"Камбағалликни камбағаллар билан ўлчаш" - иқтисодчи 715 минг сўм ҳақида нима дейди?

Тошкент бозори
Ўқилиш вақти: 3 дақ

Ўзбекистон ҳукумати 2026 йил учун яшаш минимумини белгилади: бир киши учун ойига 715 минг сўм.

Янги белгиланган миқдор ўтган йилги 669 минг сўмдан 6,9 фоизга юқори — бу кунига тахминан 23 минг сўм дегани.

Аммо бу пул билан реал ҳаётда яшаб бўладими?

Би-би-си билан суҳбатда иқтисодий таҳлилчи Жамшид Муслимов бу саволга жавобан оддий мисол келтиради:

"Бу саволга жавоб бериш учун бозорга чиқиш кифоя. Бир кило гўшт нархи тўрт-беш кунлик яшаш минимумига тенг. Газ, электр, сув тўловлари яна ярим ойлик бюджет. Дори-дармон, кийим-кечак, болаларнинг мактаб харажатларига нима қолади?»

Статистик қопқон: Мажбурий тежамкорлик меъёри

Жамшид Муслимовнинг асосий танқиди методологияга қаратилган. Унинг хулосасига кўра, амалдаги ёндашув камбағалликни бартараф этмайди, балки уни «расмийлаштиради»:

«Статистика идораси бу миқдорни кам даромадли оилаларнинг ҳозирги истеъмолига қараб ҳисоблайди. Яъни "камбағаллар камроқ истеъмол қилади, демак, камроқ харажат ҳам етади" деган мантиқ. Бу — камбағалликни камбағалларнинг ўзи билан ўлчашдир».

Иқтисодчининг фикрига кўра, бу жиддий методологик муаммо.

Агар минимум реал эҳтиёж эмас, балки муҳтож қатламнинг ҳозирги имкониятларига қараб ҳисобланса, у доим паст бўлиб қолаверади: камбағаллар мажбурликдан кам истеъмол қилса, расмий минимум ҳам шунчалик кам чиқаверади.

Iqtibos

"Ҳукумат мақсад қўяди, статистика рақам ишлаб чиқади"

Жамшид Муслимов буни шунчаки техник хато эмас, балки онгли сиёсий танлов деб ҳисоблайди:

"Ҳар қандай камбағаллик чегараси — танлов. Қаерда чизиқ ўтказилиши кимнингдир қарорига боғлиқ. Демократик мамлакатларда бу қарор очиқ муҳокама қилинади. Бизда эса ҳукумат мақсад қўяди, статистика идораси шу мақсадга мос рақамларни ишлаб чиқади".

Шу сабабли эксперт камбағаллик статистикасини кўзгуга эмас, кўзойнакка ўхшатади: қандай линза тақилса, шундай манзара кўринади.

Амалий таъсир: Нафақа ва ёрдамдан маҳрумлик

Бу рақам шунчаки статистика эмас, иқтисодчига кўра, у миллионлаб одамларнинг чўнтагига бевосита таъсир қилади:

«Агар жон бошига даромадингиз шу чизиқдан бир сўм юқори бўлса, сиз расман камбағал эмассиз. Демак, бола нафақаси, моддий ёрдам ва коммунал компенсацияларга ҳақингиз йўқ. Яшаш минимуми паст бўлса, давлат "қонунга кўра тўлаяпмиз" дейди, лекин бу пул ҳаёт учун етмайди».

Бозордаги инфляция рақамларни "қувиб ўтди"

Эспертнинг хулосаларини февралдаги инфляция маълумотлари ҳам тасдиқлайди.

Умумий инфляция 0,6 фоиз деб эълон қилинган бўлса-да, кундалик маҳсулотлар кескин қимматлашган: .

  • Помидор: +12,1%
  • Поезд чипталари: +14%
  • Картошка: +5,0%
  • Қўй гўшти: +2,6%
Инфографика

Ҳукумат белгилаган 715 минг сўмлик рақам кучга киргунча, бозор уни аллақачон "қувиб ўтган".

Бундан ташқари, МИХ эълон қилинишининг кечикиши муҳтож оилаларга бериладиган тўловларни ҳам ортга сурган.

«Фарғона» ахборот агентлигининг ёзишича, қонунчиликка кўра, МИХ миқдори 20 январгача эълон қилиниши керак эди.

Аммо расмийлар бу йил ҳам муддатни кечиктиришган.

Нашрнинг ёзишича, кечикиш ижтимоий ёрдамга муҳтож янги қатламни аниқлаш ва тизимга киритишни ортга суради.

Натижада энг муҳтож оилалар давлатдан олиши керак бўлган молиявий ёрдамни амалда тўлиқ ололмайди.

Toshkent bozori

Рақамлар ва реал ҳаёт ўртасидаги жарлик

Экспертнинг фикрича, 715 минг сўмлик чегара икки хил дунёқарашнинг тўқнашувини акс эттирмоқда. Бир томонда — расмий методология ва сўровномага таянган статистика. Иккинчи томонда — кундалик нарх-навонинг кескин ўсишини ҳис қилаётган оддий истеъмолчи.

Статистика қўмитаси эса бу рақамларни халқаро методология ва озиқ-овқат индекслари билан изоҳлайди.

Шунингдек, қўмита 2027 йилда МИХ мезонларини тубдан янгилашни режалаштирган — бунда аҳолини рўйхатдан ўтказиш маълумотлари ва уй хўжалигининг реал даромадлари инобатга олиниши хабар қилинган.

"Жорий йилда аҳолини рўйхатдан ўтказиш маълумотлари ҳамда 16 мингта уй хўжалигининг истеъмоли ва даромадлари бўйича сўров натижалари асосида 2027 йилда минимал истеъмол харажатларининг янгиланган мезонларини ишлаб чиқиш режалаштирилган", - деб ёзилади қўмита хабарида.

Бироқ Жамшид Муслимовга кўра, бу асосий муаммони ҳал қилишга етмаслиги мумкин:

«Методология расман тўғри бўлиши ва халқаро ташкилотлар уни қабул қилиши мумкин. Аммо чегаранинг қаердан ўтказилиши — соф сиёсий қарор. Асосий мақсад камбағалликни фақат қоғозда эмас, балки одамларнинг дастурхонида камайтириш бўлиб қолиши шарт».