Ўзбекистон ва Марказий Осиёда қўшхотинлик нормал ҳолатми ёки жиноят? (Видео)

Телесериаллардан лавҳалар.

Сурат манбаси, Uzbekistan TV channels

Сурат тагсўзи, Ўзбекистон ва Марказий Осиё давлатларида тобора кўп кўзга ташланаётган қўшхотинлик телесериалларда тез-тез тилга олинадиган мавзуга ҳам айланган.
Ўқилиш вақти: 6 дақ

Аксар аҳолиси мусулмон бўлган Марказий Осиё давлатларида, хусусан, Ўзбекистонда қўшхотинлик тобора кенг тарқалмоқдами?

Бу ҳолат жамиятнинг турли қатламларида – оддий инсонлардан тортиб, расмий ва мансабдор шахслар орасида кузатилаётгани борасида хабарлар охирги йилларда кўп кўзга ташланади.

Қирғизистон қўшхотинликка чора кўрмоқдами?

Иккинчи хотин учун совға сифатида олинган машина.

Сурат манбаси, Iwash Tashkent

Сурат тагсўзи, Ижтимоий тармоқларда иккинчи хотин учун олинган совғалар "кўз-кўз" қилиниши ҳоллари кузатилмоқда.

2025 йил декабр ойида Қирғизистоннинг Қатардаги элчиси вазифасидан бўшатилгани ҳақида хабар берилди.

ВВС нинг Ошдаги мухбири Даврон Ҳотамга кўра, Қирғизистон президенти Сапар Жапаровнинг элчи Марат Нуралиевнинг ишдан олиниши ҳақидаги фармонида сабаблари келтирилмаганди. Лекин мамлакат Ташқи Ишлар Вазири журналистлар билан суҳбатда "жаноб Нуралиев давлат хизматчисининг одоб-ахлоқ нормаларини бузгани учун ишдан олинди", дея изоҳ берган.

ВВС мухбирининг илова қилишича, кейинчалик матбуотда расмий доиралардаги манбаларга таяниб, элчи Жапаров икки хотинга эга бўлгани, уларнинг иккисини ҳам ўзи билан Дохага олиб бориб, ҳатто аккредитациядан ўтказгани ва иккисини ҳам турмуш ўртоғи сифатида қайддан ўтказгани ҳақида хабарлар тарқалган.

Бу хабарларни Қирғизистон расмийлари на инкор этишган ва на тасдиқлашган.

Ошдаги ВВС мухбирининг айтишича, биттадан кўп хотинга эга бўлган мансабдор шахсларнинг жавобгарликка тортилишлари у қадар тез-тез рўй бермаса ҳам, яқинда Чуй вилояти собиқ губернатори икки хотинга эга эканлиги аён бўлганидан сўнг шу асосда ҳозирда унинг иши Бишкек маҳкамасида кўриб чиқилмоқда.

Бундан ташқари яқинда Ижтимоий Тармоқларда Қирғизистон парламенти собиқ депутатининг қонуний аёли турмуш ўртоғи ундан ташқари яна 10 та хотин олганлигини айтиб, шикоят қилиб чиққанидан сўнг 60 ёшли собиқ халқ вакили қўлга олиниб, қамоқ жазосига ҳукм қилингани ҳам хабар берилган.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш: Би-би-си ташқи саҳифалардаги контент учун масъул эмас YouTube бу контентда реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Шаръий никоҳда бўлган «иккинчи хотин» ҳикояси

Шаръий никоҳда бўлган ўзбекистонлик аёл.
Сурат тагсўзи, Шаръий никоҳда бўлган ўзбекистонлик аёл ўзини бахтиёр ҳис қилиши ва фарзанди борлигини айтади.

Ўзбекистон қонунчилигида ноқонуний, дея қайд қилинганига қарамай қўшхотинлик мамлакатда анчайин кенг тарқалаётгани кузатилмоқда.

Ноқонуний амал эканлиги ва фақатгина шаръий никоҳда бўлган аёлларнинг ҳақлари таъминланмаганига қарамай аёллар нима учун бунга рози бўлишади?

ВВС Ўзбекнинг "Диққат ВВС" дастури билан суҳбатда "иккинчи хотин" вазиятида бўлган аёл ўзини бахтли ҳис қилиши ва фарзанди ҳам борлигини айтди.

Шахсини очиқлашни истамаган аёлга кўра, ўзи учун ҳар тарафлама мос келадиган шахсни учратгани бу қарорни олишига етаклаган сабаблардан бири бўлган.

"Ҳозир мен бахтиёрман. Худодан нима сўраган бўлсам ҳаммаси бор. Иккинчи хотин бўлиб, шаръий никоҳ асосида оила қурганимиз учун фарзандим бор. Хўжайинимнинг турмуш ўртоғини ҳурмат қиламан. Эрим билан феъл-атворимиз бир-биримизга жуда мос келади", дея ҳикоя қилади у.

Ўзбекистонда аёллар кўпда моддий манфаат йўлида ёки молиявий қийинчиликларга юз тутганлари учун иккинчи хотин бўлишга рози бўлишадими, деган саволимизга жавоб берар экан суҳбатдошимиз, молиявий жиҳатдан мутлақо мустақил эканлиги, моддий томондан ўзини тўлиқ таъминлай олиши ва шаръий никоҳдаги эридан бу соҳада ҳеч нима кутмаслигини ҳам айтиб ўтди.

"Яшайдиган уйимни ўзим ишлаб топган пулимга олганман. Ҳар томонлама фақат ўзимга таянаман ва хўжайинимнинг қўлига қарамайман", дея илова қилди у.

"Лекин ҳозирда шундай тенденция бор. Атрофимда бундай аёллар кўп. Моддий томондан таъминловчи эркак бўлса, иккинчи-ми, учинчи-ми хотин бўлишга рози бўлишади", дея ўз кузатувлари билан ўртоқлашди суҳбатдошимиз.

Унинг қўшимча қилишича, Ўзбекистондаги жамиятда вақтида турмушга чиқмаган ва ёки бошқа сабаблар туфайли ёлғиз бўлган аёлларга нисбатан камситувчи назар билан қараш кенг тарқалган бўлса ҳам унинг "иккинчи хотин" мавқеига рози бўлишида бу омил босим ўтказмаган.

Эркакларга иккинчи хотин нимага керак?

Баҳодир Элибоев

Сурат манбаси, ВВС

Сурат тагсўзи, Инсон ҳақлари фаоли ва журналист Баҳодир Элибоев эркакларни шаръий никоҳ асосида қўшимча хотин олишга етаклайдиган омиллар кўплигини айтади.

Инсон ҳақлари фаоли ва журналист Баҳодир Элибоевнинг айтишича, Ўзбекистонда ноқонуний кўрилса ҳам, эркакларни шаръий никоҳ асосида қўшимча хотин олишга етаклаётган омиллар кўп.

"Баъзилар ота-онасининг раъйига қараб уйланган бўлиши мумкин. Ёки аввалдан бир-бирларини яхши билиб олмаганлари сабабли, кейинчалик оила қургандан сўнг шахсиятларининг ўзларига мос келмайдиган жиҳатлари намоён бўлиши натижасида шу қарорни олиш ҳолатлари бор", дейди Баҳодир Элибоев.

Турмуш ўртоғи ўзига мос келмаслигини тушуниб етган эркак нима учун ажрашиб, бошқа аёлга қонуний асосда уйланмаслиги ҳақидаги саволга жавоб берар экан, Баҳодир Элибоев бунга кўпда фарзандлар билан алоқанинг узилиб қолиши, суд ажримларига қарамай аёллар собиқ эрларига фарзандлари билан кўришиш имконини бермасликлари аксар ҳолларда сабаб бўлишини айтди.

"Хотинни кўпайтириш эркак учун ифтихор эмас. Эркаклар нафс учун бошқа хотин олишади, деган гап ҳозирда удум эмас. Нафсни қондиришнинг бошқа йўллари кўп. Аёлларнинг бу мавқега рози бўлишлари, эркакларнинг ўзларига эп кўришлари бу нотўғри. Лекин истиснолар бор ва баъзида ҳаёт мажбур қилади", дея қўшимча қилди. Баҳодир Элибоев.

"Дунёвий жамиятда ҳам, шариатда ҳам аёллар ҳуқуқларига жиддий эътибор қаратилган экан ва амалда қўшимча хотин олиш ҳолатлари кузатилар экан иккинчи хотинларнинг ҳам ҳақ-ҳуқуқлари биринчи хотинларникидек бўлиши ҳақида уйлаб кўришимизга фурсат етди", деб хулоса қилди у.

Қўшхотинликка таҳлилий назар

Ҳуқуқшунос Камола Алиева

Сурат манбаси, Shaxsiy

Сурат тагсўзи, Ҳуқуқшунос Камола Алиева маиший зўравонликка учраган аёллар иши билан шуғулланиб келади.

Ўзбекистонда қаерга қараманг, хоҳ матбуот, хоҳ Ижтимоий тармоқлар, у ердаги баҳсу мунозаралар ва телевизор экранларидаги сериалларгача ҳамма ерда иккинчи хотин мавзусига кўзингиз тушади.

Ким билан суҳбатлашманг бир хотини бўла туриб, иккинчи хотинга шаръий никоҳ билан уйланган ёки бу мавқеда бўлган аёлларни билишларини айтишади.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 126- моддасида кўп хотинлик жиноят эканлиги қайд этилган.

Жиноят Кодексида берилган таърифга биноан, "умумий рўзғор асосида икки ёки ундан ортиқ хотин билан эр-хотин бўлиб яшаш" жиноят сифатида кўрилади.

Бу каби таъриф алоҳида рўзғор асосида биттадан кўп хотинга эга бўлиш жиноят эмаслиги ҳақидаги талқинларни ҳам келтириб чиқарган.

FB
Qo‘shxotinlik aybi bilan mahkamaga tortilganlar kamligi ikki xotinlik ko‘paymayotganini anglatmaydi. Qo‘shimcha xotin olmoqchi bo‘lganlar uchun joriy qonun ochiq darchalarga ega”
Kamola Aliyeva
O‘zbekistonlik huquqshunos (BBC.COM/UZBEK)

Қўшимча хотин олиш ҳақидаги қонунчиликнинг бу каби талқинларга очиқ экани, амалдаги қонунлар кўп хотинлиликнинг олдини олишда не қадар самара бераётгани ва бу қонунни бузганларга нисбатан жазо не қадар муқаррар эканлиги ҳақида суҳбат учун "Диққат ВВС" дастури ҳуқуқшунос Камола Алиевага мурожаат қилди.

Унинг айтишича, охирги йиллардаги статистик маълумотларга таяниб айтилса, бу модда асосида Ўзбекистонда жиноий ишлар деярли очилмаган ёки очилган бўлса ҳам жуда кам очилган.

Аммо Камола Алиеванинг айтишича, қўшхотинлик моддаси асосида маҳкамага қадар етиб борган ишларнинг кам бўлгани икки хотинлик ҳам кам эканлиги ёки кўпаймаётганидан далолат бермаслиги мумкин.

"Ўзбекистонда қўш хотинлик борасида кенг қамровли тадқиқотлар олиб борилмаган ва ишонч билан муайян муддатда кўпайгани ёки ўсгани ҳақида айтиш қийин. Лекин шахсий тадқиқотларим ва кузатувларим асосида айтсам, вилоятлардаги оилавий зўравонлик билан боғлиқ менинг назаримга тушган деярли ҳар икки ишдан бири зўравонликка юз тутган аёл шаръий никоҳда эканлиги аниқланади".

Камола Алиева кўпхотинлиликнинг тарқалишининг омилларидан бири сифатида баъзи диний блогерлар томонидан исломий риториканинг тарғиб қилиниши, диний нуқтаи назардан эркаклар эга бўлган ҳуқуқ сифатида тақдим қилиниши ҳам рол ўйнаётганлигини айтди.

Skip Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз: and continue readingИжтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз:

End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз:

"Иккинчи хотин олиш ортида турган масъулият, тенгилик ва адолат нуқтаи назаридан эмас, диний ҳуқуқ сифатида кўрсатилиши ва романтизация қилиш орқали тарғиб қилинаётгани, бу тарғибот одамлар онгига тобора кўпроқ сингиб бораётганини кўришимиз мумкин", деди ҳуқуқшунос.

Бошқа томондан ўзбек маданиятида келин зиммасига тушадиган турмуш ўртоғининг ота-онаси дохил оиласи ўнгидаги масъулиятлари манзарасида бир том остида яшамай, кўпда моддий эҳтиёжлари қондирилган ва нисбатан эркин иккинчи хотин бўлиб яшаш фойдалироқ, деган фикр мавжудлигини ҳам урғулаб ўтди.

Кўп хотинлиликни тақиқловчи Жиноий Кодексдаги модданинг "бир рўзғор билан бирдан ортиқ аёл билан яшаш" иборасининг талқинлари борасида гапирар экан, Камола Алиеванинг айтишича, ҳақиқатан ҳам хотинлари алоҳида яшаётган эркакларни бу қонун асосида айбларини исботлаш ва жавобгарликка тортиш қийин.

"Мана шундай талқинларнинг мавжудлиги жавобгарликка тортиш ҳолларининг камлиги ва муайян ишни кўриб чиқишда тўсиқ бўлмоқда.

Шахс эркинлигини таъминлаш нуқтаи назридан қонуннинг нима учун шундай ёзилганлигини тушуниш мумкин. Лекин қўшимча хотин олиш илинжида бўлганлар учун жорий қонун очиқ дарчаларга эга бўлиб қолмоқда", деди Камола Алиева.