мен ҳозир ўз ҳолатимни тасвирлаш учун сўз топа оламан - қўшжинсли. Ундан аввал мавҳумлик ичида эдим.

Қўшжинслилик бошқа одамлар нормал қабул қилиб яшайдиган оддий фарқлилик эканини кашф қилдим. Бунинг учун азоб чекиш ортиқча. Мен ўз ўзимни қадрлашим сезиларли яхшиланди.

Мен энди ўзим бошимдан ўтказган жароҳат бошқа болалар ва ўсмирларнинг ҳам бошига тушмаслиги учун ҳаракат қилишга қарор қилдим.

Шифокор изоҳи: Юлия Сидорова, педиатр

"Боланинг ҳаёти хавф остида бўлганда қилинадиган жарроҳликни косметик жарроҳликдан фарқлаш керак. Кейингиси болаларда кўп қилинади: Уларнинг ташқи жинсий аъзоси муайян кўринишга келтирилади.

Масалан, қиз чақалоқда ташқи гениталиясида ўғил болаларга хос белгилар бўлиши мумкин. Дейлик, клиторнинг меъёрдан ортиқ катталиги. Уни нормал ҳолатга келтириш учун кичрайтирилади.

Гарчи бундай ҳолатлар ҳаётга хавф солмаса ҳам, ижтимоий андишалар бор. Бундай болаларга боғча ёки бассейнда ола қараш қилишлари мумкин.

Баъзида қўшжинс фарқлиликлар сийдик йўлига халақит қилади - бундай вазиятда жарроҳлик жуда муҳим."

Ҳар бир болага ўз танаси ва жинси ҳақида қарор қилиш ҳуқуқини бериш керак. Улар улғайгач, буни ўзлари онгли тарзда қила олади. Агар бирор махсус муаммо бўлса, масалан, уретранинг ёпилиб қолиши, ана унда болага ёрдам керак.

Жарроҳликнинг ўз асоратлари бор, масалан, сезувчанликнинг пасайиши, бепуштлик ёки сурункали оғриқ. Гoрмон терапияси эса саратон хавфини оширади. Масалан, мен доимий ўзимни текширтириб туришим керак.

Яна бир нарса муҳим, қўшжинсли фарқлиликлар жинсий ориентация билан бир нарса эмаслигини тушунишимиз керак. Кўпчилигимиз гетеросексуалмиз. Аммо бизнинг орамизда ҳам бошқа одамларда бўлгани каби гомосексуаллар учраб туради.

Қўшжинсли фарқлиликка эга бўлганларнинг ўз оилалари, болалари бўлади, аммо айримлар бола кўролмагандагина, ўзининг қўшжинслилигини хромосомасини текширтиргач, билиб қолади.

Аммо, айни пайтда, ҳар кимнинг тақдири ўзига хос. Баъзиларда аралаш жинсий белгилар туғилгандаёқ кўриниб туради, бошқаларда эса ташқи кўриниши одатий бўлса ҳам, вояга етаётганда қўшжинслилик белгилари чиқади.

Iryna Kuzemko at a beach

Сурат манбаси, Iryna Kuzemko

Сурат тагсўзи, Ирина қўшжинсли одамларга нисбатан камситиш тақиқланиши керак, деган фикрида қатъий

Бугун кўпчилик синфдошларим, муаллимлар ва дўстларим мени қўллаб-қувватлайди. Мен одамларнинг меҳрини ҳис қиламан.

Мен ўзимни тушуниб, қабул қилганимдан бери ҳаётимдаги ҳар бир йил яхшироқ бўлиб боряпти.

Лиа (исм ўзгартирилган)

Менинг ҳикоям туғруқхонадан бошланади. Шифокорлар онамга менда на эркак ва на аёлникига ўхшаган ривожланмаган гениталия борлигини айтишган.

"Онаси, ўзингизни ўғил туғдим деб ҳис қиляпсизми ёки қиз?" деб ундан сўрашган.

Онам мени қиз бола сифатида рўйхатга қўйдирган. Бу шифокорлар қилган биринчи хато эди. Улар барча масъулиятни онамга ағдармасликлари керак эди.

Шу боис, аввалига қиз бола сифатида ўсдим. Онам мени бошқа болалар каби ишонтирарди.

Мактабга чиқишимдан аввал онам мени тиббий кўрикка олиб борди. Болалар клиникасидаги доктор онамга: "Эсингиз жойидами? Болангиз ўғил-ку", деди.

Бошқа докторлар ҳам менинг ўғиллигимни тасдиқлашди, шундай қилиб ҳужжатларим ва исмим ўзгарди.

Биринчи синфга ўғил бола бўлиб бордим. Аммо у ерда мен билан битта боғчага борган болалар бор эди. Улар мени қиз бола ҳисоблашарди. Онам мени бошқа мактабга ўтказишга мажбур бўлди.

Ўшангача ўзимга нима бўлаётгани ҳақида умуман хавотир олмаётган эдим. Аммо катталар қанчалик ташвишланаётганини кўриб, мен ҳам хавотирга тушдим, стресс бошланди.

Lia

Сурат манбаси, pickpik.com

Сурат тагсўзи, Лиа ўзининг қўшжинс эканига узоқ вақт кўниколмай юрди

Мен узун сочимни қисқартиришларига қаршилик қилдим. Аммо шим, кенг кўйлак кийдим. Улар менга ўз жинсимни танлашимга йўл қўйишмаганини бугун тушуняпман. Шу менга таскин беради.

Бугунгача шу кўринишни сақлаб келаман.

13 ёшлигимда нохуш ҳодисага учрадим, от тепиб юборди. Умуртқа суягим эзилиши сабабли касалхонада ўзимга келдим.

Менга катетер ўрнатишибди, ҳамширалар менинг жинсий аъзомни кўрган экан, менинг ўғил ё қиз болалигимни сўраб тегажоқлик қиларди.

Тасаввур қиляпсизми, синган умуртқа билан ётиб, бундай гапларни эшитишни.

Касалхонадан чиққач, уйда, ётоқ, стол ва бири овқат учун, бошқаси ёзилиш учун иккита тувак бўлган хонада бир йил ётдим.

Онам, бувим ва опам кун бўйи ишларди, шунга менга қарайдиган одам бўлмасди.

Бир куни шу қадар оғридики, ўзимга қайчи билан жароҳат етказиб қўйдим - шу билан ҳаётимда ўзимга зарар бериш пайдо бўлди. Онам ҳеч нарсани сезмади.

Докторлар яна оёққа туриб кетишимга ишонишмаган, аммо мен машқ қилишни бошладим ва бир куни ҳеч қандай мосламалар ёрдамисиз ўзим тура олдим.

Lia among some flowers

Сурат манбаси, Lia

Сурат тагсўзи, Лианинг сўзларига кўра, онаси фарзандининг жинси бўйича берган қарорлари учун ўзини айбдор ҳис қилган

Мен боришни истаган биринчи жой мактаб эди - унгача 20 дақиқалик йўқ. Аммо касалликдан сўнг у ерга нақ икки соатда етиб бордим.

Мактабда болалар тегажоқлик қила бошлади, хожатхонада менга сумка отишди. Уларнинг кетидан югура олмаслигимни билишарди.

Эрталаб туриб, ўрним қон бўлиб ётганини кўрганимда 16 ёшда эдим.

Касалхонага олиб боришди, доктор УЗИ орқали текширди. Бирдан бақирворди: "Бу ерда бачадон бор экан!" Мен уни эшитиб турганимга эътибор ҳам бермади.

Ана ўшанда ўзимда аёл гениталияси борлигини кашф қилдим. Ҳайз кўришни бошлаганимда ўғил бола эдим.

Ўшанда ичимдаги ўша нарсани олиб ташлашларини истагандим.

Шунга қарамай, докторлар бизни ички органларни жойида қолдиришга ишонтиришди, чунки улар маромида ишлаб турган ва келажакда керак бўлиб қолиши мумкин эди.

Шундай қилиб кейинги йилларда тўртта жарроҳлик амалиётини ўтказиб, тўкис қизга айландим.

Шифокор изоҳи: Юлия Сидорова, педиатр

"Шифокорлар қўшжинслиликка камдан кам дуч келишади.

14 ёшда ўзида қўшжинслилик борлигини билиб қолган ўсмирнинг аҳволини тасаввур қилинг. Камига унга буни қўпол тарзда айтсалар.

Бундай болаларнинг ота- оналари катта босим остида қолади. Эр хотинга яқин қариндошмасмисизлар, онаси ҳомиладорлик вақтида ичармиди, чекармиди каби саволлар ёғилади.

Аммо ҳеч ким қўшжинс фарзанд дунёга келтиришдан ҳимояланмаган. Боз устига, танишларингиз орасида қўшжинслилар бўлиши эҳтимоли баланд."

(БМТ ҳисобига кўра, дунё аҳолисининг 1.7 фоизи қўшжинслиликнинг 40 эҳтимолий туридан бирига мансубдир. Аммо айрим докторлар бундан пастроқ рақамларни ҳам келтиришади.)

Ҳозир икки фарзандим бор - бир қиз, бир ўғил.

Ўғлимни 20 ёшимда дунёга келтирдим. Оналик туйғусини ҳис қилмадим. Ўғлим билан дўстдек муносабат қиламиз.

Қизим мен билан яшамайди. Уни боғчага олиб борганимда отаси бошқа шаҳарга олиб кетиб қолди. У боламни ўғирлади.

Ҳаётимда кўплаб эркак ва аёлни учратдим. Аёлларгина эътиборимни тортарди, эркакларга нисбатан ҳеч нарсани ҳис қилмасдим.

Эркаклар мени фақат бирор намуна сифатидагина қизиқтирарди - улар нима қилиши, тўшакда ўзини қандай тутишига эътибор берардим. Охир-оқибат мен ҳам шундай қилишим керак бўларди.

Тўрт марта турмуш қурдим. Бешинчисини режалаштиряпман. Черковда никоҳ ўқитамиз. Мен севадиган эркак трансгендер: у аёл танасида туғилган, аммо гендер ўзлиги эркак.

Ким билсин, ҳаётим балки мутлақо бошқача бўлиб кетар, агар докторлар бизни қилишимиз керак бўлмаган нарсани қилишга кўндиришмаса.

Эҳтимол мен ўзимни топишга бунчалик қийналмаган, тўрт марта турмуш қуриш ва болалар билан муаммолар бўлмасмиди...

Бошқа томондан, болаларим, тайёрланаётганим никоҳ, черковга қайтиш - буларнинг бари онамдан миннатдорлигим учундир.

Бу йиллар давомида у ўзини айбдордек ҳис қилиб, менинг жинсимни танлашда адашмагани ҳақида хавотирланиб яшади.

Бу айбдорлик туйғусидан қутилиш вақти келди.

Ольга Онипко, 35 ёш, қўшжинсли фаол

Мен доим қиз болага ўхшаб кўринганман, ичим ҳам аёлларники.

Аммо ўсмир бўлганимда семира бошлади, камситилишларга ҳам учрадим. Эрта кеч югурардим. Озиш учун парҳез қилардим, аммо семиришни тўхтатиб бўлмасди.

24 ёшимда гормонга тест топширдим. Натижа менда ҳаммаси қоришиб ётганини кўрсатди. Аммо мен ўзимни қўшжинс эканимни ҳалиям тушунмагандим.

Olga Opinko

Сурат манбаси, Olga Opinko

Сурат тагсўзи, Кўп йиллик изланишлардан сўнг, хромосомалари таҳлили Ольга излаган жавобини берди

Гормонал мувозанатни сақлаш учун эндокринолог гормонлар ёзиб берди, аммо бироз вақт ўтиб, тепа лабим устида тук ўса бошлади.

Тасаввур қиляпсизми, кўчага чиқиб дўстлари билан вақтичоғлик қиладиган 25 ёшли қиз учун бу нима эканини.

Гормонларни қабул қилишни тўхтатдим, аммо вақти-вақти билан куч ва маблағ топганимда, докторларга бордим.

Бир доктор менга хромосома таҳлилини қилиш кераклигини айтди. Шу билан тўрт йил аввал ўзимда эркак хромосомалари борлигини билиб олдим. Бу менинг қўшжинсли эканимни билдирарди.

Аввалроқ, 24 ёшимда ўзимни лесбиан эканимни билиб қолгандим.

Ўшандаги ҳиссиётимни тасаввур қилинг: бутун болалигим етарлича озғинмаслигим ҳақидаги ўй билан ўтди, сўнг ўзимнинг гомосексуал эканимни билиб қолдим. Ҳозир эса етарлича аёлманми ёки йўқ, билолмай қийналяпман. Шунчаки, кимман ўзи?

Акам менинг қўшжинсли эканимга қизиқиб қарайди. Ваҳ, жуда соз! Опаларим эса кўпроқ хавотирда. Ота-онам мени қабул қилади, мени яхши кўришади, аммо бу ҳақда гапиришмайди.

Улар менинг партнерим ҳам ўрта жинс эканини қабул қилишолмаяпти. У қиз бўлиб туғилган, аммо ўзини у ёки бу жинсда ҳис қилолмайди.

Мен учун қўшжинслиларга нисбатан муносабат жамиятдаги турфахиллик йўлидаги тўсиқдир.

Қўшжинслиларни ҳам эшитиш керак. Болаликдаги жарроҳлик амалиётлари уларга зарар берган, шунинг учун шифокорлар танлаган жинсда бўла олмаяпти, дейишади.

Шифокор ва ота-оналар аралаш жинсий белгилар бор болани ўзларининг "аёл ёки эркак" тушунчаларига мослашга уринишади. Жамият бу одамларни "тушунарли" одамга айлантирмоқчи бўлади.

Номаълумликдан қаттиқ қўрқадиганлар қўшжинслиларни таҳқирлашга уринади.

Бундай одамлар туғилишининг ўзи балки нормал ҳолатдир. Табиат доим ҳам жуфт жинс андазасига тушавермайди.

Сергей Кирилюк, психиатрия ва психотерапия доценти

Психотерапевт сифатида бундай беморларни кўп кўрганман.

Қўшжинслилар болалигида жарроҳлик амалиётидан ўтганини кейин билиб қолса, жуда қаттиқ ғазабланишади.

Асосий масала бу ғазаб уларнинг руҳиятига ўрнашиши олдини олишдир. Бунга чидашингиз керак.

Қачонки қўшжинслилар ўзларини қабул қила олса, ўзига хосликларини англаса, шунда диллари яйрайди, чеҳралари кула бошлайди."

BBC Global Identity мухбири Мегҳа Моҳан ҳам ушбу мақолага ўз ҳиссасини қўшган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek