Британияликларни ўйлатган савол: Бокиралик қачонгача?

Сурат манбаси, Getty Images
Британияда ўтказилган сўровномага кўра, бокираликни жуда эрта йўқотганлик аксарият ёшларнинг энг катта пушаймонидир.
Ўсмир ва йигирма ёшларда бўлган қизларнинг учдан бир қисмдан сал кўпроғи, йигитларнинг тўртдан бир қисми "номаъқул ёшда" илк бор секс билан шуғулланганини тан олган.
Британия қонунларига кўра, жинсий алоқага киришаётган шахс 16 ёш ёки ундан каттароқ бўлиши лозим.
Алоқадор мавзулар:
Бироқ охирги ўтказилган сўровнома натижалари, ҳатто, 16 ёшда ҳам шахс секс билан шуғулланишга тайёр бўлмаслиги мумкинлигини кўрсатган.
Бу мавзуда иш олиб борган тадқиқотчилар 2010-2012 йиллар оралиғида ўтказилган сўровномада иштирок этган 3,000 га ёшларнинг жавобларини ўрганиб чиққан.
Натижалар
Кўриб чиқилган жавоблардан маълум бўлишича, қарийб 40% қиз ва 26% йигит жуда эрта ёки номаъқул ёшда илк жинсий алоқага кирганман деб ҳисоблайди.
Саволлар янада батафсилроқ берилганда, уларнинг кўпчилиги, агар имкони бўлганда, бокираликни эрта йўқотмай, асрашни орзу қилишини маълум қилган.
Иштирокчиларнинг аксарияти бокиралигидан айрилган вақтда 18 ёшда бўлганини айтган. Уларнинг ярми эса 17 ёшга тўлиш арафасида биринчи марта жинсий алоқа қилган.
Учдан бир қисм иштирокчи 16 ёшга тўлмасдан аввал секс билан шуғулланган.
Ўзаро истак
Шунингдек, сўровнома доирасида иштирокчининг жинсий алоқага тайёр бўлгани, яъни шахс илк бор жинсий алоқага киришиш борасида онгли равишда қарор қабул қила олгани ёки йўқлиги масаласи ҳам ўрганиб кўрилган.
Натижада ёш қизларнинг деярли ярми ва 10 йигитнинг тўрт нафари илк жинсий алоқа олдидан онгли қарор олмагани маълум бўлган.
Беш қиз ва 10 йигитнинг биттаси биринчи жинсий алоқа ўзаро розилик асосида кечмагани, улар ўз шериги томонидан босимга учраганини ҳис қилгани ҳақида гапирган.
Сўровнома раҳбари профессор Кей Веллингс балоғат ёшига етиш шахснинг жинсий фаолликка тайёр эканини англатмаслигини айтади.
"Ҳар бир ёш инсон турлича - баъзилар 15 ёшида тайёр бўлса, бошқалар 18 ёшда ҳам тайёр бўлмайди".
Унинг ҳамкасби доктор Мелисса Палмер шундай дейди: "Биз қўлга киритган натижалар йигитлардан кўра ёш қизларнинг жинсий алоқага киришиш олдидан шериги томонидан кўпроқ босимга учраши тўғрисидаги назария ҳақлигини яна бир бор кўрсатмоқда".
"Шунга қарамай, сўровнома натижаларидан бошқа ижобий ҳолатлар ҳам аён бўлди. Масалан, 10 ёшнинг тўққизтаси биринчи сексдаёқ бирор ишончли ҳимоя воситасидан фойдаланган".
Биринчи секс учун маъқул вақт қачон келади?
Илк бор жинсий алоқага киришишдан олдин ўзингизга қуйидаги саволларни бериб кўринг:
•Бу иш тўғрими?
•Йигитим/қизимни севаманми?
•У ҳам мени шундай севадими?
•Касалликлардан сақланиш мақсадида презервативдан фойдаланиш ҳақида бирор марта суҳбатлашганмизми ва бу суҳбат ўзаро англашув билан тугалланганми?
•Ихтиёримизда ҳомиладорликдан сақланиш воситалари мавжудми?
•Агар фикрим ўзгариб, "йўқ" десам, йигитим мени тушуна оладими?
Агар бу саволларга жавобингиздан кўнглингиз тўлган бўлса, демак сиз биринчи алоқага тайёрсиз. Бироқ қуйидаги саволларнинг бирортасига "йўқ" деб жавоб берсангиз, демак секс билан шуғулланишни кейинга қолдирганингиз маъқул:
•Кимдир, масалан, севгилим ёки дўстларим мени бунга ундаяптими, босим ўтказяптими?
•Кейин афсус қилмайманми?
•Шунчаки севгилим ёки дўстларимдан ажраб қолмаслик учун секс билан шуғулланишга розилик билдирмаяпманми?
Brook соғлом турмуш тарзини тарғиб қилувчи хайрия ташкилотидан Изабел Инман шундай дейди: "Ёшлар керакли вақтда онгли қарор қабул қила олиши учун жинсий тарбия болаликданоқ берилиши лозим, деб ишонамиз. Биз мажбурий жинсий тарбияни ўқув дастурларига киритилишига умид қиламиз".
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek












