Ал-Ақсо атрофида янги хавф: Мутаассиб яҳудийлар мусулмон қиёфасида масжидга киришмоқда Isroil Falastin dunyo yangiliklar

Ал-Ақсо масжиди

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Шарқий Қуддус. Ҳам мусулмонлар ва ҳам яҳудийлар учун бирдек муқаддас сатҳ. Бу ерда Маъбад тоғи баробарида ал-Ақсо масжиди ҳам жойлашган

Қуддуси Шарифдаги муқаддас қадамжо шундоқ ҳам Исроил ва Фаластин ўртасида тортишувларга сабаб бўлиб келади. Ал-Ақсо Исроил-Фаластин можароси тарихидаги энг қонлиларидан бири бўлган ўтган йилги қуролли низоларнинг ҳам марказида турган. Воқеалар ўшанда президент Шавкат Мирзиёев ва Ўзбекистон мусулмонларининг ҳам эътиборидан четда қолмаганди.

Алоқадор мавзулар:

Хавфли кўриниш

Яҳудийларнинг Маъбад тоғи ҳам жойлашган сатҳдаги Ал-Ақсо масжиди Ислом оламидаги энг муқаддас учта қадамжодан биттаси саналади.

Масжид жойлашган Маъбад Тоғини эса, ҳар икки дин вакиллари ўзлари учун бирдек муқаддас, деб билишади.

Яқин Шарқ бўйича мухбиримиз Иоланда Неллнинг хабар беришича, яқинда бу жараёнда яна бир хавфли кўриниш бўй кўрсата бошлаган.

Мутаассиб яҳудийлар мусулмон қиёфасида масжидга кириш ҳаракатига тушиб қолишган.

Рафаэль Моррис ана шундай хатти-ҳаракатда бўлган яҳудийларнинг кичик гуруҳига бошчилик қилади.

"Кийимларингизни ўзгартирасиз. Бошқача бош кийим киясиз. Баъзида сочни бўяш ёки бироз кесиш керак бўлади", - дейди у.

Ал-Ақсо масжидида мусулмон бўлмаганларнинг тоат-ибодат қилишлари тақиқланган.

Гуруҳ етакчисининг сўзларидан маълум бўлишича, мутаассиб яҳудийлар шу тариқа тақиқни четлаб ўтишга муваффақ бўлишади.

Масжидга "мусулмон бўлиб" кириб, у ерда ибодат қилишади.

Аммо улар ошкор бўлишса, ҳужумга тутилишлари ва ҳатто ҳибсга ҳам олинишлари мумкин.

Тарихча ўрнида

Шарқий Қуддус. Ҳам мусулмонлар ва ҳам яҳудийлар учун бирдек муқаддас сатҳ

Сурат манбаси, Reuters

Мухбиримизнинг айтишича, Исроил 1967 йил Қуддуси Шарифнинг эски қисмини Иорданиядан тортиб олган пайтда яҳудийларнинг бу қадамжони зиёрат қилишларига изн берган.

Яқин йилларда эса, улар сонининг янада кўпайишига йўл очган.

Фаластинликлар Исроилнинг бу амалини "қўпорувчилик"ка тенглаштиришганди.

"Мен Ал-Ақсони ҳимоя қилиш ва асраш масъулиятига эгаман. Ал-Ақсо менинг ҳаётим", - дейди фаластинлик фаол ва "Қуръон" устози Ҳанади Ҳалаваний.

Унинг ўзини ҳам бир вақтлар ноқонуний гуруҳга аъзоликда айблаб, Ал-Ақсога киришини маън этишган.

Ҳанади яҳудийларнинг мусулмонлар уст-бошларини кийиб, ҳийлагарлик қилаётганларидан ғазабда.

"Ўзларини мусулмон қилиб кўрсатиб, Ал-Ақсога кираётган яҳудийлар амали тажовузкор ва намоз ўқиётган мусулмонларни даҳшатга солиши аниқ. Бунинг сиёсий амал экани аён", - дея сўзларида давоам этади фаол.

Мақсад ва ҳаракат...

Шарқий Қуддуси Шариф

Сурат манбаси, AFP

Рафаэлнинг асл мақсади эса, пайғамбарлар тушган даврдаги вайрон қилинган яҳудий ибодатгоҳларини қайта тиклаш.

У ўзининг ниятини яширмайди.

"Ибодатхона айнан шу олтин гумбазли масжид ўрнида бўлиши керак. Албатта бу - оғриқли. Аммо худди шу нарса бизнинг мақсадимиз ва келгуси қадамимиз", - дейди у.

Исроил полициясининг даъво қилишича, зўравонликларни келтириб чиқариш хавфи бўлгани учун миллатчи яҳудийларнинг Маъбад Тоғида ибодат қилишларини тўхтатишга ҳаракат қилишмоқда.

Рафаэлнинг ҳам Эски шаҳарга кириши вақтинча тақиқлаб қўйилган.

Аммо унинг қайтиш қарори қатъий.

Энг қонлиларидан бири

Исроил кучлари ва Фаластин жангарилари ўртасидаги сўнгги тўқнашувлар

Сурат манбаси, Getty Images

Ўтган йилги можаро икки томон ўртасидаги энг ёмонларидан бири бўлган.

Исроил ва Ҳамаснинг ўзаро ҳужумларига Ал-Ақсо билан боғлиқ можаролар ҳам туртки бермай қолмаган.

Ўшанда масжиднинг ўзи ва атрофи зўравон тўқнашувлар нишонига айланганига оид хабарлар олинган.

Тўқнашувлардан бошланган ўзаро ҳужумларнинг ҳозир ростмана урушга айланиб кетиши хавфи пайдо бўлган.

Томонлар бир-бирларини ракета ва ҳаводан ҳужумга тутишга ўтишган.

Исроил кучлари ва фаластинлик жангарилар ўртасидаги сўнгги қонли низо мусулмонлар учун муқаддас Рамазон ойига тўғри келган.

Ҳар икки томондан болалар ва аёллар дохил 200 дан ортиқ киши қурбон бўлган. Яна мингдан ортиқроғи яраланган.

Ораларида болалар ҳам бўлган қурбонлар аксарияти эса, фаластинликлар ҳисобига тўғри келганди.

Ўзбекистон ўшанда устма-уст расмий баёнот билан чиққан.

Расмий Тошкент Ал-Ақсо масжиди ва Қуддусдаги бошқа муқаддас қадамжоларнинг дахлсизлигини таъминлашга чақирган.

"Ал-Ақсо масжиди ва Қуддусдаги бошқа муқаддас қадамжоларнинг дахлсизлигини - статус-квога риоя этилишини таъминлаш зарур, деб ҳисоблаш"ларини расман баён қилганди.

Кибер фазодаги акс-садолари Ўзбекистоннинг Шарқий Қуддусдаги вазиятга расмий муносабати зўравонликлар авж олиб бораётган сўнгги кунларда ўзбекистонликларни энг кўп қизиқтираётган саволлардан бири эканига ҳам далолат қилганди.

Ўзбекистон минтақанинг энг йирик иккита мусулмон давлатидан биттаси бўлади.

Исроил-Фаластин можароси

Исроил кучлари ва Фаластин жангарилари ўртасидаги сўнгги тўқнашувлар

Сурат манбаси, Getty Images

Фаластин-Исроил орасидаги зиддият бир асрлик тарихга эга.

Икки томонни муросага келтириш уринишлари шу пайтгача самара бермаган.

Келажакдаги исталган тинчлик битими ҳам мураккаб масалалар юзасидан ҳар икковлоннинг розилигини талаб қилади.

Худди шу боис ҳам, муаммонинг муқобил ечими борасида тарафлар бир тўхтамга келишмас экан, зиддиятнинг яна давом этаверишига оид қўрқувлар ҳам йўқ эмас.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek