Ўзбекистон: Ҳозир ҳаммага қийин - нархлар кескин ошди - янгиликлар, озиқ-овқат

- Author, Аваз Тоҳиров
- Role, Би-би-си, Тошкент
- Ўқилиш вақти: 4 дақ
Украина уруши иқтисодий оқибатларининг ўзбекистонликлар ҳаётига таъсири тобора кучайиб бормоқда - қисқа вақт ичида бир қатор асосий озиқ-овқат маҳсулотлари, асосан, ун, ёғ, шакар, нон нархлари кескин ошиб кетган.
1 июндан пойтахт Тошкентда оддий буханка нон нархи ўртача 1 600 сўмдан 2 800 сўмга қадар кўтарилган.
Йиллик инфляция ўтган йил августидан бери илк бор 11 фоизлик кўрсаткичга қайтгани маълум этилган.
Турли ҳудудларда арзонлаштирилган маҳсулотлар расталарида турнақатор навбатлар юзага келган.
Расмийлар ҳам жаҳонда юзага келган озиқ-овқат инқирози мамлакатга жиддий таъсир қилаётгани ҳақида очиқ гапира бошлаганлар.
Бундай беқарор вазият ўзбекистонликлар ҳаётига қандай таъсир қилмоқда, улар нархлар ошаётганини ўз чўнтакларида ҳис қилишяптими?
Урушнинг таъсири
Дунё Украинадаги уруш туфайли қиммат нархлар, озиқ-овқат танқислиги ва юқори инфляция даврига кириб бормоқда.
Бироқ озиқ-овқат нархлари шиддат билан ошиши 2020 йил ўрталари - коронавирус пандемияси жаҳонни мавх этган пайтдаёқ бошланган эди.

Саноати бир-бири билан чамбарчас боғланган дунё давлатлари чегаралари ёпила бошлади, фермерларга зарурий ўғит, уруғлик ва бошқалар келмай қолди, олинган тайёр маҳсулотнинг катта қисми эса бозор ва супермаркетларга етиб бора олмади.
Карантин чоралари туфайли одамлар ҳаракатининг чекланиши ҳам катта ишчи кучи талаб қилувчи деҳқончилик, чорвачилик ҳамда ишлаб чиқариш саноатида турғунликка сабаб бўлди.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
2021 йилда кузатилган жиддий қурғоқчилик Бразилия каби йирик қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорт қилувчи мамлакатлардаги вазиятни янада абгорлаштирди.
Шу йилнинг февралида юқорида келтирилган ва бошқа сабаблар туфайли аллақачон оғир дамларни бошдан кечираётган дунё иқтисодиёти навбатдаги кескин муаммо билан юзлашди - уруш.
Россиянинг Украинага босқини озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича прогнозларни буткул ўзгартириб юборди - февралда БМТ нархлар инсоният тарихи давомида рекорд даражага кўтарилганини қайд этди.
Март ойида ҳам ушбу антирекорд қайта янгиланди.
Сизнинг қурилмангиз бу тасвирни очмайди
Россия ва Украина биргаликда бутун дунё истеъмолидаги буғдой ва арпанинг учдан бирини етказиб беради.
Алоқадор мавзулар:
Жаҳон экспортидаги кунгабоқар мойининг учдан икки қисми ҳам мазкур давлатлар ҳиссасига тўғри келади.
Украина маккажўхори экспорти бўйича тўртинчи ўринда туради.

Россиянинг ақл бовар қилмас санкцияларга учраши, Украина портлари ва қишлоқ хўжалиги инфратузилмасининг қақшатқич жанглар ортидан вайрон бўлиши эса дунёнинг бу икки боқувчисини халқаро савдо занжиридан деярли узиб қўйди.
Оқибатда, апрель ойининг сўнггида, Жаҳон Банки дунё Украинадаги уруш туфайли охирги 50 йил ичида энг жиддий нарх-наволар қимматлашиши шокига дуч келишидан огоҳлантириб чиқди.
Британия, Германия каби бой Европа давлатлари сўнгги 40 йил ичидаги энг жиддий инфляция хавфи билан юзлашди.
АҚШда март ойи давомида озиқ-овқат нархлари 1981 йилдан буён кузатилмаган кўрсаткичда ўсгани қайд этилди.
Халқаро миқёсдаги вазият май ойи ўрталаридан Ўзбекистонда ҳам сезиларли бўй кўрсата бошлади.
Шакар 13 минг сўм, ёғ 130 минг…
Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Ғарб Россия ва Беларусга қарши қўллаётган санкциялар жаҳондаги озиқ овқат нархлари ва логистика тарифларини қимматлаштириб юборгани ортидан мамлакатга импорт қилинаётган асосий маҳсулотлар нархи ошиб бораётганини билдирган.
Берилган расмий маълумотга кўра, шу йилнинг биринчи чорагида импорт қилинган буғдой ва уннинг нархи ўтган йилнинг айни давридан кўра, мос равишда, 128 ва 141 фоизга қимматроқ бўлган.
Шундай бир манзарада президент Шавкат Мирзиёев 31 май куни йиғилиш ўтказиб, нархларни сунъий ушлаб турмаслик зарурияти ҳақида гапирган.
Йиғилишда 22 турдаги истеъмол ва озиқ-овқат маҳсулотлари божхона тўловларидан озод этилган, хорижга ўсимлик ёғи экспорт қилиш вақтинча тўхтатилган.
Давлат статистика қўмитаси май ойида инфляция 1,5 фоизни ташкил этгани, энг кўп донли экинлар ва ёрма маҳсулотлари қимматлаганини хабар қилган.

Маълум қилинишича, ўтган йилнинг май ойига нисбатан сабзавотлар ва дуккакликлар 32 фоиз, шакар, қандолат маҳсулотлари 18,6 фоиз, донли экинлар ва ёрма маҳсулотлари 16,5 фоиз, гўшт маҳсулотлари 10 фоизга қимматлаган.
1 июндан бошлаб оддий аҳолининг дастурхонидаги асосий маҳсулотлардан бўлмиш қолипли нон - буханка нархи 1 600 сўмдан 2 800 сўмга қадар кўтарилиб кетган.
Буханканинг қимматлашишига ғалла бозорини эркинлаштиришга қўйилган қадамлар ортидан ун нархининг кўтарилиб кетиши сабаб этиб кўрсатилди.
Бир вақтнинг ўзида расмийлар нон нархининг кўтарилиши ун тақчиллигини англатмаслиги, республикада етарлича дон захираси мавжудлигини таъкидлаб чиқди.
Бозорларда 25 килограммлик олий навли ун нархи 130 минг сўм, Россиядан келадиган 5 литрлик кунгабоқар нархи 130 минг сўм, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган 5 литрлик пахта ёғи нархи 100 минг сўм, 1 килограмм шакар нархи эса 13 минг сўмга қадар кўтарилиб кетган.
"Бунақаси ҳали бўлмаган"
1 июнь куни Фарғона шаҳрида эски нархдаги буханкаларни сотиб олишга уринган одамлар тумонат навбатни келтириб чиқарган.
Тармоқ фойдаланувчилари яқин йиллар давомида нон учун навбатлар бўлганини эслай олмасликлари ҳақида ёзганлар.

Би-би-си Тошкентдаги Чорсу бозорида озиқ-овқат нархлари ошиши бўйича одамларнинг фикрини ўрганиш учун борганда, арзонлаштирилган маҳсулотлар сотилаётган ерда юзага келган катта навбатга гувоҳ бўлди.
"Кеча бир жойдан сўрасам, шакар 18 минг сўм, дейди. Бошқа жойда 15 минг сўм. Бошқа қаердан ҳам оламан?", сўзлайди тумонат одам ичида бир халта шакар олиб чиқишга муваффақ бўлган аёл.
Бозорда кийим-кечак сотаётган йигит қимматчилик ортидан олаётган маҳсулотлари миқдорини қисқартиришга мажбур бўлганини таъкидлайди.
"Бугун ҳамманинг эътибори озиқ-овқат нархида. Картошка, ёғ қимматлашиб кетди. Бир кило картошка 9-9,5 минг сўм. Албатта, аввалгидек, 10 кило эмас, 5 кило картошка олишга мажбур бўласиз".
Икки "баклажка" ёғ кўтариб кетаётган ёши улуғ отахон эса уларнинг ҳар бирини 100 минг сўмдан харид қилганига алоҳида урғу беради.
"Бу беш литрлик экан. Икковини эмас, ҳар бирини 100 минг сўмдан олдим. Ҳозир ҳаммага қийин. Аллоҳ бир йўлга солар", умид билдиради у.
"Бозор иқтисодиёти, дегани шу бўлса керакда. Бунақаси ҳали ҳеч бўлмаган. Вақт ўтиб ҳаммаси изига тушиб кетар", некбин фикр билдиради бир онахон.

Мамлакат расмийлари Ўзбекистон иқтисодиёти эркинлашиб, халқаро савдо-сотиқ занжирига тобора боғланиб бораётганидан ҳозирги ҳолат юзага келаётгани, аммо вазият назорат остида экани, бозорларда озиқ-овқат тақчиллиги ва нархларнинг яна ошиб кетишига қарши барча чоралар кўрилаётганини таъкидлайдилар.
Бироқ халқаро ташкилотлар, иқтисодчиларнинг прогнозлари яқин орада аҳвол яхшиланишидан дарак бермай ётир.
БМТ Ўзбекистон каби қашшоқ ва ўрта синф томон ривожланаётган мамлакатларда озиқ-овқат хавфсизлиги билан боғлиқ вазият янада кескинлашишидан хавотирда.
Май ойида БМТ Бош котиби Антонио Гуттереш Украина қишлоқ хўжалиги ва Россия экспортини қайта тикламай туриб, халқаро озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаб бўлмаслиги ҳақида гапирган эди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek















