Ҳиндистон: Қабристонда секс қилувчи одамхўр авлиёлар ким?

Агорилар Кумбҳ Мела пайти ташқарига чиқишади.

Сурат манбаси, EPA

Сурат тагсўзи, Агорилар Кумбҳ Мела пайти ташқарига чиқишади.
    • Author, Сваминатан Натаражан
    • Role, BBC Жаҳон Хизмати

Улар жасадлар ёқиладиган жойда яшашади, одам гўшти ейишади, бош чаноғини коса сифатида ишлатишади ва баъзан жасад билан жинсий алоқа қилишади.

Фақат Кумбҳ Мела ё Чўмилиш Байрамида ташқарига чиқадилар.

Бу Ҳинду авлиё ёки пирлари Агори деб аталади.

Қадимий Санскрит тилида Агори қўрқувга солмайдиган деган маънога эга. Аммо барча улардан қўрқади.

Алоқадор мавзулар:

Фалсафий инончми?

"Агори одатлари негизида руҳий покланиш ва Худога етишиш ( Исломдаги Ваҳдат ул-Вужуд каби - Таҳририят) тушунчаси ётади" - тушунтиради Лондондаги Шарқшунослик Институти мутахассиси Жэймс Мэлинсон.

Агориларни кўпчилик тушунмайди.

Сурат манбаси, Empics

Сурат тагсўзи, Агориларни кўпчилик тушунмайди.

"Агорилар яхшилик ва ёмонлик ҳақидаги одатий тушунчаларни тан олишмайди ва уларни бузишга интилишади".

"Уларнинг комилликка эришиш йўли ақл бовар қилмас ва хатарлидир" - дейди Мэлинсон.

Бу инонч қаердан келган?

Агорилар унча қадимий эмас, бу сўз аслида 18-асрда истеъмолга кирган.

Аммо инонч асосида инсон чаноғини олиб юрувчи 7-асрдаги Капалика зоҳидларининг дини ётади. Капаликалар илгари одамларни ҳам қурбонликка келтиришган. Лекин ҳозир йўқолиб кетган.

Бош чаноғини тутган Агори

Сурат манбаси, EPA

Сурат тагсўзи, Бош чаноғини тутган Агори

Агорилар бошқа диний мазҳаблардан фарқли тарзда ташкиллашмаган. Улар ҳатто ўзаро кам мулоқот қилишади ва ташқаридаги одамларга ишонишмайди.

Кўпчилик Агорилар қуйи табақа вакилларидир.

Нафратсиз инонч

Агорилар ҳақида китоб ёзган муаллиф Манож Таккарга кўра, ташқи дунё уларни тушунмайди.

Агори эркак

Сурат манбаси, EPA

Сурат тагсўзи, Агори эркакларнинг кўпчилиги кийим кийишмайди.

"Агорилар табиат билан уйғунликда яшашади ва ҳеч кимдан ҳеч нарса талаб қилишмайди".

"Уларнинг назарида, барча нарса Яратган Парвардигор иродаси маҳсулидир" - давом этади Манож Таккар - "Агорилар ҳеч нимани рад этишмайди, ҳеч кимдан нафратланишмайди. Аммо улар учун сўйилган жонивор ё одам гўштининг фарқи йўқ. Баб-баравар ейишаверади".

Агорилар наша чекишади, аммо ҳеч қачон ҳушёрликни йўқотишмайди.

Кўп одамлар уларни пир деб билишади ва омад ёки фарзанд сўрашади. Лекин Агорилар барча учун дуо қилишса-да, зиёратчилар талабларига эътибор беришмайди. Пулга қизиқмайдилар.

Улар Шива Худоси ва унинг йўлдоши Шактига топинадилар. Аксар Агорилар эркаклар. Бенгалда аёллар ҳам бу мазҳабга қабул қилинади. Аммо аёллар кийим кийишади.

"Одамлар ўлимдан қўрқишади. Жасадлар ёқиладиган жой эса ўлимни рамзлантиради. Агорилар худди шу жойда яшашади. Улар оддий одам тасаввуридаги умумий қадрият ва ахлоқни тан олишмайди".

Жамиятга хизмат

Кўп Ҳиндулар Агориларга қарши

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Кўп Ҳиндулар Агориларга қарши

Охирги йиллари Агорилар ҳам жамиятга хизмат қила бошлашди.

Масалан, мохов ёки гулафшон касалига чалинган беморлар учун махсус шифохоналар очишди.

Аксар одамлар моховдан қўрқишади ва яқинига боришмайди. Касалхонада фақат Агорилар ишлашади ва беморларга қарашади.

Агорилар жасадлар ёқиладиган жойда яшашади

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Агорилар жасадлар ёқиладиган жойда яшашади

Оиласи ва яқинлари юз ўгирган моховларни Агорилар парвариш қилишади.

Баъзи Агорилар қўл телефони ишлатишади, жамоат транспортида юришади. Аммо ташқарига чиққанда устларига бирон кийим ташлашади.

Гей секс тақиқланган

Ҳиндистонда бир миллиарддан кўп Ҳинду дини вакиллари яшайди. Лекин уларнинг ягона пайғамбари ёхуд муқаддас китоби йўқ.

Шу боис Ҳиндулар орасида қанча Агори борлиги номаълум. Мутахассислар улар бир неча минг, деб айтишади.

Айни пайтда, аксар Ҳиндулар ҳам Агорилардан қўрқишади ёки жирканишади.

Агорилар ёндирилган жасадлар кулини баданларига суришади.

Сурат манбаси, EPA

Сурат тагсўзи, Агорилар ёндирилган жасадлар кулини баданларига сурадилар.

Баъзи Агорилар ўликлар билан жинсий алоқа қилишганини тан олганлар.

Аммо эркаклар ўртасида ўзаро жимо ёки гей секс тақиқланган.

Агорилар ўлса, бошқалари уларнинг жасадини ейишмайди, балки майит кўмилади ёки ёқилади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek