Шавкат Мирзиёев президент бўлиб қолди ёки Ўзбекистоннинг қайта сайланган президенти ким? O'zbekiston saylov yangiliklar

Президент сайлови
Президент Шавкат Мирзиёев

Сурат манбаси, official

Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси Шавкат Мирзиёевни сайланган президент, деб эълон қилди.

Комиссия шу соатларда 24 октябрь кунги сайловнинг якуний натижасини ҳам очиқлади.

Сўнгги ҳисоб-китоблар ҳам амалдаги давлат раҳбарининг ютуғини тасдиқлади.

Шавкат Мирзиёев иккинчи муддатга қайта сайланди.

Якуний натижалар унинг сайловда жами 80.12% овозни қўлга киритганини кўрсатди.

25 октябрь куни эълон қилинган ҳисоб-китобларда бу кўрсаткич 80.1 фоизни ташкил этган эди.

Унинг энг яқин рақиби - Халқ Демократик партияси номзоди Мақсуда Ворисованининг якуний натижаси 6.63% бўлиб чиқди.

Якуний натижа Ўзбекистон амалдаги президентининг сўнгги сайловда ҳам қолган барча рақибларини йирик ҳисобда ортда қолганини кўрсатди.

Якшанба кунги президент сайловида жами беш номзод беллашган, уларнинг барчаси Ўзбекистонда расман рўйхатдан ўтган сиёсий партиялар томонидан илгари сурилганди.

Ўзбекистон Марказий сайлов комиссиясининг маълум қилишича, ўтган якшанба кунги сайловда жами 16 млн. 212 минг 343 киши овоз берган.

Президент сайлови арафасида жами сайловчилар сонининг 21 миллиондан ортиқроқни ташкил этиши айтилганди.

Комиссия раиси сўнгги президент сайловида "қўпол қонунбузарликлар"га йўл қўйилмаганини расман маълум қилган.

Ўзбекистондаги сўнгги президент сайловини кузатган халқаро кузатувчилар гуруҳининг берган баҳолари эса, фарқли бўлганди.

Мамлакат янги қайта сайланган президентининг аниқ қачон расман қасамёд келтириши санаси ҳалича маълум эмас.

Аммо мавжуд қонунчиликка мувофиқ, президент сайлов натижалари эълон қилинган кундан эътиборан икки ойдан кечиктирмай, Олий Мажлис йиғилишида қасамёд қилади ва худди шу пайтдан эътиборан ўз лавозими ижросига киришади.

25 октябрь

Дастлабки сайлов натижаси

Президент сайлови ғолиби Шавкат Мирзиёев

Дастлабки натижаларга кўра, якшанба кунги сайловда яна Ўзбекистоннинг амалдаги президенти Шавкат Мирзиёев энг кўп овозларни қўлга киритди. Мавжуд қонунчиликка мувофиқ, иккинчи муддатга қайта сайланди. Сўнгги президент сайловининг ҳам ғолиби, деб эълон қилинди.

Худди шу соатларда Ўзбекистон Марказий Сайлов комиссияси якшанба кунги президент сайловининг дастлабки натижаларини эълон қилди.

Унга мувофиқ, Шавкат Мирзиёев беш номзод орасидан энг кўп - 80.1 фоиз овозни қўлга киритгани маълум бўлди.

Ўзбекистоннинг амалдаги президенти сайловдаги энг яқин рақиби - Халқ демократик партиясидан номзод Мақсуда Ворисовани йирик фарқ (73.5) билан ортда қолдирди.

Мақсуда Ворисова овозларнинг 6.6 фоизини олгани айтилди.

Шавкат Мирзиёев шу соатларда ўзини сайлаганларга раҳмат айтган.

Пойтахт Тошкентда Humo Arena саройида тарафдорлари қаршисида чиқиш қилган.

Президент сайлови якуний натижаларининг аниқ қачон эълон қилиниши санаси ҳалича очиқланмаган.

Ўзбекистонда амалда бўлган сайлов қонунчилигига мувофиқ, президент сайловида икки нафардан ортиқ номзод беллашаётган бўлса, сайловчилар ярмидан кўпининг овозини олгани ғолиб, деб эълон қилинади.

Бу - президентлик сайловининг иккинчи даврасини ўтказишга ҳожат қолдирмайди.

Президент сайлови

Энг кам овозни Ўзбекистон "Адолат" социал-демократик партиясидан номзод Баҳром Абдураҳимович Абдуҳалимов (3,4 фоиз) қўлга киритган.

Ўзбекистон Экологик партиясидан номзод Нарзулло Обломурадов 4,1 фоиз овоз олган.

Ўзбекистон "Миллий тикланиш" демократик партиясидан номзод Алишер Қодиров эса, 5,5 фоиз овоз билан кифояланишга мажбур бўлган.

Ўзбекистон Марказий Сайлов комиссияси раисининг маълум қилишича, якшанба кунги президент сайлови чоғида "қўпол қонунбузарлик"лар кузатилмаган.

"Сайловда номзодлар ўртасида халқаро андазаларга мос ҳақиқий рақобат бўлган".

Мирзиёев

Сурат манбаси, kun.uz

Сурат тагсўзи, Шавкат Мирзиёев илк бор беллашган 2016 йилги президент сайловида ҳам унинг ғалабасига ҳеч ким шубҳа қилмаган

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон президентлиги учун илк бор 2016 йилда муддатидан илгари чақирилган сайловда беллашган.

Бунга Ўзбекистонни чорак асрдан ортиқроқ вақт мобайнида якка ўзи бошқариб келган президент Ислом Каримовнинг кутилмаган вафоти сабаб бўлган.

Шавкат Мирзиёев ўзи биринчи бор беллашган президент сайловида уч нафар рақибини ҳам йирик ҳисоб билан ортда қолдирганди.

Ўшанда расмий хабарларда Шавкат Мирзиёевнинг 88.61 фоиз овоз билан ғалаба қозонгани айтилган.

Шавкат Мирзиёев мустақил Ўзбекистон тарихидаги иккинчи президент этиб сайланган эди.

Айрим мустақил экспертлар эса, якшанба кунги президент сайлови арафасида бу гал унинг янада кўпроқ овоз билан ғалаба қозониши ҳақида ҳам сўз юритишганди.

Шавкат Мирзиёев 2003 йилдан 2016 йилгача Ўзбекистон Бош вазири лавозимида ишлаб келган.

Ислом Каримов вафоти ортидан бир муддат муваққат президентлик ҳам қилган.

Шавкат Мирзиёевнинг илк расмий таржимаи ҳоли Ўзбекистоннинг муваққат президенти бўлиб турган пайтда эълон қилинган.

Расмий таржимаи ҳол

Оилавий сурат

Сурат манбаси, official

"Шавкат Миромонович Мирзиёев 1957 йил 24 июлда Жиззах вилоятининг Зомин туманида шифокор оиласида туғилган. Миллати - ўзбек. Олий маълумотли, 1981 йили Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтини тугатган. Муҳандис-механик мутахассислигига эга. Техника фанлари номзоди, доцент.

Меҳнат фаолиятини 1981 йилда Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида бошлаб, кичик илмий ходим, катта ўқитувчи, доцент, ўқув ишлари бўйича проректор лавозимларида ишлади.

1990 йили Республика Олий Совети депутатлигига сайланиб, айни вақтда Мандат комиссиясининг раиси сифатида ҳам фаолият кўрсатди.

1992 йилда Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек тумани ҳокими лавозимига тайинланди. 1996-2001 йилларда Жиззах вилояти ҳокими, 2001-2003 йиллар мобайнида Самарқанд вилояти ҳокими лавозимларида ишлаб, мазкур туман ва вилоятларни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожлантиришга катта ҳисса қўшди.

Ижро ҳокимиятидаги фаолияти билан бир пайтда 1995-2003 йилларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг депутати сифатида ҳам мамлакатни сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ҳамда демократик ислоҳотларни амалга ошириш борасидаги муҳим қонун ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш жараёнида фаол иштирок этиб, самарали фаолият олиб борди.

Ш.М.Мирзиёев 2003 йилда Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири этиб тасдиқланди ва ушбу лавозимга яна уч марта - 2005, 2010, 2015 йилларда Олий Мажлис палаталари томонидан қайта тасдиқланди.

Ш.М.Мирзиёев мамлакатимиз мустақилликка эришган илк йиллардан бошлаб Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг юксак ишончини қозониб, унинг яқин сафдоши ва маслаҳатдоши сифатида самарали фаолият олиб бормоқда.

Ш.М.Мирзиёев Ҳукумат бошлиғи сифатида кенг кўламли ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш, мамлакатимизни модернизация қилиш ва янгилаш, йирик ва ноёб лойиҳаларни ҳаётга жорий этиш, хусусий мулкни устувор даражада ривожлантириш, иқтисодиётда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг улушини кескин ошириш ҳамда уларнинг ҳуқуқий ҳимоясини янада мустаҳкамлашда ўзининг юксак салоҳияти ва моҳир ташкилотчилик қобилиятини намоён этди.

Мамлакат иқтисодиётини индустриал ривожлантириш, республиканинг экспорт салоҳиятини ошириш, аграр соҳани тубдан ислоҳ қилиш, айниқса, фермерлик ҳаракатини тараққий топтириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш, республикада озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва аҳолини кафолатланган ва арзон маҳсулотлар билан таъминлаш ишларига устувор даражада эътибор қаратди.

Юртимизнинг барча ҳудудларида улкан бунёдкорлик ва ободончилик ишларини олиб бориш, аҳолига сифатли коммунал хизмат кўрсатиш, республиканинг шаҳар ва туманлари, айниқса, узоқ қишлоқ туманларини комплекс ривожлантириш орқали аҳолининг турмуш ва меҳнат шароитини тубдан яхшилашга қаратилган кенг кўламли ва самарали тадбирларни амалга оширди.

Ш.М.Мирзиёевнинг фаолиятида социал-иқтисодий масалалар билан бир қаторда таълим, фан, соғлиқни сақлаш тизимларини замонавий талаблар асосида ривожлантириш, ёшларнинг соғлом ва баркамол бўлиб вояга етишлари учун муносиб шарт-шароитлар яратиш, оналик ва болаликни кучли муҳофаза қилиш устувор вазифа сифатида муҳим ўрин эгаллади.

Ўзини ўзи бошқаришнинг ноёб институти бўлган маҳалланинг нуфузи ва обрўсини янада ошириш, шунингдек, бошқа жамоат ташкилотларини демократик ислоҳотларга кенг жалб этиш орқали жамиятда уларнинг мавқеини мустаҳкамлаш, миллий маънавий қадриятларни эъзозлаш ва изчил ривожлантириш ишларига юқори даражада эътибор қаратди.

Қайд этилганлар билан бир қаторда, иқтисодий ва ижтимоий вазифаларни амалга оширишда хорижий давлатлар ва халқаро тузилмалар, шунингдек, халқаро молия институтлари билан ҳар томонлама ўзаро ҳамкорликни кучайтириш орқали мамлакатимизнинг миллий манфаатларига ва иқтисодий ривожланишига хизмат қиладиган келишувларга эришишда бевосита раҳбарлик қилди.

2016 йил 8 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисида парламент палаталарининг қўшма қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президентининг вазифа ва ваколатларини бажариш вақтинча Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ш.М.Мирзиёев зиммасига юкланди.

19 октябрь куни Тошкентда Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг VIII съезди бўлиб ўтди. Унда партия сиёсий кенгаши аъзоси Шавкат Миромонович Мирзиёев номзодини Президентликка тасдиқлаш тўғрисидаги қарор қабул қилинди. 2016 йил 4 декабр куни бўлиб ўтган Президент сайлови якунлари бўйича сайловчиларнинг 88,61 фоиз овози билан Ўзбекистон Республикаси Президенти этиб сайланди. 2016 йил 14 декабрда расман ўз вазифасини бажаришга киришди.

Ш.М.Мирзиёев оилали, икки қиз, бир ўғли, олти нафар набираси бор. Рафиқаси З.М. Мирзиёева - мутахассислиги бўйича муҳандис-иқтисодчи.

Ш.М.Мирзиёев давлат ва бошқарув органларидаги кўп йиллик самарали меҳнати, юртимиз равнақи, халқимиз фаровонлигини юксалтириш ишига улкан ҳисса қўшгани учун «Меҳнат шуҳрати» ва «Фидокорона хизматлари учун» орденлари билан тақдирланган".

Шавкат Мирзиёев

Сурат манбаси, official

Ўзбекистон Конституциясига мувофиқ, бир шахс фақат икки муддатга президент этиб сайланиши мумкин.

Шавкат Мирзиёевнинг якшанба кунги сайловдаги ғалабаси унинг нисбатан марказлашган сиёсий тузумни сақлаб қолиши баробарида ўзининг анчайин муваффақиятли ислоҳотлар сиёсатини янада чуқурлаштириши, Ўзбекистонни ташқи дунё, хорижий савдо ва сармояга бундан-да кўпроқ очишига олиб келади, деган умидлар бор.

Айрим экспертларнинг таъкидлашларича, президент Мирзиёевнинг иқтисодий ислоҳотлари муваффақияти ва суръатига глобал коронавирус пандемиясининг ҳам таъсири озмунча бўлмаган.

Якшанба кунги президент сайлови арафасида янграган яна баъзи бир баҳоларга кўра, Мирзиёев ўзининг беш йиллик президентлик бошқаруви даврида эътирофга лойиқ минтақавий ва халқаро ташқи сиёсат ҳам юритган.

Ўзбекистоннинг Марказий Осиёдаги барча қўшниларидан ташқари, бирваракайига дунёнинг етакчи глобал қудратлари - Ғарб, Россия ва Хитой билан ҳам алоқаларини яхшилаган ҳамда мустаҳкамлаган, кўпқутбли ва мувозанатли ташқи сиёсат юритишга муваффақ бўлган.

Баъзи бир таҳлилчилар наздида эса, Шавкат Мирзиёев президентлиги илк муҳлатининг сўнгги йилларида Ўзбекистоннинг яна ортга қайта бошлаётганига оид тасаввурлар ҳам пайдо бўлган.

Аммо дастлабки сайлов натижалари қайта сайланганини кўрсатган Ўзбекистоннинг амалдаги президенти сўнгги беш йил давомида ўз бошлаган йўлидан ҳеч қачон ортга қайтмаслигини такроран баён қилиб келади.

Президент сайлови

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek