Ўзбекистон Шарқий Қуддусдаги вазиятдан яна хавотир билдирди, Исроил-Фаластин можаросига эътибор қаратди - O‘zbekiston Isroil Falastin dunyo yangiliklar

Ал-Ақсо масжиди

Сурат манбаси, AFP

Сурат тагсўзи, Ўзбекистон Мусулмонлар идораси ҳам Ал-Ақсо масжидининг Ислом дини манбаларида келтирилган уч муқаддас масжиддан бири эканини эслатиб ўтган

Ўзбекистон Шарқий Қуддусдаги вазиятдан яна хавотир билдирди, Исроил-Фаластин можаросига эътибор қаратди. Бир ҳафтанинг ўзида икки бор баёнот билан чиқди. Бу гал мавжуд вазиятга Ўзбекистон Мусулмонлар идораси расман муносабат билдирди. Ўзбекистон минтақанинг энг йирик мусулмон давлати бўлади.

Бунгача аксар аҳолиси мусулмон бўлган қолган бирор бир Марказий Осиё давлатидан бунга ўхшаш хабар олинмаган.

Бу мамлакатлар Мусулмонлар идоралари ёки Уламолар Кенгашининг айни мазмундаги расмий муносабат билан чиққанликлари кўрилмаган.

Ўзбекистон Мусулмонлар идорасининг расман билдиришича, "Шарқий Қуддусдаги мўмин-мусулмонлар учун энг табаррук минтақада нотинчликлар давом этаётганидан жиддий ташвишда"лар.

Шундай деркан, идора Ал-Ақсо масжидининг Ислом дини манбаларида келтирилган уч муқаддас масжиддан бири эканини ҳам эслатиб ўтган.

"Жаҳон ҳамжамияти Фаластин-Исроил муаммосини халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ, тинч йўл билан ҳал этилиши зарурлигини бот-бот таъкидлаётгани"ни урғулаган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси "ҳозирги қалтис вазиятда давлатлар, миллатлар ва элатлар ўртасидаги низоларни тинч йўл билан ҳал этиш энг тўғри йўл, деб ҳисоблаши"ни айтган.

Айни вақтда, идора, мўмин-мусулмонларни мавжуд воқеъликни Қуддусдаги вазият билан боғлаган ҳолда ноўрин баҳс-мунозаралар, ихтилоф ва тушунмовчиликлар келтириб чиқаришга, нотўғри хатти-ҳаракатларга даъват қилаётган фитналардан эҳтиёт бўлишга ҳам чақирган.

"Шарқий Қуддусдаги нотинч вазият барчамизнинг дилларимизни оғритди, руҳониятимизни маҳзун қилди", деркан, "Бундай пайтларда мўминнинг мўминдаги ҳаққи дуо қилиш" эканини таъкидлаган.

Бу - сўнгги бир ҳафтанинг ичида Ўзбекистон томонининг Шарқий Қуддусдаги вазият ва Исроил-Фаластин можаросига иккинчи бор муносабат билдириб чиқиши бўлган.

Мирзиёев ва расмий Тошкент муносабати

Қуддуси Шарифдаги тўқнашувлар

Сурат манбаси, Reuters

Ўтган ҳафта Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги бу хусусда расмий баёнот билан чиққан.

Вазирлик 12 май кунги баёнотида Ал-Ақсо масжиди ва Қуддусдаги бошқа муқаддас қадамжоларнинг дахлсизлигини таъминлашга чақирган.

Томонларни зўравонликка чек қўйишга ҳам даъват қилган, уларни вазиятни беқарорлаштиришдан сақланишга ундаган.

Шарқий Қуддусдаги вазиятнинг кескин тус олиши сабабли чуқур хавотирда эканликларини билдирган.

"Бундан буён қон тўкилишига йўл қўймаслик учун барча имкониятларни сафарбар этишга" даъват қилган.

Ўзбекистон томони, "Ал-Ақсо масжиди ва Қуддусдаги бошқа муқаддас қадамжоларнинг дахлсизлиги - статус-квога риоя этилишини таъминлаш зарур, деб ҳисоблаши"ни расман баён қилган.

Баёнот сўнггида расмий Тошкентнинг Исроил-Фаластин можароси ечимини борасидаги бугунги мавқеи ҳам очиқланган.

Ўзбекистон томони бу муаммони халқаро ҳуқуқ меъёрлари, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгаши томонидан аввал қабул қилинган резолюциялар ва "икки халқ учун икки давлат" тамойили асосида ҳал этилиши лозимлигини таъкидлаб қолганди.

Ўзбекистон ва Туркия президентлари

Сурат манбаси, official

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг баёнотидан қисқа вақт ўтмай, Шавкат Мирзиёев Туркия президенти билан мулоқот қилган.

Пойтахт Тошкентдан олинган расмий хабарларда ўзаро телефон суҳбати чоғида ҳам Шарқий Қуддус масаласи кўтарилгани айтилган.

Президентлар Шарқий Қуддусдаги вазиятнинг кескин тус олиши муносабати билан чуқур хавотирда эканликларини билдиришган.

Икковлон ҳам Фаластин-Исроил муаммоси халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгаши томонидан аввал қабул қилинган резолюциялар асосида тинч йўл билан ҳал этилиши лозимлигини қайд этишган.

Шавкат Мирзиёев Шарқий Қуддусдаги бугунги вазиятни Яқин Шарқдаги бир ўйинчи давлат билан муҳокама этиб олган биринчи Марказий Осиё президенти ҳам бўлган.

Бундан олдин Қозоғистоннинг бу хусусда хавотирли баёнот билан чиққани кўрилган.

Кибер фазодаги акс-садолари Ўзбекистоннинг Шарқий Қуддусдаги вазиятга расмий муносабати зўравонликлар авж олиб бораётган сўнгги кунларда ўзбекистонликларни энг кўп қизиқтираётган саволлардан бири эканига ҳам далолат қилганди.

Шарқий Қуддус. Ҳам мусулмонлар ва ҳам яҳудийлар учун бирдек муқаддас сатҳ

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Шарқий Қуддус. Ҳам мусулмонлар ва ҳам яҳудийлар учун бирдек муқаддас сатҳ. Бу ерда Маъбад тоғи баробарида ал-Ақсо масжиди ҳам жойлашган

Исроил ва Ғазо ўртасидаги сўнгги ҳужумларга ҳар икки дин вакиллари учун бирдек муқаддас сатҳда жойлашган ал-Ақсо билан боғлиқ можаролар ҳам туртки бермай қолмаган.

Масжиднинг ўзи ва атрофи зўравон тўқнашувлар нишонига айланганига оид хабарлар олинган.

Яҳудийларнинг Маъбад тоғи ҳам жойлашган сатҳдаги Ал-Ақсо масжиди Ислом оламидаги энг муқаддас учта қадамжодан биттаси саналади.

Ўзбекистон ва Қозоғистондан ташқари, ҳозирча аксарият аҳолиси мусулмон қолган бирор бир Марказий Осиё давлатининг бунга ўхшаш баёнот билан чиққан кўрилмаган.

Фаластин-Исроил орасидаги зиддият бир асрлик тарихга эга.

Икки томонни муросага келтириш уринишлари шу пайтгача самара бермаган.

Келажакдаги исталган тинчлик битими ҳам мураккаб масалалар юзасидан ҳар икковлоннинг розилигини талаб қилади.

Худди шу боис ҳам, муаммонинг муқобил ечими борасида тарафлар бир тўхтамга келишмас экан, зиддиятнинг яна давом этаверишига оид қўрқувлар ҳам йўқ эмас.

Қозоғистон Ўзбекистон билан бирга минтақанинг энг йирик иккита мусулмон давлатидан биттаси бўлади.

Исроилнинг Ғазо яқинидаги артиллерия бўлинмаси

Сурат манбаси, Reuters

Бунгача Фаластин ва Исроил ўртасидаги сўнгги вазият юзасидан Россия, АҚШ, қатор етакчи Ғарб давлатлари ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти хавотир билдириб чиқишган.

Аммо БМТ Хавфсизлик Кенгашининг бу хусусда чиқармоқчи бўлган кетма-кет тўртта баёнот-резолюциясига ҳам АҚШ томонидан вето қўйилган.

Исроил ва Ғазо ўртасидаги зўравонликлар ўзининг ўн биринчи кунига кириб бормоқда.

Шу пайтгача ҳар икки томондан болалар ва аёллар дохил 200 дан ортиқ киши қурбон бўлган. Яна мингдан ортиқроғи яраланган.

Энг кўп инсоний ва моддий талафот эса, фаластинликлар ҳисобига тўғри келади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek