Путин нарх‑навони жиловламоқчи, ўзбеклар нима дейди? – Россия ва Ўзбекистон, Rossiya, Putin, O‘zbekiston, dunyo, yangiliklar

Путин

Сурат манбаси, Sergei Bobylev/TASS

Путин нарх‑навони жиловламоқчи, ўзбеклар нима дейди? - Сўнгги ойларда Россияда шакар, ёғ, гуруч кескин қимматлаган. Россия дунёнинг энг катта - миллионлаб сондаги Ўзбекистон фуқаролари яшаб, ишлаб, таҳсил олиб келаётган давлати бўлади. Улар ҳозир нима қилишмоқда?

Бу каби ҳолат, устига устак, глобал коронавирус пандемияси манзарасида кузатилган.

Саноқли ойлар ичида дунё давлатлари иқтисодига жиддий зарба бериб бўлган пандемия шундоқ ҳам Россиядаги ўзбекистонликларни оғир аҳволда қолдиргани кўрилган.

Вазиятга алал-оқибат Ўзбекистон ҳукумати эътибор қаратган, Россияга ҳам чартер рейслари, фавқулодда поездлар қўйган.

Уларнинг ўн минглабини ортга - Ўзбекистонга қайтаришга муваффақ бўлган.

Қандай қилиб бўлмасин, Ўзбекистонга кетиш илинжида, ҳаракатида бўлганларининг ҳали ҳам оз эмаслиги кузатилади.

Нарх-наво билан боғлиқ сўнгги вазиятга эса, шахсан президент Владимир Путиннинг ўзи эътибор қаратган, қаттиқ танқид қилган.

Бунинг ортидан, Россия ҳукумати озиқ-овқат нархларини жиловлаш ҳаракатига тушиб қолган.

Биз мавжуд ҳолатга Россиядаги ўзбекистонликларнинг муносабатини билиш учун уларнинг бири билан ҳам боғландик.

курьер табло

Сурат манбаси, Sergei Bobylev/TASS

Сурат тагсўзи, Россия иқтисоди икки томонлама зарба емоқда. Бир томондан пандемия бўлса, бошқа томондан, нефтнинг нархи ўйноқлаб турибди

"Биз мигрантлар озиқ-овқатларни асосан арзон дўконлардан харид қиламиз.

Яъни, яқинроқ бўлса, харид учун атайдан ўша дўконларга борамиз.

Қимматларига жуда камдан-кам йўлимиз тушади.

Шу боис, барибир, арзон дўкон-ку, деб кўпинча нарх-навосига унча қарамасдим.

Аммо сўнгги кунларда нарх-навога мен ҳам қизиқиб қолдим.

Гўшт маҳсулотлари нархида ўзгариш йўқ, ўша-ўша.

Иш жойимга яқин жойда бозор борлиги учун гўштни фақат ўша ердан оламан.

Асосан ўзимиздан келган қассоблар ишлашади, ҳалол гўшт сотишади.

Сифатига қараб, бир кило гўштни 350-500 рублга олишингиз мумкин.

Нон маҳсулотлари ҳам унча қимматламаган.

Кўпроқ ёғ, гуруч, гречка ва макарон каби маҳсулотларнинг нархи ошибди. Яна анчагина кўтарилган.

Бир йил аввал палов қиладиган бўлсак, доимо оладиган 0.900 граммлик пакетдаги гуруч ҳозир 129-130 рубль бўлибди. Қарийб 40 рублга қимматлабди.

Худди шу оғирликдаги гречка 50-55 рубль атрофида бўлган бўлса, ҳозир 70-75 рублгача кўтарилибди.

Ёғ маҳсулотлари нархи ҳам сезиларди ошган.

Бизлар оладиган энг арзон кунгабоқар ёғининг 0.900 литри 60-65 рубль турарди.

Ҳозирда шу ёғларнинг баҳоси 80-85 рублга чиққан.

Ҳўл мевалар нархида ўзгариш кўрмадим.

Аммо айнан бу йил нарх-наволардаги ўзгариш бизга у қадар таъсир қилаётгани йўқ.

Чунки пандемия боис, кўп одам уйига кетиб, қайтиб кела олмаётгани боис, Россияда ишчи кучи етишмаяпти.

Шу сабабли ҳам, ойликлар ва кунбай берилувчи иш ҳақлари ҳам жиддий ошган.

Дейлик, авваллари кундалик иш ҳаққи 1200-1500 рубль бўлса, ҳозир 1800-2300 рубль оралиғида бўлаяпти", - дейди суҳбатдошимиз.

Россия ҳукумати режаси

мишустин

Сурат манбаси, Alexander Astafyev/POOL/TASS

Президент Владимир Путиннинг қаттиқ танқидидан сўнг Россия ҳукумати ишлаб чиққан озиқ-овқат нархларини жиловлаш режаси қандай бўлиши ҳақида оммавий ахборот воситалари ўз башоратларини эълон қилмоқда. "Известия"нинг таъкидлашича, шакар ва кунгабоқар ёғи нархи 1 январдан музлатиб қўйилиши мумкин, "Ведомости" эса ҳукумат буғдой экспортидан бож ундирмоқчи деб ёзди. Ҳукумат вакиллари квота ва бож жорий этиш режалари борлигини тасдиқлади.

ОАВ нималарни аниқлади?

Тегишли идоралар ҳукуматга 1 январдан 1 апрелгача шакар ва кунгабоқар ёғи нархларининг юқори чегараларини белгилашни таклиф қилади, деб ёзади "Известия" газетаси айнан шу товарларнинг "ноябрь ойида нархлари кескин кўтарилганлигини" эслаб. Нашр нархларни барқарорлаштириш бўйича йиғилишларда қатнашаётган ўз манбаларига асосланади.

"Известия" суҳбатлашганларнинг сўзларига кўра, келишув компаниялар ўртасидаги келишув шаклида расмийлаштирилади. Манбалардан бири музокаралар иштирокчилари асосан нархларни давлат томонидан тартибга солишни муҳокама қилишаётганини қўшимча қилди. Агар сиз маҳсулот нархини ишлаб чиқарувчилар учун фойдали бўлмаган даражада белгиласангиз, корхона чакана савдо тармоқларига товар етказиб беришни тўхтатиб қўйиши мумкин.

"Шакар ва кунгабоқар ёғининг етишмаслиги жуда ўткир муаммога айланиши мумкин", деб огоҳлантиради газета.

Шакар ва сариёғ нархларини жиловлаш бўйича ишлаб чиқарувчилар ва чакана савдо тармоқлари келишув имзолаши мумкинлиги ҳақида илгари "Коммерсант" хабар берган эди.

Яна бир ғоя бор. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Иқтисодий ривожланиш вазирлиги ғалла экспортини тартибга солиш бўйича таклифлар тайёрлади, деган бу масалани муҳокама қилишда қатнашган икки киши ва бир федерал амалдор "Ведомости"га.

Уларнинг айтишича, 15 февралдан 30 июнгача буғдой, жавдар, арпа ва маккажўхори экспорти учун квота амал қилади. Бу 17.5 миллион тоннани ташкил этади. Ушбу квота доирасида буғдой учун тоннасига 25 евро бож ундирилади. Қолган учта ҳосил учун у нолга тенг бўлади. Агар экспортчи квотани оширмоқчи бўлса, барча тўртала маҳсулотни етказиб бериш божхона қийматининг 50 фоизи миқдорида божга тортилади.

Ҳукумат нимага қарор қилди?

Кейинчалик, "Ведомости" маълумотлари тасдиқланди. Иқтисодий ривожланиш вазирлиги ҳукуматга 15 февралдан 30 июнгача 17.5 миллион тонна миқдорида дон экспорти квотасини жорий этиш тўғрисида қарор лойиҳасини тақдим этди. Квота доирасида буғдой учун экспорт божи 25 еврони ташкил этади, унинг учун чегара - 50 фоиз, лекин камида 100 еврони ташкил этади, дейди вазирлик раҳбари Максим Решетников.

Агар нархи пасаймаса, кунгабоқар ёғи учун экспорт божи ундирилиши мумкин, дея қўшимча қилди қишлоқ хўжалиги вазири Дмитрий Патрушев.

Решетниковнинг эълон қилишича, шакар ва кунгабоқар ёғи нархларини пасайтириш бўйича битимлар ишлаб чиқарувчилар ва чакана савдо тармоқлари ўртасида ҳафта охирида тузилади. Шартномалар март ойининг охиригача амал қилади.

Иқтисодий ривожланиш вазирлиги, агар ой давомида уларнинг нархи 10 фоиз кўтарилган бўлса, ижтимоий аҳамиятга эга товарлар нархларини тартибга солиш бўйича қонунчиликка ўзгартириш тайёрлайди.

Нархларни тартибга солиш ишлари хроникаси

Сахар

Сурат манбаси, Kirill Kukhmar/TASS

Ҳаммаси 9 декабрь, чоршанба куни Путин ҳукумат аъзолари билан учрашувда, қишлоқ хўжалиги вазири Патрушевнинг ҳисоботидан норози бўлганида бошланди.

"Мана, Совет Иттифоқи даврида булар иш бермаганда, улар нима дейишганини эсланг? - деди Путин. - Кейин улар: Совет Иттифоқида ҳамма нарса бор, фақат ҳаммага етарли эмас дейишганди. Ўшанда етмасди, чунки дефицит бор эди. Ҳозир ҳам етарли бўлмаслиги мумкин, чунки одамларда баъзи маҳсулотларни бозордаги нархларда сотиб олишга етарли пули йўқ."

Путин вазирларга озиқ-овқатнинг ҳаммага етиб бориши ҳақида кўпроқ гапирди, аммо булар кадр ортида қолди. Эртаси куни эрталаб Бош вазир Михаил Мишустиннинг ўзи вазирликларни танқид қилди ва кечгача, соат бешларда унга вазият ва "муаммони ҳал қилиш чоралари" тўғрисида ҳисобот беришни талаб қилди.

Нархларни Монополияга қарши хизмат ва Иқтисодий ривожланиш, қишлоқ хўжалиги ва савдо вазирликлари кузатиши керак, уларни эса Бош вазирнинг биринчи ўринбосари Андрей Белоусов назорат қилиши керак, деди Мишустин. "Агар президент ҳозирги ҳолатга эътибор қаратса, демак мен санаб ўтган барча тузилмалар ва уларнинг раҳбарлари иши пачава", деди у.

Ўша куни, ОАВ маълум қилганидек, ҳукумат Белоусов ва Патрушев иштирокида бизнес вакиллари билан учрашув ўтказди. Бизнесга кунгабоқар ёғи (литри 110 рублдан ошмаслиги керак) ва шакар (чакана савдода 45 рубль) нархларини чеклаш тавсия этилди, деб хабар беради "Интерфакс", "РИА Новости" ва "Forbes".

Пайшанба куни кечқурун Мишустин бош вазир ўринбосарларини чақирди ва келаси ҳафтадан бошлаб унга ҳар ҳафта "асосий озиқ-овқат савати нархлари" аҳволи тўғрисида ҳисобот беришни, шунингдек, "шошилинч қарорлар қабул қилиш", зарур бўлса, "шахсан ва дарҳол" ҳисобот беришни талаб қилди.

Жума куни Россия Бош прокуратураси асосий озиқ-овқат маҳсулотлари: шакар - 71.5 фоизга, кунгабоқар ёғи - 23.8 фоизга, ун - 12.9 фоизга, нон - 6.3 фоизга "асоссиз қимматлаганини" текшираётганини эълон қилди.

Шанба куни, дам олиш кунлари ҳам иш қизғин кетаётгани ҳақида янгиликлардан маълум бўлди - бош вазир нархлар билан боғлиқ вазият бўйича идоралараро ишчи гуруҳ таркибини тасдиқлади. "Озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари билан боғлиқ вазиятни Михаил Мишустин шахсан ўзи кузатиб боради", дейилади ҳукумат матбуот хизмати хабарида.

Якшанба куни маълум бўлдики, маъмурлар президентнинг нархлар ҳақидаги гапларини дам олиш кунигача айтишмаган. У нархларга қарши қандай курашаётгани "Россия 1" каналидаги "Москва. Кремль. Путин" дастурида намойиш этилди.

Масалан, Қишлоқ хўжалиги вазири Патрушевнинг келгуси ҳафтада нархларнинг барқарорлашуви ҳақидаги сўзларига Путин шундай жавоб берди: "Мен бу аҳволда бу сўзлардан қониқмадим! "Умид қиламан" деб эмас, сиз менга келаси ҳафтадан бошлаб нархлар барқарорлашади деб айтасиз! Сиз ва [Иқтисодий ривожланиш вазири] Решетников! Биз бу ерда бошқалар қандай овқатланиши ҳақида ўйлаш учун ўтирибмиз! Демак, ун деярли 13 фоизга ўсган ... Ва бу ким? Бу нима, мен билмаяпман, ким олиб чиқиб кетяпти? Биласизми?!"

Душанба куни "Ведомости" нашрининг ёзишича, расмийлар буғдойга экспорт божи киритиб, ички бозорда буғдой нархини пасайтирмоқчи.

врачи

Сурат манбаси, Stanislav Krasilnikov/TASS

Бу бўлаётган ишларнинг коронавирус пандемиясига ҳеч қандай алоқаси йўқ, буни пандемияга тақаш амалдорларнинг фуқаролар олдидаги мавқеини янада ёмонлаштиради, деб Путиннинг сўзларини келтиради "Интерфакс". "Бу ҳазил эмас! Ишсизлик кўпаймоқда, даромадлар қисқармоқда, асосий маҳсулотлар шу даражада қимматламоқда ва сиз менга бу ерда эртак айтяпсиз!" деган президент сўзлари келтирилади "Москва. Кремль. Путин" дастурида.

Ва яна бир эсда қоларли иқтибос: "Бизнинг фуқароларимиз аксарият ҳолларда, аксарият ҳолларда ... Москва ва Санкт-Петербургда - у ерда улар болоньез буюртма қилишади ... Бизнинг одамлар флотча макарон истеъмол қилади. Италияникини эмас, ўзимизникини."

"Ҳокимият эътибор қаратиши керак"

17 декабрь, пайшанба куни Путиннинг йиллик катта матбуот анжумани бўлиб ўтади. "The Bell" нашри нархлар ошишига қарши ҳаракатлар ушбу матбуот анжумани олдидан PR-кампания эканлигини таъкидламоқда.

"Ҳукуматнинг озиқ-овқат нархларини тартибга солишга тайёрлиги ҳақидаги баёнотлари умидсизликка ишорадир, чунки мамлакатда иқтисодий инқироз давом этмоқда ва расмийлар унга қарши курашиш учун ҳали ҳам самарали чораларни ишлаб чиқмаган. Асосий муаммо нархларда эмас, балки даромаднинг пасайишида", дейди Россия иқтисодиёт мактаби ректори Рубен Ениколопов.

Росстат маълумотларига кўра, ноябрь ойида озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари 2019 йил ноябрига нисбатан 6.16 фоизга ўсган. Шакар энг кўп қимматлаган - 65 фоиз. Россияда шакар нархининг кўтарилиши чет элда нархларнинг кўтарилиши билан ҳам боғлиқ бўлиши мумкин.

Кунгабоқар ёғи ҳам кескин кўтарилди - бир йил аввалгига нисбатан 24 фоиз. Нархларнинг ўсишига кунгабоқар ҳосили бўйича ноқулай прогнозлар таъсир қилиши ҳам мумкин.

"Совэкон" таҳлил маркази раҳбари Андрей Сизовнинг "Коммерсант"га айтишича, сариёғ ва шакар нархларининг кўтарилиши дунё котировкалари ўсиши ва рубль курсининг тушиши фонида юз бермоқда ва максимал улгуржи нархларни белгилаш амалда ишламайди: бу нархлар ё амалдаги нархлардан паст бўлади ёки етказиб берувчилар шунчаки етказиб беришни тўхтатади.

Миллиардер Олег Дерипаска нархларнинг кўтарилишида доимгидек Марказий банкни айблади. "Бу ерда биз ёндашувни ўзгартиришимиз керак: агар биз қишлоқ хўжалиги соҳасини ҳеч бўлмаганда Европада ёки Америкада бўлгани каби фоизда пул билан таъминласак, нархлар ошиши бўлмайди. Таклиф ортади", деб ёзган у Telegram каналида.

"Шакар ва сариёғ нархларини тартибга солиш бозорга унчалик таъсир қилмайдиган сиёсий ритуалдир. Баъзи маҳсулотлар ва уларнинг нархи психологик аҳамиятга эга, - дейди "The Bell"га "Эксперт РА" агентлиги бош иқтисодчиси Антон Табах. - Нон энг муҳим маҳсулот бўлиб, унинг нархи ҳокимият, халқ ва журналистларнинг диққат марказида. Кунгабоқар ёғи ва шакарни ҳам шу категорияга киритиш мумкин. Даромаднинг пасайиши ва рублнинг пасайиши туфайли одамлар асосий маҳсулотларга кўпроқ пул сарфлайди. Расмийлар бунга эътибор қаратиши керак."

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek