Уруш ҳолатидаги Россиядан ҳам олдинда: Ўзбекистон нарх ошиши бўйича МДҲда биринчи

Пиёз нархи 10 баробар ошган

Сурат манбаси, BBC.COM/UZBEK

Сурат тагсўзи, Пиёз нархи 10 баробар ошган
Ўқилиш вақти: 2 дақ

2024 йилда Ўзбекистон истеъмол нархларининг ўсиш суръати МДҲ давлатлари орасида энг юқори бўлди. Пиёз нархи мисли кўрилмаган тарзда ошмоқда.

Маҳаллий русийзабон интернет нашрларининг МДҲ қошидаги Давлатлараро статистика қўмитаси ҳисоботига таяниб ёзишича, Ўзбекистонда истеъмол нархлари индекси 2023 йилга нисбатан 9,8% га ошиб, 109,8% ни ташкил этди.

Бошқа МДҲ давлатларида эса истеъмол нархлари индекси бундан пастроқ бўлган.

Масалан, Украина билан уруш ҳолатида бўлган Россияда 2024 йил декабргача истеъмол нархлари индекси 6,6% га ошган. Қозоғистонда ҳам шунча – 6,6% атрофида.

Қирғизистон, Беларусь, Озарбайжон, Молдова ва Тожикистон каби давлатларда инфляция даражаси бундан ҳам паст бўлгани қайд этилган.

Пиёз 10 баробар қимматлади

Нарх ошиши бўйича Ўзбекистон МДҲ давлатлари орасида пешқадамлиги хабари чиқиши ортидан мамлакатда пиёз нархи рекорд даражага етгани айтилди.

Gazeta.uz нинг EastFruit порталига таяниб ёзишича, Ўзбекистонда пиёзнинг янги ҳосили нархи рекорд даражага етди.

Маълум қилинишича, эртаки кузги пиёз етиштириш бўйича асосий ҳудуд — Сурхондарё вилояти деҳқонлари 10 кунча аввал ҳосилни йиғиб олишга киришган. Бироқ, ўтган йиллардан фарқли ўлароқ, 2025 йилда маҳсулотларнинг бошланғич нархи ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 10 баравар юқори бўлди.

Алоқадор мавзулар:

Портал маълумотларига кўра, фермерлар даладан пиёзнинг бир килограммини 5000 сўмдан сотмоқда, чакана бозорларда эса нарх 7000−8000 сўмгача етмоқда.

Нашр VESAGRO консалтинг компанияси раҳбари Ўрмонали Усмоновдан иқтибос келтиришича, нархлар ошишининг асосий сабабини эртаки кузги пиёз экиладиган майдонларнинг тахминан 30−40 фоизга қисқарганлиги билан изоҳланади. Унинг экини ўтган йилнинг август-сентябрь ойларида экилган эди.

"Шунга ўхшаш вазият, менимча, қўшни мамлакатларда ҳам кузатилган. Ҳосилдорлик ва пишиш муддатларига келсак, 2024 йилнинг кеч кузи ва қиш фаслида ғайритабиий совуқлар бўлмади — об-ҳаво шароити қулай эди. Ҳосилдорлик ўтган йилги даражада қолди, пишиш муддати эса ўзгармади. Бироқ, ҳозирда пиёз ҳали „пўстлоғини ёпмаган" ва керакли етукликка эришиш учун вақт керак бўлади. Ўйлайманки, тармоқ сифатидаги ва экспортга яроқли миқдордаги маҳсулотлар ички бозорда тахминан 2025 йил 15−20 апрель кунлари пайдо бўлади”, — деган у.

Ўзбекистонда газ ва электр тарифлари энди ҳар йили ошади

Ўзбекистон ҳукумати 201 кВт/соатдан 500 кВт/соатгача электр истеъмоли учун алоҳида тарифлар жорий этмоқда.

2026 йилдан электр ва газ тарифлари ҳар йили 1 майдан инфляцияни ҳисобга олиб, аммо 10 фоиздан ошмаган миқдорда кўтарилади. Gazeta.uz нинг ёзишича, гарчи 2026 йилдан уларни камида уч йилга ўзгаришсиз қолдириш режа қилинганди.

Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг:

"Бундан ташқари, 2026 йилдан электр энергияси ва газ тарифлари йиллик инфляция даражасини ҳисобга олган ҳолда, бироқ 10 фоиздан оширмасдан, ҳар йили 1 майдан кўтариб борилади. Шу билан бир пайтда, ҳукуматнинг 2024 йил 15 июндаги қарорида белгиланган тартибда тасдиқланган электр энергияси ва табиий газ тарифлари 2026 йилдан бошлаб камида уч йил амал қилиши, яъни 2026 йилдан кейин камида уч йил ўзгаришсиз қолиши кераклиги белгиланган эди", дейилади хабарда.

Ўзбекистон ҳукумати ўтган йилги ва янги оширилган тарифларга қарамай, газ ва электр энергияси нархларини субсидиялашни давом эттиришни режалаштирган. 2025 йилда давлат бюджетидан газ, электр энергияси ва иссиқлик таъминоти учун субсидиялар кўринишида 12,3 трлн сўм ажратиш режа қилинган.