Эрон ҳарбий салоҳияти қанчага етади? Бу ва бошқа саволларга BBC жавоб излайди

Сурат манбаси, Getty Images. ВВС
Эрондаги мактабга ким ҳужум қилганди? Оддий халқ ҳаёти ҳужумлар остида қандай кечмоқда? Эрон ҳарбий салоҳияти не қадар? BBC Uzbek Ижтимоий тармоқлардаги мухлислардан келиб тушган ана шу саволларга BBC Форс хизмати муҳаррири Лайли Абулҳасани билан суҳбатда жавоб излади.
(Изоҳ: суҳбат Минобдаги мактабга ҳужум борасидаги текширув хулосалари эълон қилинмасдан аввал ёзиб олинган.)
Суҳбатни тўлиқ шаклда қуйидаги линк орқали томоша қилишингиз мумкин:
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Минобдаги мактабга ҳужум борасида даъволар ва мавҳумлик

Сурат манбаси, Getty Images
АҚШ билан Исролнинг Эронга қарши уруши ҳозирда шубҳасиз ҳамманинг эътибор марказида. Ракета ва бомбалар нафақат Эрон узра, балки Исроил дохил Яқин Шарқдаги кўплаб мамлакатларда портламоқда, қурбонлар берилмоқда.
Албатта қурбонларнинг аксари Эронда. Ҳужумларнинг илк куни Минобдаги қизлар мактабига қилинган биргина ҳужумда ўқувчи қизлар дохил қарийб 170 инсон ҳалок бўлган. Бу ҳужум борасида ноаниқликлар ҳануз кўп ва BBC Uzbek мухлисларининг кўпларидан бу борада саволлар келиб тушмоқда.
Би-би-си Ўзбек хизмати: Энг аввал ана шу мактабга ҳужум ҳақидаги саволдан бошлайлик. Нима учун бу борада ҳануз аниқ жавоблар йўқ?
Лайли Абулҳасаний, Би-Би-Си Форс хизмати: Эрон томони ҳужумни Исроил ва АҚШ амалга оширган, дея айтишди. Лекин ҳукуматга мухолиф манбалар бу ҳужум Эроннинг ўзи томонидан хато туфайли ёки ҳатто атайлаб қилинган бўлиши мумкин, деб айтишди. Лекин бир неча кун мобайнида Исроил ва АҚШ бу ҳужумни текшираётганлари ва аниқ маълумотлар йўқлигини айтиб келишди.
Би-Би-Си мухбирлари АҚШ Давлат котиби ва Мудофаа вазирларидан бу борада савол сўрашганда, улар АҚШ фуқаро объектларини нишонга олмаслик учун барча эҳтиёт чоралари кўриши ва атайлаб ҳужум қилмаслигини айтишди. Бу каби саволлар бир неча кун давомида уларга берилди ва улар текширувлар давом этаётганини билдириб келишди. Шу орада бу мактабга ҳужумда ҳалок бўлганлар дафн маросими бўлиб ўтди. Тасвирлар даҳшатли эди. Чунки митти тобутлар жуда кўп эди…
Би-би-си Ўзбек хизмати: Ҳужумда ким масъул эканлиги кунлар ўтиб мавҳум қолаётгани ҳар икки томонга нисбатан ҳам турли шубҳаларни уйғотган. Сиз Эрон томонидан хатолик туфайли қилинган ҳужум бўлиши мумкинлиги ҳақида тахминлар янграганини тилга олдингиз. Бу тахминда асос борми?
Лайли Абулҳасаний, Би-Би-Си Форс хизмати: Бу саволга ҳам аниқ жавоб йўқ. Эрон АҚШ-Исроил демоқда. Улар эса бир ҳарбий бўлмаган объектларни нишонга олмаймиз, дейишмоқда.
ВВСнинг журналистик тадқиқотлар бўлими "Verify" ўтказган текширувлар ушбу мактаб яқинида биронта ҳарбий бўлинма борлигини аниқламади. Шу яқин орада Инқилоб қўриқчилари гаврдияси аскарлари учун маданий марказ борлиги аниқланган. Мактаб яқинида бир клиника борлиги ҳам аниқланган. АҚШ у ерда ҳарбий комплекс бўлганлигини айтган. Аммо бизнинг текширувлармиз бундай комплекс у ерда йўқлигини кўрсатмоқда.
Би-би-си Ўзбек хизмати: Эрон бу ҳужум АҚШ ва Исроил томонидан қилинган, дея даъво қилар экан, бунинг бирон далилларини тақдим қилганми?
Лайли Абулҳасаний, Би-Би-Си Форс хизмати: Йўқ, Эрон бу ҳужум АҚШ-Исроил томонидан қилингани далилларини тақдим этмаган. Лекин улар Исроилнинг авваллари фуқаро объектларига қилинган ҳужумларига ишора қилишмоқда.
Масалан улар Исроилнинг Ғазада шифохона ёки мактабларга у ерда "Ҳамас" жангарилари яширингани сабабини кўрсатиб, ҳужум қилганлигини айтишмоқда. Эрон ана шу ҳодисаларни далил белгиси сифатида кўрмоқда.
Эронда Интернет ўчириб қўйилган бўлса-да, биз мамлакат ичидан баъзи маълумот ва далилларни олишга муваффақ бўлмоқдамиз. Аммо бу ҳужум Эрон томонидан қилинган бўлиши мумкинлиги ҳақида бирон маълумот қўлимизга етиб келмаган.

Сурат манбаси, Getty Images
Эронда ҳужумларга муносабат
Би-би-си Ўзбек хизмати: Ижтимоий тармоқлардаги мухлисларимиз АҚШ-Исроил ҳужумларига Эрон ичкарисида одамлар қандай муносабат билдираётганлари ҳақида ҳам сўрашган.
Лайли Абулҳасаний, Би-Би-Си Форс хизмати: Эронда кўплар бу ҳужумларни кутишганди. Чунки мамлакатда январ ойида кенг кўламли норозилик намойишлари бўлиб ўтганди ва президент Тармп ўшанда "сизларга ёрдам келади", дея айтганди. Ўшанда кўплар бу каби ёрдам етиб келишини жуда кутишганди. Лекин ўшанда ҳаво ҳужумлари амалга оширилмади ва ҳозирда ҳужумлар бошланган вақти одамлар " мана ўша ваъда амалга ошмоқда", деган фикрга боришди.
Баъзилари ҳатто бу ҳужумларни олқишлашди. Лекин ҳужумлардан деярли бир ҳафта ўтиб, биз одамлар билан суҳбатлашганимизда дастлаб ҳужумларни олқишлаганлар орасида бу каби хушбинлик йўқолиб бораётганини кўрдик. Улар ҳануз бу ҳужумлар Исломий тузумнинг ниҳоя топишига олиб келади, дея умидворлар. Лекин кўринишича улар ҳаво ҳужумлари бу қадар қақшатқич ва кенг миқёсли урушга айланиб кетиши, вайронагарчилик бу қадар кенг бўлишини кутишмаган. Теҳрон шу кунларда муттасил ҳаво ҳужумларига тутилмоқда…
Эронликлар орасида фикрлар турлича. Ҳамма ҳам ҳужумларни олқишламаяпти. Исломий тузумни қўлловчилар ҳануз кўп. Ўтган президентлик сайловларида қаттиққўл анъанадор номзодга овоз берганлар жуда кўп эди. "Басиж" гуруҳи, Инқилоб қўриқчилари -уларнинг Исломий тузумга қўллови ҳануз кучли. Улар тузумни сақлаб қолиш учун ҳаётларини қурбон қилишга тайёрлар. Тузумга қарши бўлганлар орасида эса ҳамма ҳам бу кураш йўлида ҳаётларини қурбон қилишга тайёр эмаслар.
Исломий тузум ва марҳум Оятуллоҳ Хоманаий тарафдорлари у ўлдирилганда чуқур қайғу ва мотамга тушишди. Яъни Исломий тузумни чин қалбдан қўлловчилар ҳам кўп. Ана шу омил Исломий тузум ҳануз омон қолаётганига асосий сабаблардан биридир.

Сурат манбаси, Getty Images
Би-би-си Ўзбек хизмати: Ҳаво ҳужумларини олқишлаган ва Исломий тузумнинг қулашдан умидвор бўлганлар орасида аёллар кўпми?
Лайли Абулҳасаний, Би-Би-Си Форс хизмати: Исломий тузум даврида эронлик аёллар эркакларга қараганда анчайин қаттиқ тазйиқ ва камситишларга юз тутиб келишган. Масалан, мажбурий ҳижобни олсак. Аёлларнинг кўпчилиги ҳижоб ўрашга қарши бўлсалар ҳам бундай қилишга мажбурлар. Лекин шундай бўлса ҳам ҳозирги ҳужумларни олқишловчилар орасида аёллар кўпроқ, деб айта олмаймиз.
Уч йил аввалги норозиликларда аёллар аксариятни ташкил қилиб, асосий ташаббускор бўлишганди. Улар ўз талабларининг баъзиларига эришишди. Масалан, ҳижоб талаби бир қадар юмшатилди.
Бир мисол келтирай, яқинда Теҳронда ҳукуматпараст намойиши вақтида иштирок этган аёлларнинг баъзилари ҳам ҳижобсиз эдилар. Яъни улар ҳукумат томонидан уюштирилган бўлиб, "аёллар эркинликлари таъминланмоқда", деб кўрсатмоқчи эдилар.
Лекин ўтган йили бошланиб, бу йил ҳам давом этган норозилик чиқишларида ҳам эркак ва ҳам аёллар иштирок этишди. Норозиликларга туртки берган асосий сабаб аёллар ҳақлари эмас, иқтисодий муаммолар эди.
Ҳужумлар остида ва Интернетсиз ҳаёт
Би-би-си Ўзбек хизмати: Шундоқ ҳам иқтисодий муаммолар исканжасида бўлган мамлакатда ҳаво ҳужумлари бошланганидан сўнг, осмондан ёғилаётган бомбалар манзарасида одамларнинг кундалик ҳаёти қандай ўтмоқда?
Лайли Абулҳасаний, Би-Би-Си Форс хизмати: Албатта оддий эронликлар билан алоқамиз Интернет ўчирилгани сабабли жуда чекланган. Лекин баъзилар билан гаплашган вақтимиз ҳаёт бир қадар давом этаётганини айтишмоқда.
Бу суҳбатга келишдан аввал мен Теҳрондаги укам билан жуда қисқа, 2 дақиқача гаплашишга муваффақ бўлдим. Қандай қиляпсизлар, озиқ-овқат, нон олиш имкони борми, деб сўраганимда, "Ҳа, ҳозирча ҳамма нарса бор ва дўконлар очиляпти", деб айтди.
Лекин Теҳронда аввалгига қараганда одамлар камайган. Боришга жойлари бўлганлар шаҳардан чиқиб кетишга ҳаракат қилишган. Урушнинг илк куниёқ ҳукуматнинг ўзи одамларни шаҳардан кетишларига даъват қилганди.
Ҳозирда одамларнинг дастлабки эҳтиёж моллари бордек, лекин уруш узоқроқ давом этса, нима бўлишини ҳеч ким билмайди.
Би-би-си Ўзбек хизмати: Интернетнинг мамлакат бўйлаб мутлақ ўчириб қўйилгани кундалик ҳаётга қандай таъсир қилган?
Лайли Абулҳасаний, Би-Би-Си Форс хизмати: Интернет жаҳоннинг бошқа ерларида бўлганидек оддий одамларнинг кундалик ҳаётларининг ажралмас қисми, албатта. Улар VPN пакетларини сотиб олиб, Интернетга уланишга ҳаракат қилишмоқда. Қoра бозорда турли VPN пакетлари бор, лекин улар жуда қиммат. Бундан ташқари харид қилинган VPN пакетида "бир ойга етади", деб айтилган бўлса ҳам бир неча дақиқадан кейиноқ тамом бўлиб қолаётганини айтишмоқда.
Шунинг учун узлуксиз Интернет хизмати бўлмагани сабабли кўпларнинг ишига путур етган. Менинг укамнинг дўкони бор, Интернет бўлмагани туфайли ҳар 2-3 кунда дўконни бир очяпман, деб айтди.
Лекин биз аниқладикки, алоҳида танланган шахсларга Интернетга уланиш имконини берувчи махсус сим -карталар берилган экан. Улар асосан ҳукумат доираларидаги расмийлар. Уларнинг Ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари ҳам фаол юритилмоқда.
Бизнинг журналистик фаолиятимиз учун бу бир маънода яхши, чунки уларнинг саҳифалари биз учун ахборот манбаси сифатида хизмат қилмоқда.

Сурат манбаси, Getty Images
Би-би-си Ўзбек хизмати: Демак Интернетнинг ўчирилиши Эронда аслида нималар бўлаётгани ҳақида журналистлар учун маълумот йиғишни жуда қийинлаштирган?
Лайли Абулҳасаний, Би-Би-Си Форс хизмати: Ҳа, ишончли маълумот йиғиш ҳозирда жуда-жуда мушкул. Мен BBC да 24 йилдан бери ишлайман. Иш фаолиятимда ҳозиргидек мушкулликларга юз тутмагандик.
Оддий одамларда Интернет бўлмагани сабабли фойдаланувчилар томонидан оладиган маълумотларимиз деярли йўққа чиқди. Авваллари улардан жуда кўп маълумотлар олардик.
Давлат матбуот хизматлари ҳануз фаол ва уруш даврида айниқса ўта фаоллашдилар. Тарғибот ишларини кенгайтиришди. Эрон расмийларининг ҳам Ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари фаол. Масалан, Фавқулодда ҳолатлар вазирлиги, Парламент спикери муттасил хабарлар чоп этиб келишмоқда.
Би-би-си Ўзбек хизмати: Лекин уларнинг хабарлари ҳодисларни бир томонлама тақдим этаётган бўлиши мумкин. Журналист сифатида биз уларнинг қайта-қайта текшириб, тасдиқлашимиз лозим. Бунга қандай эришмоқдасиз?
Лайли Абулҳасаний, Би-Би-Си Форс хизмати: Албатта BBC учун хабарларнинг ҳаққоний, тўғри ва ишончли эканлигини текшириш энг асосий тамойиллардан бири.
Биз бу расмий хабарлардан нималар рўй бераётгани ҳақида билиб, кейин албатта мавжуд имкониятлар, мустақил хабар агентликлари, минтақадаги мухбирларимиз орқали албатта текшириб, тасдиқлашга уринмоқдамиз.
ВВС Форс хизматида хабарларни тасдиқлаш махсус гуруҳи «Verify» жамоаси бор. Улар баъзида кунига 24 соат ишлашмоқда. Бундан ташқари BBC умумий янгиликлар бўлимида ҳам шундай жамоа бор.
Теҳроннинг ҳарбий салоҳияти қанчага етади?

Сурат манбаси, Getty Images
Би-би-си Ўзбек хизмати: Эроннинг ҳарбий салоҳияти, АҚШ-Исроил ҳужумларига не қадар бардош бера олиши ҳақида саволлар бор.
Лайли Абулҳасаний, Би-Би-Си Форс хизмати: Эрон кўп йиллар давомида халқаро жазо чоралари остида бўлгани учун ҳаво ҳужумларидан ҳимоя қилишнинг самаралитизмига эга эмас.
Лекин ракеталар ишлаб чиқариш соҳасида анчайин кучли. Дронлар ишлаб чиқаришда ҳам илғор. Ҳатто Россияни дронлар билан таъминлаб келган.
Мен ҳарбий соҳада мутахассис эмасман, аммо ҳарбий экспертларга қулоқ тутсак, улар Эрон 2-3 ой ҳужумларга дош бера олишини айтишмоқда.
Дейлик, агарда Эрон ракеталарни отувчи мосламаларни ҳужумлардан вақтида яшириб, самарали ишлата олса, Яқин Шарқ минтақаси дохил мамлакатларга ҳужумларини ана шу муддат давом эттира олишини тахмин қилишмоқда. Лекин ракета отувчи мосламалар нишонга олиниб, ишдан чиқарилса натижа бошқача бўлиши мумкин.

Сурат манбаси, Getty Images
Би-би-си Ўзбек хизмати: Ҳужумлар бошланганини эшитганингизда бир эронлик, аёл, инсон сифатида қандай ҳисларни туйдингиз? Ҳаёлингиздан қандай фикрлар ўтди?
Лайли Абулҳасаний, Би-Би-Си Форс хизмати: Албатта бу жуда оғир дамлар эди. BBC да 25 йил ишлаган бўлсам АҚШдаги 11 сентябр ҳужумларидан бошлаб, жуда кўп ҳужум ва уруш ҳодисаларини ёритишни бошимдан кечирганман. Лекин ҳамиша ҳозирда рўй бераётган ҳодисалар бир кун келиб амалга ошишидан хавотирда бўлганман.
Журналист сифатида босиқ ва совуққон бўлиб қолишимиз кераклигини биламан, лекин бу гал бундай қилиш жуда-жуда мушкул бўлди…
Би-би-си Ўзбек хизмати: Эронга ҳужумлар борасида АҚШ, айниқса президент Трамп томонидан огоҳлар бир мунча муддатдан бери янграб келмоқда эди. Лекин шундай бўлса ҳам, ҳужумлар бўлмайди, деган умид бормиди сизда?
Лайли Абулҳасаний, Би-Би-Си Форс хизмати: Январ ойидаги норозиликларда минглаб намойишчилар ўлдирилган вақти жаноб Трамп ҳужумлар билан таҳдид қилганидан бери, Эронда кўплар ҳатто бу ҳужумларни истагани туфайли албатта бир маънода бу ҳужумлар кутилганди.
Лекин мен ҳужумлар бўлмаса керак, деб умид қилгандим. Чунки Эрон "бизга ҳужум қилинса, бутун минтақага ҳужум билан жавом берамиз", деб ўз навбатида таҳдид қилганди. Музокаралар ҳам давом этмоқда эди. Шунинг учун умидим бор эди.
Би-би-си Ўзбек хизмати: Теҳронда, Эронда яқинларим бор дедингиз. Уларнинг ҳаётларидан хавотирдамисиз?
Лайли Абулҳасаний, Би-Би-Си Форс хизмати: Жуда кучли хавотирдаман.
Нафақат мен, Форс хизматидаги ҳамма ҳамкасбларим хавотирдамиз. 2-3 кун боғлана олмасак энг даҳшатли фикрлар ҳаёлимизни чулғаб олади. Инсон шуури ҳамиша энг даҳшатли манзарани чиза бошлайди…
Оиламизда талаба бўлган ва ҳукуматга ўта мухолиф ёшлар бор. Улар кўчага чиқиб, норозилик билдиришлари, хавфсизлик кучларининг ўқларига юз тутишларидан қўрқамиз.
Профессионал журналист бўлиб, ҳиссиётларимиз ишимизга халақит бермаслигига ҳаракат қиляпмиз.
Ракета келиб тушаганини эшитишим билан яқинларим кўз олдимга келаверади. Уларнинг кўплари билан алоқа узилган. Whatsapp да жуда кўп гуруҳларимиз бор эди. Қариндошлар билан, дўстлар, собиқ синфдошлар билан. Ҳаммаларидан хабарлар узилган. Баъзида жавоб бўлмаса ҳам ўша гуруҳларга хабарлар ёзиб тураман. Жавоб келмайди….
Жуда қайғули ҳолат.





























