Исроил ва Фаластин: Энди Наблусда тўқнашувлар. Бу туганмас қонли можаро илдизи қаерда? Isroil Falastin G‘azo dunyo yangiliklar

Сурат манбаси, Getty Images
Янги тўқнашувлар. Зўравонликлар Ғазо Бўлгасидан энди Ғарбий Соҳилга кўчган.
Исроил қўшинлари бу гал Наблусда фаластинликлар билан тўқнашишган.
Исроил ва Фаластин ўртасидаги низонинг тарихи эса, нақ бир асрга бориб тақалади.
Бу Ўзбекистон ҳам ўз хавотирларини расман ва ошкора билдириб келаётган халқаро можаролардан бири бўлади.
Нега бу зиддият ҳамон ўзининг ечимини топмайди, сабаб нимада?
Зиддият қандай бошланган?
Бир асрлик бошоғриқ
Биринчи Жаҳон урушидан сўнг Британия Фаластин ҳудудини урушда мағлуб бўлган Усмонли империясидан тортиб олди.
Бу ҳудудда яҳудий озчилик ва араб кўпчилик истиқомат қилар эди.
Халқаро ҳамжамият Британияга Фаластинда яҳудий халқи учун "миллий уй" ташкил қилиб бериш вазифасини топширганда бу икки халқ ўртасидаги зиддият кучайди.
Алоқадор мавзулар:

Сурат манбаси, Getty Images
Яҳудийлар учун бу ер аждодлар ватани, аммо фаластинлик араблар ҳам унга даъво қиларди ва ўзгаришларга қарши эди.
1920-1940 йилларда у ерга кўчиб келувчи яҳудийлар сони ошди, уларнинг аксарияти Европадаги қатағонлардан қочган ва Иккинчи Жаҳон урушидаги Ҳолокостдан сўнг ўзига ватан ахтарганлар эди.

Сурат манбаси, Getty Images
Яҳудий ва араблар ўртасида ҳамда британияликлар ҳукмронлигига қарши зўравонликлар ҳам кучайди.
1947 йили БМТ Фаластинни иккига ажратиб, араб ва яҳудий давлатлари тузишга овоз берди, Қуддус халқаро шаҳар бўлиб қолиши керак эди.

Бу режани яҳудий етакчилар қабул қилди, аммо араб томони инкор қилиб, ҳеч қачон ижро қилмади.

Сурат манбаси, Getty Images
Исроилнинг туғилиши ва "фожеа"
Муаммони ҳал қила олмаган британияликлар 1948 йили яҳудий етакчилари Исроил давлати туғилганини эълон қилишига қўйиб берди.
Аксар фаластинликлар қарши бўлди ва уруш бошланди. Қўшни араб давлатларидан қўшинлар бостириб кирди.
Юз минглаб фаластинликлар қочди ёки уйларидан ҳайдаб чиқарилди. Улар бу воқеани "ан-Накба" - "фожеа", деб аташди.
Келаси йили урушлар оташкесим билан якунлангунгача, Исроил ҳудуднинг катта қисмини назоратига олиб қўйди.
Иордания Ғарбий қирғоқни, Миср Ғазони эгаллади.
Қуддус иккига бўлинди - ғарбий томонда Исроил, шарқий томонда Иордания кучлари ўрнашди.


Тинчлик битими ҳеч қачон имзоланмагани учун иккала томон бир-бирини айблади.
Кейинги ўн йиллар ичида яна урушлар ва тўқнашувлар юз берди.
1967 йилги бошқа бир урушда, Исроил шарқий Қуддусни ва Ғарбий қирғоқни, шунингдек, Суриянинг Жўлон тепаликларининг катта қисмини ва Мисрнинг Синай ярим оролини эгаллади.

Аксарият фаластинлик қочқинлар ва уларнинг авлодлари Ғазо, Ғарбий қирғоқ, шунингдек, қўшни Иордания, Сурия ва Ливанда яшайди.
Исроил на улар ва на уларнинг авлодларига ўз уйларига қайтишига рухсат берди, Исроил буни Яҳудий давлати мавжудлигига таҳдид ва мамлакатга босим, деб ҳисоблайди.

Исроил ҳозир ҳам Ғарбий қирғоқни эгаллаб турибди ва Ғазодан чиқиб кетган бўлса ҳам, БМТ уни ҳозир ҳам ишғол остидаги ҳудуд, деб ҳисоблайди.
Исроил бутун Қуддусни ўзининг пойтахти деб билади, фаластинликлар эса шарқий Қуддусни келажакда Фаластин давлатининг пойтахти бўлади, дейди.

Сурат манбаси, Getty Images
АҚШ Исроилнинг ушбу шаҳарга тўлиқ эгалик ҳуқуқини тан олган оз сонли давлатлардан биридир.
Ўтган 50 йилда Исроил бу ҳудудларда манзилгоҳлар қурди ва ҳозирда 600 000 дан ортиқ яҳудий аҳолиси яшайди.
Фаластинликлар буни халқаро ҳуқуқ меъёрларининг бузилиши ва тинчлик йўлидаги ғов деб билади, Исроил эса буни рад қилади.
Ҳозир нималар бўляпти?

Сурат манбаси, Getty Images
Шарқий Қуддус, Ғазо ва Ғарбий қирғоқда яҳудий ва араблар ўртасидаги муносабат доим жуда таранг бўлиб келган.
Ғазо Исроилга қарши урушиб келган Фаластиннинг жангари гуруҳи Ҳамас томонидан бошқарилади.
Исроил ва Миср Ҳамасга қуроллар етиб бормаслиги учун Ғазо чегарасини қаттиқ назорат қилади.
Ғазода яшовчи фаластинликлар Исроилнинг хатти-ҳаракатлари, чекловлари боис, азият чекаётганликларидан шикоят қилишади.
Исроил эса, ўзини фаластинликларнинг зўравонлигидан ҳимоя қилаётганини айтади.
Вазият Рамазон ойи бошлари - апрель ўрталаридан фаластинликлар ва полиция ўртасида тунги тўқнашувлар билан ёмонлаша бошлади.
Айрим фаластинлик оилаларга шарқий Қуддусдан ҳайдаб чиқариш билан таҳдид қилиниши омманинг ғазабини қўзғаган.

Сурат манбаси, Getty Images
Асосий муаммолар нимада?
Фаластинлик ва исроилликлар кўна олмайдиган бир нечта масала бор.
Булар фаластинлик қочқинлар тақдири нима бўлади, босиб олинган Ғарбий қирғоқдаги яҳудий манзилгоҳлари қоладими ёки йўқотилади, икки томон Қуддусни бўлишиши керакми ёки йўқ, ва эҳтимол энг мураккаби, Исроил давлати ёнида Фаластин давлати қуриладими ёки йўқлиги масалаларидир.
Тинчлик музокаралари чорак асрдан буён бир тўхтаб, бир давом этяпти, аммо зиддият барҳам топгани йўқ.
Келажакда нима бўлади?
Қисқаси, аҳвол яқин орада яхшиланадиган кўринмайди.
Дональд Трамп президентлиги даврида АҚШ томонидан охирги ишлаб чиқилган ва "аср битими" дея аталган тинчлик режасини фаластинликлар бир томонлама режа сифатида буткул инкор қилган ва умуман амалга ошмай қолди.
Келажакдаги исталган тинчлик битими мураккаб масалалар устида икки томоннинг розилигини талаб қилади.
Унгача зиддият давом этаверади.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














