Эрон президенти қўшнилардан узр сўради, аммо шиддатли ҳужумлар давом этмоқда, Дубай аэропортида аҳвол ноаниқ

Эрон президенти Исроил ёки АҚШни қўллаб-қувватлаш "шараф ва озодликка йўл эмас", деди

Сурат манбаси, IRNA

Сурат тагсўзи, Эрон президенти Исроил ёки АҚШни қўллаб-қувватлаш "шараф ва озодликка йўл эмас", деди
Ўқилиш вақти: 3 дақ

Энг йирик аэропортга ҳужум

Гувоҳлар томонидан ижтимоий тармоқларда улашилган видеоларда Эроннинг энг гавжум Меҳробод аэропортида ёнаётган учоқ ва катта тутун кўринади. Жума куни олинган сунъий йўлдош тасвирларида аэропортда бир нечта учоқлар бўлганини кўриш мумкин.

Эрон давлат оммавий ахборот воситалари ҳам аэропортнинг баъзи қисмлари нишонга олингани ҳақида хабар бермоқда.

Бу Исроил ҳарбийлари мамлакатда "кенг кўламли янги ҳужумлар тўлқини"ни бошлаганини айтиши ортидан содир бўлди. У 4 март куни ҳам шу аэропортни нишонга олган ва унинг ҳужумлари "Исроил ҳаво кучларига таҳдид солган" мудофаа ва аниқлаш тизимларини, жумладан, аэропортнинг вертолёт ишлаб чиқариш қисмини ҳам йўқ қилганини айтган.

Меҳробод аэропортида ёнаётган учоқ

Сурат манбаси, X/@VAHID

Сурат тагсўзи, Меҳробод аэропортида ёнаётган учоқ

Янги ҳужумда аэропортнинг қайси қисмлари бомбардимон қилингани ҳали аниқ эмас, аммо гувоҳларнинг айтишича, бу тунги бомбардимон анча шиддатли бўлди.

1938 йилда қурилган Меҳробод аэропорти бир вақтлар пойтахтнинг асосий халқаро аеропорти бўлган, аммо ҳозирда асосан ички рейсларга хизмат кўрсатади.

Шунингдек, у ерда Эрон мудофаа саноати билан боғлиқ бўлган бир нечта аэрокосмик компаниялар жойлашган.

Исроил бу жойни бир неча бор бомбардимон қилган, жумладан, ўтган йилнинг июн ойида Эроннинг ядровий иншоотларига бир қатор ҳужумларни амалга оширганида аэропорт ҳам шикаст кўрган.

Президентдан узр

Pezeshkian
Reuters
Dushmanlar Eron xalqi taslim bo'ladi degan orzusini go'riga olib ketishi kerak.
Masud Pezeshkian
Eron prezidenti (bbc.com/uzbek)

Эрон Президенти Масуд Пезешкиан Эрон давлат телевидениесида видеомурожаатни эфирга узатди.

"Мен ҳужумга учраган қўшни давлатлардан узр сўрашни зарур деб биламан", деди у.

"Биз қўшни давлатларга бостириб кириш ниятида эмасмиз", деди президент ва "тинчлик ва осойишталикни ўрнатиш" учун минтақавий ҳамкорликка чақирди.

Пезешкиан қуролли кучларга давлат раҳбариятининг янги қарори чиқарилганини қўшимча қилди: "бундан буён қўшни давлатларга биринчи бўлиб ҳужум қилинмагунча ҳужум қилинмайди".

"Эронга ҳужум қилиш учун бу лаҳзадан фойдаланишни ўйлаётганлар империализмнинг қўғирчоқларига айланмасликлари керак", деди президент ва Исроил ёки АҚШни қўллаб-қувватлаш "шараф ва озодликка йўл эмас", деб қўшимча қилди.

Аммо, унинг чиқишидан кўп ўтмай, Қатар Мудофаа вазирлиги ўз қуролли кучлари ракета ҳужумини "тўхтатгани"ни маълум қилди.

Бу хабар маҳаллий вақт билан соат 11:00 дан олдин Х сайтида чоп этилган постда улашилди.

Skip Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз and continue readingИжтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

Қатар аэропортида фақат чекланган сонли парвозлар амалга оширилмоқда

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Қатар аэропортида фақат чекланган сонли парвозлар амалга оширилмоқда

Танкерга ҳужум

Шунингдек, Эроннинг Ислом инқилоби қўриқчилари Форс кўрфазида Ҳормуз бўғозидан ўтаётган нефт танкерини нишонга олганини маълум қилди.

Телеграмда жойлаштирилган баёнотда айтилишича, "Прима" номли нефт танкери Эрон денгиз флоти томонидан бўғоз орқали "ҳаракатланишни тақиқлаш" ҳақидаги "такрорий огоҳлантиришларни эътиборсиз қолдирганидан" кейин дрон билан ҳужумга олинган.

Эрон қўшимча қилишича, у "душман давлатлар билан иттифоқдош" нефт танкерлари ва тижорат кемаларининг бўғоздан ўтишига рухсат бермаяпти.

Ҳормуз бўғози дунёдаги энергия ташиш учун энг муҳим йўллардан бири бўлиб, нефт ва газнинг тахминан бешдан бир қисми у орқали ўтади.

Яқин Шарқдаги уруш юк ташиш йўлининг амалда тўхтаб қолишига олиб келди, Эрон режими шу ҳафта бошида у ердан ўтишга уринган кемаларни "ёқиб юбориш" билан таҳдид қилган.

АҚШ президенти Доналд Трамп АҚШ денгиз кучлари "агар керак бўлса" кемаларни ўтиш жойидан кузатиб бориши мумкинлигини айтганди.

Xarita

Дубай парвозлари

Бугун Дубайга ва ундан ташқарига парвозларнинг ҳолати борасида чалкашликлар давом этмоқда.

Бирлашган Араб Амирликлари шанба эрталаб яна бир Эрон ракетаси уриб туширилганини маълум қилди.

Дубай ҳукумати матбуот идорасининг Х даги расмий саҳифасида бу воқеа "кичик" ҳодиса деб аталди, ҳамда баъзи қолдиқлар қулагани, аммо ҳеч қандай жароҳатлар йўқлиги айтилди.

У ижтимоий тармоқларда бу ҳужум халқаро аэропортга таъсир кўрсатгани ҳақидаги хабарларни рад этди.

Дубай халқаро аэропорти сўнгги бир соат ичида фаолияти тўхтатилганини айтди, аммо бир неча дақиқа олдин рейслар қисман қайта тикланаётгани ҳақида хабар берганди.

Аввалроқ БААнинг иккита байроқдор авиакомпаниясидан бири бўлган Emirates ҳам фаолиятини қайта тиклаётганини эълон қилганди ва бугун парвозлари бўлган мижозлардан аэропортга келишни сўраганди.

Унинг ортидан Дубай ҳукумати матбуот идораси ҳам Emirates нинг фаолиятини қайта тиклаш ҳақидаги сўнгги хабарини улашган.