Россия айрим Ўзбекистон маҳсулотларига тақиқ қўйди. Путин нима истаяпти? - Видео, Rossiya, Putin, O‘zbekiston, dunyo, yangiliklar

O'zbekiston

Сурат манбаси, official

Ўқилиш вақти: 5 дақ

Россия томони Ўзбекистоннинг айрим қишлоқ хўжалиги маҳсулотларидан айб топиб, уларни киритмасликни билдирди. Бу Ўзбекистонга босимми ёки сигнал. Бундай амалларга қарши Мирзиёев қандай жавоб бериши мумкин? Россия раҳбариятининг Ўзбекистон билан мулоқотни кўпайтириши ортида нималар бор?

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Россия Президенти Владимир Путиннинг 30 ноябрда Президент Шавкат Мирзиёевга қилган қўнғироғи ортидан Ўзбекистонга икки нафар Россия амалдори ташриф буюрди.

2 декабрь куни Мирзиёев Россия Федерацияси Президенти Администрацияси раҳбарининг ўринбосари Дмитрий Козак бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.

Орадан икки кун ўтиб, Россия Федерацияси Cаноат ва савдо вазири Денис Мантуров бошчилигидаги делегация Шавкат Мирзиёев қабулида бўлди.

Францияда истиқомат қилаётган сиёсатшунос Камолиддин Раббимов Россия раҳбариятининг фаоллигини сиёсийлаштиришга ҳожат йўқлигини айтади:

Kamoliddin Rabbimov

Сурат манбаси, facebook

Камолиддин Раббимов: «Бир қанча омил мавжуд. Яъни савдо-иқтисодий ҳамкорлик, гуманитар алоқалар, ахборот оқими, буларнинг ҳаммаси, кўп миллионли ўзбек муҳожирларининг Россияда яшаши, ишлашини ҳисобга оладиган бўлсак, Россия Ўзбекистоннинг биринчи глобал ҳамкори сифатида қоляпти. Кейинги 3-4 йилда Ўзбекистонинг биринчи савдо-иқтисодий ҳамкорлигида Хитой биринчи ўринга чиққан. Лекин қолган омилларга кўра Россия мутлоқ биринчи ўринда турибди. Россия Ўзбекистон учун биринчи аҳамиятли давлат ва Марказий Осиёдаги энг катта аҳолисига кўра ва жойлашувига кўра энг муҳим давлат ҳам Ўзбекистон. Бу икки давлат ўртасидаги дипломатик алоқалар ва давлат раҳбарларининг телефон сўзлашмалари ёки давлат мулозимларининг борди келдиси табиий кўрсатгич ҳисобланади, деб ўйлайман. Мулоқотларнинг частотасидан кўра, нима муҳокама қилиняпти ва Ўзбекистон Россия учун жуда ҳам муҳим бўлган геосиёсий, геоиқтисодий интеграцион лойиҳалар бор. Мана шу лойиҳаларда Ўзбекистон ўзининг муносабати қандай бўляпти, уларда иштирок этиш нияти борми йўқми - мана шу асосий индикатор, кўрсатгич ҳисобланади».

Россия томонидан мулоқотларнинг кўпайиши Ўзбекистон Tашқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг Америкага ташрифи ва Ўзбекистон ва АҚШ йиллик маслаҳатлашувини стратегик ҳамкорлик мулоқотига айлантиришга қарор қилиш манзарасида содир бўлмоқда. Кузатувчилар Ўзбекистон Ғарб билан кичик миқёсда алоқаларни амалга оширган вақтда ҳам Россия томони фаоллашишига эътибор қаратади.

Сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимов Марказий Осиё минтақасидаги геосиёсий рақобат кейинги вақтларда кучайишини тахмин қилади.

Камолиддин Раббимов: «Америкада ҳокимият алмашяпти. Жо Байденнинг келиши Марказий Осиёдаги геосиёсий рақобат ва эътиборни кучайтиради. Чунки Жой Байденнинг, яъни Америка янги маъмуриятининг биринчи глобал оппоненти - бу Хитой бўладиган бўлса, унинг иккинчи вазифаси Россия Федерациясининг ҳозирги президенти Путинни тийиб туриш ёки маълум бир маънода жазолаш вазифасини аллақачон сиёсий вазифа сифатида эълон қилган. Ўйлайманки, Байден ҳокимиятда қоладиган бўлса Американинг Афғонистондан чиқиб кетиши ҳам тезлашмайди. Буларнинг ҳаммасини инобатга олганда, Марказий Осиёга Трамп давридагидан кўра эътибор кучаяди. Иккинчидан, Совет иттифоқи қулаганидан бери пост совет ҳудудидаги Россия таъсирида ерларга энг катта зарба етган йил 2020 йил бўлди. Кавказга эътибор берадиган бўлсак, Россиянинг асосий иттифоқчиси бўлган, бутун эътибор қаратилган, ресурслар ташланган Арманистон жуда ҳам катта ҳарбий ютқазишга юз тутди. Приднестрове, Молдовадан Россия ҳарбий қўшинлари чиқиб кетилиши айтилди. Беларусда вазият кўчиб бошлади. Лукашенкодан кейинги президентлар ўзларининг геосиёсий эътиборини Ғарбга қаратишини билдириб бўлишди. Буларнинг ҳаммасини эътиборга оладиган бўлсак, Россиядек қудратли давлатнинг асосий эътибор юки ўша пост совет минтақасидаги энг асосий ҳудуд сифатидаги нигоҳи Марказий Осиёга тушади. Аҳоли жиҳатдан кўп бўлган Ўзбекистон кейинги йилларда Россиянинг эътибори тушадиган давлат бўлади».

Россия Федерацияси Президенти администрацияси раҳбарининг ўринбосари Дмитрий Козакни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевдан сўнг Қозоғистон давлат раҳбари Қосим-Жомарт Тоқаев қабул қилди. Қозоғистоннинг айрим мухолифат фаоллари мамлакат олий раҳбари бошқа бир давлат президенти маъмурияти раҳбарининг ўринбосарини шахсан қабул қилишига норозилик билдирди.

Сиёсий фаол Мухтар Тайжан бу қабулни таҳқирлаш сифатида қабул қилишини айтди. Бошқалар Путин бу билан Тоқаев унинг тенгги эмаслигини кўрсатмоқчи бўлдими, дея савол ташлашди.

Таҳлилчи Камолиддин Раббимовнинг айтишича, Козакнинг Президент томонидан қабул қилиниши дипломатик баённомани бузмайди.

Камолиддин Раббимов: «Қозоғистон мухолифатида Россияга нисбатан анча совуқ қараш шаклланди. Чунки йилнинг бошида Путин интервьюсида улуғ, улкан рус ҳудудларини олиб СССРдан чиқиб кетган давлат, дея Қозоғистонга шама қилган эди. Чунки Қозоғистон янги Президент келиши билан имкон қадар мустақил геосиёсий курсга ҳаракат қилаётган эди. Путин, Кремль ва Россияга нисбатан ишончсизлик Қозоғистонда Ўзбекистондан кўра кўпроқ. Лекин халқаро тажрибага кўра, президентлар жамоат ташкилотлари, оддий спортчилар, оддий мусиқачилар ёки элчи каби юқори мақомда бўлмаган шахслар билан интенсив кўришади. Президентлар давлатнинг эҳтиёжига кўра, ҳар қандай шахс билан учрашиш имкониятига эга. Президентларнинг мана шу ҳуқуқи чекланиши мантиқан тўғри бўлмайди. Унинг устига, Дмитрий Козак - оддий шахс эмас, Путиннинг энг ишонган вакилларидан биттаси. Ўйлайманки, Дмитрий Козак Қозоғистонга ҳам, Ўзбекистонга ҳам Путиннинг алоҳида бир хабарларини олиб келган бўлиши мумкин. У ёки бу лойиҳа ҳамда учрашувлар замин тайёрлаётган бўлиши мумкин. Дипломатик протоколга кўра, Президент маъмурияти ўринбосарининг қабул қилиниши протоколнинг бузилиши эмас. Протоколнинг бузилиши қачон бўлади, қачонки, Президент билан учрашганда у шахснинг қандай ўтиришига боғлиқ. Унга давлат раҳбари каби стол стул, кресло қўйиладиган бўлса ва тенгма-тенг ўтирадиган бўлса, мана бу ерда маълум бир элементлар мавжуд. Лекин умуман Президентларнинг қабул қилиши одатий ҳол», дейди Камолиддин Раббимов.

Россия Ўзбекистоннинг стратегик ҳамкори сифатида кўрилади. Лекин сўнгги вақтларда Россиянинг турли идоралари томонидан Ўзбекистонга юборилаётган сигналлар хавотирли қабул қилинмоқда.

Сўнгги ойларда Россияда ишловчи мигрантларга бериладиган рухсатнома квотаси камайтирилди. Россия назорат идораси аввалига Фарғона помидорларида зарарли бактерия топиб тақиқлаган бўлса, кейин Ўзбекистондан бораётган қуруқ меваларда бу каби зарарли бактериялар топиб импортни чеклади. Ижтимоий тармоқдагилар Россиянинг бу ҳаракатларини Ўзбекистонга нисбатан босим сифатида талқин қилинмоқда ва унга нисбатан Мирзиёёв чоралар кўриши кераклиги айтилмоқда.

Камолиддин Раббимов Россия томонидан бўлаётган бу амалларни босим эмас, балки сигналлар эканлигини айтади.

Камолиддин Раббимов: "Россиянинг маълум бир лойиҳалари мавжуд. 2018, 2019 йилдаги Россиянинг Ўзбекистонга қаратилган энг асосий вазифаси Ўзбекистонни ЕвроOсиё иқтисодий иттифоқига олиб кириш эди. Расмий Тошкент буни жуда ҳам оҳиста бир шаклларда, сиёсий технологияларни ишлатиш орқали буни кечиктирди. Яъни оҳиста бир шаклда «йўқ» деди. Бугунги кунда Белорус, Кавказдаги ва бутун пост совет ҳудуддаги вазиятни инобатга олган ҳолда бугун ЕвроOсиё иқтисодий иттифоқи анчагина қадрсизланди. Ўзининг долзарблигини анча йўқотди. Мана шу фонда икки томонлама муносабатларга эътибор кучаяди. Россия Коллектив Xавфсизлик лойиҳасидан воз кечмайди, ЕвроOсиё иқтисодий интеграцион лойиҳасидан воз кечмайди. Лекин унинг долзарблиги ва жозибадорлиги анчагина пасайди. Россия Каримов даврида ҳам ҳозир ҳам Ўзбекистон ва бошқа давлатларга мана ундай сигналлар бериб туради. Сигнал билан тўлақонли босимнинг ўртасида жиддий фарқ бор. Қирғизистоннинг собиқ Президенти Қурбанбек Бакиевнинг ҳокимиятдан ҳайдалишида Россия бутун ресурсларини ишга солганди. Россия каналлари халқни кўчага чиқишга рағбатлантирди ва Бакиевни ҳокимиятдан олиб ташлашга муваффақ бўлди. Ёки 2015 йилда тожик меҳнат муҳожирлари бир неча самолётда ортга қайтариб юборилди. Бу психологик босим. Россия қачон ўзининг таъсир ричагларини тўлақонли ишга соладиган бўлса ва бу орқали вазиятни жиддий чайқашга ҳаракат қиладиган бўлса жиддий босим бўлади. Оҳиста сигналларнинг юборилиши Россия ўзининг у ёки бу лойиҳаси, мақсадларини амалга ошириш учун сигналлар дейиш мумкин, холос".

Декабрь ойида Ўзбекистоннинг ЕвроOсиё иқтисодий иттифоқига кузатувчи мақомида кириш аризаси кўриб чиқиладиган бўлди.

Айрим кузатувчилар Россия Ўзбекистонга турли тақиқлар орқали мана шундай натижага эришаётганини айтади.

Уларга кўра Россиянинг тақиқлардан иборат турли амалларига нисбатан Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам жавоб чораларини кўриши керак.

Сиёсатшунос Камолиддин Раббимовга кўра Мирзиёев шу вақтгача бу каби сигналларга дипломатик йўллар билан жавоб бериб келмоқда.

Камолиддин Раббимов: «Ўйлайманки, Шавкат Мирзиёев жуда ҳам дипломатик йўлларни танлайди. Чунки шу пайтгача мана шундай моделни кўрсатди. Ўзбекистоннинг ЕвроOсиё иттифоқига кузатувчи сифатида кирганлигини тўлақонли аъзо бўлмасликнинг технологияси сифатида қабул қилдим. Ўйлайманки, энди расмий Тошкент қулай вазият кутади. Кузатувчи мақомида анча вақт қолиши мумкин. Лекин асосий ёндашув ва асосий фикр шундан иборатки, кейинги йилларда Путин ҳокимиятдан кетади. Ёки Ғарб, Америка билан конфронтация, босимлар натижасида бу лойиҳанинг жозибаси тўлақонли издан чиқади, деган ёндашув мавжуд», дейди Камолиддин Раббимов.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek