Мажбурлаш ва жинсий зўрлаш: Йога мактабимда нималар бўлган?

Огоҳлантириш: Мақолада жинсий тажовуз тафсилоти бор
Би-би-си журналисти Ишлин Каур дунёдаги энг катта йога ҳаракати Шивананданинг қаттиқ ихлос қўйган мураббийи эди. Ижтимоий тармоқларда ўн йилларча чўзилган ва ҳозиргача давом этгани даъво қилинган жинсий таҳқирлашлар ҳақида маълумотлар тарқалгач, у бу масалани ўрганишга бел боғлади.
25 ёшларимда йогани кашф қилдим, у дунёимнинг катта бир қисмига айланди. Аксар йога муҳиблари каби бу мен учун шунчаки машғулот эмас, балки ҳаёт тарзи эди. Маҳаллий Шивананда марказида шунчаки ўқитмасдим, у ерда кўнгилли тарзда овқат пиширар, йиғиштириб тозалардим. Шивананда таълимоти ҳаётимнинг ҳар бир жиҳатига таъсир қилган.
Аммо 2019 йил декабрида менинг телефонимга хабар келди. У Шивананданинг "Facebook" гуруҳида ҳаракатнинг мўътабар асосчиси Свами Вишнудевананда ҳақидаги пост экан.
Жули Солтер исмли аёл Вишнудевананда уч йил давомида уни Шивананданинг Канададаги офисида жинсий таҳқирлаганини ёзганди.
Унинг ёзишича, орадан ўн йиллар ўтиб, у ниҳоят ўзида куч топган ва Шивананда бошқарув кенгашига хабар қилган, "уларнинг муносабати эса сукут сақлаш ва сукут сақлатишга уринишдан иборат бўлган".
Шивананда бош мураббийларининг қўлида таҳқирланган 14 аёлдан интервью олдим. Уларнинг кўпи бу ҳақда оммага ошкор қилиш у ёқда турсин, оиласи ва дўстларига айтмаган. Собиқ ходималардан бири билан ҳам гаплашдим, унинг бу масаладаги хавотирлари ҳам Шивананда кенгаши томонидан эътиборсиз қолдирилган.
Менинг суриштирувим қачонлардир менга қадрли бўлган ташкилот ичида таъсир ва қудрат қанчалик суиистеъмол қилинганини кўрсатди.

2014 йил Ҳиндистон жануби, Керала штатидаги Шивананда ашрамда йога мураббийи сифатида тайёргарликдан ўтган вақтимни кечагидек эслайман. Деворда Шивананданинг кейинги асосчиси, Жули фош қилган одам Свами Вишнудевананданинг катта сурати осиғлиқ турарди.
Унинг таълимоти шунчалик кучли бўлганки, кўплаб йоглар дунёга қўл силтаб, ташкилотга ҳаётини бағишлаган.
Нима учун шундай бўлганини тушунаман. Мен ҳам ана шундай синовлардан ўтганман ва Шивананда менга ҳотиржамлик берган. Асанас - йога позалари - менга жисмоний қувват берган. Шивананданинг карма тамойиллари, ижобий фикрлаш тарзи ва медитация руҳимга озиқ берган.

Сурат манбаси, Ishleen Kaur
2015 йили лондонлик эркакка турмушга чиқдим. Лондонда, уйимизга яқин жойда Шивананда маркази борлигини билгунимча, Лондонга кўчиб бориш ва у билан яшаш менга ёқмасди. Эрим "сенинг биринчи севгинг мен эмас, ўша марказ", дерди.

Сурат манбаси, Ishleen Kaur
Жули Солтернинг "Facebook" постидан икки ҳафта ўтиб, Шивананда кенгашининг икки аъзоси Европадан учиб келиб, Лондондаги марказ ходимлари билан суҳбатлашди. Улар менинг бошимда айланиб ётган айрим саволлардан бирига жавоб беришади деб умид қилгандим. Аммо уларнинг жавоби мубҳам эди. Уларнинг савол-жавоблар вақтидаги гаплари ҳам кўпроқ ҳимоя қилиш, оқлаш руҳида эди.
Жули билан ҳам гаплашишим кераклигини билардим.
Асли янги зеландиялик бўлган Жули Шивананда таълимоти билан илк бора танишганида 20 ёшда, Исроилда саёҳатда эди. У ўша заҳоти ҳаракатга қўшилиб кетди ва 1978 йили ҳаракатнинг Канададаги штабига кўчиб борди.
Вишнудевананда ўша ерда яшарди ва Жулига унинг шахсий ёрдамчиси бўлишни таклиф қилишди, ўша вақтда у буни ўзига берилган катта имтиёз деб биларди.

Сурат манбаси, Julie Salter
Аммо, унинг айтишича, кун тартиби жуда оғир бўлган. У эрта тонг соат 5 дан ярим тунгача ҳафтада етти кун ҳеч қандай ҳақ олмай ишларди. Унинг айтишича, Свами Вишнудевананда инжиқ одамга айланиб борган ва унга тез-тез бақирарди.
"Ва албатта, менинг чегараларим ҳам борган сари заифлаша борди", дейди у менга.
Ва воқеалар зулматли тус ола бошлаган.
Бир куни Жули Вишнудевананданинг уйида ишлаётганда, уни дуолар ёзилган лентани эшитиб ётганини кўриб қолади. У Жулига "келиб ёнимга ёт", дейди. Жули у нима истаётганини тушунмаганини айтганда, у Жулига: "Тантра йога" деб жавоб беради. Тантра руҳий секс билан боғлиқ амалиётга айланган, аммо асли чуқур хотиржамлик орқали руҳий юксалиш учун ҳаракат қилишни англатади. Шунга қарамай, Жулининг айтишича, Вишнудевананда ўз маърузаларида тантра ҳақида фақат назарий жиҳатларини гапирган эди.
"Унга "тушунмадим" дедим. Ва танам ва онгим "йўқ" деб туришига қарамай, мен ётдим. Сўнг жинсий контакт бўлди. Ўшандан сўнг пастга тушдим, ишни давом эттирдим, буткул уят, изтироб ва ўзимни айблаш билан."
Жулининг айтишича, у уч йил давомида турли жинсий алоқаларга мажбурланган.

Қўшимча маълумот
- Шивананда классик йога шакли бўлиб, жисмоний ва руҳий соғломликка эътибор қаратилади.
- 1959 йили Канаданинг Монреал шаҳрида Свами Вишнудевананда томонидан ташкил этилган ва унинг устози Свами Шивананда номи билан аталган.
- Дунё бўйлаб 35 давлатда 60 га яқин Шивананда ашрамлари бор ва уларда қарийб 50 000 Шивананда мураббийлари тайёрланган.
- Кейинги йилларда бир қанча юқори мартабали йога гурулари ўз мақомини суиистемол қилишда айбланган, улар орасида Бикрам Чаудхури, Паттабхи Жойс ва Бхагван Ражниш бор.

Йогада "гуру шишя парампара" деб аталадиган гуру-шогирд муносабати шогирднинг гурунинг истакларига сўзсиз итоат этишини англатади.
Жули ҳозир Вишнудевананданинг ҳаракатларини зўрлаш деб ҳисоблайди, чунки унинг ўша вақтдаги ҳолати қаршилик қилишга имкон қолдирмаган.

Сурат манбаси, Julie Salter
"Мен дунёнинг нариги бурчагида, оиламдан олисда ёлғиз эдим, молиявий томондан ҳам ташкилотга қарам эдим."
Мен Жулининг "Facebook" постига дақиқалар ичида жавоб берган ва Вишнудевананда ўзларини ҳам таҳқирлаганини айтган яна икки аёл билан гаплашдим.
Памеланинг айтишича, Вишнудевананда 1978 йили Лондондаги Виндзор қасрига узлатга чекинганида у йогада "мурда ҳолати" деб аталадиган ҳолатда чуқур хотиржамликка чўмганида уни зўрлаган.
Люсилнинг айтишича, гуру уни 70 йиллар ўрталарида Канададаги ашрамда уч марта зўрлаган. Биринчи икки мартасида у уни шунчаки тантра йога деб ўзига тасалли берган, аммо учинчисида гуру унга пул берган ва у ўзини "фоҳишадек" ҳис қилган.
Вишнудевананда 1993 йили вафот этди, аммо Жули ташкилотдан кетиш учун ўзида куч топишга яна олти йил кетди.
Унинг ягона умиди ҳозир бу ҳақда ошкора гапириш орқали бошқаларнинг ҳам бошига ўша кунлар тушиши олдини олишдир. Вишнудевананда ўлган бўлиши мумкин, аммо Шивананда ихлосмандларининг таҳқирланиши у билан ўлмаган. Жулининг "Facebook" пости тўғонни очиб юборди.

Ўшандан кейин иккита Шивананда мураббийига қарши даъволари бўлган 11 аёл билан суҳбатлашдим. Улардан бири, Би-би-сининг ишонишича, ташкилотда ҳамон фаоллардан.
Даҳшатли даъволардан бири Марининг (асл исми эмас) ҳикоясидир. Унинг айтишича, бир мураббий унга бир неча йил давомида серилтифот бўлган - унинг исмини юридик сабабларга кўра айта олмаймиз. Унинг айтишича, уларнинг муносабатлари қандай қилиб жинсий муносабатга айланиб кетганини ўзи ҳам сезмай қолган, аммо бошқа йўли бўлмаганидан шу йўлда давом этган. У билан охирги жинсий алоқа бўлганига бир йил ўтгач, бир куни мураббий кутилмаганда унинг уйига кириб келган. Хотиржамлик билан унинг устига чиққан, ишини битказган ва чиқиб кетган.
Бошқа бешта аёл айни шу эркак уларни ҳам жинсий таҳқирлаганини айтишди. Улар бир-бирларини танимайди, аммо уларнинг ҳикоялари бир хил - серилтифотлилик ва ҳужум.
Кэтрин (унинг исми ўзгартирилган) 12 ёшда эди, 1980 йилларда Канададаги болалар учун Шивананда лагерида бўлганда бир мураббий унга жинсий томондан қизиқиб қолган. Унинг айтишича, бу эркак уни уқалар, думбаларига тегинарди. У 15 ёшдалигида эркак унга янада ошкора тегина бошлайди - сонларига, кўкракларига. У охирги марта ҳужум қилганда 17 ёшда эди. У уйқудан уйғонганида эркакни ўзининг устида кўрди. Ўша куни ташкилотни тарк этди.
Бошқа бир шикоятчи айни ўша эркак яқинда 2019 йилда унга ҳужум қилганини айтади.
Биз бу эркак билан боғланиб, унга бу даъволарга жавоб бериш имконини бердик, аммо у муносабат билдиришни истамади. Би-би-си, гарчи ташкилот рад қилса-да, у ҳамон Ҳиндистондаги Шиванандада фаолият кўрсатишини аниқлади.
Таҳқирлашларда айбланган яна бир мураббий Маурицио Финокки бўлиб, у Свами Маҳадевананда номи билан ҳам маълум. Мен унга қарши даъвоси бўлган саккиз аёл билан гаплашдим. Улардан бири Венди 2006 йилда Канада штабида Маҳадевананданинг шахсий ёрдамчиси бўлган.
Унинг қиладиган ягона иши электрон мактубларни қоғозга печатлаб, унинг кабинетига олиб кириб бериш бўлган. Ўша куни Маҳадевананда унга мактубларни ва тушлигини тўғри ётоғига элтиб беришни топширади. У тушлигини берганда эркак унинг қўлидан ушлаб олади ва устидаги чойшабини четга тортади. Қиз тушунадики, у чойшаб остида мастурбация қилаётган экан. Унинг айтишича, эркак унинг қўлига уруғини чиқариб ташлайди.
"Ўша вақтда ўзимни унинг учун инсон эмаслигимни ҳис қилдим. Мен шунчаки мақсад учун восита эдим."
Вендининг айтишича, агар аёллар хавотирли, баъзида жиноий бўлган ишлар ҳақида юқори раҳбарларга шикоят қилса, улар буни руҳоний тарбия - "гурунинг меҳри" деб изоҳлаб қўя қолишади.
"Агар бирор нарса муаммоли ёки тушунарсиз бўлса ва мен маъмурий масалаларни гапирсам ва ҳатто у жинсий муносабатлар ҳақида бўлса ҳам, улар менга: "Йўқ, сиз муаммо деб айтаётган нарса, аслида "гурунинг меҳри" дейишади."
"Гўёки сизга қандайдир бебаҳо нарсани ўргатишаётгандек."
Биз бу даъволарга жавоб бериш имкониятини бериш учун Маҳадеванандага боғландик. Аммо сўровимиз жавобсиз қолди.
Би-би-си унинг Шивананда жамияти "Facebook" гуруҳи (мен ҳам шу гуруҳ аъзоси эдим) томонидан молияланган адвокатга йўллаган электрон мактуби нусхасини кўрди. Мактубда у ўзининг "номақбул хатти ҳаракатлари" учун узр сўраган ва "бошқа қайтармасликка қаттиқ ҳаракат қилишга" сўз берган эди.
Мен аниқлашни истаган яна бир нарса Шивананда раҳбарияти бу ишлардан қанчалик хабардор бўлгани эди?

Вишнудевананда томонидан ўзининг ўлимидан сўнг ташкилотга етакчилик қилиш учун ташкил қилинган Ижроия Аъзолар Кенгаши (ИАК) йиғилишида Жули 2003 йили қатнашганида бўлган воқеаларни ошкор қилишга ўзида куч топди. Унинг айтишича Свами Маҳадевананда ҳам Кенгаш аъзоси бўлган.
"Биз у ерда бир муддатгина бўлганмиз. Аммо Кенгаш бу ишлар ҳақида кўп йиллардан бери билган."
Свами Маҳадевананда жинсий таҳқирлашда айбланган мураббийлардан биридир. Аммо ўша пайтда Жули бундан бехабар бўлган.
Жулининг айтишича, у кейинги ҳафталарда ҳам Кенгашнинг бир неча аъзосига ўз даъволарини айтган.
Васийлар Жули 2003 йилда улар билан ўз даъволарини муҳокама қилганини инкор қилишади. Аммо Би-би-си Маҳадевананда Жули билан ўша вақтда гаплашганини тасдиқловчи электрон мактубни кўрди. У бу ҳатни норасмий дейди, аммо ана ўша йиғилишдан сўнг айбловлар "ҳаммага маълум" бўлган.
2006 йили Жули Кенгаш йиғилишида қатнашди ва унда Жулига молиявий томондан ёрдам кўрсатиш бўйича гаплашишди. Таҳқирлов айбловлари яна айтилди.
Васийларнинг Би-би-сига айтишича, ўша вақтда учрашув натижасидан томонлар рози бўлган. Аммо Жули ҳеч нарса амалда бажарилмаганини айтади. Бир йил ўтиб, Жулининг адвокати Кенгашга мактуб йўллаб, компенсация тўлаш ёки берилган зарар учун судга бериш билан таҳдид қилади.
Бунга жавобан Кенгашнинг адвокати Жулига нима учун бу масалани шунча йил ўтиб, энди кўтараётганини сўраб хат ёзади.
Шивананда ташкилотининг айтишича, Жули билан учрашувдан сўнг улар аъзолар ва меҳмонлар учун ўз айбловларини бемалол айтиши учун муҳит яратадиган протокол ишлаб чиқади.
Биз улардан нима учун Жулини жинсий таҳқирлаган одамни ҳамон юксак қадрлашлари ҳақида сўрадик. "Шивананда ташкилоти ўз анъанаси ва таълимотини шарафлайди", деган жавобни олдик.

Сурат манбаси, Getty Images
Суриштирувимизда маълум бўлишича, Кенгаш Маҳадевананданинг жинсий номақбул қилиқлари ҳақида 1999 йилдаёқ билган. Чунки унинг ўзи уларга бор гапни айтиб, айбини тан олган.
Свами Сарадананда ўша вақтда Кенгаш аъзоси бўлган америкалик аёлдир. Унинг айтишича, 1998/99 йилда Деҳлидаги ашрам директори унга кўзида ёш билан қўнғироқ қилган. Директор унга Маҳадевананда иштонсиз юрганини айтади. Сарадананда эса иштон деганда ич кийим деб тушунади.
У Маҳадеванандага қўнғироқ қилганида, у бундай бўлмаганини айтади. У ич кийимсиз, яъни яланғоч бўлган экан. Бу унинг ягона кашфиёти эмасди.
У менга белдан пастига ҳеч нарса киймаганини айтди ва у офисга бориб, директорнинг шундай олдида мастурбация қилади.
Свами Сарадананда қаттиқ ташвишга тушади ва бу масалани ИАКнинг кейинги йиғилишида кўтаради.
Унинг айтишича, барча овоз ёзиш қурилмалари ўчирилган, котиба ҳам хонадан чиқарворилган.
Маҳадевананда ҳам ҳозир эди ва у Свами Сарадананданинг айтганларини тасдиқлади.
"Ва у "агар у мени шундай қилишимни истамаса, жуда соз, келишдик. Бошқа ундай қилмайман" деди."
У Кенгаш аъзоларидан Маҳадевананданинг қилмиши бўйича қандай чора кўришларини сўраганда, аъзолардан бири шундай дейди: "У бошқа бундай қилмаслигини айтди. Яна нима истайсиз? Унинг қониними?"
Бир неча ой ўтиб, Сарадананда Кенгаш аъзолигидан чиқарилгани ҳақида факс орқали хабар олди. Биз бу масала юзасидан ҳам ИАКка сўров юбордик, аммо улар жавоб бермади.
Сарадананда аниқлаган маълумотлар Венди 2006 йилда Канададаги бош штаб раҳбарларидан бирига Маҳадевананда унинг олдида уруғини тўккани ҳақида айтганида у ҳайрон бўлмагани сабабини изоҳлайди.

Вендининг айтишича, унинг жавоби шундай бўлган: "Жин урсин, янами?"
Раҳбарият аъзоси унга хавотир олмасликни, ташкилот Свами Маҳадевананда билан гаплашиб қўйишини айтган.
"Канадада бундай хатти-ҳаракатлар жинсий тажовуз деб таснифланишини билмагандим. Ўша вақтда буни полицияга ҳам хабар қилиш мумкинлигини билмагандим", дейди менга Венди.
Орадан ўн уч йил ўтгач, Кенгаш ниҳоят Маҳадевананда ишини кўриб чиқиб, у истеъфога чиқарилгани ҳақида ойлик журналида хабар берди. Унинг истеъфодаги ҳаёти учун нафақа тўланиши ҳам белгиланди. Хабарда Кенгаш унга "жонкуярлиги ва руҳлантирувчи хизмати" учун миннатдорлик билдирди.
Сатя лойиҳаси асосида молияланган адвокат Кэрол Мерчасиннинг айтишича, у Шивананда ходимларини жинсий тажовузда айблаган 25-30 аёл билан гаплашган. У уларнинг ҳар бири айтаётган ҳикоялари ниҳоятда ишонарли эканини таъкидлайди.
Кэтрин мисолида, у васийлар айбловлар ҳақида хабар топганда нима учун полицияни бундан бохабар қилмагани юзасидан савол берди. Бир неча йил ўтиб, унинг ота-онаси бундан хабар топиб, васийларга мурожаат қилганда, Кэролнинг айтишича, улар далилсиз бирор нарса қилиб бўлмаслигини айтишган.
Кенгашнинг бизга айтишича, Кэтринни таҳқирлаганликда айбланган мураббий ва бошқалар улар текшираётган вақтда ўз вазифасидан озод қилинган. Аммо бизга бир неча манбалар айтишича, у ҳамон Ҳиндистондаги ашрамда ишлайди. Мен Керала ашрамига қўнғироқ қилганимда, улар менга у ҳақиқатда йил бошида дарс берганини айтишди.
Кенгаш интервью беришни рад қилди, аммо улар бизга ёзма баёнот берди:
"Васийлар Кенгаши мурожаат қилганлар ва [Би-би-си суриштирувида] тилга олинган номақбул хатти-ҳаракатлар сабабли азият чекканларга ҳамдарддир. Кенгаш таҳқирлашларга тоқат қилмайди ва номақбул феъл-атворга беэътибор қарамайди. Кенгаш суриштирувда тафсилотлари келтирилган ўтмишдаги барча хатолар учун узр сўрайди.
Ушбу айбловлар натижаси сифатида Шивананда мустақил текширув бошлади ва хавфсизликни таъминлаш ва назорат қилишга ёрдам берадиган, бу борада тегишли тренинглар ўтказадиган юридик экспертларни жалб қилди. Шивананда ташкилоти таҳқирлашлар бўйича махфий шаклда хабар бериш тизимини йўлга қўйди. Ҳар кимнинг таҳқирлаш ва азобланишдан ҳимоя қилиниши Шивананда ташкилоти учун устувор масаладир. Шивананда ташкилоти зоҳидлик тариқати бўлиб, жисмоний, ақлий ва руҳий соғломлик учун ишлайди ва барча аъзоларининг хавфсизлигига қаттиқ қарайди."
Номини айтолмайдиганимиз мураббий иши юзасидан тўртта суриштирувни қўрдим, барчасида шикоятчининг ҳақ бўлиш эҳтимоли баландлиги, уларнинг гувоҳлиги тўғрилиги хулоса қилинган
Апрелда ўтган беш йилда мураббий сифатида вақтим ўтган Лондондаги ашрамга бордим. Аммо бу сафар ичкарига кирмадим.

Шивананданинг мени ўзига жалб қилган кенг қамровли табиати уни хавфли қилиб қўйган хусусияти ҳам экан. Мен гаплашган аёлларнинг барчаси менга бу ерда реалликдан узилиб қолиш осон экани, бу эса атрофда бўлаётган ишларга шубҳа билан қарашга халал беришини айтишди.
Суриштирувимиз вақтида бизга очилган аёлларнинг бари келиб чиқиши ғарбликдир. Аммо эҳтимол ҳинд жабрланганлар ҳам бор. Ўзларига нима бўлгани ҳақида батафсил электрон мактуб йўллаган аёллар ҳам бор эди, аммо улар менга интервью беришга қўрқишди.
Ўзимга келсам, мен учун ҳам, Шивананда учун ҳам ҳаммаси тугади.
Суриштирув Луиз Адаму томонидан нашрга тайёрланган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek















