Мирзиёев, Ўзбекистон ва Қозоғистон Шарқий Қуддусдаги вазиятдан жиддий хавотирда - Isroil Falastin dunyo yangiliklar

Сурат манбаси, Getty Images
Ўзбекистон Ал-Ақсо масжиди ва Қуддусдаги бошқа муқаддас қадамжоларнинг дахлсизлигини таъминлашга чақирди. Томонларни зўравонликка чек қўйишга даъват қилди.
Ўзбекистон минтақанинг энг йирик мусулмон давлати бўлади.
Шу соатларда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги расман баёнот билан чиқди.
Шарқий Қуддусдаги вазиятнинг кескин тус олиши сабабли чуқур хавотирда эканликларини билдирди.
Расмий Тошкент томонларни зўравонликка чек қўйишга ҳам чақирди.
Уларни вазиятни беқарорлаштиришдан сақланишга ундади.
"Бундан буён қон тўкилишига йўл қўймаслик ва мусулмон олами учун муқаддас ҳисобланган Ийд ал-Фитр арафасида можарони ҳал этиш бўйича барча имкониятларни сафарбар этишга" даъват қилди.
Ўзбекистон томонининг расман баён қилишича, "Ал-Ақсо масжиди ва Қуддусдаги бошқа муқаддас қадамжоларнинг дахлсизлигини - статус-квога риоя этилишини таъминлаш зарур, деб ҳисоблашади".
Баёнот сўнггида расмий Тошкентнинг Исроил-Фаластин можароси ечимини борасидаги бугунги мавқеи ҳам очиқланган.
Ўзбекистон томони бу муаммони халқаро ҳуқуқ меъёрлари, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгаши томонидан аввал қабул қилинган резолюциялар ва "икки халқ учун икки давлат" тамойили асосида ҳал этилиши лозимлигини таъкидлаб қолган.

Сурат манбаси, official
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг баёнотидан қисқа вақт ўтмай, Шавкат Мирзиёев Туркия президенти билан мулоқот қилган.
Расмий хабарларга кўра, телефон суҳбати чоғида ҳам Шарқий Қуддус масаласи кўтарилган.
Президентлар Шарқий Қуддусдаги вазиятнинг кескин тус олиши муносабати билан чуқур хавотирда эканликларини билдиришган.
Икковлон ҳам Фаластин-Исроил муаммоси халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгаши томонидан аввал қабул қилинган резолюциялар асосида тинч йўл билан ҳал этилиши лозимлигини қайд этишган.
Шавкат Мирзиёев Шарқий Қуддусдаги бугунги вазиятни Яқин Шарқдаги бир ўйинчи давлат билан муҳокама этиб олган биринчи Марказий Осиё президенти ҳам бўлган.
Бундан олдин Қозоғистон бу хусусда хавотирли баёнот билан чиққан.
Кибер фазодаги акс-садолари Ўзбекистоннинг Шарқий Қуддусдаги вазиятга расмий муносабати зўравонликлар авж олиб бораётган сўнгги кунларда ўзбекистонликларни энг кўп қизиқтираётган саволлардан бири эканига ҳам далолат қилганди.
Ал-Ақсо атрофида бузғунчилик амалларидан тийилинг

Сурат манбаси, Reuters
Қозоғистон: Ал-Ақсо масжиди атрофида бузғунчилик амалларидан тийилинг. Қозоғистон Исроил-Фаластин можароси юзасидан расмий баёнот билан чиқди. Шарқий Қуддусдаги бугунги вазиятдан расман хавотир билдирган биринчи минтақа давлати бўлди.
Сўнгги можаро икки томон ўртасида бу яқин йилларда кузатилган энг ёмони экани айтилмоқда.
Тўқнашувлардан бошланган ўзаро ҳужумларнинг ҳозир ростмана урушга айланиб кетиши хавфи пайдо бўлган.
Томонлар бир-бирларини ракета ва ҳаводан ҳужумга тутишга ўтишган.
Можаро аллақачон ўнлаб инсоннинг умрига зомин бўлган.
Ораларида болалар ҳам бўлган қурбонлар аксарияти эса, фаластинликлар ҳисобига тўғри келади.
Исроил кучлари ва фаластинлик жангарилар ўртасидаги сўнгги қонли низо мусулмонлар учун муқаддас Рамазон ойига тўғри келган.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат манбаси, EPA
Ўзаро ҳужумларга ҳар икки дин вакиллари учун бирдек муқаддас сатҳда жойлашган ал-Ақсо билан боғлиқ можаролар ҳам туртки бермай қолмаган.
Масжиднинг ўзи ва атрофи зўравон тўқнашувлар нишонига айланганига оид хабарлар олинган.
Яҳудийларнинг Маъбад тоғи ҳам жойлашган сатҳдаги Ал-Ақсо масжиди Ислом оламидаги энг муқаддас учта қадамжодан биттаси саналади.
Мавжуд вазият юзасидан расмий Нур-Султон хавотири акс этган баёнот билан Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги чиққан.
Вазирлик ўз баёнотида, "Ал-Ақсо масжиди атрофида бузғунчилик амалларидан тийилиш ва статус-квони ҳурмат қилиш"га чақирган.
Шарқий Қуддусда зўравонлик авж олаётгани ва Фаластин-Исроил муносабатларининг кескинлашаётганидан хавотир билдирган.
Ўзбекистон ва Қозоғистондан ташқари, ҳозирча аксарият аҳолиси мусулмон қолган бирор бир Марказий Осиё давлатининг бунга ўхшаш баёнот билан чиққан кўрилмаган.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат манбаси, Getty Images
Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги "мавжуд вазиятда барча иштирокчи томонларни оғир-босиқлик ва вазиятни янада ёмонлашишига олиб келадиган қадамлардан тийилиш"га чақирган.
Қозоқ томони, ўз навбатида, сиёсий, диний етакчилар ва жамоат арбобларининг муқаддас Рамазон ойида мавжуд тангликни юмшатиш учун қўлларидан келган барча ишни қилишларига ҳам умид қилиб қолган.
Вазирлик Қозоғистон Фаластин-Исроил можаросининг адолатли ечими тарафдори эканини баён қилган.
Можарони мутлақ тинч йўл билан "икки давлатчилик" ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг резолюцияларига мувофиқ ҳал этилиши истагида эканликларини таъкидлаган.
Фаластин-Исроил орасидаги зиддият бир асрлик тарихга эга.
Икки томонни муросага келтириш уринишлари шу пайтгача самара бермаган.
Келажакдаги исталган тинчлик битими ҳам мураккаб масалалар юзасидан ҳар икковлоннинг розилигини талаб қилади.
Худди шу боис ҳам, муаммонинг муқобил ечими борасида тарафлар бир тўхтамга келишмас экан, зиддиятнинг яна давом этаверишига оид қўрқувлар ҳам йўқ эмас.
Қозоғистон Ўзбекистон билан бирга минтақанинг энг йирик иккита мусулмон давлатидан биттаси бўлади.
Бунгача Фаластин ва Исроил ўртасидаги сўнгги вазият юзасидан Россия, қатор етакчи Ғарб давлатлари ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти хавотир билдириб чиқишган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














