Мужтаба Хоманаий ким?

Сурат манбаси, Tasnim News Agency
- Author, BBC Fors xizmati
- Ўқилиш вақти: 5 дақ
Сўнгги Оятуллоҳ Али Хоманаийнинг ўғли Мужтаба Хоманаий отасининг вориси сифатида Эроннинг олий руҳоний раҳбари этиб сайланди.
8 март куни Эрон матбуоти мамлакатнинг раҳбарини сайлаш учун масъул бўлган диний олимлар кенгаши - Мажлиси Хўбригони Раҳбари Мужтаба Хоманаий номини эълон қилгани ҳақида хабар тарқатди.
Али Хоманаий 28 феврал куни АҚШ-Исроил ҳаво зарбасида ўлдирилди.
Хабарларга кўра, Мужтаба Хоманаий Эрондаги ягона энг қудратли куч - Исломий Инқилоб қўриқчилари корпусига жуда яқин шахс ҳисобланади.
"Агар Теҳрон менинг маъқулловимни олмаса, янги руҳоний раҳбар узоқ яшамаайди", деб огоҳлантирди Президент Трамп.
Янги оятуллоҳ номини эълон қилишдан илгари уламолар кенгаши аъзоларидан бири янги раҳбарни "душман ёмон кўриши керак" деб айтди.
Бундан олдин АҚШ Президенти Доналд Трамп Мужтаба Хоманаий номақбул танлов деган эди.

Сурат манбаси, EPA
Мужтаба Хоманаий ким?
Отасидан фарқли ўлароқ, Мужтаба кўпинча кенг омма кўзидан панада бўлиб келган. У ҳеч қачон бирор давлат мансабини эгалламаган. Омма олдида ваъз ёки маърузалар қилмаган, интервюлар бермаган. Унинг кам сондаги фото сурати ёки видеоси тарқалган.
Аммо Мужтаба отасининг олдига ким кириши, ким кирмаслигини ҳал қиладиган кучли таъсирга эга шахс деган овозалар тарқалганига кўп бўлган.
2000 йиллар бошларида WikiLeaks эълон қилган АҚШ махфий дипломатик ёзишмаларида Мужтаба Хоманаий "парда ортида яширинган куч", режим ичидаги "қобилиятли ва қудратли раҳбар" сифатида таърифланади.
Аммо Мужтаба Хоманаийнинг сайланиши баҳсларга ҳам сабаб бўлиши мумкин. Боиси 1979 йили Эрондаги монархияни тахтдан ағдарган исломий республика мафкураси сиёсий ворисликка эмас, балки руҳоний раҳбар диний эътиқоди ва раҳбарликка муносиб эканини исботлагани билан сайланиши керак деган тамойилга асосланган.
Али Хоманаий исломий республиканинг келажакдаги раҳбари ким ёки қандай бўлиши кераклиги ҳақида фақат умумий маънода гапириб ўтган.
Отаси ўғли Мужтабанинг келгуси руҳоний раҳбарликка номзод бўлишига қарши эканини билдирган эди Эрон уламолар кенгаши аъзоларидан бири икки йил олдин.
Аммо Али Хоманаийнинг ўзи ушбу мавзуни бирор марта кенг омма олдид кўтармаган.
Мужтаба Хоманаий 1969 йил 8 сентябрида Машҳад шаҳрида туғилган.
У Али Хоманаий олти фарзанди орасида иккинчисидир.
У Теҳрондаги Алавий мактабида таҳсил олган.
Эрон матбуоти ёзишича, Эрон билан Ироқ ўртасида кечган уруш йиллари Мужтаба 17 ёшидан ҳарбий хизматга борган, бир неча марта қисқа фурсат ҳарбий хизмат ўтаган.
Саккиз йиллик уруш туфайли Эрон режимининг АҚШ ва Ғарбга нисбатан шубҳалари янада ортди, бу вақтда улар Ироқни қўллаб-қувватлаган эдилар.
1999 йили ўз диний таҳсилини давом эттириш учун Мужтаба Қум шаҳрига боради.
Қум Шиа мазҳабидаги муҳим марказ, муқаддас шаҳар деб кўрилади.
Кузатувчилар ўша йиллари Мужтабанинг муллалардек диний либосда юрмагани, нега мактабни тугатиши билан эмас, ёши 30 га кирганидан кейин диний мадрасада ўқишга қарор қилгани сабаби номаълум эканига эътибор қаратадилар.
Мужтабанинг даражаси ўрта даражадаги руҳоний ҳисобланади, айримлар назарида ушбу омил унинг олий руҳоний раҳбарликка сайланишига монеълик қилиши мумкин эди.

Сурат манбаси, West Asia News Agency Via Reuters
Охирги кунларда айрим оммавий ахборот воситалари ва баъзи ҳокимиятга яқин шахслар Мужтаба Хоманаийни юқори лавозимли диний унвон "Оятуллоҳ" билан атай бошладилар.
Ушбу ўзгариш айрим кузатувчиларга унинг диний нуфузини ошириш ва мамлакат олий раҳбарлигига лойиқ номзод сифатида кўрсатишга қаратилган саъй-ҳаракатдек туюлмоқда.
Диний таълим тизимида "Оятуллоҳ" унвонига эга бўлиш ва олий даражадаги дарсларни ўтиш шахснинг илмий савияси ва билим даражасининг кўрсаткичи ҳисобланади ҳамда келажакдаги раҳбарни танлаш учун талаб ва шартлардан бири сифатида кўрилади.
Бироқ бундан аввал ҳам бундай ҳолат кузатилган.
Али Хоманаий 1989 йили иккинчи олий раҳбар бўлганидан кейин унга дарров "Оятуллоҳ" унвони берилган эди.

Сиёсатга аралашув айбловлари
Мужтаба номи илк бор 2005 йилдаги Эрон президенти сайлови пайтида кенг жамоатчилик эътиборига тушди, ўшанда қаттиққўл сиёсат тарафдори ҳисобланадиган Маҳмуд Аҳмадинажот ғалабаси эълон қилинган эди.
Олий руҳоний раҳбар Али Хоманаийга йўллаган очиқ хатида ислоҳотчи номзод Меҳди Каррубий Мужтабани Исломий инқилоб қўриқчилари ва Басиж қуролли кучларини ишга солиб овоз беришга аралашаётганликда айблади.
Ўшанда қуролли кучлар Аҳмадинажот ғалаба қилиши учун диний гуруҳларга пул тарқатгани ҳақида ёзган Каррубий.
Орадан тўрт йил Мужтабага яна ўша эски айбловлар илгари сурилди.
Аҳмадинажотнинг қайта сайланиши бутун мамлакат бўйлаб оммавий норозилик намойишларига сабаб бўлди, бу намойишларга Яшил ҳаракат деб ном берилди.
Айрим намойишчилар Мужтабанинг отасининг ўрнига Эроннинг олий руҳоний раҳбари бўлишига қарши эканликлари ҳақидаги шиорларни айтиб чиқдилар.

Сурат манбаси, Getty Images
Ўша пайтдаги Эрон ички ишлар вазири ўринбосари Мустафо Тожзода сайлов натижасини "сайлов тўнтариши" деб таърифлаган эди. У етти йилга қамалди ва буни у "Мужтаба Хоманаийнинг тўғридан-тўғри хоҳиши" деб атаган.
2009 йилги сайловдан кейин икки ислоҳотчи номзод — Мир Ҳусайн Мусавий ва Меҳди Каррубий уй қамоғига жойлаштирилдилар.
2012 йил февралида Мужтаба Мусавий билан учрашиб, уни норозиликларни тўхтатишга чақиргани ҳақида Эрон манбалари BBC Форс хизматига маълум қилган эди.
Кўпчилик тахминича, агар Мужтаба ворис бўлса, отасининг қатъий сиёсатини давом эттиради. Шунингдек, баъзилар АҚШ–Исроил зарбаларида отаси, онаси ва рафиқасидан айрилган одам Ғарб босимига бўйсуниши қийин бўлишини ҳам таъкидлайдилар.
Бироқ у ислом республикасини сақлаб қолиш ва мамлакатни сиёсий ҳамда иқтисодий таназзулдан олиб чиқишга қобил эканига жамоатчиликни ишонтириш каби улкан вазифаларга дуч келади.
Унинг раҳбарлик тажрибаси деярли синалмаган, шунингдек республика сиёсий ворислик тизимига айланиб бораяпти деган тасаввур жамоат норозилигини янада кучайтириши мумкин.
Ҳозир Мужтаба "белги қўйилган одам" — Исроил мудофаа вазири Эрон олий руҳоний раҳбарининг ҳар қандай вориси "йўқ қилиш учун мутлақо аниқ нишон" ҳисобланади деган.





























