АҚШ ва Исроилнинг Эрон билан уруши қонунийми? Ҳамда Трамп ҳаракатларига оид бошқа саволлар (видео)

Сурат манбаси, Getty Images
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
АҚШ билан Исроилнинг Эронга қарши урушининг қонунийлиги Россияни, Хитойни ва Шимолий Кореянигина эмас, балки НАТОнинг баъзи давлатларини ҳам хавотирга солмоқда. Бироқ бу БМТга нисбатан душманлик кайфиятида бўлган ва иттифоқчиларининг фикрини менсимайдиган Доналд Трамп маъмуриятига таъсир қилиши даргумон.Оқ уй учун бундан ҳам жиддийроқ муаммо бор – Америкада бу операция кенг қўллаб-қувватланмади ва ошкора ўнгчи республикачилар урушга қарши қатъий позициясини кўрсатмоқда.
Америка-Исроилнинг Эронга қарши операцияси аҳамиятини тушуниш учун бир фактни эслаш кифоя: Оятуллоҳ Али Хоманаий ўлдирилгунга қадар, охирги марта бир давлатнинг ҳарбийлари бошқа бир давлатнинг раҳбарини 1979 йилда қатл қилган эди. Ўшанда СССР КГБсининг махсус кучлари Афғонистоннинг етакчиси Ҳафизулло Аминни ўлдириб, совет ҳукумати бу мамлакатга бостириб кирган эди. Ироқнинг диктатори Саддам Ҳусайн ва Ливия автократи Муаммар Қаддафийнинг ўлими ҳарбий операциянинг бир қисми бўлмаган — Вашингтон ва унинг иттифоқчилари уларнинг ўлими учун жавобгарликни тўғридан-тўғри ўз зиммаларига олишни истамаганди.
2001 йилда Афғонистондаги уруш БМТ томонидан қўллаб-қувватланган эди, 2003 йилда Ироққа бостириб киришдан олдин эса АҚШ ва Британия ҳеч бўлмаганда Хавфсизлик Кенгашидан, НАТОдаги иттифоқчиларидан ҳамда умуман халқаро ҳамжамиятнинг розилигини олишга ҳаракат қилган.
Айни вақтда Оқ уйни БМТнинг фикри кўп ҳам қизиқтиргани йўқ, чунки Трамп БМТни бунга қадар ҳаракатсизлик ва қуруқ гапда айблаб келган. Вашингтонни европалик иттифоқчиларнинг дастаги ҳам камроқ ташвишга соляпти — айниқса, Трамп яқинда европаликлар Афғонистон уруши пайтида ўзларини хавфга қўймаганликларини баён қилганидан кейин.
«Халқаро институтлар деб аталадиган тузилмалар нима дейишидан қатъи назар, Америка тарихдаги энг ҳалокатли ва аниқ ҳаво кампаниясини ўтказмоқда», — деб билдирди АҚШнинг Мудофаа вазири Пит Хегсет.
End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз
Ўзини ҳимоя қилишми ёки агрессия?
АҚШ ва Исроил Эронга қарши операцияни халқаро ҳуқуқда кўзда тутилган мутлақо қонуний ўз-ўзини ҳимоя қилиш акти сифатида тақдим этмоқда.
Уларнинг нуқтаи назарига кўра, Эрондаги ядровий дастур ва баллистик ракеталарнинг ишлаб чиқилиши Исроилга ва АҚШга жиддий хавф туғдираёган эди. Тўғридан-тўғри музокаралар Теҳронни ядровий дастурдан воз кечишга ва ракета ишлаб чиқаришни чеклашга кўндира олмади, шу боис Америка ва Исроил Эроннинг келажакдаги ҳужумининг олдини олиш учун биринчи бўлиб ҳужум қилишдан бошқа чораси қолмаган.
Men qo‘llab-quvvatlagan inson... Iroqdagi urushni qoralab, bundan keyin boshqa o‘lkalardagi urushlarga, rejimlarini o‘zgartirishga aralashmaymiz, deb va’da bergandi.
«Бизнинг мақсадимиз Эрон режимининг — ўта шафқатсиз ва қўрқинчли одамлар гуруҳининг бевосита таҳдидини йўқ қилиш орқали Америка халқини ҳимоя қилиш бўлди. Уларнинг машъум ҳаракатлари АҚШга, ҳарбийларимизга, хориждаги базаларимизга ва бутун дунёдаги иттифоқчиларимизга бевосита хавф туғдираётган эди», — деди Трамп уруш бошланганидан кейинги видеомурожаатида.
У АҚШга бевосита таҳдид фактини Эрон гўёки АҚШгача етиб бора оладиган қитъалараро баллистик ракеталарни яратишга киришгани билан асослади. «Бироқ, бу даъвони Америка разведка хизмати маълумотлари инкор этмоқда», деб ёзади Reuters.. Оқ уйнинг расмий баёноти эса урушни «Эрон режими қўлидаги ядровий қурол хавфи» билан оқламоқда.
Исроил президенти Ицхак Герцог Би-би-сига берган интервьюсида «Эрондан келаётган таҳдид унга қарши зарба беришни қонуний қилади», деб билдирди. « Оятуллоҳ Али Хоманаий режими ўз халқининг миллиардлаб маблағларини оммавий қирғин қуролларини яратиш ва тартибсизлик ҳамда террор келтириб чиқариш мақсадида сарфлади», — деди Герцог.
«Халқаро ҳуқуққа мувофиқ, душман сени ер юзидан йўқ қилиш учун бомба яратаётганда ва сени йўқ қиламан деб очиқча билдирганда, ўзингни ҳимоя қилиш ҳуқуқидан фойдаланасан», — дея қўшимча қилди Исроил президенти.

Сурат манбаси, EPA
Президент Герцогнинг фикрига кўплаб экспертлар қўшилмайди. Рединг университетининг халқаро ҳуқуқ профессори Марко Миланковичнинг ёзишича, бу уруш ноқонунийдир ва БМТ Низомида мустаҳкамланган куч ишлатишни тақиқлаш қоидасини бузади.
«На Исроил ва на АҚШ [БМТ] Низомининг 51-моддасига мувофиқ Эронга қарши якка тартибда ёки жамоавий равишда ўз-ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқини амалга ошираётганини асосли равишда даъво қила олмайди. <...> Эрон томонидан ўз-ўзини ҳимоя қилиш тартибида куч ишлатишни оқлайдиган давомли қуролли ҳужум бўлмаган», — деб ҳисоблайди Миланкович.
Уруш келажакдаги ҳужумнинг олдини олиш учун бошланган деган аргумент Теҳронда буни амалга ошириш нияти ва имконияти борлиги билан тасдиқланиши керак эди. Аммо Трампнинг ўзи ўтган йили Эрон ядровий дастури йўқ қилинганини айтган эди, деб эслатади профессор.
«АКШ билан Исроилнинг ўзини-ўзи ҳимоя қилиш ҳақида далиллари халқаро ҳуқуқ одатда талаб қилинувчи чегарага етмайди», — дейди АҚШ Давлат департаментининг собиқ юристи, ҳозирги вақтда Колумбия университетининг миллий хавфсизлик соҳасидаги ҳуқуқ бўйича дастурининг катта илмий ходими Скотт Р. Андерсон.

Сурат манбаси, Getty Images
«Халқаро ҳуқуқ муқаррар қуролли ҳужумни талаб қилади. Ҳар ҳолда, халқаро ҳуқуқ бўйича мутахассислар, БМТ Халқаро суди ва дунёнинг кўплаб мамлакатлари масалани шундай тушунишади», — дейди Андерсон.
Унинг қайд этишича, Трамп маъмурияти шунчаки Американинг эски анъанасини давом эттирмоқда. АҚШ ва Исроил нимани қуролли ҳужум деб ҳисоблаш ва нимани муқаррар деб билиш масаласида жуда кенг талқинга амал қилади. Андерсоннинг сўзларига кўра, худди шундай талқин 1987-88 йилларда Эрон нефт платформаларига қилинган Америка ҳужумларини оқлаш учун ҳам ишлатилган.
АҚШ ва Исроилнинг ҳаракатларини Хитой, Россия ҳамда Шимолий Корея қоралади. Американинг Ғарбдаги иттифоқчиларининг муносабати эса кутилмаган ва турлича бўлди. Трампнинг охирги қўрқитувларига қарамай, Австралия ва Канада Эрон билан урушни очиқ қўллаб-қувватлади, Франция ва Германия ҳам АҚШ тарафида бўлди. Шу билан бирга, Испания Бош вазири буни халқаро ҳуқуқнинг бузилиши деб атади.
Энг ноаниқ позиция Британияники бўлди — унинг ҳукумати дастлаб Эронга зарба бериш учун ўз базаларидан фойдаланишга розилик бермади ва фақат Эроннинг жавоб зарбалари Британия фуқаролари ҳаётига таҳдид солганидан кейингина ўз фикрини ўзгартирди. Лондон газеталарининг ёзишича, Вазирлар маҳкамаси Америка-Исроил операциясининг халқаро ҳуқуққа мос келмаслигидан хавотирда.

Сурат манбаси, Reuters
Ҳатто Британия базаларидан фойдаланишга берилган рухсат ҳам улар Эрон етакчиларига эмас, балки ракета қурилмаларига зарба бериш учун ишлатилиши шарти билан берилган. Доналд Трамп Британия Бош вазири Кир Стармердан қаттиқ ҳафсаласи пир бўлганини айтди ва уни Америка операциясининг қонунийлиги масаласи ташвишга солганини тасдиқлади.
Британия позициясининг ўзгариши Эроннинг Форс кўрфази давлатлари — БАА, Саудия Арабистони, Қатар, Баҳрайн ва Умонга зарбалар бераётгани билан ҳам боғлиқ.
Рединг университети профессори Миланковичнинг қайд этишича, гарчи уларнинг баъзиларида Америка ҳарбий базалари бўлса-да, бу базалар Эронга ҳужум қилиш учун ишлатилмаяпти ва шунинг учун жавоб зарбалари учун қонуний нишон ҳисобланмайди. Бундан ташқари, Эрон дронлари ва ракеталари нафақат базаларга, балки фуқаролик объектларига ҳам зарба бермоқда.
«Эроннинг Форс кўрфази давлатларига ракета ва учувчисиз учоқлар билан берган зарбалари қуролли ҳужум ҳисобланади, чунки улар қонуний ўз-ўзини ҳимоя қилиш доирасидан чиқиб кетган», — деб ҳисоблайди Миланкович.
Шу каби мантиқ Британия ҳукуматининг ҳуқуқий позициясининг қисқача мазмунида ҳам акс этган: «Халқаро ҳуқуқ Британия ва унинг иттифоқчиларига, агар ўз-ўзини ҳимоя қилиш қуролли ҳужумга нисбатан ягона мумкин бўлган жавоб бўлса ва ишлатилаётган куч зарур ҳамда мутаносиб бўлса, куч ишлатишга ёки уни ишлатишда ёрдам беришга рухсат беради».
«Эпштейн ғазаби операцияси»
АҚШ билан Исроил ҳарбий операцияси бошланганидан сўнг дарҳол унинг нафақат халқаро, балки Америка ҳуқуқига мослиги борасида жиддий шубҳалар билдирилди. Демократ сенаторлар Оқ уй ҳаракатларини ноқонуний деб аташди. Танқидчилар ҳатто операциянинг расмий «Эпик ғазаб» номини «Эпштейн ғазаби операцияси» деб ўзгартириб, бу билан Трамп сайловчилар эътиборини марҳум педофил Эпштейннинг файллари атрофида давом этаётган жанжалдан чалғитишга ҳаракат қилмоқда деб таҳмин қилишмоқда
«Президент Бош қўмондон сифатида қуролли кучлардан фойдаланиш бўйича муайян ваколатларга эга, аммо улар фавқулодда вазиятлар билан чекланган — қачонки ҳужум содир бўлаётган ва уни даф этиш керак бўлганида ёки, масалан, муқаррар ҳужум тайёрланаётгани мутлақо аниқ бўлганида. Бугунги кунда бу шундай ҳолат эканини кўрсатадиган ҳеч нарса йўқ, бу эса [Эронга берилган] зарбаларни ноқонуний қилади», — деди конституциявий сиёсат бўйича мутахассис Дэвид Яновски Time журналига берган интервьюсида.
Яновскининг қайд этишича, Трамп маъмурияти бу уруш учун Конгресс розилигини олмаган ва бу ҳам унинг ҳаракатлари қонунийлиги нуқтаи назаридан муаммолар туғдиради. Афғонистон ва Ироқ урушлари бошланишидан олдин кичик Жорж Буш маъмурияти Конгресснинг уларни қўллаб-қувватловчи резолюцияларини қўлга киритган эди.

Сурат манбаси, Getty Images
Бироқ, Оқ уйни айтилаётган танқидлар ва ҳаракатлари конституцияга қанчалик мос келиши унчалик хавотирга солмагандек.Иккинчи президентлик муддатида Доналд Трамп ва унинг юристлари президент бошчилигидаги ижро этувчи ҳокимият ваколатларини максимал даражада кенг ва баъзан мисли кўрилмаган тарзда талқин қилишда давом этмоқдалар.
Сўнгги уч кун ичида ўтказилган тезкор сўровномалар натижалари Трамп ва Республикачилар партияси учун анча жиддий муаммога айланиши мумкин. Натижаларнинг барчаси америкаликларнинг катта қисми маъмуриятнинг хатти-ҳаракатларига қарши эканини кўрсатмоқда.
Бир сўровнома натижасига кўра, респондентларнинг 48 фоизи урушни қўллаб-қувватламайди, фақат 37 фоизигина уни ёқлайди. Яна бир сўровномага кўра, респондентларнинг 43 фоизи қарши, 29 фоизи ҳозирча аниқ бир тўхтамга келмаганини айтган ва фақат 27 фоизигина қўллаб-қувватлаган.
Шу билан бирга, сўровномаларга кўра, республикачиларнинг кўпчилиги барибир Трампнинг бу қарорини маъқулламоқда. Бироқ Америка сиёсатининг ашаддий ўнг қанотидаги бир нечта ўта таъсирли шахслар қатъий анти-уруш позициясини эгаллашди.
«Менинг ҳафсалам пир бўлди», — деди Blackwater хусусий ҳарбий компанияси асосчиси Эрик Принс. Унинг фикрича, бу уруш Америка манфаатларига тўғри келмайди ва Трампнинг «Американи яна буюк қиламиз» (MAGA) деган ваъдаларига зиддир. Шундай танқид билан Трампнинг тарафдори, телебошловчи Мегин Келли ҳам чиқди.
Собиқ телебошловчи, ҳозирда эса кўп миллионли аудиторияга эга блогер Такер Карлсон сўнгги ойларда Эрон билан урушга фаол равишда қарши чиқиб келаётган эди ва уруш бошлангандан кейин уни кескин қоралаб чиқди. Карлсон АҚШ ва Исроилнинг ҳаракатларини «паст ва жирканч» деб атади. У уруш АҚШнинг ҳам, Исроилнинг ҳам манфаатларига тўғри келмаслигини, бунинг учун Трампни Теҳронга биргаликда ҳужум қилишга кўндирган Беньямин Нетаньяху жавобгар эканини айтди.
New York Times ўз манбаларига таяниб ёзишича, Карлсон ўтган ой давомида Трамп билан уч марта учрашган ва президентни урушга аралашмасликка ундаган.

Сурат манбаси, Getty Images
Ўнг қанот танқидчиларини операциянинг халқаро ҳуқуққа мослиги кўп ҳам ташвишга солгани йўқ, улар январнинг бошида Венесуэла лидери Николас Мадурони қўлга олиш операциясига анча хотиржам муносабатда бўлишган эди.
Бироқ Яқин Шарқдаги Америка ҳарбийларининг ўлимига олиб келган янги уруш уларга Ироқдаги, Афғонистондаги ва Трамп тугатишга ваъда берган «чексиз урушлар»ни эслатмоқда. Улар Эрон билан можарода америкалик солиқ тўловчиларнинг пулларини яна қайтадан ҳавога совурилади деб айтишмоқда.
«Америкаликларнинг кўпчилиги бу урушга қарши», — деб билдирди собиқ конгрессмен Мэржори Тэйлор Грин. У яқингача Вашингтонда Трампнинг энг содиқ сиёсатчилардан бири эди.
«Мен қўллаб-қувватлаган инсон... Ироқдаги урушни қоралаб, энди бундан кейин бошқа ўлкалардаги урушларга, бошқа давлатларнинг режимларини ўзгартиришга қатнашмаймиз деб ваъда берган эди», — деди Грин Трамп ҳақида.
Ашаддий ўнг қанот вакилларининг танқиди айни дамда жуда оғир бўлиши мумкин, чунки ноябрда АҚШда оралиқ сайловлар бўлиб ўтади. Ҳозирда Конгресснинг иккала палатасида ҳам республикачилар устунлик қилмоқда. Агар кузда демократлар Сенат ёки Вакиллар палатасида назоратни қўлга олсалар, бу Трампнинг ҳаракат эркинлигини анча чеклаб қўяди.
Агар улар ҳар иккаласини ҳам назорат қилсалар, бу Америка сиёсатини унинг иккинчи муддатининг қолган икки йилида фалаж қилиб қўйиши мумкин — худди Барак Обаманинг ҳокимиятдаги сўнгги йилларида бўлгани каби.
Ҳозирча Трамп ўнг қанотдан келаётган танқидларга эътибор бермаяпти. «Менимча, MAGA [ҳаракати] — бу Трамп; MAGA — бу анави иккиси эмас», — деди у Мегин Келли ва Такер Карлсоннинг танқидларига жавобан, ҳамда «MAGA'га мен қилаётган ҳамма нарса ёқади — ҳар бир жиҳати», — дея қўшимча қилди у.
Бироқ президентнинг собиқ иттифоқчиси, ҳозирда эса мухолифига айланган Тэйлор Грин унинг тарафдорларининг сабри ҳам чексиз эмаслигини эслатиб ўтди.
«Улар нима хоҳлашса, шуни қилишмоқда. Агар кимдир улар билан ҳатто бир-икки масалада фикри бир жойдан чиқмай қолса, тамом, ўша заҳоти бундай одамларни хиёнатда айблашмоқда, — деб ёзди Тэйлор-Грин Трамп маъмурияти ҳақида. — Бироқ бу абадий давом этмайди. Одамларни тинимсиз қўрқитиб-ҳуркитиб, ҳақорат қилиб ва охир-оқибат ўз фикрингга қўшилишга мажбурлаб туриб, барча [сиёсий] коалициялар яна республикачиларга овоз беради деб умид қилмаслигинг керак.»





























