SOS тугмали аёл: Президент Мирзиёев бола ва аёл қандай муҳофазага олинаётганини айтди

Президент Мирзиёев 8 март байрами муносабати билан Тошкентда ташкил қилинган аёллар билан учрашувда

Сурат манбаси, O'zbekiston prezidenti matbuot xizmati

Ўқилиш вақти: 3 дақ

Президент Шавкат Мирзиёев 3 мартда имзолаган фармони билан Ўзбекистонда бундан кейин хотин-қизлар ва болаларга қарши жиноятларни буткул йўқ қилиш мақсадида қандай чораларга қўл урилаётгани ҳақида гапирди.

"Аёлларга тазйиқ кўрсатиб, ёшларга қўл кўтарган, энди Ўзбекистонда ё кўчиб кетади, ё мажбур бўлади қонун асосида яшашга", деди Президент Мирзиёев 8 март Хотин-қизлар куни муносабати билан Тошкентда ташкил этилган маросимда.

"Агар ўқиган бўлсангизлар, умрбод [болаларга нисбатан жинсий жиноятларни такроран содир этганлар учун умрбод қамоқ жазоси] деб ёзиб қўйдим", дея Президент Мирзиёевдан иқтибос келтирди gazeta.uz веб нашри.

Ҳамма юристлар қарши бўлди, лекин мен ўзбек миллатида бу бўлиши мумкин эмас дедим. Ўзбек мамлакатида, Янги Ўзбекистонда, кўп миллатли халқимизга ярашмайди деб шуни ёзиб қўйдим. Шунинг учун қаттиқ тизим асосида кураш олиб борамиз, — деди президент.

Президент 3 мартда имзолаган фармон "Аёллар ва болалар ҳуқуқларининг ҳимоясини кучайтириш ҳамда уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш бўйича қўшимча ташкилий-ҳуқуқий чоралар тўғрисида" деб номланади.

Ушбу фармонга мувофиқ, 2026 йил 1 апрелидан оилавий зўравонлик олдини олиш мақсадида ички ишлар органларига тез хабар етказиш тартиби ишга туширилади.

Ҳимоя ордерини олган жабрланувчи аёл розилик берса, унинг алоқа воситалари(телефони, планшет ёки бошқа қурилмасига) Ўзбекистон Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг my.ihma.uz мобил иловаси («SOS» тугмаси) ўрнатилади.

Бу илова тазйиқ ва зўравонлик ҳолати ҳақида зудлик билан хабар бериш имконини беради.

Тугма босилганда, 5 км радиусда бўлган ички ишлар органлари ходимлари 10 дақиқа ичида етиб келишлари шарт бўлади.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш: Би-би-си ташқи саҳифалардаги контент учун масъул эмас YouTube бу контентда реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Президент фармони билан Ўзбекистон қонунчилигида жазолар қаттиқлаштирилади.

1 ноябрдан бошлаб Жиноят кодексининг олтита моддаси: 118 (Номусга тегиш), 119 (Жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий шаклда қондириш), 121 (Шахсни жинсий алоқа қилишга мажбур этиш), 128 (16 ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш), 128−1 (16 ёшдан 18 ёшгача бўлган шахс билан моддий қимматликлар ёки мулкий ёхуд бошқача манфаатдорлик бериш орқали жинсий алоқа қилиш), 129 (16 ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш) бандлар бўйича тергов фақат прокуратура томонидан ўтказилади.

Президент вояга етмаганларнинг жинсий эркинлигига қарши жиноятлар, улар билан жинсий алоқа қилиш ва уятсиз-бузуқ ҳаракатлар содир этиш учун илгари судланган шахслар кўзда тутилган янги қонун лойиҳасини уч ой ичида тайёрлаш топшириғини берди.

Янги қонунда 14 ёшга тўлмаган шахснинг номусига текканлик учун — умрбод қамоқ жазоси, 14 ёшга тўлмаган шахсга нисбатан жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий шаклда қондирганлик учун — узоқ муддатли қамоқ таклиф этилаяпти.

Иқтибос

Ўзбекистон 2008 йили ўлим жазосини бекор қилган.

Ҳозир мамлакат қонунчилигида энг қаттиқ жазо — умрбод озодликдан маҳрум қилиш ҳисобланади.

Ва умрбод қамоқ жазоси терроризм, одам ўлдиришнинг айрим оғир кўринишлари, давлат хавфсизлигига қарши жиноятлар учун қўлланилади.

Шунингдек, 25 йилгача озодликдан маҳрум қилиш, мол-мулк мусодараси ва катта миқдордаги жарима каби оғир жазо турлари ҳам мавжуд.

Қонунчиликка янги атамалар киритилади

Президент Мирзиёев фармонига биноан, уч ой ичида хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги халқаро стандартлар ҳамда илғор хорижий тажрибани ўрганиш асосида қуйидагилар учун қонунчиликда жавобгарлик белгилаш бўйича таклифлар тайёрланиши лозим:

  • хотин-қизларни айнан жинси сабабли қасддан ўлдириш (фемицид);
  • оила аъзоларини қасддан ўлдириш (фамилицид);
  • шахсни унинг эркига қарши равишда ноқонуний таъқиб қилиш (сталкинг);
  • интернет ёки ижтимоий тармоқларда содир этиладиган зўравонлик (киберзўравонлик);
  • вояга етмаган шахслардан жинсий фойдаланиш ҳамда шу мақсадда интернет орқали вояга етмаган шахснинг ишончини қозониш (онлайн-груминг).