Жинсий суррогатлар жароҳат олган Исроил аскарларига қандай ёрдам бермоқда? Isroil

- Author, Йоланде Кнелл ва Фил Марзук
- Role, BBC News, Teл-Авив
Аксар давлатларда суррогат жинсий терапия - кимнидир беморнинг жинсий партнери сифатида ёллаб ўтказиладиган даволаш баҳсли масала саналади ва амалиётда кенг қўлланмайди. Аммо Исроилда бу муолажа оғир жароҳат олган ва жинсий реабилитацияга эҳтиёжи бор аскарларга давлат ҳисобидан амалга оширилади.
Сексопатолог Ронит Алонининг Тел-Авивдаги маслаҳат бериш учун мўлжалланган кабинети кутганингиздек кўринишда. У ерда мижозлар учун кичкина кушетка, уларга тушунтириш учун осилган аёл ва эркаклар жинсий аъзоларининг биологик диаграммасига кўзингиз тушади.
Юмшоқ диван ва шамлар ёқиб қўйилган қўшни хонада нималар бўлаётгани анча қизиқарли.
Бу ерда ҳақ тўланган суррогат партнер Алони хоним мижозига ишқий муносабатлар, жумладан, қандай қилиб жинсий алоқа қилишгача ўргатади.
"Меҳмонхонага ўхшамайди, у кўпроқ уй ёки квартирага ўхшайди", дейди Алони хоним. Бу ерда ётоқ, CD плеер, душ бор. Деворларни эротик санъат намуналари безаган.
"Жинсий терапия аввало жуфтлар ҳамкорлигида бўлади, агар шеригингиз бўлмаса, бу жараён ниҳоясига етмайди, - деб давом этди Алони. - Суррогат эркак ёки аёл жуфти йўқ мижознинг жуфти ролини ўйнаб беради."
Гарчи танқидчилар буни фоҳишабозликка ўхшатса ҳам, Исроилда бу давлат томонидан тан олинади ва ҳатто жинсий алоқа қобилиятига зарар берадиган даражада жароҳат олган аскарлар даволаниши учун бюджетдан маблағ ажратилади.
"Одамлар кимгадир лаззат бера олиши ва кимдандир лаззат ола олишини ҳис қилиши керак", дейди Алони. У жинсий реабилитация бўйича докторлик қилмоқда.
"Одамлар даволаниш учун келишяпти, лаззат олиш учун эмас. Бунинг фоҳишаликка алоқаси йўқ", деб қўшимча қилади у қатъий шаклда.
"Шунингдек, сеансларнинг 85 фоизи интимлик, силаш, коммуникациядир - бу шахс бўлиш ва бошқа одамларга дахлдор бўлишни ўрганишдир. Сиз жинсий муносабатларни бошлаганингизда жараён якунига етади."

Ўзини жаноб А. сифатида таништиришимизни истаган аскар 30 йил муқаддам заҳирадаги ҳарбий хизматчилик вақтида олган оғир жароҳатидан сўнг Исроил Мудофа вазирлигининг маблағи асосида суррогат жинсий терапия олган илк аскарлардан биридир.
Баландликдан йиқилгач, унинг белдан пастки аъзолари тўлиқ фалаж бўлиб, ишламай қолган ва аввалгидек, жинсий алоқа билан ҳам шуғуллана олмасди.
"Жароҳат олганимда ўзим қилишим зарур ишлар рўйхатини туздим, - дейди у. - Ўзим мустақил чўмила олишим, овқат ея олишим, машина ҳайдашим ва жинсий алоқа қила олишим керак эди."
Жаноб А. аллқачон уйланган, болалари ҳам бор эди, аммо унинг турмуш ўртоғи жинсий алоқадаги муаммолар ҳақида шифокорларга гапиришга тортинарди, шунинг учун эрини Алонидан ёрдам олишга ундади.
У ҳар бир сеансдан сўнг хотинига Алони унга ва суррогат партнерга қандай йўриқ кўрсатгани ҳақида айтиб берар эди.

"Бошланишида шундай қиласан: бу ерга тегасан, у ерга тегасан, то оргазм ҳосил бўлгунча мана шу кетма-кетликда бажарасан", дейди у.
Жаноб А. бошқа терапиялари билан бўлгани каби давлат унинг ҳафталик сеанслари учун ҳам тўлашини тўғри иш дейди. Ҳозир уч ойлик даволаш дастури 5400 доллар бўлади.
"Сурогат олдига бориш менинг ҳаётий мақсадим бўлмаган, мен жароҳат олдим ва ҳаётимнинг ҳар бир жабҳасини реабилитация қилишни истадим", дейди у ногиронлар аравачасида ўтирганча. Аравача стол тенниси ўйнагани бориш учун чизиқли йўлда турарди.
"Мен суррогатимни яхши кўриб қолганим йўқ. Мен уйланганман. Мақсадга етиш техникасини ўрганишим керак эди. Мен бунга қилишим зарур бўлган мантиқан асосли чора деб қарадим."
У секс ҳақидаги Ғарбга хос тушунчаларни янглишишлар сабаби дейди.
"Секс ҳаётнинг бир қисми, у ҳаётдан қониқиш, - дейди у. - Бу менинг Казановага айланишим эмас, бунақа нарса йўқ."

Алонининг клиникасига ёши ва ижтимоий келиб чиқиши турлича бўлган, тортиниброқ келаётган одамларнинг оқими тинмайди.
Уларнинг аксарияти интим масалалар, хавотир ёки жинсий камситишлар сабабли романтик муносабатлар ўрнатишда қийналганлардир. Бошқаларида эса жисмоний ёки руҳий нуқсонлар мавжуд.
Алони ўз профессионал фаолияти аввалидан бери ногирон бўлган мижозларига кўпроқ эътибор қаратиб келади. Унинг бир неча яқин қариндошлари ногирон, жумладан, ўзининг учувчи бўлган отаси авиаҳалокат боис, миясидан жароҳат олган.
"Бутун ҳаётим давомида турли жисмоний нуқсонлари сабабли азият чекаётган одамлар биланман, - дейди у. - Уларнинг бари жуда яхши реабилитация қилинган ва шу боис бу масалада доим оптимист бўлганман."
Алони Нью-Йоркда таълим олаётганида ногиронлар билан ишловчи бир суррогат билан яқиндан танишиб қолади.
1980 йиллар охирларида Исроилга қайтгач, у жинсий суррогатлар хизматидан фойдаланиш учун етакчи раввинлар розилигини олади ва қишлоқдаги киббуц - диний жамоа реабилитация марказида терапияни бошлади.
Раввинларнинг бир қоидаси бор эди - оиласи бўлган ҳеч бир аёл ёки эркак суррогат бўла олмайди. Алони бу қоидага амал қилиб келади.
Вақт ўтиб, у Исроил ҳукуматининг қўлловига эришди. Унинг клиникасида суррогат жинсий терапия олган мингтача одамнинг ўнлаб нафари жароҳатланган ҳарбий ветеранлар эди - уларнинг аксарида мия жароҳати, умуртқа жароҳати бўлган ва даволаш харажатлари давлат томонидан тўлаб берилган.
Алонининг ишонишича, Исроилнинг оилани қадрият сифатида кўрувчи маданияти ва қуролли кучларига бўлган муносабати унинг фойдасига ишлаган. 18 ёшда аксар исроилликлар ҳарбий хизматга чақирилади ва улар ўрта ёшгача заҳирадаги аскар бўлишади.
"Мамлакат ташкил топганидан бери биз доимий уруш ҳолатида бўлиб келяпмиз", дейди у.
"Исроилда ҳар бир одам жароҳатланган ёки ўлганлар ҳақида билади ва бу одамларга компенсация беришни ҳамма ёқлайди. Биз ўзимизни улар олдида қарздор ҳисоблаймиз."

40 ёшлар атрофидаги бўйдор эркак марказий Исроилдаги боғида ўтирибди. Тиззаси устига адёл ёпилган. У собиқ заҳирадаги аскар. Унинг ҳаёти 2006 йил Ливан урушида буткул ўзгариб кетди.
Дэвид - биз уни шундай атаймиз - юриш ва гапириш қобилиятини йўқотган.

У терапевти ёрдамида бошқалар билан коммуникация қила олади. Агар трапевт унинг қўлини суяб туриб, қалам тутқазса, оқ доскага ёзиши мумкин.
"Мен оддий бир одам эдим. Узоқ Шарққа саёҳатимдан эндигина қайтгандим. Университетда ўқир, барда ишлардим. Спортни яхши кўрардим, дўстлар даврасида бўлишга ўрганган эдим", дейди Дэвид.
Унинг ҳарбий бўлинмасига ҳужум қилинганда у оёғи ва бошидан қаттиқ жароҳат олди ва уч йил умрини касалхонада ўтказди.
Ўзининг айтишича, ўша вақт давомида яшашга бўлган иштиёқи сўнган.
Унинг терапевтлари унга суррогат жинсий терапия олиши кераклигини тавсия қилганларидан кейин вазият ўзгара бошлади.
"Суррогат терапияни бошлаган вақтимда ўзимни мағлубдек, ҳеч нарсадек ҳис қилардим. Терапияда эса ўзимни эркакдек, ёш ва келишгандек ҳис эта бошладим", дейди Дэвид.
"Бу жароҳат олганимдан бери туйганим илк ижобий ҳиссиёт эди. Бу менга куч ва умид берди."
Бу Дэвид бошлаган ва бир кун келиб ниҳоясига етадиган интим муносабат эди. Ўша кун келганда у тағин руҳан тушкунликка тушиб қолиши хавфи бормиди?
"Аввалига оғир бўлди, чунки суррогат доимий мен билан бўлишини истардим, - дейди у. - Аммо кейин тушундимки, у билан энди жинсий партнер бўлмасак ҳам, аммо яқин дўст эдик. Бу жуда муҳим, ҳамма нарсага арзийди. У ўзингизни қўлга олиб, яна қайта ҳаёт бошлашингизга ёрдам беради."
Терапия вақтидан ташқарида суррогатлар ва мижозлар ўртасида алоқа бўлмаслиги ҳақида қоидалар бор бўлса ҳам, Дэвид ва унинг Серафина псевдонимли аёл суррогатига сеанслар тугагандан кейин ҳам муносабатларини давом эттиришга доктор Алони рухсат берди.
Дэвиднинг яқинлари даволаш бошланганидан бери унда ўзгариш бўлганини айтади. У келажак режаларига эътибор бера бошлаган.
Жинсий ҳаёт қийинлигича қолган бўлса ҳам, Ковиддан аввал у одамларга қўшила бошлади, парваришловчилари ҳамроҳлигида кўчаларга чиқди.

Серафина Ронит Алони клиникасида ўн йилдан ошибдики, суррогатлик қилиб келади. У озғин, сочлари калта, истараси иссиқ ва ҳаракатчан аёл.
Яқинда у ўз тажрибалари ҳақида китоб нашр қилдирди. "Шунчаки суррогат эмас" деб аталган китобни ноширлар "интимлик, сирлар ва ишқий одатларимиз ҳақида нодир мемуар асар" деб таърифлайди.
Тел-Авивдаги бу клиникада ишловчи бошқа барча суррогатлар каби Серафинанинг ҳам алоҳида ўз иши бор. У санъат билан шуғулланади. Суррогатликни эса бошқаларга ёрдам бериш учун қилади.
"Ичидан азият чекиб яшаётганлар, доимий сирларини ичда сақлаб яшашга мажбур бўлаётганларга ёрдам беришни истадим, шу қўлимдан келарди", деб изоҳлайди у.
"Терапия жараёнида тегинишим, жинсий қобилиятим ва танамдан фойдаланишимда бирор муаммо йўқ эди. Қилинадиган иш ҳам менга қизиқ, жинсий муносабат қизиқ эди."
Серафина ўзини "сайёҳларга йўлбошчига" ўхшатади, мижозларга ўзи яхши биладиган йўл бўйлаб саёҳатда ҳамроҳлик қилади.
У қирқтача мижоз билан ишлаган, улар орасида бошқа аскар ҳам бор, аммо, айтишича, Дэвиднинг жароҳати оғирлиги сабабли бошқаларга нисбатан ўзига хос муолажани талаб қилган. У шахсий ёзишишлари учун Дэвидга ёзишга қандай ёрдам беришни ўрганди.
"Дэвиднинг ҳолати мен билганлар ичида энг оғири. Бу худди саҳрода кетишга ўхшайди, юраверасиз у, қаерга кетаётганингизни билмайсиз", дейди у.
"Мен жуда креатив бўлишга мажбур эдим, чунки у ҳаракатлана олмасди. Мен унинг танасини, агар у ўзи эплашганда қандай қилиши мумкин бўлса, шундай ҳаракатлантирардим. У ўз танасини ҳис қилади, аммо ҳаракатлантира олмайди."
"У доим шундай дерди: 'У нимани исташимни билади, ҳеч нарса айтмасам ҳам'. Бу жуда хушёқар мақтов эди."
Суррогат бўлганда ҳам Серафинанинг йигитлари бор эди, ўзининг айтишича, улар у қилаётган ишга эътироз билдирмаган. Аммо у бошқа эркак ва аёллар уйланиш ёки шахсий муносабатларни давом эттириш учун суррогатликни ташлаганларни билади.
Унинг айтишича, терапия тугагач, мижозлар билан хайрлашиш шарт, аммо бу осон бўлмаслиги мумкин.
"Бу худди таътилга кетишга ўхшайди. Бизда вақтни яхши ўтказиш учун имкон бор, ундан фойдаланишимиз керакми ёки бутунлай воз кечиш?".
"Бу жуда бахтли ажрашиш. Бунинг учун бир неча сабаблар бор. Баъзида йиғлайман, аммо барибир бахтлиман."
"Улардан бирортаси муносабат бошлагани, болали бўлгани ёки оила қургани ҳақида эшитсам, ўз қилган ишимдан шу қадар мамнун бўламанки, таърифга тил ожиз."

Кеч оқшом маҳали бўлишига қарамай, Ронит Алони ҳамон ишда - Европа ва узоқ Жанубий Америкадан бўлган сексологларга онлайн маъруза ўқияпти.
У жинсий муаммоларни аритишда суррогат терапия классик психологик терапиядан кўра самаралироқ экани ҳақида мисоллар келтиради, турли илмий тадқиқотлардан иқтибослар беради.

"Суррогатлар билан аввал ишлаган терапевтлар бу ишни яна қайта бошлашга аҳд қилганликларини эшитиш жуда ёқимли", дейди у уларга.
У замонавий жарроҳлик ёрдами билан тирик қолган оғир жароҳат олган аскарларга суррогат терапияни кенг қўллаш мумкинлигига ишонади.
"Сиз одамни унинг ўзига бўлган ишончини, эркак ёки аёллик туйғусини қайтармагунча реабилитация қила олмайсиз", дейди Алони.
"Ҳаётимиздаги бу жиҳатни шунчаки эътиборсиз қолдира олмайсиз. У жуда муҳим ва кучли. У шахсиятимиз марказида туради. У ҳақда шунчаки гапира олмайсиз. Жинсийлик қандайдир динамик, биз ва бошқалар ўртасида турган нарсадир."
Алонининг фикрича, замонавий жамиятларда сексга нисбатан носоғлом тасаввурлар ривожланган.
"Биз секс ҳақида ҳазиллашишни биламиз. Одамларни қандай камситишни биламиз. Биз жинсийлик масаласида консерватив ёки ҳаддан ошишни ҳам биламиз", дейди у.
"Мувозанат йўқ. Секс ҳаётимизга лозим бўлган шаклда сингмаган, ваҳоланки, жинсийлик бу - ҳаёт. Шу билан ҳаёт туғилади. Бу - табиат."
Иллюстрациялар Кэти Ҳорвичники
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
















