Ўзбекистон: Президент Мирзиёев нарх-наво кўтарилишига қарши қонунларни имзолади O'zbekiston Mirziyoyev

Президент Шавкат Мирзиёев

Сурат манбаси, xs.uz

Шавкат Мирзиёев президентлик сайловидан кейинги илк ҳужжатларни имзолади. Биринчиси Ўзбекистонда 2021 йил охирги кунигача озиқ-овқат қимматлашиши олдини олиш мақсадига қаратилган.

Давлат назоратидаги "Халқ сўзи" - "Народное слово" рўзномаси Президент Мирзиёев 25 октябрь куни имзолаган аҳолини асосий озиқ-овқат товарлари кафолатли таъминлашга қаратилган Солиқ Кодексига ўзгартиришлар киритиш ҳақидаги қонун матнини эълон қилган.

Қонунга кўра, 10 октябрдан 31 декабргача Ўзбекистонга импорт қилинадиган мол, қўй ва товуқ гўштлари, гўшт учун тирик олиб кирилган чорва ва паррандалар, картошка, музлатилган балиқ қўшилган қиймат солиғини тўлашдан озод этилади.

Шунингдек, Президент Мирзиёев 1 октябрдан бошлаб аҳоли ва тадбиркорлар учун газ нархининг кескин ошишига йўл қўймаслик мақсади кўзланган қарорни имзолаган.

Қарорга мувофиқ, юридик шахслар Ўзбекистонга импорт қиладиган табиий газни реализация қилиш учун акциз солиғи ставкаси ноль фоиз этиб белгиланган.

Бундан ташқари, 2022 йил 1 январдан бошлаб ишлаб чиқариш корхоналари томонидан сотиладиган суюлтирилган газ акциз солиғига тортилмайди ҳамда тадбиркорларга табиий ва суюлтирилган газни Ўзбекистонга олиб киришда қўшилган қиймат солиғини тўлашни кечиктириш (бўлиб-бўлиб) ҳуқуқи берилади.

"Яна бир муҳим жиҳат - ҳужжатда аҳолига табиий ва суюлтирилган газни сотиш тартибга солинадиган тарифлар (нархлар) бўйича амалга оширилиши бевосита белгилаб қўйилган. Агар улар аҳолига сотиб олиш баҳосидан (биринчи таннарх) паст нархда сотилса, солиқлар шу нархдан келиб чиқиб ҳисоблаб чиқилади", деб хабар қилди "Халқ сўзи".

Ўзбекистонда навбатдаги президентлик сайлови 2021 йил 24 октябрь куни бўлиб ўтди.

Марказий Сайлов Комисссиясига кўра, Шавкат Мирзиёев 80.1 фоиз овоз билан ғалаба қозонди.

Бу Президент Шавкат Мирзиёевнинг иккинчи беш йиллик муддатининг бошланиши бўлди.

Сайловолди ташвиқотини "Инсон қадри" шиори билан ўтказган Президент Мирзиёев солиқларни камайтириш, аҳоли даромадлари ва фаровонлигини ошириш ваъдаларини берган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek