Тожикистонда 200 аёл жонига қасд қилишга уринган. Сабаблар Ўзбекистонда ҳам бор

Сурат манбаси, Getty Images
- Author, Davron Hotam
- Role, BBC muxbiri, Qirg'iziston
- Ўқилиш вақти: 4 дақ
Тожикистон ҳукумати оилавий зўравонликка қарши курашда "усулларни ўзгартириш" кераклигини тан олмоқда.
Расмий статистикага кўра, мамлакатда аёллар ўртасида ўз жонига қасд қилиш ва оилавий низолар сони йил сайин ортиб бормоқда.
Экспертлар эса муаммо фақат қонунчиликда эмас, балки жамиятнинг энг ичига сингиб кетган стереотипларда дейдилар.
Ўз жонига қасд қилаётган аёллар
Ўтган йили Тожикистонда оилавий зўравонлик сабаб 200 нафардан ортиқ аёл ўз жонига қасд қилишга уринган.
Уларнинг баъзилари яқинлари томонидан қутқариб қолинган.
Бу ҳақда Тожикистон Аёллар қўмитасининг етакчиси Бунафша Файзиддинзода 5 февралда ўтган матбуот анжуманида айтди.
2025 йили ҳуқуқ-тартибот органларига оилавий зўравонлик бўйича 3600 дан ортиқ ариза тушган, бу олдинги йилга солиштирганда 403 ҳолатга кўп.
"Аммо шунга қарамай, Тожикистон қонунларида оилавий зўравонлик учун жиноий жазо кўзда тутилмаган", - деб ёзади "Озодлик"нинг тожик хизмати.
Тожикистонда 2013 йилда махсус қонун қабул қилинган бўлса-да, оилавий зўравонлик ҳалигача Жиноят кодексига киритилмаган.
БМТ ва халқаро ташкилотлар йиллар давомида Душанбени бу қилмишни жиноий жавобгарликка тортишга чақириб келади. Адлия вазирлиги янги ислоҳотлар устида ишлаётганини айтса-да, ҳозирча аниқ жазо чоралари белгиланмаган.
Экспертлар ва халқаро ташкилотларнинг фикрича, Тожикистон каби анъанавий жамиятларда оилавий зўравонликнинг олдини олишдаги муваффақиятсизликнинг асосий сабабларидан бири — бу қилмишнинг ҳалигача жиноят деб эътироф этилмаганидир.
"Хонама-хона" тарғибот нега фойда бермаяпти ёхуд зўравонликнинг "илдизи" қаерда?

Тожикистонда расмий маълумотларга кўра, 2025 йили оилавий зўравонлик бўйича 3600 дан ортиқ шикоят тушган. 8,5 мингдан ортиқ эр-хотинлар эса йил давомида ажрашган. Мутасаддилар бунинг асосий сабаби сифатида қайнота-қайнона ва бошқа қариндошларнинг ёш оила ҳаётига аралашувини кўрсатадилар.
Хотин-қизлар қўмитаси раиси Бунафша Файзиддинзоданинг матбуот анжуманида журналистларга маълум қилишича, аёлларнинг ўз жонига қасди қилишга уриниши ҳам асосан оиладаги тазйиқ ва зўравонлик натижасидир.
Шу билан бирга у хотин-қизлар қўмитаси ушбу иллатнинг олдини олиш ва камайтиришда етарлича муваффақиятга эриша олмаганини очиқ тан олган.
"Афсуски, мана шундай омиллар, камчиликлар ва муаммолар бор. Менимча, биз бу ишнинг уддасидан чиқа олмаяпмиз. Одамларга буни тўлиқ тушунтириб бера олмаяпмиз. Бизнинг вакиллар маҳаллий ҳокимият билан биргаликда "хонама-хона", "қишлоқма-қишлоқ" ва "мактабма-мактаб" юриб, тушунтириш ишларини олиб бормоқда, лекин афсуски, камчиликлар ҳамон мавжуд".
"Иш услубини ўзгартириш керак"

Сурат манбаси, Жамшеди Маъруф
Тожикистонлик журналист ва жамоат фаоли Гўзал Маҳкамова Би-би-си билан суҳбатда мавжуд чораларнинг самарасизлиги сабабларини очиқлади. Унинг фикрича, муаммонинг илдизи тизимли ва маданий қарашларда:
"Рости гап, бу мавзуни жуда кўп гапиришган, катта донорлар пул сарфлаган, аммо нафақат Тожикистонда, балки бутун Ўрта Осиё давлатларида ҳам бу масала камаймаяпти. Нима учун? Менимча, иш методини ўзгартиришимиз керак. Давлат ташкилотлари статистикани кўрсатмаслик учун ҳаракат қилишади. Оилаларни яраштиришга ҳаракат қилишади. Нодавлат ташкилотлар бўлса аёлларнинг устуворликлари учун маълумот беришга ҳаракат қилишади, ҳуқуқшунос ва психологлар тавсиялар беришни йӯлга кӯйишади. Аммо, 10 млн аҳолиси бор Тожикистонда бор-йўғи учта шелтер (ижтимоий мослашув маркази) бор холос".
У ечимни фақат тарғиботда эмас, балки тарбия ва таълимда кўради:
"Қиз болани туғилганидан оила хизматига тайёрлашади, ўқишга эмас. Ёш қизчаларни фақат нон пишириш ва овқат қилишга ўргатмасдан, илм бериш керак. Ёш ўғил болаларга аёлга бўлган муносабатни ўзгартириш учун тўғри тарбия бериш лозим. Медиа маҳсулотларида, дарсликларда аёл ва эркакнинг фарқини эмас, балки баробарлигини кўрсатиш керак."
Унинг фикрича, ўғил болалар оилада онаси ва синглисининг камситилаётганини кўриб улғайса, келажакда ўз хотинига ҳам шундай муносабатда бўлади.
"Ишқилиб, бир ёш авлодни тарбиясига эътибор бермасак, муаммонинг илдизи билан ишламасак, бу мавзу давом этаверади", дея хулоса қилади Гўзал Маҳкамова.
Ўзбекистон: Оилавий зўравонликнинг сурункали занжири
Тожикистонда қайд этилгани каби, оилавий тазйиқлар сабаб аёлларнинг ўз жонига қасд қилишга уриниши Ўзбекистонда ҳам кузатилади.
Бу ҳақда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳузуридаги Ижтимоий сиёсат лабораторияси томонидан ўтказилган «Аёллар овози» тадқиқотида маълум қилинган.
«Аёллар овози: зўравонликдан реабилитациягача» деб аталган ушбу тадқиқот доирасида жами 867 нафар аёл ўртасида сўров ўтказилган.
Сўровда иштирок этган аёлларнинг барчаси муқаддам зўравонликдан жабрланиб, ижтимоий хизматларга ёки реабилитация марказларига мурожаат қилган шахслар бўлган.
Тадқиқот хулосасида ёзилишича, сўровда қатнашган ҳар бешинчи аёл оилавий тазйиқлар туфайли ўз жонига қасд қилиш ҳақида ўйлаганини билдирган.
Тадқиқот натижаларига кўра, зўравонликка учраган аёлларнинг 70 фоизи учун бу ҳолат бир марталик воқеа эмас, балки мунтазам такрорланиб турадиган жараёндир.
Бундай оғир муҳит жабрланувчиларнинг руҳий саломатлигига жиддий таъсир кўрсатмоқда.
Шу билан бирга, Ўзбекистондаги оилавий зўравонлик ҳолатларида ҳам, Тожикистон хотин-қизлар қўмитаси тилга олгани каби, "жамоавий назорат" ва қайноналарнинг роли катта экани, тадқиқотда кўрсатиб ўтилган.
Тадқиқотчилар буни «оилавий-тузилмавий» зўравонлик деб атайдилар.
Яъни, келинга нисбатан босим ўтказишда эрнинг қариндошлари ҳам иштирок этади.
Тадқиқот сўровида иштирок этганларнинг 25 ярим фоизи оиладаги низолар ва зўравонликнинг келиб чиқишини бевосита қайнонанинг аралашуви билан боғлаган.
Шунингдек, аёлларнинг телефонидан фойдаланишини назорат қилиш ёки тақиқлаш ҳолатларида ҳам нафақат эрлар, балки қайноналарнинг таъсири борлиги қайд этилган.
Аёлларнинг зўравонлик муҳитидан чиқиб кета олмаслигига асосий сабаблардан бири сифатида уларнинг иқтисодий жиҳатдан мустақил эмаслиги кўрсатилади.
Тадқиқотда қатнашган, зўравонликдан жабр кўрган аёлларнинг деярли 27 фоизи мутлақо даромадга эга эмас.
Тадқиқотчилар ва экспертларнинг хулосасига кўра, оилавий зўравонликка қарши курашиш учун фақат ҳуқуқий чоралар етарли эмас.
"Зўравонликни камайтириш учун нафақат қонунларни ишлатиш, балки жамиятнинг эскирган ижтимоий қарашларини тубдан ўзгартириш зарур", дейилади «Аёллар овози: зўравонликдан реабилитациягача» тадқиқот хулосасида.
































