Икки қўшни, икки хил мезон: Нима учун Ўзбекистонда камбағаллар «кам»?

Сурат манбаси, BBC.COM/UZBEK
- Author, Даврон Ҳотам
- Role, BBC Янгиликлар бўлими, Қирғизистон
- Ўқилиш вақти: 5 дақ
Қирғизистонда ҳар тўртинчи фуқаро камбағал. Статистика Қирғизистонда аҳолининг 25 фоизи камбағал эканини расман маълум қилди. Ўзбекистонда эса расмий камбағаллик даражаси 5,8 фоизга тушгани айтилмоқда.
Аммо бу статистика Ўзбекистонда камбағаллар Қирғизистонга нисбатан кам эканини кўрсатмайди. У ҳолда бу рақамлар қаердан келиб чиқди?
Камбағал ким?

Сурат манбаси, BBC.COM/UZBEK
Иқтисодчи Отабек Бакировнинг ёзишича, Қирғизистонда камбағаллик даражасининг юқори чиқишига сабаб, камбағаллик даражасини белгилаш учун асос бўлувчи яшаш минимумининг юқори белгиланганида.
Яшаш минимуми — инсоннинг кундалик ҳаёти учун етарли бўлган озиқ-овқат ва хизматларнинг энг паст қийматини ўз ичига олган кўрсаткичдир.
Бу ҳисоб-китобга кўра, агар сиз Ўзбекистонда бир ойда жон бошига 669 минг сўмдан кўп даромад қилсангиз, демак, камбағал эмассиз.
Чунки, ўзбекистонлик бир киши учун ойига 669 минг сўм "камбағал эмаслик" белгиси ҳисобланади. Бошқача айтганда, кунига 21 минг сўмдан бир оз кўпроқ пул топсангиз, сиз давлат назарида камбағал эмассиз.
Чегаранинг нариги томонида — Қирғизистонда эса бу пул билан бир инсон, бир ой яшай олмаслиги расман тан олинди.
669 минг сўм нималарга етади?

Сурат манбаси, Элёр Эхсонов
Фарғоналик журналист ва жамоат фаоли Шарифа Мадраҳимова BBC билан суҳбатда, ҳозирги вақтда яшаш минимуми сифатида олинган 669 минг сўм ўзбекистонликлар учун анча кам эканини, аслида энг кам харажатлар ҳам бундан ортиқроқ бўлишини айтади.
"Бошқа томондан, агар бу пул ўлмаслигинг учун етарли дейилаётган бўлса, эҳтимол тўғридир. Лекин ортиқча орзу ҳавасларни четга суриб қўйсангиз ҳам, уни етказиш қийин бўлса керак".
Шарифа Мадраҳимова турмуш ўртоғи ва уч фарзанди билан бирга яшайди. Демак, беш киши учун оилага камида 3 ярим миллион сўмга яқин маблағ керак.
"Касал бўлмай, турли тўй-тадбирларга бормай ва болаларимнинг таълимига сарфланадиган пулларни ҳисобламаган ҳолда, мен сизга таҳминий ойлик харажатларимизни айтиб бераман. Болаларим гўштни унча емайди, бир ойга 5 кг гўшт етади. Бир килограм гўшт 140 минг сўм. Ойига 700 минг сўм. Беш литр пахта ёғи 85 минг билан 100 минг оралиғида. 25 кг унимиз 125 минг сўм. Сабзавотлар учун ҳафтасига 65-80 минг сўм ишлатамиз, ойига ўртача 280 минг сўм, дейлик. Тухум ҳам бор. Бир ойда 60 дона тухум ишлатсак, 1200 сўмдан 72 минг сўм бўлади. Уч килограм шакар олсак, 48 минг сўм бўлади. Асосий мева олма, олмага 40 минг сўм етса керак. Тансиқроқ мевалар фақат байрамда олинади. Ҳозир ҳисобимиз бир ярим миллионга яқинлашиб қолди, шекилли. Лекин кутилмаганда дори-дармон олиш бор, йўлкира, коммунал тўловлар, турли тозалик воситалари зарур. Электр энергиясининг ўзига ҳозир қиш бўлгани учун бир миллионга яқин пул кетади. Газ балон тўлдиришимиз керак. Умуман олганда ҳисобга кўра ўртача еб-ичишга етказиш мумкиндек кўриняпти. Лекин ҳозир ҳаёлимга келмаган яна шунча харажатлар бор. Пул топиш ҳам осон эмас ", - дейди Шарифа Мадраҳимова.
Қирғизистонда камбағаллик даражаси 25% атрофида

Сурат манбаси, BBC.COM/UZBEK
Ўзбекистонда ҳам, Қирғизистонда ҳам минимал истеъмол харажатлари камбағаллик даражасини аниқлашда асосий мезон сифатида олинади.
Шахснинг бир ойлик даромади ёки сарфи давлат томонидан белгиланган яшаш минимуми миқдоридан паст бўлса, у расман камбағал ҳисобланади. Камбағаллик даражасидаги чегара озиқ-овқат, кийим-кечак, коммунал тўловлар ва бошқа зарур эҳтиёжларнинг энг паст қиймати асосида ҳисоблаб чиқилади.
Шунингдек, бу кўрсаткич ҳар йили инфляция даражасига қараб янгилаб борилади.
Шу ўлчовдан келиб чиқиб, Ўзбекистонда расмий камбағаллик даражаси 5,8%га туширилгани айтилса, Қирғизистонда камбағаллик даражаси 25% атрофида экани маълум қилинган.
Қирғизистонда камбағаллик даражаси Ўзбекистонга нисбатан юқори чиқаётганига эътибор қаратган иқтисодчи блогер Отабек Бакиров, бунинг сабаби қўшни давлатда камбағаллик даражасини белгилаш учун асос бўладиган яшаш минимуми юқори белгиланганида эканини ёзади.
"Қирғизистонда яшаш минимуми 9,2%га ошиб, 8 697,32 сомга етган. Ўзбек сўмида бу 1,2 миллион сўм дегани. Бизнинг минимал истеъмол харажатларимиздан фарқли ўлароқ, қўшниларда яшаш минимуми ҳудудлар, аҳоли гуруҳлари қирқимида аниқланади", - деб ёзади Отабек Бакиров ўз телеграм каналида.
Яъни, Қирғизистонда боланинг эҳтиёжи катта ёшли одамникидан фарқ қилиши расман тан олинган, Ўзбекистонда эса чақалоқ ҳам, оғир меҳнат қилувчи ишчи ҳам бир хил миқдорда истеъмол қилади деб ҳисобланади
End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз:
Кимга қанча керак?
Расмий ҳужжатга кўра, 2025 йил якунлари бўйича Қирғизистонда яшаш минимуми қуйидагича тақсимланган:
Меҳнатга лаёқатли эркаклар учун энг юқори маблағ —9 983 сом (1,3 млн сўм) белгиланган. Аёллар учун эса бу кўрсаткич бир оз камроқ — 9 694 сом (1,28 млн сўм).
Пенсионерлар учун эса 7 699 сом (1 млн сўм) кифоя деб топилган.
Қирғизистонда алоҳида эътибор болаларга қаратилган. Улар учун яшаш минимуми ёшига қараб кескин фарқ қилади. Агар 7 ёшгача бўлган бола учун 6 556 сом (960 минг сўм) зарур деб ҳисобланса, 14–17 ёшли ўғил болаларнинг эҳтиёжи катталарникига яқинлашиб, 8 416 сомга (1,1 млн сўм) етади.
Эътибор қилган бўлсангиз, Ўзбекистондаги жон бошига яшаш минимуми билан, Қирғизистондаги 7 ёшга тўлмаган боланинг яшаш минимуми учун ҳисобланган маблағ деярли тенг.
Истеъмол савати ичида нималар бор?

Сурат манбаси, BBC.COM/UZBEK
Қирғизистонлик экспертлар ҳисоблаган 8 697 сомлик "сават"нинг қарийб 65 фоизини (5 653 сом) фақат озиқ-овқат маҳсулотлари ташкил этади. Бу рўйхатда нафақат нон ва картошка, балки гўшт (1 861 сом), сут маҳсулотлари (1 107 сом), мева-сабзавотлар ва ҳатто балиқ ҳам аниқ қийматларда кўрсатиб ўтилган.
Қолган қисми эса ноозиқ-овқат товарлари (1 390 сом) ва коммунал хизматлар (1 478 сом) учун ажратилган.
Таққослаш учун, Ўзбекистондаги 669 минг сўмлик мезон ичига бунчалик кенг қамровли маҳсулотлар ва хизматлар тўпламини сиғдириш иқтисодий жиҳатдан анча мушкул вазифа бўлиб кўринади.
Ўзбекистонда минимал истеъмол харажатлари - 669 минг сўм бутун республика учун ягона ҳисобланади. Яъни, Тошкент марказидаги нархлар билан чекка қишлоқдаги нархлар орасидаги фарқ расмий статистикада акс этмайди.
Қирғизистон тажрибасида эса, масалан, Баткен вилоятидаги меҳнатга лаёқатли эркак киши учун яшаш минимуми 9 382 сом этиб белгиланган бўлса, худди шу тоифа учун Бишкекда 10 349 сом талаб этилади. Бу қарийб 1 000 сомлик (135 минг сўм) фарқ давлатга ижтимоий тўловларни ҳудуднинг реал бозор шароитига қараб белгилаш имконини беради.
Қирғизистон минтақадаги энг арзон давлат
Numbeo платформасининг 2026 йилги рейтингига кўра, Марказий Осиёнинг яшаш учун энг арзон давлатлари рейтингида Қирғизистон минтақадаги энг арзон давлат деб топилган.
Иккинчи ўринда Тожикистон, Ўзбекистон эса учинчи ўриндан жой олган. Марказий Осиёдаги энг қиммат давлат сифатида эса Қозоғистон тилга олинган. Туркманистон бўйича маълумотлар тадқиқотга киритилмаган.
Агар бу рейтинг хулосасидан келиб чиқсак, Қирғизистонда нархлар арзонроқ бўлишига қарамай, яшаш минимуми юқори белгиланган. Ўзбекистонда эса аксинча, нархлар қимматроқ, яшаш минимуми пастроқ.
Сизнингча, Қирғизистон тажрибаси - ҳудудлар ва ёш гуруҳлари бўйича ҳисоблаш Ўзбекистон учун фойдали намуна бўлиши мумкин-ми?
Ўзбекистонда яшаш минимумини Қирғизистон каби камида 1,2 миллион сўм қилиб белгилаш иқтисодиётга қандай таъсир қилади? Бу бюджетга оғирлик қилмайдими?












