Бир келин, икки куёв: Қўш эрли оила мамлакатда баҳслар қўзғамоқда

Сунита С икки эри Капил Н ва Прадип Ннинг ўртасида ўтирипти

Сурат манбаси, Alok Chauhan

Сурат тагсўзи, Сунита С икки эри Капил Н ва Прадип Н билан
    • Author, Саурабҳ Чауҳан
    • Role, BBC Ҳинд хизмати
    • Reporting from, Сирмаур, Ҳимачал Прадеш
  • Ўқилиш вақти: 5 дақ

Ҳиндистоннинг Ҳимолай тоғларидаги кичик қишлоқда икки эркак ўртасида ўтирган келин камерага табассум билан қараб турибди. Бироқ бу оддий тўй суратларидан эмас – келин икки ака-ука билан турмуш қурмоқда. Кўп хотинлик ва кўп эрлик тақиқланган мамлакатда бу ҳолат ноодатий ҳол ҳисобланади.

12 июлда Сунита С.нинг ака-ука Капил ва Прадип Н. билан турмуш қургани акс этган суратлар ижтимоий тармоқларда тезда тарқалди.

Айримлар уларни қоралаб, ҳақоратли изоҳлар қолдирган бўлса, бошқалар бу воқеани кенг жамоатчилик муҳокамасига олиб чиқди.

Алоқадор мавзулар

Улар Ҳимачал-Прадеш ва Уттаракханд тоғли ҳудудларида, Гири ва Тонс дарёлари бўйлаб яшайдиган Ҳатти қабиласига мансуб.

Тахминан 300 минг кишидан иборат бу жамоа 400 дан ортиқ қишлоққа тарқалган бўлиб, тарихан "ҳаат" деб аталган бозорлари орқали савдо қилиш – экин, сабзавот ва жун тижорати билан танилган.

Асрлар давомида жундан рўмол тўқиш ва кумушдан зеб-зийнат ясаш билан тирикчилик қилиб келишган.

Ҳиндистон расман 700 дан зиёд қабилани тан олган бўлиб, улар аҳолининг 8,6 фоизини ташкил этади.

2023 йили Ҳаттилар ҳам "рўйхатга олинган қабила" мақомига эга бўлди, энди уларга ҳам ижтимоий ёрдам дастурлари, таълим ва иш ўринларида квоталар ажратилади.

Ўзларининг уйланиш маросимида Сунита С ва эри Прадип Н гулчамбар алмашмоқдалар

Сурат манбаси, Alok Chauhan

Сурат тагсўзи, Ҳаттиларнинг уйланиш урф-одатлари анъанавий Ҳинду маросимларидан фарқ қилади

Никоҳ маросимлари эса уларда бошқача: маҳаллий тилда "жодидара" ёки "жажда" деб аталадиган тўйларда келин-куёв муқаддас олов атрофида айланиш ўрнига юзма-юз туриб қасамёд қиладилар.

Асосий Ҳинд удумларидан яна бир фарқ шундаки, келин никоҳ маросимини куёвнинг уйига бошлаб боради.

Оила аъзоларининг меҳнат мажбуриятлари кўпинча бундай никоҳларда эр-хотин муносабатларини шакллантиради.

"Илгари ака-укалардан бири чорва моллари билан ойлаб сафарда бўлганида, иккинчиси келин билан қолар ва қайтиб келгач, навбати билан [у билан яшарди]. Аммо ҳозирги шароитда бундай масалалар оилада ўзаро келишув орқали ҳал этилади," дейди Би-би-си билан суҳбатда Ҳатти жамоасидан маҳаллий журналист Шер Жунг Чаухан.

"Қайси фарзанд қайси отанинг исмини олиши каби қарорлар ҳамон оилада келишув асосида ҳал қилинади," дея қўшимча қилади у.

Урф-одат "оғир муҳит таъсирида шаклланган"

Ҳаттиларнинг диний амалиёти ҳиндуизм ва анимистик ритуаллар қоришмасидир, маҳаллий шаман худолари уларнинг урф-одатлари ва кундалик ҳаётида муҳим роль ўйнайди.

Жамоат йиғинларида сўзланадиган ҳикояларда уларнинг Ҳимолайдан келиб чиққани айтилади. Анъанавий кийимлар, айниқса, қўлда тўқилган жун либослар уларнинг ўзига хослигини кўрсатади.

Иқтибос

Сурат манбаси, .

Уларнинг фикрича, катта оила бўлиш бирдамлик ва неъматларни баҳам кўришни рағбатлантиради.

Илгари Ҳатти жамоаси ака-укаларни ер-мулк бўлиниб кетмаслиги учун битта хотин олишга ундарди. Экин майдонлари кам, ота-боболардан қолган мулкни бир неча ака-ука ўртасида мерос сифатида тақсимлаш оила бойлигини камайтириб юбориши мумкин эди.

Ҳиндистон конституцияси Ҳатти каби қабилавий жамоаларга, агар ҳукумат томонидан махсус тақиқланмаган бўлса, ўз урф-одатларини сақлаб қолиш ҳуқуқини беради.

Ҳимачал-Прадешнинг биринчи бош вазири ва олим Яшвант Сингх Пармар ўзининг "Ҳимолайдаги полиандрия" китобида "бу анъана чекланган ер ресурсларини сақлаб қолиш зарур бўлган оғир тоғ шароитидан келиб чиққан" деб таъкидлаган.

Ҳатти жамоасининг ўнлаб аёллари ва кам сонли эркаклар давра ўртасида доира чалаётган эркак атрофини ўраб олиб рақсга тушишаяпти

Сурат манбаси, Kapil Chauhan

Сурат тагсўзи, Полиандрия никоҳлари бугун ҳаддан зиёд камайиб кетган

Бироқ ҳозирги кунда бундай никоҳлар кам учрайди.

Мутахассислар саводхонлик ошиши, иқтисодий ривожланиш ва замонавийлашувни бу анъананинг камайиш сабаблари сифатида кўрсатадилар.

Маҳаллий аҳоли вакили Капил Чауханнинг айтишича, минтақанинг ҳар бир қишлоғида камида тўрт-олтита оила ҳамон кўп эрлик тартибида яшайди.

"Бу бизнинг ўзлигимиз ва фахримиз. Агар бу оилалар бундан мамнун бўлса, бошқа ҳеч кимда муаммо бўлмаслиги керак," деди у Би-би-си билан суҳбатда.

Маҳаллий жамоат фаоли Рамеш Сингта айтишича, "бундай никоҳларнинг аксарияти ҳозир жимгина, шов-шувсиз ўтказилади."

Танлов ёки эксплуатация?

Ҳиндистонда ғайриодатий никоҳ ҳақидаги хабар ижтимоий тармоқларда катта баҳсларга сабаб бўлди.

Кимдир буни шахсий танлов ва розилик масаласи деб кўрса, бошқалар аёллар ҳуқуқларига тажовуз сифатида баҳолади.

Қўлловчилар Ҳатти жамоасининг "жодидара" анъанасини ерни асраб-авайлаш ва оила бирдамлигини таъминлаш усули сифатида ҳимоя қилди. Улар муҳими ўзаро розилик ва маданий мерос эканлигини урғулашди.

Танқидчилар эса бу анъананинг замонавий дунёга қанчалик мос келиши, қонуний мақоми ва гендер муносабатлари юзасидан савол қўйиб, уни эскирган деб аташди. Айримлар эса полиандрия, кўп эрлиликни қабул қилиб, кўп хотинликка қарши чиқишни қўшстандартлилик деб атади.

Оила эса ўз танловини ҳимоя қилиб, бахт ва урф-одатларга содиқлигини таъкидлади.

Маҳаллий сиёсатчи, саноат вазири Ҳаршвардхан Чаухан ҳам қадимий урф-одатни қўллаб-қувватлади:

«Бу амални сақлаб қолиш орқали Прадип ва Капил ўз маданий меросига ҳурмат кўрсатди», деди у Би-би-сигa.

Бироқ кўплаб мутахассислар бундай никоҳ аёл мақомини яхшилаш ўрнига оғирлаштириши мумкинлигини айтмоқда.

"Бу амалиёт аёлларни эксплуатация қилади ва уларнинг асосий ҳуқуқларини бузади", деди Ҳиндистон Демократик Аёллар Ассоциацияси бош котиби Марям Дхавале.

Прадип, Сунита ва Капил

Сурат манбаси, Alok Chauhan

Сурат тагсўзи, Прадип, Сунита ва Капил яхши таълим олишган ва замонавий касб эгалари

Унинг таъкидлашича, икки эрга турмушга чиқиш аёлни кўпроқ фарзанд туғишга ҳам мажбур қилиши мумкин.

Бироқ маҳаллий аёл – "жодидара" никоҳидаги Аша Деви бу фикрга қўшилмайди:

"Аёллар хоҳласа, бундай никоҳга кирмаслиги ёки уни тарк этиши мумкин. На аёл, на эркак мажбурланади", деди у Би-би-сигa.

Бу ҳолатда янги оила анъанавий йўлни тўлиқ тутмаяпти. Сунита – саноат таълим муассасасини тамомлаган техник мутахассис, Прадип – давлат хизматчиси, Капил эса хорижда меҳмонхона соҳасида ишлайди.

Келин журналистларга: "Бу менинг шахсий қарорим эди. Мен қадимий анъанани қабул қилдим", деди.

Эрлар ҳам қўшилди: "Бу муносабат анъаналарга ишончимиз ва бир-биримизни асрашга масъулиятимизни кўрсатади", деди Прадип.

Учаласи ҳам муҳаббат ва оилавий бирдамликка содиқ қолишга ваъда берди.

Дунёдаги бошқа халқларда полиандрия

Камдан-кам ҳолларда бўлса-да, полиандрия Ҳимолайдаги Киннаури ва Ҳиндистон жанубидаги Тода қабилаларида ҳам учрайди.

Шу каби урф-одатлар дунёда бошқа жойларда ҳам кузатилади: Хитойдаги Мосо жамоаси (эркаклар кечаси аёл уйига бориб, кундузи ўз она уйига қайтади), Тибетдаги ака-укаларнинг умумий никоҳи, Нигериядаги Иригве ва Амазонкадаги Борооро қабиласи.

Шарқий Африкадаги Масаайлар орасида ҳам полиандрия қайд этилган, аммо кўплаб бундай анъаналар ҳозирда йўқолиб кетган ёки расман тақиқланган.

Мақолани ёзишда Дипак Шарма ёрдам берган.

Матнни Сваминатан Натаражан мослаштирган, Александра Фоуче таҳрир қилган