Дин ва дунё: Муслималар нега кўпхотинлиликка қарши? Dunyo Ayollar Yangiliklar

Сурат манбаси, Getty Images
- Author, Гита Пандей
- Role, BBC News, Деҳли
28 ёшли муслима аёл эри унинг ёзма розилигисиз бошқа хотин олишига йўл қўймасликни сўраб судга мурожаат қилди.
Бу мурожаат Ҳиндистон мусулмонлари орасида кўпхотинлилик юзасидан баҳсларни қўзғади.
Решма, шунингдек, Деҳли Олий суди ҳукуматга икки хотинлик ёки кўпхотинлиликдек "регрессив амалиёти"ни тартибга солувчи қонун ишлаб чиқишни буюришини истайди.
Алоқадор мавзулар:
Суд ҳужжатларига кўра, у 2019 йил январь ойида доктор Шоб Хонга уйланган ва ўша йили ноябрда улар фарзандли бўлишган.
Решма турмуш ўртоғини оиладаги зўравонлик, шафқатсизлик, босим ва сеп талаб қилишда айблайди. Эри ҳам ўз навбатида хотинига нисбатан худди шундай айбловларни илгари сурди.
Шунингдек, Решма эри уни ва боласини ташлаб кетганини ва бошқа хотин олишни режалаштираётганини айтади.
Эрининг хатти-ҳаракатларини "Конституцияга зид, Шариатга зид, ноқонуний, ўзбошимчалик, қаттиққўллик, ғайриинсоний ва ваҳшийлик" деб таърифлаб, "мусулмон аёлларнинг оғир аҳволини енгиллатиш учун бу амалиётни тартибга солиш керак" дейди у.
Суд уларнинг ўртасидаги адоват ва кўпхотинлиликнинг қонунийлигини тилга олса ҳам, Ҳиндистонда фақат мусулмонлар ва баъзи қабила жамоалари учунгина қонуний бўлган кўпхотинлик устидаги тортишувларга сабаб бўлди.
Pew тадқиқот марказининг 2019 йилги ҳисоботига кўра, дунё аҳолисининг тахминан 2 фоизи кўпхотинли оилаларда яшайди. Бу амалиёт дунёнинг кўплаб мамлакатларида, жумладан, Туркия ва Тунис каби мусулмонлар яшайдиган мамлакатларда тақиқланган ва рухсат берилган аксарият мамлакатларда қаттиқ тартибга солинади. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти буни "аёлларга нисбатан қабул қилиб бўлмайдиган камситиш", деб таърифлаб, "қатъий бекор қилишга" чақириб келади.
Аммо Ҳиндистонда бу сиёсий муаммо. Бош вазир Нарендра Модининг ҳинд миллатчи Бҳаратия Жаната партияси (БЖП) Ягона Фуқаролик Кодексини (ЯФК) қабул қилишга ваъда берди, бу баҳсли қонун бўлиб, никоҳлар, ажралишлар ва мерос энди диний қонунлар билан эмас, балки барча фуқароларга нисбатан бирдек қўлланиладиган умумий қонунга бўйсунади.
Мамлакат диний жиҳатдан жуда қутбланган бир пайтда, ҳукумат томонидан таклиф қилинадиган ҳар қандай ислоҳот аксарият мусулмонлар томонидан исломга ҳужум сифатида қабул қилинади.
Собиқ Бош сайлов комиссари ва Ислом олими Қурайшийнинг айтишича, Ҳиндистонда шаклланган тасаввурга кўра, "ҳар иккинчи мусулмоннинг тўртта хотини" ва кўплаб фарзандлари бор, бу эса охир-оқибат мусулмонлар сони ҳиндулардан ошиб кетишига олиб келади, лекин бу тасаввур тўғри эмас. (Ҳиндистоннинг 1,3 миллиард аҳолисининг атиги 14 фоизи мусулмонлар, ҳиндулар эса аҳолининг 80 фоизини ташкил қилади.)
Ҳиндистондаги мусулмон эркакларга тўрттагача аёлга уйланишга рухсат берилган ва кўпхотинлилик учун санкцияни Қуръон беради, дейди у, бироқ бунга фақат "қаттиқ шартлар ва чекловлар" остида рухсат этилади, бу шартларни адо этиш эса деярли имконсиз.
"Қуръонда эркак киши иккинчи, учинчи ёки тўртинчи хотин олиши, шунда ҳам фақат етим ва бевалар орасидан олиши, ҳаммага бирдек муносабатда бўлиши кераклиги айтилган. Қолганларнинг ҳаммаси қоидабузарликдир. Аммо амалда уларнинг ҳар бирини тенг даражада севиш деярли мумкин эмас. Бу шунчаки уларга бир хил кийим сотиб олиб бериш эмас, балки бундан ҳам кўпроқ нарса", дея қўшимча қилади у.

Сурат манбаси, Getty Images
Жаноб Қурайшийнинг сўзларига кўра, 7-асрда Арабистондаги қабилавий урушлар пайтида, кўп эркаклар ёш ўлиб кетган бир вақтда кўпхотинлиликка бевалар ва етимларга ёрдам бериш учун йўл қўйилган. "Бошқа ҳолларда Қуръон аслида бу амалдан қайтаради ва унга паст назар билан қарайди".
Аёллар ҳуқуқлари фаоли Закия Сомон каби танқидчилар Ҳиндистонда бугунги кунда уруш йўқ, демак, "мизогинистик ва патриархал" амалиёт бўлмиш кўпхотинлиликни тақиқлаш керак, дейди.
Мумбайдаги Ҳиндистон Мусулмон Аёллари Ҳаракати (ҲМАҲ) асосчиси бўлмиш Закия Сомон кўпхотинликни "ахлоқий, ижтимоий ва легал жиҳатдан манфур", деб атайди.
"Бир эркакнинг бир нечта хотини бўлиши мумкинлигини нима деб аташ керак? Жамият замон билан ҳамнафас бўлиши керак. Бугунги кунда бу иш аёлларнинг қадр-қиммати ва инсон ҳуқуқларини қўпол равишда поймол қилишдир".
2017 йилда ҲМАҲ кўпхотинли муносабатларда бўлган 289 аёл билан суҳбат ўтказди ва уларнинг жисмоний, руҳий, ҳиссий ва молиявий саломатлиги ҳақида суриштирди. Улар 50 та ҳолат ҳақида ҳисобот эълон қилишди.
"Биз улар ўта адолатсиз вазиятларда тузоққа тушиб қолишганини аниқладик ва бу уларнинг ҳаммаси учун травматик тажриба ва уларда кўплаб руҳий саломатлик муаммоларини пайдо қилган", дейди Сомон хоним.
Исломда бир зумда ажрашиб кетиш амалиётига фаол қарши чиққан ҲМАҲ 2019 йилда Олий судга кўпхотинлиликни тақиқлаш талаби билан ариза топширган.
Бошқа ҳуқуқий даъволар ҳам бор, жумладан, ҳуқуқшунос ва Ҳиндистоннинг ҳукмрон Бҳаратия Жаната партияси (БЖП) раҳбари Ашвини Кумар Дубей илгари сурган даъво.
Консерватив мусулмонлар бу ишлар уларнинг динига аралашиш, деб айтмоқда.
"Исломда қонунлар илоҳийдир, биз ҳидоят учун Қуръон ва ҳадисга мурожаат қиламиз. Ҳеч ким Аллоҳ рухсат берган нарсани ўзгартиришга ҳақли эмас", дейди Бутун Ҳиндистон мусулмонлари ташкилоти аёллар бўлими раҳбари доктор Асма Заҳро. Бутун Ҳиндистон Мусулмон ҳуқуқий кенгаши (БҲМҲК) Дубейнинг аризасига қарши чиқмоқда.
Унинг айтишича, мусулмонлар орасида кўпхотинлилик "камдан-кам учрайди ва муаммо эмас" ва у БЖПни "озчиликлар жамоага буйруқ бериш учун кўпчилик эътиборига" интилаётганликда айблайди.
"Сиз тўртта хотини бор мусулмон эркакни учратганмисиз? 2022 йилда кўпчилик эркаклар тўрттаси у ёқда турсин, битта хотинни эплаб боқиш қийинлигини айтишди. Кўпхотинли никоҳлар эса мусулмон жамиятида энг паст кўрсаткичдир".
Унинг даъвоси кўпхотинлилик барча динларда кенг тарқалганлигини кўрсатадиган маълумотларга асосланади - Ҳиндистонда 1961 йилги аҳолини рўйхатга олишда 100 000 никоҳдан иборат гуруҳда сўров ўтказилганда мусулмонлар орасида кўпхотинлилик 5,7 фоизни ташкил этган, бу барча жамоалар бўйича энг паст кўрсаткичдир.
Кейинги аҳолини рўйхатга олиш бу саволга жавоб бермади ва кўпхотинлилик ҳақидаги энг сўнгги маълумотлар 2005-2006 йиллардаги Миллий Оила саломатлиги тадқиқотидан олинган бўлиб, бу барча динларда кўпхотинлилар сонининг кескин камайганини кўрсатади:
"Бу маълумотлар анча эски бўлгани учун биз тенденцияларга қарашимиз керак. Шундай қилиб, агар 1930-1960 йиллардаги аҳолини рўйхатга олиш маълумотларини таҳлил қилсак, барча жамоалар орасида кўпхотинлиликнинг изчил пасайиши кузатилмоқда ва ҳар ўн йилликда бу мусулмонлар орасида энг паст кўрсаткич эди. Қурайши, мазкур тадқиқот ягона истисно эканлигини қўшимча қилди.
2021 йилда чоп этилган "Аҳоли ҳақидаги афсона: Ҳиндистонда Ислом, оилани режалаштириш ва сиёсат" китобида жаноб Қурайши мусулмон жамоатчилигини кўпхотинлиликни тақиқлашни талаб қилишга чақиради. "Агар у кенг кўламда қўлланилмаса, уни тақиқлаш билан нима йўқотишингиз мумкин?" дейди у.
Бунинг сабаби, доктор Заҳронинг фикрича, диний ва сиёсийдир.
"Одамлар мусулмонлар жуда ўжар, дейишади, лекин бу позиция муқаддас китобда мавжуд ва уни ҳеч ким ўзгартира олмайди. Шимоли-шарқдаги кўплаб қабила жамоаларида кўпхотинлилик бор ва уларни ҳеч ким таъқиб қилмайди, унда нега бизни таъқиб қиляпсиз? Бу исломофобиянинг бир қисмидир".
Унинг сўзларига кўра, кўпхотинлиликни тақиқлаш ҳақидаги бу гапларнинг барчаси жамоага ҳужум, "уларнинг шахсий диний қонунларига аралашиш"дир.
Сомон хонимнинг фикрича, мамлакат диний жиҳатдан қутбланган бир пайтда мусулмонлар БЖП ҳукуматининг ниятларига шубҳа билан қарайди.
Аммо, дейди у, "агар биз уйимизни тартибга келтирмасак, бошқалар тартибга солади ва уларнинг кун тартиби бўлиши мумкин".
"Аммо кўпхотинлилик пировард натижада аёллар ҳуқуқларини поймол қиладиган амалиёт ва ундан воз кечиш керак".
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek












