Озарбайжон ва Эрон: Президент Алиев ўз қўшинлари ҳушёрликка келтирилганини айтти

Сурат манбаси, EPA
Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Арағчи ўз мамлакати Нахчиванга дрон учирмаганини айтди. У бу ҳақда озарбайжонлик ҳамкасби Жейҳун Байрамов билан телефон орқали суҳбатда гапирди, дейилади Эрон Ташқи ишлар вазирлиги томонидан эълон қилинган баёнотда.
Аббос Арағчи воқеа бўйича тергов аллақачон бошланганини қўшимча қилган.
Озарбайжон Эроннинг шимоли-ғарбий чегарасида жойлашган.
Расмий Боку 5 март куни Нахчиванда Эрон дрони уриб туширилгани, мактаб яқинида дрон қулагани ва аэропортга дрон ҳужум қилингани ҳақида эълон қилганидан сўнг, вазирлар телефон орқали боғланишган.
Президент Илҳом Алиев бу ҳодисани Эроннинг Озарбайжонга қарши "террористик ҳужуми" деб таърифлади ва ўз қуролли кучлари тайёр туриши буюрилганини билдирди.
Унинг пайшанба куни мамлакат Хавфсизлик кенгаши билан учрашувида билдиришича, қўшинларга «тайёр туриш ва жавоб чораларини амалга ошириш" буюрилган.
Озарбайжон оммавий ахборот воситалари дрон ҳужумларида тўрт киши жароҳат олганини хабар қилишди.

Сурат манбаси, Reuters
Жейҳун Байрамов воқеани қоралади ва бу ҳужумлар кескинликни кучайтиришга хизмат қилишини айтди.
Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлиги воқеа бўйича тергов натижаларини тез орада берилишини маълум қилди.
Ҳозирда Озарбайжон ва Эрон ўртасидаги чегарада ҳаракат тўхтатилган.
Жейҳун Байрамов шунингдек, Теҳрондан бу воқеа учун узр сўрашни ва келажакда бундай ҳодисаларнинг такрорланишининг олдини олиш учун зарур чораларни кўришни талаб қилди.
Эрон Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида айтилишича, Эрон Ташқи ишлар вазири Озарбайжон фуқароларининг жароҳатлари учун афсусда эканлигини билдирган ва уларга соғ-саломатлик тилаган.
End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз
Пайшанбада Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлиги "Бир дрон Нахчивон Автоном Республикаси аэропортининг терминал биносига урилган, яна бири эса Шакарабад қишлоғида мактаб биноси яқинига тушган," дея баёнот тарқатганди.
Вазирлик ҳужумдан кўп ўтмай маълум қилишича, Озарбайжондаги Эрон элчиси чақиртирилган.
Ўзаро таранг алоқалар тарихи
Кўрфаз давлатлари ва Ироқ Курдистонидан фарқли ўлароқ, Озарбайжонда АҚШ ҳарбий базалари борлиги маълум эмас. Шу боис, мамлакатнинг нима сабабдан ҳужумга тутилгани ҳақида саволлар туғилмоқда.
Баъзи таҳлилчилар Эроннинг Озарбайжон ҳудудига ҳужум қилгани тасдиқланса, бу Озарбайжоннинг АҚШ ва Исроил билан яқин стратегик ҳамкор эканига бориб тақалиши мумкинлигини айтиб чиқишган.
Аҳолисининг аксарияти шиа мусулмонлари бўлган дунёвий Озарбайжон ва Исроил ўртасидаги алоқалар 2000-йиллардан бери чуқурлашиб бормоқда.
Озарбайжон Исроил қурол-яроғларининг асосий харидори ҳисобланади, Исроил эса Озарбайжондан катта миқдорда нефт импорт қилади.
Шунингдек, икки давлат разведка соҳасида, айниқса, Эронни кузатиш масаласида яқиндан ҳамкорлик қилиши ишонилади.
Эрон анчадан бери Озарбайжонни ўз ҳудудида Исроил разведка агентлиги – "Моссад"нинг фаолият юритишига йўл қўйиб беришда айблаб келади.
Жумладан, Теҳрон иддаосига кўра, "Моссад" агентлари эронлик ядрочи олимларни ўлдиришда айнан Озарбайжон ҳудудидан ёрдам сифатида фойдаланган. Боку бу айбловларни кескин рад этиб келади.





























